Қайднома

Қидирув

Хомяков Андижонда муносиб кутиб олинди ва...

Хомяков Андижонда муносиб кутиб олинди ва...

  06.06.2019 09:22
  0
  166
Хомяков Андижонда муносиб кутиб олинди ва...

Аввал хабар бериб ўтганимиздек, бугун Андижон шаҳридаги “Соғлом Авлод” стадионида “Андижон” жамоасининг янги бош мураббийи Александр Хомяковни кутиб олиб маросими бўлиб ўтди.

Александр Андреевични “Андижон” футбол клуби бош директори Маъруфжон Абдисаломов, Андижон вилояти футбол ассоциация вице-президенти Бекзод Каримов, вилоят спорт қўмитаси раҳбарияти ва бир қатор футболга оид инсонлар кутиб олишди.

Шундан сўнг, Александр Хомяков “Соғлом Авлод” стадиони майдонига чиқиб келди ва фан-клубнинг етакчи вакиллари ва мухлислар қарсаклари остида муносиб кутиб олинди ҳамда янги бош мураббийга зарбоф тўн ва миллий дўппи кийдирилди.

Таништириш маросими якунига етганидан сўнг, Александр Хомяков ва клуб бош директори Маъруфжон Абдисаломов иштирокида матбуот анжумани ва мухлислар билан учрашув ташкил этилди.

-      Аввало, мени муносиб кутиб олганинглар учун Сиз мухлисларга раҳмат айтаман. Қолаверса, мени “Андижон” жамоасига келишимда муҳим роль ўйнаган Маъруфжон Жамолдиновичга ҳамда менга ишонч билдиргани учун Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновга ўз миннатдорчилигимни изҳор этаман” –деди Александр Андреевич.

-      Жамоани қийин аҳволда қабул қилиб оляпсиз, бу Сизга қийинчилик туғдирмайдими?

-      Жамоанинг аҳволини қийин демаган бўлардим. Чунки, чемпионат тақвимига назар ташласангиз “Андижон” ўзи учун етарли очколарни қўлга киритиш имкониятига эга. Демоқчи бўлганим шуки, ҳамма нарса ўз қўлимизда. Биз – раҳбарият, мураббийлар штаби, футболчилар ва Сиз азиз мухлислар биргаликда аҳил бўлиб ишласак, албатта олдимизга қўйилган вазифани бемалол бажарамиз.

-      Сиз “Андижон”га келганингизни яхши билиб турибсиз. Лекин, Андижон қандай шаҳар эканлигини тасаввур қилиб кўрдингизми?

-      Таасуроотлар бир олам. Аввало вилоятда олиб борилаётган ишларни кўриб инсонни кўзи қувнайди. Кундан-кунга чирой очиб бормоқда. Албатта бу меҳнатлар тепасида вилоятингиз ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов тургани ҳеч кимга сир эмас. Вилоятда футболга берилаётган эътибор эса кишини ҳавасини келтиради. Янги стадион, вилоят раҳбариятининг беғараз ёрдами ва ҳар бир учрашувда стадионга ташриф буюрадиган 10-15 минг нафар мухлисларнинг бизни олқишлаши... Буларни ҳаммасини сезиб турибман. Бундай муҳитда фақат ва фақат ишлаш керак, холос.

-      Сизни ёшлар билан ишлаш бўйича етакчи мутахассис деб биламиз. “Андижон”да ҳам болалар футбол академиясига алоҳида эътибор қаратасизми?

-      Албатта. Академиясиз натижага эришиб бўлмайди. Андижон вилоятида иқтидорли болалар жуда кўп деб биламан. Клуб раҳбариятига академия бўйича ўз маслаҳатларимни беришга ва улар билан маслаҳатлашиб иш юритишга ҳаракат қиламан. Лекин, бир нарсани унутмаслик керак. Академия ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди. Бу катта меҳнат талаб қилади. Футбол академияси ташкил қилингани билан ишлар тўғри йўлга қўйилмаса, кўзланган мақсадга ета олмайсиз.

-      (М. Абдисаломов): Аслида академия ҳақидаги савол кўпроқ клуб раҳбариятига боғлиқ эди. Сизларга бир нарсани айтиб ўтмоқчиман. Александр Хомяковни изланувчан, янгиликларни яратишга ҳаракат қиладиган, тажрибали, ёшлар билан ишлашни хуш кўрадиган ва академияга кўпроқ урғу берадиган мураббий бўлганлиги сабабли жамоамизга таклиф этдик. Бу инсонни Андижонга олиб келишни ўзи осон бўлмади. Чунки, унинг хизматларига мамлакатимизнинг бир нечта жамоалари қизиқиш билдираётганди. Вилоятимиз ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг ташаббуси билан Александр Андреевични жамоамизга олиб келди. Академия ҳақида гапирадиган бўлсам, “Бунёдкор”, “Насаф” жамоаларининг ҳозирги кундаги таркибига аҳамият беринг. Айтарли атрофдан футболчи олишмаган. Деярли барчаси ўзларининг академияси тарбияланувчилари. Бироқ, академия ўз мевасини тезда бермайди. Унинг учун катта меҳнат талаб этилади. Шу боисдан, биз бор кучимиз билан вилоятимиздаги иқтидорли футболчиларни бошқа вилоятдаги академияларга кетиб қолмасдан, ўзимизнинг вилоятимизда таҳсил олишлари ва етук футболчилар бўлиб етишиб чиқишида изланишлар олиб борамиз. Бунда бизга Александр Хомяковнинг тажрибаси асқотади.

-      Жамоанинг ўйин услубини ва таркибини ўзгартирасизми?

-      Йўқ, у даражада сезиларли ўзгаришлар бўлмайди. Сабаби, бунга вақт йўқ. Биринчи даврадан кейин дам олиш кунлари атиги 15 кун. Бу мураббий ниманидир тадбиқ қилиш учун жуда қисқа вақт. Шу боис таваккалчиликка қўл урмоқчи эмасман.

-      Ҳозирги кунга келиб Сизнинг қўл остингизда ўйнаган бир қатор футболчилар мамлакатимизнинг турли ёшдаги терма жамоалари ўйнашмоқда. Андижон вилоятидан ҳам келажакда шундай футболчилар етишиб чиқишига ишонасизми?

-      Тан олиб айтаман, менга маҳаллий футболчилар билан ишлаш ёқади. “Андижон” таркибига ҳам назар ташласангиз жамоанинг аксарият футболчилари маҳаллий футболчилар. Ўз вилояти шарафини ҳимоя қилаётган футболчининг ғурури кучли бўлади. У ўз вилоятини, ўз шаҳрини, ўз маҳалласини, ўз уйини ҳимоя қилади. Ҳадеб ютқазаверса, маҳаллада қўшнилар, шаҳардаги танишларидан орият қилгани учун ҳам жонини бериб ўйнайди. Аста-секинлик билан маҳаллий футболчиларга бўлган эътиборни ошириб бораверамиз.

-      Мураббийлар штабида ўзгариш бўладими?

-      М. Абдисаломов: Йўқ. Хомяковга катта мураббий сифатида Жамшид Саидов, ёрдамчи мураббий сифатида Диёр Мирзааҳмедовлар ёрдам беришади. Қолаверса, Андижон футболининг тирик афсоналаридан бири Баҳтиёр Ҳамидуллаев ҳам яхши мураббий бўлиб етишиб чиқмоқда. Ёшлар биринчилигидаги кўрсатаётган натижаси сўзимга яққол далил бўлади олади. Дарвозабонлар билан эса Қобил Олимжонов ишлашда давом этади.

Шундан сўнг, “Андижон” фан-клуби етакчиси Нодирбек Тўйчиев сўзга чиқди. “Шу кунгача Сиздан ташқари бир қатор легионер мураббийлар ишлаб кетган. Биз ҳозиргача уларни ижобий фикрлар билан эслаймиз. Масалан Александр Аверьянов, Сергей Шевченко. Тилагим шуки, Сиз ҳам қачонлардир “Андижон”дан кетганингиздан кейин Сизни ҳам юқорида номлари тилга олиб ўтилган мураббийлар каби ижобий хотиралар билан эслаб юрайлик. Биз Сизни ва қўл остингиздаги футболчиларни тинимсиз қўллаб-қувватлаб туришга ваъда берамиз” –деди.

Эслатиб ўтамиз, “Андижон” жамоаси футболчилари 6 июнь куни Андижон шаҳридаги спорт қароргоҳларида йиғилишади ва 15 июнь куни Бекободнинг “Металлург” жамоасига қарши бўладиган учрашувга тайёргарликни бошлашади.

“Андижон” ФК матбуот хизмати



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz