Қайднома

Қидирув

Бундеслигада яна бир ўзгача дебютант ёки "Унион"нинг жонкуяр мухлислари ҳақида...

Бундеслигада яна бир ўзгача дебютант ёки "Унион"нинг жонкуяр мухлислари ҳақида...

  06.06.2019 01:13
  0
  247
Бундеслигада яна бир ўзгача дебютант ёки

Газетамизнинг аввалги сешанба сонида Бундеслига йўлланмасини қўлга киритган «Падерборн 07»га нисбатан «телба» иборасини қўллаб, жамоанинг ўзига хос жиҳатларига тўхталган эдик. Диққатга сазовор жиҳати, Германия элит лигаси яна бир ўзгача клуб билан бойиди - «Унион». Берлин жамоасини вақтида фидойи мухлисларигина таназзулдан қутқариб қолишганди. Мана, улар бугун чинакамига байрам қилишяпти. Ахир «Унион» ўз тарихида илк марта юқори дивизионга йўл олди.

****

Берлиннинг «Унион» клубига узоқ 1906 йили асос солинган бўлиб, у аввалига мусобақаларда «Олимпия» номи остида қатнашган. Айни ўша йиллар ёш жамоа ҳаттоки, Германия кубоги финалигача чиқишни уддалаган. Бироқ Берлин шарафини ҳимоя қиладиган иқтисодий томондан бақувват «Герта» ва «Теннис-Боруссия» клублари кўп ўтмай, янги рақобатчи футболчиларини талай бошлайди. Оқибатда моддий имконияти чекланган «Унион»нинг кучли шижоати ўз-ўзинидан сўниб, жамоа йирик зафарларга бошқа яқинлашолмайди. Ўтган асрнинг 50-йиллари бошида «Унион» маҳаллий жамоалардан бири билан бирлашади ва табиийки, номи ҳам ўзгаради. 1966 йилдан эса берлинликлар собиқ ГДР чемпионатида «Унион Берлин» номи остида иштирок эта бошлашади. ГФР ва ГДР бирлашувидан кейин эса «Унион» мамлакат футбол тизимининг учинчи дивизионига қўйилади. Берлинликлар шу-шу иккинчи ва учинчи дивизионлар аро «сайр» қилишди, бир сафар ҳаттоки, тўртинчи лигага ҳам тушиб кетишди. Хуллас, «Унион» 100 йилдан ошган тарихида ҳали Бундеслига юзини кўрмаган. Умуман олганда, жамоа 1991 йилдан кейинги даврда иккинчи Бундеслигада ҳам 13 мавсум ўйнади, холос. Бу орада энг яхши натижага 2 йилча олдин эришганди - 4-ўрин. Мана, берлинликлар якунланган мавсум энг юқори натижани яхшилаш баробарида Бундеслига эшигини ланг очишди. Жамоа аслида юқори лигага тўғридан-тўғри йўл олиши ҳам ҳеч гап эмасди, бироқ фақат тўплар нисбати бироз пастлиги туфайли 3-ўрин билан кифояланди. Алоҳида таъкидлаш керак, охирги тур арафасида «Унион»нинг 2-ўринга кўтарилиш имконияти анча баланд эди. Бироқ берлинликлар «Бохум»га қарши кечган учрашувни ўта суст бошлашди ва 83-дақиқада ҳам 0:2 ҳисобида орқада боришди. Шундан кейингина жамоа «уйғондими», қолган вақт давомида 2та гол урди (2:2), бироқ ғалабани ўз томонига оғдиролмади, барибир. Натижада «Падерборн» гарчи «Динамо» (Дрезден)га ютқазган бўлсада, 2-ўрин соҳиби сифатида Бундеслигага тўғридан-тўғри чиқадиган бўлди, «Унион» чекига эса «плей-офф»да ўйнашдек ортиқча ташвиш тушди.

***

«Унион» Бундеслигага ўтиш ҳуқуқини берадиган ҳал қилувчи баҳсларда донгдор «Штутгарт»га қаршилик қилди. Илк ўйинни сафарда ўтказган берлинликлар гарчи икки бора ҳисобда ортда қолган бўлсаларда, якунда уйларига 2:2 ҳисоби билан қайтишди - «плей-офф» босқичи учун жуда қулай натижа. Шу тариқа Берлин клуби мухлислар билан лиқ тўлган стадионидаги жавоб баҳсида 0:0 ҳисобини ушлаб қолишга ҳаракат қилди ва якунда мақсадига эришди. Тўғри, мезбонлар иккинчи бўлимда ғалабани ўз томонларига оғдиришлари ҳам ҳеч гап эмасди. Бироқ «Штутгарт»ни бир неча дақиқа оралиғида дарвоза тўсини 2 марта голдан қутқариб қолди. Асосийси, «Унион» вакиллари ва берлинликлар якунда тарихий кунни бошқача нишонлашди. Ниҳоят, Бундеслига йўлланмаси қўлга киритилгани шарафига оммавий «марш» - минглаб мухлислар ҳакамнинг финал ҳуштаги янграши билан майдон сари чопишди. Диққатга сазовор жиҳати, полиция уларга умуман тўсқинлик қилгани йўқ. Файерлар ёғдуси, футболчи ва мухлисларнинг бирга суратга тушишлари, бир қарашда, «ёввойи» байрам - булар ўзгача клуб учун ўзгача воқелик.

***

«Унион» бир неча марта айнан маҳаллий фанатларнинг сайъ-ҳаракатлари билан таназзулдан қутулиб қолган.

 *1997 йили «Унион»нинг қарзи мисли кўрилмаган даражада ошиб кетган ва бу муқаррар банкротлик ҳолатидан далолат эди. Айни шу тиғиз паллада жамоанинг 3000 мухлиси Берлин бўйлаб маршга чиқиб, Nike компанияси эътиборини қозонади. Шу тариқа қудратли ҳомий ёрдами қўл келиб, «Унион» қутқариб қолинади. Қойил, мухлислар!

 *2004 йилга келиб, жамоа яна молиявий қийинчиликлар домида қолди. Хусусан, профессионал клуб мақомини сақлаб қолиш учун дарҳол чамаси ярим миллион евро топиш зарурати туғилади. Бу сафар ҳам фидокор фанатлар антиқа ташаббус кўрсатишди. Улар гуруҳ-гуруҳ бўлиб, қон бериш марказлари томон йўл олишди. Оддий айтганда, «Унион» учун қон» марафони ташкиллаштирилди ва бунга Берлиндаги барча донорлар жалб этилди. Якунда акциядан йиғилган маблағ лизенция олишга етмаган бўлсада, клуб қутқариб қолинди, барибир.

 *«Унион»нинг узоқ 1920 йили фойдаланишга топширилган стадио-ни 2 марта тўлиқ реконструкция қилинган. 2009 йилга келиб эса аренани 3-марта таъмирлаш, аниқроғи, мукаммаллаштириш талаб этилди. Диққат қилинг, бутун 1 йил давомида ҳар куни бир неча минг киши (!!!) стадионда мутлақо текинга ишлади - оммавий ҳашар.

 *ЖЧ-2014 вақтида «Унион» фанатлари стадионга уйларидан диван ва креслоларни олиб келишди. Мақсад - мундиал ўйинларини бирга кўриш. Айтинг, бунақасини яна қаерда учратиш мумкин?

 *«Унион» 2003 йилдан эътиборан Рождество байрамини ўз мухлислари билан стадионда нишонламоқда. Футболчилар, клуб ходимлари ва фанатлар минглаб шамлар ёқиб, бирга куйлашади. Айтишларича, ушбу воқеликни бевосита томоша қилиш учун сайёҳлар Берлинга алоҳида ташриф буюришади. Зеро, байрам чоғи стадионда дарҳақиқат, ўта чиройли манзара юзага келади.

***

Энг қизиғи, «Унион» Бундеслигада бирор марта ўйнамаган бўлсада, еврокубокларда кўриниш беришга улгурган. Аниқроқ айтсак, камтарин жамоа 2001 йили чинакам «сенсация» кўрсатганча Германия кубоги финалига чиқди. «Унион» ўша мавсум ҳал қилувчи баҳс йўлида «Бохум» ва «Боруссия» М. каби ўзидан кучли рақибларни енгганди. Кубок тақдирига ойдинлик киритган якуний ўйинда эса «Шальке» кучлилик қилди - 2:0. Гельзенкирхенликлар бунга қадар Бундеслигадаги натижа эвазига Чемпионлар Лигаси йўлланмасини расмийлаштириб улгургандилар. Шу тариқа «Унион» Германия кубоги финалчиси сифатида УЕФА кубогига чиқди. Немислар турнирнинг илк раундида Финляндиянинг ХАК жамоасидан устун келишди - 3:0, 1:1. Бироқ кейинги босқичда «Литекс» (Болгария)га дуч келиб, курашдан чиқиб кетишди - 0:2, 0:0.

***

«Унион»нинг бутун тарихига қарасак, клуб сафида ўйнаган машҳур футболчилар жуда камлигини кўрамиз. Лекин 4 нафар ўйинчини алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин:

Йорг Хайнрих - Дортмунд «Боруссия»сида шуҳратга кўмилган таниқли ярим ҳимоячи. Бундеслига ва Европа Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонган Йорг маълум муддат айнан «Унион»да тажриба оширган.

Марко Ремер - Германия миллий жамоаси сафида ЖЧ-2002да иштирок этган ва кумуш медаль соҳибига айланган футболчи.

Роберт Хут - «Челси» сафида Англия чемпионатида 2 марта зафар қучган ҳимоячи.

Сергей Барбарез - мавсум-2000|2001-да «Гамбург» учун 22та гол уриб, Эббе Санд билан бирга Бундеслиганинг бош тўпурарига айланган ҳужумчи.

***

Бугунги «Унион»нинг ҳимояси жуда мустаҳкам. Ҳар ҳолда, берлинликлар жуда кам гол қўйиб юборишди. Жамоа футболчилари шунингдек, бош билан ўйнашда алоҳида ажралиб туришди. Қаторасига 2та ўйин («Бохум» ва «Штутгарт» билан)да 2:2 ҳисоби қайд этилгани - «Унион» табиатига мутлақо зид ҳолат. Жамоа якунланган мавсум иккинчи Бундеслигада атиги 5 марта мағлубиятга учради (лигадаги энг яхши кўрсаткич) ва ҳаммадан кам гол қўйиб юборди - 33та. Таққослаш учун айтсак, бу борадаги иккинчи яхши кўрсаткич эгаси «Гамбург» ҳисобида минус белгиси остидаги голлар сони 42та. Яна бир томони, «Унион» - бўйдорлар жамоаси. Дейлик, таркибидаги нақ 17 нафар футболчининг бўйи 180 сантиметрдан баланд. Демакки, жамоанинг ўйинларда «иккинчи қават»да катта устунликка эришгани бежиз эмас. Салбий томони - берлинликлар қўпол ўйинга мойиллар. Ҳарқалай, «Унион» иккинчи Бундеслиганинг энг қўпол жамоаси бўлди. Умуман, Берлин клубининг ўйин услубида қарши ҳужум, стандарт вазиятлар ва узоқ масофадан бериладиган зарбалар катта аҳамият касб этади. Тўп назорати эса унча яхши эмас (лигада 12-кўрсаткич), узатмалар аниқлиги ҳам (лигада 14-кўрсаткич). Жамоа шунинг баробарида ҳимояда анча мустаҳкам, қолаверса, унча кам гол ургани йўқ - 54та (атиги 5та иштирокчида бундан кўпроқ гол бор). «Унион»ни яна дурангсевар жамоа сифатида таърифлаш мумкин. Лекин чемпионатдаги 15та дуранг ёрдамида элитага чиққанини унутмаслик керак. Қолаверса, «Штутгарт»га қарши кечган «плей-офф» баҳсларида ҳам икки бора дуранг қайд этиш асносида мақсадга эришди. Дарвоқе, «Унион» Германия кубоги-2018|2019да «Боруссия» Д. клубига қарши кечган учрашувнинг асосий вақтида ҳам дуранг натижани таъминлади - 2:2. Бироқ Марко Ройс «овертайм»нинг охирги дақиқасида ғалабани дортмундликлар тарафига оғдирди.

***

Тони Кросснинг туғишган укаси - 28 ёшли Феликс айни пайт айнан «Унион» сафида ўйнамоқда. У ҳам худди машҳур акаси каби ярим ҳимоянинг марказий ҳудудига жавоб беради. Айтганча, «Унион»нинг зафарли мавсумида илк гол Феликс Кросс номига ёзилди.

***

Жамоа тўпурари Себастьян Андерссон мавсумни 12та гол билан якунлади. Новча швед (бўйи - 190 см.)  улкан гавдасидан унумли фойдаланади. Ҳарқалай, 3та голини боши билан уриш баробарида ҳаводаги курашларда устун келиш бўйича лига бўйича иккинчи яхши кўрсаткичга эришди - ўртача ҳисобда 1та ўйинда чамаси 8 марта устунлик. Яна бир номдор футболчи - австриялик Кристофер Триммель эса 5та самарали узатмага муаллифлик қилди ва кескин «пас»лар сони бўйича биринчиликда иккинчи яхши натижага эришди.

Айтишларича, «Унион» деярли 100 йилдан буён ишчилар синфининг қўллаб-қувватлашига таянмоқда. Чунончи, ўтган асрнинг 20-йиллари бошида Берлиннинг бой вакиллари «Унион» футболчиларини ўз томонларига оғдира бошлашгач, ишчилар гуруҳида ушбу жамоага нисбатан ўзгача меҳр уйғонган. Ҳозирда клубнинг 22 минг мухлисга мўлжалланган уй аренаси мунтазам равишда лиқ тўлмоқда. Умуман, фанатлар аллақачон «Унион»нинг ажралмас қисмига айланиб улгуришган.

Абдулаҳад ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz