Қайднома

Қидирув

Серхио Рамос: «Йўқ, кетишни истамайман»

Серхио Рамос: «Йўқ, кетишни истамайман»

  04.06.2019 09:10
  0
  215
 Серхио Рамос: «Йўқ, кетишни истамайман»

Охирги кунлар матбуотда «Реал» сардори Серхио Рамосга дахлдор хабарлар конвейер мисоли «оқа» бошлади. Испаниялик фахрий ҳимоячи охир-оқибат, клуб раҳбариятидан махсус матбуот анжумани ташкиллаб беришни сўради. Хуллас, турли мазмундаги миш-мишларга барҳам беришни ўйлаган «Реал» сардори анжуман чоғи жамоадаги бугунги ҳолат, келажак режалари ва бошқа масалаларга бафуржа тўхталди.

Ҳозирги ҳолат

- Шунча шов-шувлардан кейин барча асоссиз хабарлар, ҳеч кимга фойдаси йўқ гап-сўзларга нуқта қўйиш вақти келди, менимча. Хуллас, ҳузурингизга ошкора мулоқот ва саволларингизга тўғри жавоб қайтариш учун чиқдим. Аввало, шуни алоҳида таъкидлашим керак, Рамос ва клуб президенти ўртасида ҳеч қандай келишмовчилик йўқ. Умуман, фаолиятимни шу жамоада якунлаш ниятидаман. Бордию, кетишимга тўғри келса, асосий дарвоза орқали чиқаман. Ўйлайманки, шунга муносибман.

Бир умрлик шартнома

- Агар барчаси ёлғиз ўзимга боғлиқ бўлганида, ўйламай туриб, жамоа билан бир умрлик шартнома тузардим. Флорентино Перес билан ўртамиздаги муносабат ота ва фарзанднинг ўзаро муомаласи даражасига кўтарилган. Баъзида юзага келадиган қизғин баҳслар эса бир-биримизга нисбатан ҳурмат ҳиссини янада оширади. Дейлик, Перес менга ҳамиша ўзгача илтифот кўрсатади.

Кетиш нияти йўҚлиги

- Ҳеч қаёққа кетмоқчи эмасман, мақсадим битта - фаолиятимни «Реал»да якунлаш. Охирига қадар «Мадрид»да қолишни хоҳлашимни жуда кўп бора такрорлаганман. Бу жамоа учун ҳаттоки, маош олмасдан тўп суришга ҳам тайёрман. Чунки бор вужудим билан унга боғланиб қолганман. Ўзи яккама-якка мулоқот биз учун энг мақбул ечим эди. Атиги бир ҳафта давомида Испаниядан узоқда юрганим шунча гап-сўзларга сабаб бўлди. Алоҳида эътиборга олинг: Рамос ва «Реал» муносабатида маблағ - энг сўнгги масала.

Перес билан мулоҚот

- Қайтараман, шу ерда қоламан. Клуб президенти билан учрашувимиз пул масаласида эмасди. Шунчаки, ўзаро ишонч ва маънавий қадриятлар ҳақида суҳбатлашдик. Тўғри, мен учун баъзи ёқимсиз жиҳатлар ҳам бор эди. Хуллас, юзма-юз туриб, очиқ гаплашиб олганимиз яхши бўлди.

Хитой варианти

- Яширмайман, олдимда шундай вариант ҳам юзага келган ва уни кўриб чиқишим мумкин эди. Бироқ бунда барчаси мен ўйлагандек эмас. Тушунарлики, савдода чайқовчилик иллати ҳам бор. Энди Флорентинони чинакамига самимий қучаман. Табиатим шунақа: нимадир кўнглимдагидек бўлмаса, очиқ айтаман ва уни бирга тўғрилаймиз. Ҳозир ҳаммаси рисоладагидек.

Иш ҳаҚи масаласи

- Янги жамоадошларимни мамнуният билан кутиб оламан, ўз шартномамдан хурсандман. Клуб президенти албатта, суҳбатлашиб олишимиз зарурлигини яхши биларди. Аммо пул ҳақида эмас. Иқтисодий масала мен учун иккинчи даражали: кимдир Рамосга нисбатан кўпроқ маош оладиган бўлса, қандини урсин!

БошҚа жамоалар

чорлови

- Кетиш учун ҳали эрта: танамда куч-қувват бор экан, фаолиятимни давом эттиравераман. Қаёққадир кетмоқчи ҳам эмасман, «Реал»га рақобатчи саналган жамоалар хусусида-ку, гапириш ҳам ортиқча.

Жамоадошлардан

SМS-хабарлар

- Мадридда қолишимнинг сабабларидан бири ҳам шу: жамоадошларимнинг хайрихоҳликларини яққол ҳис этиб турибман. Рост-ёлғон маълумотларга қандай муносабатда бўлиш - ОАВ муаммоси. Ҳа, кенг тарқалган миш-мишлардан кейин айрим футболчиларимизда менга нисбатан шубҳа уйғонгандек туюлди. Лекин бу ҳолат тезда ўтиб кетди.

«Аякс» тўсиҒи таъсири

- Машаққатли мавсум охирида «Аякс»га қарши кечган ўйинимиз мазмунсиз чиққани анча оғир ботди. Барча жамоадошларимда юрак уриши тезлашди - бу ўта сезиларли зарба бўлди. Бироқ мағлубиятга кўникишдан ўзга иложимиз қолмаганди. Ҳаммасини нолдан бошлаш талаб этилди. Умуман, узоқ йиллик парвоздан сўнг қачондир сусткашликка йўл қўйишимиз муқаррар эди, деб ўйлайман.

Жамоадаги ҳолат

- Қониқарсиз натижалардан ке-йин омадсизлик сабабларини синчиклаб ўргандик, тегишли хулосалар чиқардик: доимий жанговарлик ва юксак спорт формасини сақлаб туришда жамоага кутилмаган мағлубиятлар ҳам ёрдам беради.

Эден Азарга ёндашув

- Азар - топ мақомидаги футболчи. У «Мадрид» талабларига тўла жавоб беришга қодир.

«Тоттенхэм» ёки

«Ливерпуль»?

- Қайси жамоага тарафкашлик қилишимни ярим финалдан кейин белгилаб олгандим. Мен «Ливерпуль» томонидаман!

Навбатдаги жароҳат

- «Валенсия»га қарши баҳсдан кейин шифокорлар биринчи даражали мушаклар жароҳатини аниқлашганди. «Атлетик» билан ўйинга тайёргарлик чоғи оғриқ янада кучайди. Натижада «Бетис»га қарши кечган учрашувни ҳам ўтказиб юбордим. Ҳозир саломатлик борасида ҳеч қандай шикоят йўқ, мавсумни терма жамоадаги иштирок билан якунлайман.

Ҳуштакбозлик...

- Мендан ноўрин шубҳаланмасликлари учун мухлисларни огоҳлантириб қўймоқчиман: матбуотдаги хабарларнинг ҳаммаси ҳам ҳақиқат эмас. Ўз ўрнида, мухлисларга миннатдорчилик билдираман. 14 йил давомида менга нисбатан атиги бир марта ҳуштакбозлик қилишди. Ўзи футболчиларни ҳуштак билан кутиб олиш - нормал ҳолат. Ҳаттоки, Криштиану Роналду ҳам бундай «сийлов»лардан бенасиб қолмаган. Зеро, фанатлар ўз эътирозларини шу тариқа изҳор қилишади. Лекин қанча кам ҳуштак чалинса, шунча яхши.

«Реал» келажаги

- Жамоамиз порлоқ истиқбол остонасида турибди. Мавсум бошланишини сабрсизлик билан кутаман: янги таркиб билан ғалабаларга нисбатан кучли чанқоқни қондира олишимиздан умидворман. Вақт ўтаверади, лекин мендаги иштиёқ ўзгармайди. Яъни ҳар йили ўзгача куч-қувват билан майдонга тушаман. Ўйлайманки, янги футболчилар жамоага янги орзулар олиб киришади. Демакки, «Реал» бўлажак мавсумда чемпионлик учун курашади.

Рауль Браво

- Бу савол менинг ваколатимда эмас. Рауль Бравога алоҳида муносабатдаман, у менинг жамоадош дўстим эди. Қолгани судга тегишли мавзу...

«Мадрид»дан кейин

- Ҳозир аниқ бир гап айтолмайман. «Реал»дан кетгач, Хитойга боришим мумкинми? Нега энди мумкин эмас? Хитойда мени ёқтиришларини доимо ҳис этиб юраман. Аммо Хитойга йўл оламанми ёки АҚШга - буни айтолмайман. Балки футболчиликдан кейин ҳам шу ерда мураббий сифатида қоларман.

Чиройли кетиш орзуси

- Шуни айтишим мумкинки, футболдан чиройли кетишни хоҳлайман. Чунки назаримда шундай хайрлашувга муносибман. Умуман, «Реал»нинг ҳар бир буюк ўйинчиси худди Пирло, Лэмпард ва Жеррард каби кетишга лойиқ. Ахир спорт афсоналари муносиб хайрлашувга ҳақлилар.

Трансферлар

- Харидлар масъулиятини ўз зиммамга олмайман, ҳеч кимга маслаҳат ҳам бермайман. Албатта, баъзан сардор сифатида шахсий фикрим билан қизиқишади, у ёки бу номзод ҳақида сўрашади. Бироқ бу масалалар менга боғлиқ эмас - ўйинчилар ва мураббийларни мен танламайман. Шунингдек, машғулотлар тақвимини ҳам...

 

ДарвоҚе...

 

Серхио Рамос бир неча кун олдин «Реал» раҳбарияти вакиллари билан учрашиб, ўртадаги шартномани бекор қилишларини сўрагани ҳақидаги хабарларни клуб президенти Флорентино Перес ҳам тасдиқлади. Умуман, 33 ёшли футболчининг нега кетиш ҳақида ўйлай бошлагани сабаби ҳам аниқ бўлди. Маълумотларга қараганда, у иқтисодий томондан муаммоларга дуч келган. Аниқроғи, Рамос Banco de Santander банкидан 35 миллион евро миқдорида қарз кўтарган ва Мадрид шаҳри атрофидан ер сотиб олиб, турар-жой бинолари қуришни режалаштирган. Аммо шаҳар кенгаши қурилиш ишларига рухсат бермагач, Серхио олдида банк кредитини қайтариш масаласида муаммо юзага келди. У шу боис Хитой клубларидан бири билан шартнома тузиб, қарзни бирданига ёпишни кўзламоқда. Айтганча, Рамоснинг «Реал»даги йиллик маоши 12 миллион еврога тенг.

Айрим манбаларда ёзилишича,  футболчи дарҳақиқат, «Мадрид»да қолишга қарор қилган. Таъкидланишича, у Перес билан суҳбатлашганидан кейин Хитойга йўл олиш фикридан воз кечди.

Уткир УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz