Қайднома

Қидирув

4 миллион евролик уй, Rolls-royce...ёки ПОЛЬ ПОГБА ҚАНДАЙ ЯШАМОҚДА?

4 миллион евролик уй, Rolls-royce...ёки ПОЛЬ ПОГБА ҚАНДАЙ ЯШАМОҚДА?

  07.06.2019 01:56
  0
  570
4 миллион евролик уй, Rolls-royce...ёки ПОЛЬ ПОГБА ҚАНДАЙ ЯШАМОҚДА?

Замонавий футболнинг энг қайсар ва қўрс юлдузларидан бири майдон ташқарисида ҳам шундайми? Тан олиш керак, франциялик ярим ҳимоячи ҳали кутилган даражада ўта ёрқин нур сочмаган бўлсада, ҳозирги даврнинг топ-футболчиси образига мутлақо тўғри келади. У нафақат ўйин, балки бошқа масалаларда ҳам барқарор эмас. Дейлик, соч турмаги, шахсий имиджи (бренди), голни нишонлаш ҳаракати, қолаверса, кийиниш усулини мунтазам равишда ўзгартириб туради. Хуллас, Поль бугун чинакам медиа-юлдузга айланиб улгурди. Бинобарин, матбуотда унинг 17 млн. евро (!)га тенг йиллик маошини нималарга сарфлаётгани ҳақида бот-бот ёзилмоқда.

 

Уй

Франциялик футболчи Туриндан Манчестерга қайтгач, аввалига маълум муддат Lowry меҳмонхонасида яшади. Маълумот учун айтиш керак, Жозе Моуриньо ҳам вақтида худди шу қимматбаҳо отель хонасида истиқомат қилди. Поль кейинчалик, аниқроғи, 2 йилча олдин Чешир графлигидан ўзига улкан кошона сотиб олди. Турар-жойнинг асл нархи 4 миллион евродан баланд. Лекин уй соҳиби Погбага бироз арзонроқ нархда сотди - 3,5 млн. еврога. Хуллас, айтишларича, футболчи учун 700 минг евро чегирма қилинган. Хўш, турар-жойнинг баҳоси нималарнинг ҳисобига шундай баланд?

- Люкс синфига мансуб 5та (!) ётоқхонаси бор;

- Киши ҳавасини келтирадиган бассейни (сув ҳавзаси) бор;

- Катта саунаси бор;

- Оилавий меҳмонлар учун мўлжалланган кинотеатри бор;

- Уйдан «Манчестер Юнайтед»нинг машғулотлар базасига атиги 20 дақиқа ичида етиб бориш мумкин.

Погба яшаётган уй яқин ўтмишда «МЮ»нинг мексикалик ҳужумчиси Хавьер Эрнандесга тегишли эди. Англияликларнинг таъкидлашларича, Чичарито унинг ичини ўз дидига қараб, жиҳозлаб чиққан. Лекин Пог-ба кошонага қандайдир ноодатий интерьерлар олиб кирган-кирмагани ёки бирор хона тузилишини кескин ўзгартиргани ҳақида маълумот йўқ. Ҳаммаси максимал даражада стандарт мезонларга мослаштирилган. Қисқаси, шунчаки, катта ер майдонини эгаллаган қимматбаҳо сарой. Шунинг баробарида уйнинг гаражи атиги 2та автомобилга мўлжалланган. Ваҳоланки, Погба ихтиёрида «темир тойчоқ»лар жуда кўп.

 

Автопарк

Франциялик юлдуз кўплаб ҳамкасблари каби қимматбаҳо автомобилларни жуда қадрлайди. Ҳозирда Полга тегишли элит машиналар сони 10тадан ошди. Уларнинг умумий баҳоси эса чамаси 2 миллион еврога тенг. Поль шахсий автопаркидаги ҳар бир уловдан алоҳида йўналишда фойданалишга одатланган. Мисол учун, клуб базасига асосан Mercedes GLS 4x4да қатнайди. Ушбу элит авто буюртма асосида тайёрланмаган бўлсада, баҳоси анча баланд - 100 минг евро. Ҳар қандай йўл шароитида равон «учадиган» GLS 4x4га бемалол 7 киши жойлашиши мумкин. Погба юқори суръатда сайр қилиш учун эса чамаси 120 минг еврога Audi RS6-R русумини харид қилган. Дарвоқе, «Барселона» юлдузлари - Лионель Месси ва Луис Суарес гаражида ҳам худди шундай «учар тойчоқ» бор. Бу автомобиль тезлигини 100 километр|соатга кўтариш учун атиги 3,7 сония кифоя қилади. Погба автопаркига ўзгача чирой бағишлаб турган Rolls-Royce Wraith Black Badge футболчининг услуби ва мақомига мос. Яна бир баҳайбат машина, фақат нархи анча баланд - 300 минг евро. Умуман, франциялик футболчининг энг қимматбаҳо автоси ҳозирча шу. Айтганча, Погба уни бошқариш учун махсус ҳайдовчи ёллаган, яъни Rolls-Royce Wraith рулини ўзи ушламайди. Умуман, Поль айни шу «тойчоқ»ни ўзгача қадрлайди, қаттиқ яхши кўради. Мисол учун, у кўпинча сафар ўйинларига бориш ва қайтишда клуб автобусига чиқмасдан, ҳайдовчисига қўнғироқ қилади. Футболчи хусусан, шу масалада ҳам жамоанинг собиқ бош мураббийи Жозе Моуриньо билан кўп жанжаллашган. Погба шунингдек, Lamborghini Aventador, Bentley Flying Spur, Maserati Quattroporte GTS GranSport, Ferrari 812 Superfast, Ferrari 488 GTB, McLaren P1 ва клуб ҳомийи томонидан ажратилган Chevrolet Camaro русумли автомобилларда ҳам кўриниш беради.

Услуб

Франция миллий термаси ЖЧ-2018да ғолиблик шоҳсупасига кўтарилгач, Погба оламшумул ғалаба шарафига жамоадошларини алоҳида совға билан сийлади: чемпионлик узуги. У АҚШдаги мусобақалар ғолиблари учун мўлжалланган услубда тайёрланди (албатта, буюртма асосида). Узукнинг баҳоси ошкор қилингани йўқ, лекин оппоқ тусли олтин, ёқут, бриллиант ва бошқа қимматбаҳо минераллардан ишлангани аниқ. Погба буюртмасини бажариш учун 2 ой вақт кетгани ҳам маълум. Ҳар бир узук Франция термаси футболчилари исми шарифи ёзилган алоҳида қутида айланиб турувчи платформа устида тақдим этилди.

Погба майдон ташқарисида хилма-хил соч турмаги билан ҳам алоҳида ажралиб туради, албатта. У бу борада шахсий сартарош хизматидан фойдаланади. Яъни Аҳмад Алсанави кўпинча Поль билан бирга. Айтганча, бу сартарош АПЛдаги кўплаб юлдузларга хизмат кўрсатиши билан танилган. Дейлик, бельгиялик Эден Азар ҳам Алсанави мижозидир. Умуман, Аҳмаднинг «бир оёғи» доимий равишда Манчестерда. Чунки инжиқтабиат Погбанинг соч турмаги масаласидаги талабларини бажариш осон эмас-да.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz