Қайднома

Қидирув

Юрген Клопп юрган эди шу дамни кутиб...Эктор Куперда эса кутишга вақт йўқ

Юрген Клопп юрган эди шу дамни кутиб...Эктор Куперда эса кутишга вақт йўқ

  05.06.2019 01:36
  0
  302
Юрген Клопп юрган эди шу дамни кутиб...Эктор Куперда эса кутишга вақт йўқ

Футбол мухлислари ЧЛ-2012|2013ни ҳамон ўзгача ҳайрат ва таажжуб билан эслашади. Ўша кезлар гуруҳ босқичидаёқ «Бавария»ни ЧЛнинг бўлажак ғолиби сифатида тилга олиб, «Барселона» ва «Реал» мухлисларининг аччиқ танқиду-кулгу ёмғирлари остида қолгандик. Ҳайтовур, якунда «Бавария» турнир чемпионига айлангач, енгил тин олгандик. Ўйлаб қарасак, ўшандан буён бирор жамоага бу каби юксак ишонч билдиришдан ўзимизни тийибмиз. Чунки шу йиллар мобайнида ҳеч қайси клуб ЧЛ ғолиби бўлиш учун аввалдан яққол ажралиб турмади. Ҳаттоки, Зайниддин Зидан бошқарувида ажойиб «хет-трик» қайд этган олдинги «Реал» ҳақида ҳам бу каби ёрқин хулоса айтишга истиҳола қилдик. Зеро, вазиятни баҳолаш қийин эди. Айниқса, «Ювентус» ва «Ливерпул»нинг шашти бизни кескин хулосалар чиқаришдан ушлаб турарди.

 

Ҳа, ЧЛнинг 2012|2013 йиллар мавсумидагина бизда қандайдир иккиланиш кузатилмаган. Гарчи Лионель Месси ва Криштиану Роналду баланд «нота»да тўп сурган бўлсаларда, Давид Алаба ҳамда Франк Риберининг чап қанот, Филипп Лам ҳамда Арьен Роббеннинг ўнг қанотдан бемисл шиддат билан олға ташланишларига «Барселона» ёки «Реал» услуби дош беролмайди, барибир, деб ўйлагандик негадир. Қарангки, ўша мавсум ярим финал учрашувларидан сўнг шу қатъиятимиз андак хавотирга тушганди. Бунга бугуннинг қаҳрамони Юрген Клопп сабабчи бўлганди. Мюнхендаги 4:0, Дорт­мунддаги 4:1 ҳисобидан кейин Испания­га сукунат чўмиб, футбол дунёсини немисча қаҳқаҳа тўлдиргани эсингиздами? Юрген Клопп ўшанда илк бор «Бу - мен!» - дея футбол дунёсида довруқ солганди. Лондонда бўлиб ўтган «немисча дерби»да ҳам «Боруссия» Д. қудратли «Бавария»ни анчайин ҳолдан тойдирган, фақат Арьен Роббеннинг охирги дақақаларда урган голи Юрген Клопп орзусини ортга сурганди. Кейинроқ маълум бўлдики, ЧЛда ғолиб чиқишни жамоадан кўра, мураббий кўпроқ хоҳлаган. Балки шунинг учундир у эзгу орзуси рўёби йўлида «Ливерпуль» вариантини танлади.

Шу ўринда савол туғилади: қайсарлик ва содиқлик билан «Атлетико»ни бошқаришдан тўхтамаётган Диего Симеоне ҳақми ёки Юрген Клопп? Диего Симеоне узоқ йиллар шакллантирган таркиб ЧЛ финалига чиқди, ЕЛда ғолиб чиқишни уддалади. Тамом! Жамоанинг максимал имкони - шу. Олдинга юришнинг бошқа иложи йўқ. Бу нуқтадан фақат ортга қайтиш бор. Юрген Клопп шу жараённи ҳис қилгани учун ҳам вақтни бой бермай, «Боруссия»ни шартта ташлади-кетди. Унга қучоқ очган «Ливерпуль» машҳур «С»лар триоси - Луис Суарес, Раҳим Стерлинг ва Даниэль Старриж билан бирор натижага эришолмай, роса тўл­ғонаётганди. Юрген Клоппни шу жараён сеҳрлади. У тўлғоқ ортидан янги ва кучли жамоа туғилишини тушунди. Мураббийни яна Дортмунд «Борус­сия»сидаги ишидан фарқли ўлароқ, «Ливерпул»нинг тарихий анъаналари ҳам қўллаб-қувватлади. Рафаэль Бенитеснинг Истанбулдаги бенифесидан сўнг «Ливерпуль» яна катта совринларни соғинаётганди. Немис мутахассиси шу соғинч хуморини босди. Тўғри, у ўтган мавсумдаёқ эзгу орзусига етишиши мумкин эди. Лекин Зайниддин Зидан қўл остидаги «Реал» Криштиа­ну Роналду ва Серхио Рамос воситасида бунга йўл қўймади. Унинг ўзи эса дарвозабон борасида адашди, Рамосга хос қўполлик ўйин маромига таъсир ўтказишини назардан қочирди.

Эҳтимол, Клопп ўрнида бошқа мураббий бўлганида, «Ливерпуль» яна ЧЛ финалига қадар етиб келолмасди. Ҳарқалай, ўта аламли кечган ўтган йилги финалдан кейин руҳан янада кучайиш мушкул вазифа ҳисобланарди. Салгина иккиланиш ҳам жамоадаги маромни бузиб юборар ва Юрген Клопп бағрида балки бир умр армон олови ёнарди. Шу боис у хатоларини жойида тузатиб, жамоасини яна олға бошлади. Каталониядаги 3:0 ҳисоби ҳам немис мурабби­йини чўчитолмади. Қийин лаҳзаларда эса захира футболчилари унинг ишончини оқлашди. Назаримизда, шу ҳолатнинг ўзида ҳам бир ҳикмат яширингандек, захира кучининг ўзгача иштиёқи «Ливерпул»ни финалга олиб чиққандек. Ҳар ҳолда, финалда ҳам Дивок Ориги майдонга тушгач, жамоа ўйинида кузатилмаётган қизғинлик қайта уйғонди.

Хуллас, Юрген Клопп фаолияти жаҳон футболи тарихи саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан битилди. У изланиш ва собит идеаллик бир кун, албатта, ғалаба сари етаклашини ноумидларга эслатиб қўйди. Ҳа, финал учрашуви кутилган даражада қизиқарли кечмади. Фикримизча, бунинг 2та асосий сабаби бор. Аввало, АПЛ охирги тури ва финал ўйини орасида салкам 3 ҳафталик узилиш юзага келди. Узоқ давом этган оғир мавсумдан сўнг расмий учрашувлар маромининг бузилиши футболчилар организми ва руҳиятида дам олишга мойиллик туйғусини уйғотади. Футболчи бу жараённи енгишга қийналади. Фақат расмий ўйинлар ритми билангина маълум маромни ушлаб туриш мумкин. Орадаги бўшлиқни тўлдириш имкони ҳамма мураббийда ҳам бўлавермайди. Ўйлаймизки, УЕФА келгусида бундай йўл тутмайди. Зеро, мавсум футболчилардаги ўйин руҳияти совумай туриб якунлангани маъқул.

Иккинчи сабаб шуки, «Тоттенхэм» футболчилари «Аякс»га қарши ярим финал учрашувларидан кейин финалда ғолиб чиққандек тутишди ўзларини. Бошқача айтганда, бутун жамоа бемисл завқ-шавққа тўлди ва натижада асл финалга руҳий жиҳатдан муносиб ҳозирлик кўрилмади. Аниқроғи, мураббий бу муҳим ишни кўнгилдагидек бажаролмади. Айримлар «Тоттенхэм»даги аввалги шижоат кўзга ташланмаганини кутилмаган пенальти билан изоҳлашмоқда. Йўқ, бизнингча, бундай эмас. Негаки, мушкул вазиятда «Аякс»ни енгишга куч топган жамоани дастлабки дақиқалардаги пенальти издан чиқаролмаслиги керак эди. Барчасига сабаб - ярим финал шукуҳи ва оралиқдаги ортиқча бўшлиқ.

Шу маънода айтсак, Ўзбекистон Лига кубоги Суперлига жамоалари учун айни муддао. Пайтдан фойдаланиб аламзадалар роса маза қилиб гол уришди. Миржамол Қосимовнинг бурчак тўпидан гол уриши ёки Мурод Холмуҳаммедовнинг қарийб 60 метрдан «Пахтакор» дарвозасини ишғол қилиши - шунчаки, фантастика. Футболимиз бундай голларни унутаёзганди. Атайин қилгандай ҳисоблар ҳам футболчиларни илҳомлантирмоқда. Лига кубогининг Суперлигадан фарқи шу жиҳатларда кўзга ташланди. Нима ҳам дердик, узоқдаги Юрген Клоппни олқишлай-олқишлай, яна ва яна футболимизга қайтаверамиз. Ахир қайтмасдан бўладими?! Мағлубиятга учраса-да, миллий жамоамизга куюнамиз, унинг келажагидан умидвор бўламиз. Эктор Куперга ҳам Юрген Клопп каби ёруғ йўллар буюрсин!

Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Сиз Эктор Купер миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 (Қатар)га олиб бора олишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz