Қайднома

Қидирув

«Нона-трик» (9та гол), яна ЖЧда-я...

«Нона-трик» (9та гол), яна ЖЧда-я...

  04.06.2019 03:32
  0
  960
«Нона-трик» (9та гол), яна ЖЧда-я...

Норвегиялик вундеркинд ёшлар ўртасидаги ЖЧнинг бир ўйинида 9та гол урди. Қанақасига, мундиалда ҳам шунақа бўлиши мумкинми? Гондурасликларни қаттиқ ранжитган ўша йигитча ким ўзи?

Бу қандай рўй берди?

Норвегия ва Гондурас ёшлар терма жамоалари Польшада давом этаётган U-20 белгиси остидаги кичик ЖЧ гуруҳ босқичи 3-турида ўзаро тўқнаш келди. Норвегияликлар ҳам, гондурасликлар ҳам гарчи дастлабки 2та турда очко ололмаган бўлсаларда, турнир формати туфайли «плей-офф»га чиқиш имкониятини йўқотишмаганди. Яъни жамоалардан бири энг яхши натижага эга 3-ўрин соҳиблари қатори курашни давом эттириши мумкин эди. Табиийки, бунинг учун 3-турда имкон борича йирикроқ ҳисобда ғалаба қозониш талаб этиларди. Якунда Норвегия термаси бу вазифани ортиғи билан бажарди (шимолликлар 12:0 ҳисобида устун келишди), бироқ гуруҳ раундидан кейиноқ ортга қайтди, барибир. Аслида Норвегия термаси мураббийлари Польша мундиалига навбатдаги умидли авлод билан ташриф буюришди, бироқ шимолликлар ЖЧдек катта турнир учун ўзгача футбол кўрсатишга интилишди. Ҳар ҳолда, Скандинавия жамоаси 3 нафар марказий ҳимоячи билан ўйнаб, рақибларни асосан қанотлар орқали ташкил этилган ҳужумлар воситасида жазолашга ҳаракат қилишди. Бунда тўп деярли ҳар сафар марказий ҳужумчи Эрлинг Бреут Холланд томон узатилди, футболчилар фақат шу вундеркиндни зарба йўлига олиш чиқишни ўйлашди. Уругвай термасига қарши кечган баҳсда бу усул иш бермади, Янги зеландиялик ёшлар билан баҳсда эса, скандинавлар шунчаки, имкониятларни кўкка совуришди, қолаверса, ўз жамоалари  дарвозасига тўп киритиб қўйишди. 3-турга келиб, Гондурас ёшлар термаси скандинавча «тузоқ»қа тушди...

9та гол урган футболчи ким?

«Зенит»нинг эътиборли фанатлари Эрлинг Холландни яхши эслаб қолган бўлсалар, ажабмас. Зеро, ўтган йили айнан шу йигит голидан сўнг бутун Санкт-Петербург чамаси 15 дақиқа сукунат домида қолганди. Аниқроқ айтсак, Эрлинг ЕЛ саралаши жавоб баҳсида «Зенит» дарвозасини ишғол қилиб, ўз жамоаси - «Мольде»га имконият тақдим этганди. Холланд — ақлга сиғмас даражада бақувват йигитча. Асосийси, у чап оёғи билан мутлақо «ўлдирадиган» усулда аниқ зарба йўллаш иқтидорига эга. Гавдаси катталигига қарамай, енгил ҳаракатланишини ҳам алоҳида таъкидлаш керак. Эрлинг айни пайт «РБ Зальцбург» клуби ихтиёрида. Австрияликлар унинг трансфери учун «Мольде»га 5 млн. евро тўлашди. Норвегиялик вундеркинд шу тариқа март ойида Зальцбург клубидаги дебютини нишонлади (ЕЛ доирасида «Наполи»га қарши кечган баҳсда). 3 ҳафтача олдин эса Австрия Бундеслигасида илк голини урганди. Бир қарашда, Холланд зальцбурглик буюк «гол-машинаси» - Хонатан Сориано (клуб сафидаги 200та ўйинда 172та гол)ни эслатиб юборади. Шундай экан, Австрия гранди норвегияликка чиндан ҳам катта умид боғламоқда. Қизиқ, Холланд олдин ҳам бирор ўйинда ноодатий самарадорлик кўрсатганми? Ҳа. Дейлик, болалигида ёшлар турнирининг 1та ўйинида 7та гол урган экан, катталар футболида эса Норвегия чемпионатининг олдинги мавсумида бир марта «покер» (4та гол) қайд қилди. Диққатга сазовор жиҳати, у ўшанда натижаси медаллар тақдирига таъсир этадиган «Бранн»га қарши учрашувнинг атиги 16 дақиқа (4-20-дақиқалар)си ичида рақиб дарвозасига 5 бора зарба йўллаб, 4 марта мақсадга эришганди.

МутлаҚ рекордчи!

18 ёшли норвегиялик табиийки, U-20 белгиси остидаги ЖЧнинг мутлақ рекордчисига айланди. У шунингдек, 1та ўйиндаги каромати билан бутун турнир тарихидаги энг яхши тўпурарлар қаторига кирди. Норвегия термаси курашдан четга чиққан бўлсада, якунда Холланд мусобақанинг «Олтин бутса»сига эга чиқса, ажабмас. Дарвоқе, бунга қадар 1та ўйин-даги голлар сони бўйича кичик мундиалнинг энг яхши натижаси 1997 йили Жанубий Корея термасини нақ 6 бора «сийлаган» бразилиялик Адаилтонга тегишли эди. Катталар футболига 15 ёшидаёқ бош суққан ва атиги 1 йилдан кейин Норвегиянинг бош клуби - «Мольде» асосий таркибидан жой олган Эрлинг энди Австрияда узоқ қолмаса керак. Унинг Англия чемпионатига юзланиши эҳтимоли катта. Биринчидан, Холланд Лидсда туғилган. Зеро, отаси - Альф-Инге Расдаль вақтида шу шаҳар жамоасида ўйнаган. Иккинчидан, Эрлинг аллақачон «МЮ» назарига тушиб улгурди...

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz