Ўзбек футболи бир асрдан ошиқ тарихга эга бўлса-да, мустақилликдан кейин футболимизда бўлган ўзгаришлар алоҳида тилга олинади. Бугун мен ҳам ушбу кичик тарих саҳифаларини бир-бир варақлаб, айрим ҳодисаларга қисқача тўхталиб ўтишни жоиз деб топдим.
Мақола аввалида шуни айтишим жоизки, мен ҳам ўзбек футболи билан бирга улғайиб бордим. Эсимни таниб, футболга ошно тутинган пайтим футболимизда янги давр бошланганди. Биринчи бор Ўзбекистон чемпионати ўтказилган вақтдан то бугунгача бўлган ҳодисаларнинг бевосита гувоҳига айланганман, десам муболаға бўлмайди.
Ҳар жабҳада бўлгани каби, футболда ҳам биринчи қадамлар осон бўлмаган. Биринчи чемпионатда иккита жамоанинг чемпион деб эълон қилиниши ва шу каби камчиликлар кўзга ташланганди. Кейинчалик бу камчиликлар бартараф этилди. Бора-бора ҳаммаси изига тушиб кетди. Лекин барибир, ўша ҳолат мухлислар қалбида доғ бўлиб қолди. Ҳали-ҳануз ўша чемпионатни афсус билан эслайдиганлар талайгина топилади.
Ўзбек футболида ўзига хос из қолдирган йилларни ҳам яхши эслайман. 1994 йили терма жамоамиз Осиё ўйинларида ғалаба қозонганида қанчалик севинган бўлсам, 2000 йилги Осиё кубогида Япония ва Саудия Арабистонига йирик ҳисобларда мағлубиятга учраганимизда ҳўнг-ҳўнг йиғлаганман. Ўзбек футболининг янги тарихида (мустақилликдан кейинги йиллар) оламшумул ғалабалар билан бир қаторда, аламли мағлубиятлар кўп бўлган.
Айниқса, 2000 йилдан кейин футболимиз орқага қараб кетаётгандек таассурот уйғотарди, назаримда. Осиё кубогидан кейин Ўзбекистон футбол федерациясида ўзгаришлар юз бериб, футболимизда янги давр бошланишини кутгандик. Мухлисларда янги умид учқунлари ўйғона бошлаганди. Мамлакатимизнинг бош жамоаси ЖЧ-2002 саралаш босқичига киришдан олдин «Пахтакор» клуби қошида терма жамоани шакллантириш ишлари олиб борилди (ўша йилдан «Пахтакор» гегемонияси бошланди, десак ҳам хато бўлмайди). «Пахтакор» клуби сафида мамлакатимизнинг энг яхши футболчилари тўпланди. Туркманистонлик мураббий Тачмурод Агамуродов ўзбек футболига янги тактика олиб келди. Барчаси гўёки биз тўғри йўлни танлаб олганимиздан далолат берарди. Аммо муҳим паллада терма жамоамиз яна мағлубиятга учради ва мундиал йўлланмасидан бебаҳра қолди. Орада ёшларимиз жаҳон чемпионатида иштирок этиб келишди. Айнан шу нарса мухлисларга юпанч вазифасини бажариб берди. Аслида эса ўша йилдан бошлаб биз секин-аста орқага қараб кетаётгандик. Буни яхши англаган терма жамоамизнинг ўша пайтдаги бош мураббийи Валерий Непомняший ўз вақтида кетишни афзал билганди. Россиялик мутахассиснинг шартномаси тугамасидан олдин кетишини бошқача изоҳлаб бўлмайди.
2006 йилга келиб Ўзбекистон футбол федерациясида яна ўзгаришлар юз берди. Олти йиллик фаолияти давомида мухлислар кутган натижаларни қайд эта олмагач, Ўзбекистон футбол федерациясининг ўша пайтдаги раҳбарлари истеъфога чиқарилиб, Мираброр Усмонов футболимиз тепасига келди.
2017 йилга қадар Ўзбекистон футбол федерациясига раҳбарлик қилган Мираброр Зуфарович қўлидан келганича ўзбек футболини ривожлантириш йўлида ҳаракат қилди. Лекин бу пайтга келиб, футболимиз изидан чиққан, мухлисларда ишончсизлик пайдо бўлганди. Мухлис ва мутахассислар тинимсиз равишда федерация раҳбарларини танқид қилишарди. Бу орада терма жамоамиз бир неча бор жаҳон чемпионати саралаш босқичларидан ўта олмади. Айниқса, охирги мундиал саралашида бўлган ҳолат футбол ихлосмандларининг ҳафсаласини пир қилганди. Ўзбекистон чемпионати савияси ҳам тушиб бораётганди, мухлисларнинг стадионга ташрифи кескин камайиб кетганди. Боз устига, федерацияда ота-болалар бирга фаолият олиб бораётгани ҳам кўпчиликнинг ғашини келтирарди (ҳозир уларни номма-ном санаб ўтишнинг мавриди эмас).
Тан олиш лозим, сўнгги йилларда футболимиз жарлик томон кетиб бораётганди. Ёши кичрайтирилган футболчилар, келишилган ўйинлар, қўпол ҳакамликлар ва шунга ўхшаш ҳолатлар ишқибозларни футболимиздан бездириб борар, уларнинг қалбидаги доғларнинг кўпайишига олиб келаётганди. Энг ачинарлиси, юқоридаги «жирканч ишларга» қарши ҳеч ким кураш олиб бормас, футболимиздаги бу иллатлар ўргимчак инидек кўпайиб борарди. Ўзбекистон футбол федерацияси раҳбарларининг ваъдаларни бажармаслиги ҳам мухлисларни бездириб борарди. Ўша машҳур «Пахтакор» - «Металлург» учрашувидан кейин ҳам ҳеч қандай чора кўрилмагани мухлисларимизнинг футболга бўлган ишончи йўқолиб боришига сабаб бўлганди. Бунинг натижасида ҳар бир ўйиндан кейин шубҳа-гумонлар кўпаярди. Масалан, жамоа ютса сотиб олибди, ютқазса сотиб юборибди қабилидаги гап-сўзлар тез-тез қулоққа чалина бошлаганди.
Бу муаммоларнинг барчаси бугун пайдо бўлиб қолган эмасди. Улар йиллар давомида ривожланиб келди. Касалликни ўз вақтида даволамасанг, у бутун танани эгаллашга ҳаракат қилгани каби, вақтида кўрилмаган чоралар муаммоларнинг катта бўлиб кетишига олиб келди.
Тан олиш керак, Мираброр Усмонов даврида ўзбек футболида ютуқлар ҳам салмоқли бўлди. Турли ёшдаги терма жамоаларимиз жаҳон чемпионатларида иштирок этишди. «Бун-ёдкор» сафида жаҳон юлдузлари тўп суришди. Лекин барибир миллий жамоанинг мундиалда қатнаша олмагани мухлисларга алам қиларди.
2017 йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон футбол федерациясига янги раҳбар келди. Умид Аҳмаджонов ушбу лавозимга тайинлангач, турли ислоҳотларни бошлаб юборди. У киритган янгиликлар кимгадир ёқди, кимгадир ёқмади. 2018 йилнинг январь ойида Ўзбекистон футбол федерацияси номи ўзгариб, Ўзбекистон футбол ассоциациясига айланди. ЎФА президенти лавозимига Очилбой Раматов сайланди. Умид Аҳмаджонов эса ташкилот 1-вице президенти сифатида фаолиятни давом эттирди. Ўтган давр мобайнида футболимизда кўплаб ўзгаришлар юз берди. Чемпионат форматлари ўзгартирилди. Гарчи, кўпчиликка ўтган йилги формат ёқмаган бўлса-да, стадионларга мухлислар ташрифи кўпайди. «Спорт ТВ» орқали ўйинлар жонли эфирда намойиш этилди ва этилмоқда. Ўзбекистон кубоги янги форматда ўтказила бошлади ва ўзгариш тўлиқ ўзини оқлади. Дунёга машҳур футбол ассоциациялари билан ҳамкорлик шартномалари измоланди. Оммавий футболни ривожлантириш йўлида кўплаб ташкилотлар билан меморандум имзоланди. Мамлакатимиздаги жаҳон стандартларига мос тушадиган стадионлар сони ошиб бормоқда. Энг асосийси, ЎФА 1-вице президенти жаҳон ва Осиё футболи раҳбарлари билан яхши алоқаларни ўрнатди. ФИФА ва ОФК президентлари билан учрашиб, футболимиз ривожи йўлида мустаҳкам қадамлар ташланди. Миллий жамоанинг Тошкентда ўртоқлик ўйинлари ўтказиши йиллар давомида ноёб ҳолатга айланиб қолганди. Ҳозир эса ФИФА кунларида пойтахтимизда назорат учрашувлари бўлиб ўтиши одатга айланди. Миллий жамоамиз жаҳоннинг кучли термалари билан ўртоқлик баҳсларида куч синашди. Масалан, Уругвай термаси билан икки марта ўйналди. Узоқ кутилган та-йинлов - миллий ва олимпия жамоаларига хорижлик мураббийлар олиб келинди ва уларнинг ишига ҳеч ким аралашмаслигига кафолат берилди. VAR тизимини олиб кириш бўйича илк қадамлар ташланди. Клубларда кўтарма пуллари бекор қилинди, ўзбек футболчиси энг кўп маломат қилинадиган жиҳат - жисмоний тайёргарлик бўйича тестлар жорий этилди. Бу ўзгаришлар ўзини оқлаши учун бироз вақт керак.
Федерацияда шаффофлик бўлиши йўлида кенг кўламдаги ишлар амалга оширилди. Келишилган ўйинларга қарши курашга қаттиқ киришилди. Ўзбек футболи тарихида илк марта конкрет шахсга келишилган ўйинларни ташкил қилиш айблови қўйилиб, улар четлатилди. Тан олиш керак, «Мўминжонов иши» (Илҳом Мўминжонов билан боғлиқ бўлган ишни шундай номладим) ўзбек футболида янги тарих яратди, дейиш мумкин. Сабаби, бу кунга қадар ҳеч бир мураббий ёки футболчи келишилган ўйинларга алоқадор сифатида футболдан четлатилган эмасди. Охирги йилларда мухлислар, мутахассислар орасида келишилган ўйинлар, тотализатор ҳақида кўп бор гапирилса-да, ҳеч ким жазоланмаганди. Ўша машҳур «Пахтакор» - «Металлург» учрашувидан ке-йин кескин чоралар кўрилмагани оқибатида мураббийлар ва футболчилар онгида «Барибир ҳеч нарса қила олишмайди» қабилида фикрлар ўрнашиб олганди ва очиқ-ойдин ўйин қилганлар ҳам учраб турарди. Бунинг оқибатида стадионларга мухлислар ташрифи камайди. Ишқибозларнинг футболимизга бўлган ишончи йўқолиб борди. Энг асосийси, бу ҳол терма жамоаларимизга ҳам салбий таъсир ўтказди. Олдинлари ҳам келишилган ўйинларга қарши курашиш бўлими фаолият юритарди. Аммо улар ҳар доим бир гапни такрорлашдан чарчашмасди: «Бизда етарлича далил йўқ. Буни исботлай олмаймиз».
Энди эса бундай бўлмайди. Излаган имкон топади, деганларидек, ҳозирда ушбу қўмитада фаолият юритаётган мутахассислар қандай қилиб бўлмасин дастлабки қадамларини ташлашди. Хурсанд қиладиган томони, бизни ёруғлик сари олиб борадиган илк одимлар ташланди. Олдин барчада бу йўлнинг охири йўқдек тасаввур ўйғонганди. «Мўминжонов иши» эса ёруғлик сари илк қадам бўлди. Бу ёғига тўхтаб қолиш керак эмас. Шу зайлда футболимизни ана шундай «жирканч» ишлардан тозалаш лозим.
Футболда, умуман, ҳаётда ҳеч ким мукаммал бўлган эмас. Инсон борки, хато қилади. Ҳар доим сизни қўллаб-қувватлаб келаётган инсонлар қаторида сиздан норози бўлиб юрганлар ҳам топилади. Футбол оламида ҳам сиз ёқтирган ва ёқтирмаган кишилар учраб туради. Бу ҳаёт қонуни, буни ҳеч ким инкор эта олмайди. Танқидчилари Аҳмаджоновни бир-бирига зид баёнотлар билан чиқишга мойиллиги ва айрим ваъдаларни бажармасликда айблашмоқда.
Танқидчилар терма жамоага хорижлик мураббий олиб келигани, унинг ишига ҳеч ким аралашмаётгани, футболимизда секин-аста шаффофлик бўлаётгани ҳақида ҳам яхши билишса керак.
Шуни унутмаслик лозим, Ўзбекистон футболидаги олдинги раҳбарлар ҳам кўп ҳолларда берилган ваъдаларни бажаришмаган. Уларни санаб ўтишга ҳожат бўлмаса керак. Агар ваъдалар бажарилганда, шу кунга қадар кимдир биринчи лигага равона бўлиб чемпионликдан маҳрум этилиши, Ўзбекистонда ўсмирлар ёки ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати ўтказилиши лозим эди.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ассоциация раҳбарининг ишига жаҳон чемпионати саралашидан кейин тўлиқ баҳо берсак, мақсадга мувофиқ бўлармиди? Ахир Самвел Бабаянга ҳам мухлислар қанчалик норози бўлишмасин, охирига қадар имконият берилди-ку? Кечувда отнинг алмашиши бизга яна қимматга тушиш мумкин. Ҳар ҳолда, ЖЧ саралашига кам вақт қолмоқда.
Яна бир гап. Футболимизда нотўғри тизим шаклланганини барча яхши билади. Бу муаммолар олдин ҳам бўлган, ҳозир ҳам бор. Болалар мураббийлари қандай қилиб бўлмасин мусобақада ғолиб чиқишни ўйлайди. Бу йўлда улар қинғир ишлардан ҳам тоймайди. Қолаверса, келишилган ўйинларда гумон қилганлар қанча! Кўплаб клуб раҳбарлари қанча пулни ва қандай қилиб ўзлаштириш пайига тушган. Футболимиз ривожланмади деб бонг ураётганлар бу ишларни яхши билишади. Аммо индашмайди. Футболни ривожлантиришни мақсад қилганлар бирлашиши, бир ёқадан бош чиқариб, бир-бирининг камчилигини яширган ҳолда ишлаши керак эмасми? Ҳаммамизнинг мақсадимиз футболни ривожлантириш экан, нега ЎФАга ёрдам бермаймиз? Нега раҳбарларнинг хато қилишини кутиб яшаймиз? Бу орада вақтни бой бериб, аттанг қилиб қолмаймизми?
Футбол мутахассисларидан бири ЖЧ-2022га чиқиш йўлида 2011 йилдан эътиборан тайёргарлик кўриш лозим эди, деб айтмоқда. Унинг фикрига тўлиқ қўшиламан. Биз ўша пайтдан бошлаб тайёргарлик кўришимиз керак эди. Кеч бўлган экан, нега қисқа фурсат ичида мундиалга олиб чиқишни ваъда бераётганларнинг оёғига болта уришимиз керак? Олдинги раҳбарнинг ЖЧга чиқиш учун 11 йил олдин ҳаракат қилишига вақт беряпмизу, нега бошқасидан қисқа фурсат ичида ўша ишни талаб қиляпмиз? Қани бу ерда мантиқ?
Мен ушбу мақолани кимнингдир тарафини олиш мақсадида ёзмадим. Шунчаки, ўз нуқтаи назаримдан келиб чиққан ҳолда холис фикримни баён этдим. Хулоса чиқариш ўзингизга ҳавола.
Аброр ДЕҲҚОНОВ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20