Қайднома

Қидирув

Ҳимматингизга балли, Кануте!

Ҳимматингизга балли, Кануте!

  06.06.2019 05:55
  0
  692
Ҳимматингизга балли, Кануте!

Фредерик Кануте Севильядаги мусулмонларга яқиндан ёрдам бермоқда. Аниқроқ айтсак, «Севилья» сафида нақ 7 мавсум тўп сурган малилик собиқ ҳужумчи шаҳарда янги масжид қурилишига катта ҳисса қўшмоқда.

Маълумот учун: фаолия­тининг охирида Хитой Суперлигасида «Пекин Гуоан» клуби шарафини ҳимоя қилган Фредерик вақтида андалусияликлар билан УЕФА кубогида 2 марта ғолиб чиққан, шунингдек, Испания кубогини ҳам боши узра баланд кўтарган. Умуман, у «Севилья»да яхшигина статистикага эришган: 209та ўйин, 89та гол. Қисқаси, малилик футболчи фаолиятидаги асосий клуб айнан «Севилья»дир. Ҳар ҳолда, у бошқа ҳеч бир жамоада айтарли натижага эришмади...

Кануте футболчилик фаолиятига 2013 йили нуқта қўйди. 41 ёшли собиқ футболчи ҳозирда шахсий компанияси - 12 MANagement бош­қаруви билан банд. Ушбу фирма асосан футболчиларнинг ишларини назорат қилади. Фредерик бундан ташқари, Испания Ла-лигаси элчиси вазифасини бажармоқда, яна хайрия ишларида фаол қатнашиб турибди. Фредерикнинг янги мақсади - Се­вильяда мусулмонлар учун масжид қуришда иштирок этиш. У бунинг учун 2004 йилиёқ очилган жамғармаси воситасида алоҳида акцияга старт берди. Аслида Севильяда масжид барпо этиш ҳаракати анча олдин бошланган, бироқ барчаси маблағ етишмаслиги сабаб, тўхтаб қолганди. Энди Кануте хайрли ташаббуси билан ишга жиддий туртки берди - қисқа вақт ичида деярли 120 минг доллар йиғилди. Бинобарин, собиқ футболчи «Твиттер» тармоғига махсус видеолавҳа жойлаштирди. Унда малилик саховатпеша умумий ҳолатни атрофлича тушунтирган.

Алоҳида таъкидлаш керак, бу Канутенинг Севильядаги мусулмонларга нисбатан биринчи хайрли иши эмас. 2007 йили ҳам шунга ўхшаш муҳим воқелик кузатилганди. Ўшанда маҳаллий Понсе де Леон масжиди ва бино соҳиби ўртасидаги ижара келишуви муддати якунига етгач, уни аукционда сотувга қўйишганди. Вазиятдан хабар топган Кануте дарҳол 700 минг доллар тўлаб, бинони эҳсон сифатида Ислом жамиятига берди. Жамият шундан буён анча кенгайди. Энди мусулмонларга ибодат қилиш учун янги муносиб жой керак. Зеро, ҳозирги масжид торлик қилмоқда. Янги масжидда бошқа эътиқод вакилларини меҳмон қилиш учун мўлжалланган жой ҳозирлаш ҳам режалаштирилган. Бундан кўзланган ягона мақсад - муқаддас Ислом дини ва мусулмонлар ҳақида мавжуд бўлган салбий тушунчаларга барҳам бериш. Дарвоқе, Канутенинг ўзи Ислом динини 20 ёшида қабул қилган. У эътиқоди сабаб бир сафар «Севилья» футболкасини ки­йишдан бош тортганди. Гап шундаки, унда букмекерлик идораси рекламаси жойлаштирилганди. Энг эътиборли томони, «Севилья» раҳбарияти Канутенинг диний қарашларига ҳурмат билан ёндашиб, унга алоҳида, букмекерлик идораси рамзи туширилмаган футболка берганди. Зеро, футболчи Ислом дини қоралаган ишларга ҳисса қўшишига тўғри келадиган бўлса, ҳаттоки, клубдан кетишга ҳам тайёрлигини билдирганди. 

Кануте ҳозирда шахсий хайрия жам­ғармасига эга. У орқали йиғилган маблағ етимлар, шунингдек, Малида ёмон шароитларда яшаётган болалар эҳтиёжига йўналтирилади. Жумладан, 2013 йили жамғарма ҳисобидан минглаб доллар мия фаолиятига боғлиқ жиддий хасталикдан азият чеккан болакай - Адам Имранга эҳсон қилинди. Чунончи, хаста боланинг рўза тутишга уринаётганидан тўлқинланган Кануте  унга Рамазон ойида алоҳида ғамхўрлик қилишлари учун пул юборганди. Ҳа, футбол олами шундай хайрли ишлар билан янада гўзаллашади. Тушунарлики, футболчининг бундай ишлари майдонда кўрсатган натижасидан бир неча баробар муҳимдир.

А.Аҳмедов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz