Қайднома

Қидирув

Фабио, сен зўрсан!

Фабио, сен зўрсан!

  05.06.2019 09:13
  0
  288
Фабио, сен зўрсан!

Тиниб-тинчимас Фабио Квальярелла 36 ёшида «А» сериянинг энг яхши тўпурарига айланди. Унга шунчаки, қойил қолиш керак - фахрий ҳужумчи пойгада ёш иқтидорлар Кшиштоф Пентек («Милан») ва Дуван Сапата («Аталанта»)ни ортда қолдирди. Қолаверса, кимсан Криштиану Роналдуни ҳам. Браво, Фабио! «Сампдория» ҳужумчиси якунланган мавсум рақиблар дарвозасини 26 марта нишонга олди. Таққослаш учун айтсак, «Ювентус» юлдузи Криштиану Роналду «А» серияда бундан 5та кам гол урди. Дарвоқе, Фабионинг самарадорлигидан ҳайратланган «Наполи» президенти Аурелио де Лаурентис унинг жамоа сафига қайтиши хусусида гапира бошлади: «Менимча, Квальярелла «Наполи»да ўйнаш имкониятига ҳақли эканлигини амалда исботлади. Бизда ёки унда моддиятга тегишли қандайдир муаммо чиқади, деб ўйламайман. Умуман, Квальярелла фаолиятини «Наполи»да тугатиши - бу романтик қарор».

Маълумот учун: Ютуқлари: Италия чемпиони (3 карра): 2011|2012, 2012|2013, 2013|2014; Италия суперкубоги соҳиби (2 карра): 2012, 2013; Италия чемпионатининг энг яхши тўпурари: 2018|2019 (26та гол)

Айтиш жоиз, Кампанияда туғилган Фабио ҳам, унинг бутун оиласи ҳам айнан «Наполи»га содиқ мухлис ҳисобланади. Ҳужумчининг Неа-поль клубига нисбатан кучли меҳрини тушуниш мумкин. Зеро, унинг ёшлиги Диего Марадона «Наполи»да чақнаган вақтларга тўғри келган. Аммо Квальярелланинг ўзига севимли жамоасида муносиб тўп суриш насиб этгани йўқ. У неаполликлар сафидаги қисқа муддат ичида ўзини айтарли кўрсата олмади. Мана, Фабио энди жонажон жамоасига қайтиб, самарали фаолиятига романтик нуқта қўйиши мумкин. Ўзи «А» серияда бош тўпурарга аталган соврин фахрий футболчига насиб этиши одатий ҳолдек. Мисол учун, XXI аср бошида 35 ёшли Дарио Хюбнер нисбатан навқирон Давид Трезеге билан тенг миқдорда гол уриб, мукофотни бўлишиб олганди. Кейин Алессандро Дель Пьеро 33 ёшида муваффақиятга эришди, Антонио ди Натале эса қаторасига 2 марта Италия чемпионатининг энг сермаҳсул футболчиси бўлди - 32-33 ёшида. Лекин бу борада Лука Тонининг мавсум-2014|2015даги кўрсаткичи алоҳида ўрин тутади. Италиялик ҳужумчи 38 ёшида Мауро Икардига жиддий рақобат тақдим этиб, бош тўпурар совринига шериклик қилганди.

Фабио Неаполь яқинидаги мўъжазгина Кастелламмаре-ди-Стабия шаҳарчасида туғулиб-улғайган. Шунинг учун бўлса керак, болалигидан «Наполи»га алоҳида меҳр беради. Фабио ҳозиргача ўз интервьюларида Диего Марадона даврида Неаполда ҳукм сурган ноодатий ва жўшқин футбол муҳити ҳақида тўлқинланиб гапиради. Бироқ Квальярелла севимли жамоаси сафида 26 ёшга тўлганидан  кейингина кўриниш беради. Унинг самарали фаолияти «Торино»да бошланади. «А» сериядаги дебютини 17 ёшида «Пьяченца»га қарши кечган баҳсда нишонлаган Фабио кейинги 6 йил давомида Турин клуб ихтиёрида бўлди - асосан захирада ўтирди ёки ижара муддатларини ўтади. Ўзингиз ўйланг, бугунги қаҳрамон ўша вақт давомида «А» сериянинг атиги 5та ўйинида қатнашган ва ҳаттоки, «С»-2 серияда «Фиорентина» шарафини ҳам ҳимоя қилганди. Кейин эса «Кьети» сафига ўтдию, бирданига маҳсулдорликни кескин оширди - «С»-1 сериясининг 1та мавсумида 17та гол. Натижада Квальярелла Туринга қайтиб, «В» серияда 8та гол уришга эришди, бироқ «Торино» молиявий муаммоларга учраб, барча футболчиларига жавоб берди. 2005 йилнинг ёзига келиб, Фабио «А» серияга қайтиб, «Удинезе» билан шартнома тузди, аммо удинеликлар унинг ярим трансфер ҳуқуқини дарҳол «Асколи»га сотишди. Шу тариқа футболчи бу клубда 1 мавсум тўп сурди - 33та ўйинда 3та гол (фақат чемпионатда). Кейинги йил унинг учун бурилиш нуқтасига айланди. Аслида «Сампдория» аввалига Фабиони захира вакили ролида кўрганди, футболчи эса 7-турда илк марта бошланғич таркибда майдонга тушиб, «дубль» қайд этди. Қисқаси, ўша мавсум рақиблар дарвозасини 14 бора «ўқ»қа тутган футболчи ниҳоят, бутун Италия назарига тушди. Аслида унинг фақат голлари эмас, балки ўйин услуби ҳам кўпчиликни қизиқтириб қўйганди. Зеро, Фабио баъзан тўп билан ақлга сиғмайдиган «ҳунар»лар кўрсата бошлаганди. Тез орада футболчини Италия миллий жамоасига ҳам жалб этишди. Бу вақтда «Манчестер Юнайтед» ва «Ювентус» клублари, шунингдек, Миланнинг ҳар икки топ-клуби Квальяреллага жиддий қизиқиш билдиришга улгурганди. «Сампдория» раҳбарияти эса дарҳол етакчи футболчисини  сотмаслиги ҳақида баёнот берди. Аммо шу орада Фабионинг шахсий агенти - Стефано Антонелли ўртага тушиб, бошқача гапирди: «Йўқ, Квальяреллани харид қилиш имконияти бор. Бунинг учун даъвогар клуб камида 11 миллион фунт таклиф қилса, бас». Аслида ҳужумчи трансферининг 50 фоизи «Удинезе»га тегишли эди. Кейинчалик Квальярелла учун курашга «Челси» ҳам қўшилди. Унинг ўзи «Ювентус» ёки «МЮ» сафини тўлдиришга мойил эди, аммо якунда маълум сабабларга кўра, «Удинезе»да қолди. Гап шундаки, уденеликлар Фабионинг қолган 50 фоиз ҳуқуқи учун «Сампа»га 7 млн. евро тўлади.

Квальярелла «Удинезе»да гарчи барқарор ўйнаш масаласида баъзи муаммоларга учраган бўлсада, 2 мавсум давомида бинойидек ўсишга эришди: «А» сериянинг ўзида 73та ўйин, 25та гол. У шунингдек, УЕФА кубоги-2008|2009да чакки таассурот қолдирмади. Шундай қилиб, 2009 йилнинг 1 июнь куни Фабио ниҳоят ўз орзусига эришди - «Наполи» билан бирданига 5 йиллик шартнома тузди. Бироқ атиги 1 йилдан кейин неаполликлар билан хайрлашишига тўғри келди. Энг қизиғи, «Наполи» уни ашаддий рақбларидан бири - «Ювентус»га юборди - ижара сафари. Фабио Туринда секин-аста ҳужум чизиғи етакчилари қаторига қўшилгач, «Юве» раҳбарияти 2011 йили унинг трансферини тўлиқ сотиб олди (келишув баҳоси - 10,5 млн. евро). Квальярелла Турин суперклуби билан бир неча марта Италия чемпиони бўлишдан ташқари, ЧЛда муҳим голларни урди, аммо жароҳатга йўлиққанидан кейин бош-қа ҳужумчилар билан рақобатлашишда анча қийналди. Натижада 2014 йил ёзда 3,5 млн. евро эвазига «Торино»га қайтди ва тез орада одатий самарадорлигини тиклади.

Умуман, Квальярелла энг ёрқин даврини яна «Сампдория» сафида ўтказди. Ахир охирги мавсумда кўрсатган жасоратининг ўзиёқ салмоқли тош босади, албатта...

 

 

Фабио Квальярелла тенгдошларига назар

Александр Кержаков (Россия). Россиялик буюк тўпурар фаолиятининг охирги 4 мавсумида жами 26та гол урганди. Қисқаси, у 30 ёшдан ошгач, хавфли ҳужумчи мақомини йўқотди.

Робин ван Перси (Голландия). Якунланган мавсум фаолиятига муносиб нуқта қўйди: жонажон клуби - «Фейеноорд» учун Голландия Эредивизионида 16та гол урди.

Клас-Ян Хунтелар (Голландия). Охирги мавсум Голландия элит лигасида 16та гол урган яна бир фахрий ҳужумчи. Фарқи шуки, ван Персидан атиги 1 ҳафта кичик саналган Хунтелар «Аякс» сафида чемпионликни ҳам тантана қилди.

Жермейн Дефо (Англия). 36 ёшига қадар АПЛ талабига жавоб беролмади. Аниқроғи, ўтган йили қишда «Борнмут»дан «Глазго Рейнжерс»га ўтиб (ижара), Шотландия чемпионатида 8та гол урди.

Павел Погребняк (Россия). Охирги мавсум «Урал»да ўйнаган футболчи атиги 3та гол билан чекланди.

Мирко Вучинич (Черногория). Вақтида Квальярелла билан «Ювентус»да бирга ўйнаб, 3 марта скудетто ютган Вучинич 30 ёшида БААга йўл олди ва «Ал-Жазира»да 3 мавсум ўйнагач, фаолиятини тугатди.

Дмитрий Сичев (Россия). Россия футболида катта умид уйғотган Дмитрийнинг катта спортдан кетганига 11 мавсум бўлди.

 

«А» сериянинг «қария» голеадорлари

(35 ёшдан ошгач, 10та ёки кўпроқ гол урган футболчилар)

 

       Футболчи                   Клуби         Ёши      Мавсум       Гол

 

Итало Росси                  «Про Патрия» 35        1932|1933        10та

Сильвио Пиола              «Новара»        35        1948|1949        14та

Сильвио Пиола              «Новара»        37        1950|1951        19та

Сильвио Пиола              «Новара»        38        1951|1952        18та

Пьетро Феррарис          «Новара»        37        1948|1949        10та

Пьетро Феррарис          «Новара»        38        1949|1950        10та

Гуннар Нордаль            «Рома»           35        1956|1957        13та

Дарио Хюбнер               «Пьяченца»     35        2001|2002        24та

Дарио Хюбнер               «Пьяченца»     36        2002|2003        14та

Роберто Баджо             «Брешиа»       35        2001|2002        11та

Роберто Баджо             «Брешиа»       37        2003|2004        12та

Жузеппе Синьори          «Болонья»      35        2002|2003        12та

Энрико Кьеза                 «Сиена»          35        2005|2006        11та

Эуженио Корини            «Палермо»     36        2006|2007        10та

Кристиано Дони             «Аталанта»     35        2007|2008        12та

Филиппо Инзаги             «Милан»         35        2008|2009        13та

Давид ди Микеле           «Лечче»          36        2011|2012        11та

Марко ди Вайо              «Болонья»      35        2011|2012        10та

Антонио ди Натале        «Удинезе»       35        2012|2013        23та

Антонио ди Натале        «Удинезе»       36        2013|2014        17та

Антонио ди Натале        «Удинезе»       37        2014|2015        14та

Франческо Тотти            «Рома»           36        2012|2013        12та

Лука Тони                      «Верона»        36        2013|2014        20та

Лука Тони                      «Верона»        38*       2014|2015        22та

Мирослав Клозе            «Лацио»          36        2014|2015        13та

Массимо Маккароне      «Эмполи»       35        2014|2015        10та

Массимо Маккароне      «Эмполи»       36        2015|2016        13та

Фабио Квальярелла      «Сампдория»  35        2017|2018        19та

Фабио Квальярелла      «Сампдория»  36        2018|2019        26та

-------------------------------------------------------------------------------------------

Тони 26 май куни туғилган, яъни чемпионат финишида 38 ёшга тўлиб бўлганди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz