Қайднома

Қидирув

Денис ИВАНКОВ: "Менинг вазифам - дарвозабонларни ўйинларга тайёрлаш. Ким ўйнашини Купер ҳал қилади"

Денис ИВАНКОВ: "Менинг вазифам - дарвозабонларни ўйинларга тайёрлаш. Ким ўйнашини Купер ҳал қилади"

  06.06.2019 03:49
  0
  986
Денис ИВАНКОВ:

Охирги йилларда «Насаф»да дарвозабонларни шуғуллантирган мураббий Денис Иванков эндиликда бор эътиборини Ўзбекистон миллий ва олимпия терма жамоасидаги ишига қаратмоқда. Дастлаб «Машъал», ке­йинчалик 2013 йилдан «Насаф»да ишлаган собиқ дарвозабон бир қатор иқтидорли киперларни тарбиялагани билан танилди. Зеро, унинг шогирдлари ҳозирги кунда турли ёш тоифасидаги терма жамоаларимиз аъзолари ҳисобланадилар. Денис Иванков яқинда Эктор Купер ташаббуси билан Италиянинг «Интер» клубида малака ошириб қайтди. Хўш, сафар таассуротлари қандай? Миллий жамоамиз Туркияга йўл олишидан олдин тажрибали мураббийни суҳбатга чорлаб, унга кўпчиликни бирдек қизиқтирадиган саволлар билан мурожаат қилдик.

 

- Денис Александрович, Қаршидаги 6 йиллик машаққатли ва самарали фаолиятингиздан сўнг жамоа билан хайрлашдингиз. «На­саф»дан кетиш осон бўлмагандир...

- Ҳа, Қашқадарё вилоятида салкам 12 йил ишладим. Яъни мураббийлик соҳасидаги илк қадамларни Муборакда ташладим. Шу тариқа «Машъал»да 5,5, «Насаф»да эса 6 йил давомида дарвозабонларга устозлик қилдим. Ўйлайманки, бу орада фаолиятим анча муваффақиятли кечди. Хусусан, «Насаф» чин маънода иккинчи уйимга айланиб улгурганди. Қарши клубида барча билан ака-укалардек яқин бўлиб кетгандик. Бундай ҳолатда хайрлашиш осон эмас, албатта. Аммо терма жамоа ва клубдаги ишни бирданига олиб боришнинг иложи бўлмади. Хуллас, бош жамоамиз манфаати йўлида «Насаф»дан кетишга қарор қилдим. Узоқ вақт бу клубнинг яхши ва ёмон кунларида бирга бўлдим ва менда фақат илиқ хотиралар қолди.

- Яқинда Италия ва Киевда малака ошириб қайтдингиз. Энди сафар таассуротлари билан ўртоқлашсангиз...

- Биринчи навбатда, жаноб Эктор Купер, шунингдек, «Интер» вице-президенти Хавьер Занетти ва жамоа раҳбариятига самимий миннатдорчилик билдиришим керак. «Интер»дек клубда малака ошириш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Ҳозирда кўпни кўрган Купер билан бирга ишлаётганим - бу менинг бахтим. Италия сафарининг амалга ошишида шахсан аргентиналик мутахассиснинг ўзи бош-қош бўлди. Амалиётга келсак, барчаси ажойиб ўтди, энг кичик жиҳатлар ҳам профессионал даражада ташкил этилди. Миландаги илк куниёқ клуб дарвозабонлари мураббийи билан бафуржа гаплашдим. Яъни режаларни белгилаб олдик. Шундан ке­йин бош мураббий Лучано Спаллетти ҳамроҳлигида жамоанинг ўйинларга тайёргарлик жараёни билан яқиндан танишдим. Энди ҳамкорликни янада ривожлантириш ниятидамиз. Муҳими, ўзим учун зарур жиҳатлар ва ҳолатларни, янгича ўқув услубларини ёзиб олдим. Албатта, кўрганларимни бос­қичма-босқич терма жамоамизда амалга тадбиқ этаман.

- Машғулотлар жараёнида нечоғли фарқ бор, қайси давлат футболи услуби бизникига яқинроқ?

- У қадар жиддий фарқ сезилгани йўқ, гапнинг очиғи. Футбол қонун- қоидалари ҳамма жойда бир хил. Эътиборимни тортган жиҳат - бу Италияда барчаси тўғри йўлга қўйилгани. Шунингдек техник-тактик ишланмалар устида кўп шуғулланилиши диққатимни тортди. Дарвозабонлар билан эса, ҳар жойда бўлганидек, алоҳида иш олиб борилар экан.

- Италия сафари баҳона бир йўла Киев «Динамо»си базасида ҳам бўлдингиз. Қизиқ, сизни ҳамюртимиз Максим Шацких таклиф қилдими ёки клуб бош мураббийи Александр Хацкевич билан ўзаро алоқаларингиз бор?

- Киевда амалиёт ўташимда Макснинг ўрни беқиёс. Лекин Украина пойтахтига Хацкевич таклифига биноан бордим. Киевликлар клуб қароргоҳида малака оширишдан таш­қари, 4 нафар дарвозабонни шуғуллантириш имкониятини тақдим этишди. Энди услуб ҳақида гапирсам, бизга Италия футболи яқинроқ экан. Дейлик, у ерда тўп билан ишлашга кўпроқ эътибор қаратилади, футболчилар техник қобилиятини юксалтириш асосий масалалардан бири ҳисобланади. «А» серия жамоалари иштирокидаги баҳсларни кузатар экансиз, футболчилар 80 фоиз вақт давомида тўп билан муомала қилишларини кўрасиз. Италияликлар индивидуал маҳоратга эга ижрочиларни алоҳида қадрлашади. Украинада эса жисмоний тайёргарлик муҳим аҳамиятга эга. Хулосам шуки, украиналиклар майдонда катта куч сарфлашади, юқори «прессинг» уюштиришга мойиллик катта. Хуллас, фикримча, бизга итальянча услуб мосроқ.

- Бевосита терма жамоамизга қайтсак, бўлажак ўртоқлик учрашувларига тайёргарлик қандай кетмоқда?

- Рисоладагидек. Асосийси, ҳамма соғ-саломат. Режа асосида иш олиб борилмоқда. Ушбу йиғинга 4 нафар дарвозабон жалб этилди. Агар имкон бўлганида, яна 1-2 нафар киперни таркибга киритардим. Умуман, рўйхатдан жой олган Ботирали Эргашев, Санжар Қувватов, Жавоҳир Илёсов ва Элдор Суюнов бугунги кунда Ўзбекистондаги энг кучли голкиперлар сирасига киришади.

- Кўпчиликда Қувватов варианти юзасидан эътироз бор. Зеро, у жорий мавсум жуда кўп хатоларга йўл қўймоқда...

- Футболда ҳеч ким хатолардан ҳимояланмаган. Санжарни яхши биламан - иқтидорли кипер. Ишлаётган киши хато қилади, муҳими, тўхтаб қолмаслик ва керакли хулосалар чиқариб, олдинга интилиш.

- Умуман, Нестеровдан кейин кимда терма жамоамизнинг биринчи рақамли дарвозабони бўлиш имконияти кўпроқ?

- Рақобатда устун келган, ўз устида астойдил ишлаган футболчи асосий кипер вазифасини зиммасига олади. Бундай имконият 4 нафар киперда ҳам бор. Зеро, ҳеч кимга асосий таркибдан жой кафолатланмаган. Айтишим керак, якуний қарорни Купер чиқаради. Менинг вазифам - дарвозабонларни ўйинларга тайёрлаш. Ким ўйнашини эса бош мураббий ҳал қилади.

- Нестеров дисквалификация муддатидан кейин аввалги даражасига чиқиши мумкинми?

- Игнат иродали футболчи, у албатта, ҳали ўз сўзини айтиши керак. Август ойида янги жамоа билан шартнома имзолаши мумкин, октябрдан эса майдонга қайтади. Уни ўз ҳолига ташлаб қўйганимиз йўқ, вақти-вақти билан гаплашиб турибман. Нестеровнинг ўзбек футболига ҳали наф бера олишига ишонаман.

- Шу кунгача кўплаб шогирдларни тарбияладингиз. Улар ишончингизни қай тарзда оқлашяпти?

- Шогирдларим муваффақияти - менинг ютуғим. Лекин ҳар бирига вақтида дакки бериб тураман, албатта, яхши маънода. Масалан, Умид Эргашевга «Пахтакор» - «Насаф» баҳсидан кейин ўйинидан асло қониқмаганимни айтдим.

Биз сафар олдидан миллий жа­моамиз ҳимоячиси Ислом Тўхтахўжаевнинг ҳам бўлажак ўйинлар ҳақидаги фикрлари билан қизиқдик.

- Ислом, Хитойдаги мусобақа билан солиштирганда, жамоада қандай ўзгаришлар, янгиликлар бор?

- Деярли ўзгариш йўқ. Ўйин услубини такомиллаштириш устида ишладик. Тўғри, бу сафар йиғинга бир қатор янги футболчилар, истеъдодли ёшлар чақирилган - Остон Ўрунов, Достон Иброҳимов, Қувондиқ Рўзиев, Ботирали Эргашев. Улар билан миллий чемпионат баҳсларида кўп бор тўқнаш келганман. Дейлик, Қувондиқ ўзимиздан, «Локо»дан чиққан йигит. Қисқаси, бу борада муаммо йўқ.

- Бўлажак ўйинлардан нима кутяпсиз?

- Қандай рақиб билан тўқнашишдан қатъий назар, фақат ғалаба учун майдонга тушамиз. Рақиблар кучли, лекин биз ҳам кам эмасмиз.

 

- Сизнингча, Эктор Купер ўз услубини тўлиқ сингдира олдими?

- Ҳамон ишлашда давом этяпмиз. Ҳар бир йиғинда унинг услубига тушиб боряпмиз, ўйиндан-ўйинга ўсяпмиз, менимча. Унинг биринчи талаби - тартиб-интизом.

Маълумот ўрнида:

Исм шарифи: Денис Иванков Александрович

Туғилган санаси: 1972 йил, 17 июнь.

Футболчилик фаолияти: "Аралводстворец" (1990), "Сохибкор" (1990), "Чирчиқ" (1991), "Пахтакор" (1992, 1994-1995), "Нурафшон" (1992-1993), "Нефтчи" (1995)

Мураббийлик фаолияти: "Машъал", "Насаф", Ўзбекистон терма жамоаси

Ютуқлари: Ўзбекистон чемпиони (2): (1992, 1995)

Мураббий сифатида ютуқлари

Ўзбекистон Кубоги соҳиби (2015)

Ўзбекистон чемпионати бронза медали соҳиби: (2013, 2014, 2015, 2016)

Ўзбекистон чемпионати кумуш медали соҳиби: (2017)

Абдулазиз ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz