Қайднома

Қидирув

«РЕАЛ» - ЭНГ ҚИММАТБАҲОСИ!

«РЕАЛ» - ЭНГ ҚИММАТБАҲОСИ!

  06.06.2019 10:22
  0
  418
«РЕАЛ» - ЭНГ ҚИММАТБАҲОСИ!

«РЕАЛ МАДРИД» - ДУНЁ БЎЙИЧА ЭНГ НАРХИ БАЛАНД ФУТБОЛ КЛУБИ!  «Форбс» (!!!!!) журнали экспертлари қўлларига яна қоғоз, ручка ва калькулятор олиб, жаҳоннинг етакчи футбол клубларининг айни ҳолатдаги бозор нархини ҳисоблаб кўришди. Диққатга сазовор томони «Реал» ўта омадсиз мавсум (Испания Примеросида 3-ўрин, ЧЛда 1/8 финалда қоқилиш)га қарамай, рейтингнинг 1-қаторига қайтди. «Қироллик клуби»нинг тан нархи 1 давомида 4 фоиз ошиб, 4,2 миллиард долларга етди. Бу сумма нафақа жаҳон футболидаги етакчиликни таъминлади, балки бутун профессионал спортда 3-ўринни банд этиш имконини яратди. Оддий айтганда, айни пайт «Реал» атиги 2та спорт клубидан арзонроқ, холос. Яъни Флорентино Перес империяси фақат «Даллас Каубойз» (Америка футболи) ҳамда «Нью-Йорк Янкиз» (бейсбол)дан орқада қолмоқда.

Футбол рейтингини алоҳида олсак, «Реал» йил давомида 2 поғона юқорилади. Чунончи, аввалги ҳисоб-китоблар бўйича 1-ўринни эгаллаган «МЮ»нинг баҳоси 8 фоиз пасайди, шунингдек, «Барселона» ҳам 12 ой давомида чамаси 1 фоиз арзонлашди. Гап шундаки, каталонияликлар ички турнирда ғалаба қозонган бўлсаларда, клубнинг операцион даромади кескин пасайди. Аниқроғи, бу борадаги камомад 37 миллион долларни ташкил этди. «Реал»да аксинча, ўсиш кузатилди - йиллик даромад миқдори 112 миллион доллар. Лекин мадридликлар ушбу кўрсаткич бўйича рекордчи эмаслар. Зеро, даромад масаласида Манчестернинг икки клуби рақобатдан мутлақо холи: «Юнайтед» 238 млн. доллар топган бўлса, «Сити»да бу рақам 168 миллиондир. Қолаверса, «Тоттенхэм» (212 млн. доллар), «Бавария» (129 млн. доллар), «Ливерпуль» (128 млн. доллар) ва «Челси» (127 млн. доллар)нинг йиллик даромади ҳам «Реал»никидан кўп. Ўз ўрнида айтиш керак, Англия клубларининг даромад бўйича олдинда бораётганида ҳайратланарли томони йўқ. Ахир бизнес нуқтаи назаридан қарасак, АПЛ Европадаги энг эффектли клуб турнири бўлиб турибди. Ҳа, Англия Премьер-лигаси Чемпионлар Лигасининг жиддий рақобатини яққол ҳис қилмоқда. Ҳар ҳолда, бу мусобақа йилдан-йилга гранд клубларнинг операцион кўрсаткичларига кучлироқ таъсир ўтказмоқда. Мисол учун, ЧЛ-2018Ғ2019 мукофот жамғармаси 1 йил олдинги суммага нисбатан нақ 30 фоиз (!) ошди. Турнир даромадининг тобора ўсиб бораётгани океан ортидаги ТВ-компанияларнинг қизиқиши билан изоҳланади. УЕФА ушбу компаниялардан катта миқдорда пул олмоқда. Дейлик, фақат Тернер (!!!) ва Юнивижн (!!!!) йилига 100 миллион доллар тўламоқда. Шунинг учун ҳам, Мадрид финалида ўйнаган «Ливерпуль» ва «Тоттенхэм» клублари ЧЛ ва АПЛдаги иштирок ортидан олган улуши ўртасида ўта катта фарқ йўқ. Ушбу тенденция ҳали давом этса керак. Қолаверса, 2024 йили еврокубокларда муайян ислоҳотлар амалга ошириш кўзда тутилган.

Тўғри, дунёнинг энг машҳур футбол клублари даромади миқдорида титул ҳомийлар билан келишувлар катта ўрин тутади. Хусусан, «Реал» Providence Equity билан 4 йиллик шартнома тузганки, бунинг ортидан нақ 224 млн. доллар олади. «Барселона» ва Rakuten ўртасидаги битим баҳоси эса 246 млн. долларга тенг. Каталония жамоаси шунингдек, Nike билан 10 йиллик келишувга биноан, ҳар мавсум 174 млн. доллар олади. «Ювентус»нинг бу борадаги улуши ҳам чакки эмас - Adidas 8 йил давомида 457 млн. доллар беради.

Клуб стадиони номини ҳомийларга сотиш ҳам бинойидек қўшимча даромад келтирмоқда. Бу айниқса, Англия Премьер-лигасида яққол кўринади. Шу билан бирга ўйин куни тушадиган фойдани ҳам унутмаслик керак. Жумладан, чипталар сотуви лойиҳасининг улуши сезиларли даражада катта. Қаранг, дунёнинг 4та клубида ўйин куни тушуми бўйича даромад (соф фойда эмас) ярим миллиарддан ошди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz