Қайднома

Қидирув

Бугунги рақибимиз: Эски таниш – «Чхоллима»

Бугунги рақибимиз: Эски таниш – «Чхоллима»

  07.06.2019 12:44
  0
  416
Бугунги рақибимиз: Эски таниш – «Чхоллима»

Июнь ойидаги ФИФА кунлари доирасида Ўзбекистон терма жамоа-си учта ўртоқлик ўйини ўтказиши белгиланганди. Дастлаб Туркия терма жамоасига қарши сафарда баҳс олиб борган термамиз 0:2 ҳисобида имкониятни бой берди. 7 июнь куни эса «Бунёдкор» стадионида КХДРга қарши ўйин бор.

Бўлажак рақибимиз КХДР ўтган йили кузда ҳам ўртоқлик беллашуви доирасида Тошкентда меҳмон бўлганди. Ўшанда терма жамоамиз Марат Бикмаевнинг «дубл»и эвазига ғалаба қозонганди.

Қайд этиш керакки, бу терма январда ўтган Осиё кубогида ҳам иштирок этган, ўз гуруҳидаги барча ўйинларда йирик ҳисобда мағлуб бўлиб, қитъа чемпионатида ўз дарвозасидан энг кўп (14) гол ўтказиб юборган жамоа бўлганди. Осиё кубогидан кейин КХДР ҳали бирорта учрашувда майдонга тушгани йўқ ва дастлабки ўйинини Тошкентда ўтказади.

Умуман олганда, КХДР терма жамоаси Ўзбекистонга бир неча бор рақиблик қилган. Уларнинг аксариятида вакилларимизнинг қўллари баланд келган.

Шимолий кореяликлар 1966 йилги жаҳон чемпионатининг финал босқичида иштирок этиб, кўпчиликнинг эътиборини қозонишганди. Англия майдонларида ўтган мундиалда КХДР тўртинчи ўринни қўлга киритганди. Ваҳоланки, жаҳон чемпионатига профессионал футболчилар боришмаганди ўшанда. «Чхоллима» гуруҳ босқчидаги дастлабки учрашувида Собиқ иттифоқ термасига 0:3 ҳисобида мағлубиятга учраган. Кейин Чили билан дуранг ўйнаган шимолий кореяликлар учинчи учрашувда Италияни сенсацион тарзда 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратишган. Чорак финалда Португалияга қарши баҳс олиб борган КХДР дастлабки 24 дақиқа ичида рақиб дарвозасига учта тўп киритган. Аммо якунда португаллар 5:3 ҳисобида зафар қучишган. Маълумотларга кўра, ана шу ўйинда иштирок этганларнинг барчаси (Пак Ду Икдан ташқари) концлагерларга жўнатилган (Пакнинг ўзи бу маълумотларни тасдиқламаган). 2002 йилда британиялик режиссёр Даниэль Гордон ўша воқеадан сўнг омон қолган етти нафар футболчи ҳақида ҳужжатли фильм суратга олганди.

Шимолий кореяликларнинг жаҳон чемпионати «плей-офф»ига чиқишлари Осиё терма жамоалари учун дастлабки ютуқ эди. Бунга қадар қитъанинг бирор жамоаси гуруҳ босқичидан ўтолмаганди.

Орадан йиллар ўтиб, КХДР 2010 йилги жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди. Бироқ бу сафар улар мундиалда муваффақиятли иштирок эта олишмади. Дастлабки учрашувни Бразилияга қарши ўтказиб, 1:2 ҳисобида имкониятни бой берган «Чхолимма» анча қизиқарли ўйин намойиш қилганди. Бироқ иккинчи турда Португалия корейслар дарвозасига жавобсиз еттита тўп йўллаган. Шу тариқа уларнинг кейинги босқичга чиқиш имкониятлари қолмаганди. Охирги турда эса Кот-Д`Ивуарга 0:3 ҳисобида имкониятни бой беришган.

***

Юқорида айтганимиздек, КХДР терма жамоаси БАА майдонларида бўлиб ўтган Осиё чемпионатидан сўнг бирорта учрашув ўтказмади. Қуйида ана шу мусобақада иштирок этган футболчилар рўйхатини эътиборингизга ҳавола этмоқчимиз, зеро уларнинг аксарияти Тошкентдаги учрашувда майдонга тушишлари эҳтимолдан холи эмас.

Дарвозабонлар: Ри Мён Гук           («Пхеньян Сити»), Син Хёк («Кигванча»), Кан Чжу Хёк («Хвэбул»);

Ҳимоячилар: Ким Чхоль Бом («25 апрель»), Чан Кук Чхоль («Хвэбул»), Ким Сон Ги («Фудзиэда», Япония), Ан Сон Иль («25 апрель»), Ри Дон Иль («Кигванча»), Сим Хён Жин («25 апрель»), Ри Чан Хо («Хвэбул»), Ри Ил Чжин («Собэксу»);

Ярим ҳимоячилар: Ким Ён Ил («Кигванча»), Ким Гён Хун («Кёнгоноп»), Кан Гук Чхол («Римёнсу»), Ри Ин Чхол («Сонбонг»), Ри Ён Жик («Токио Верди», Япония), Чхо Сон Хёк («Ареццо», Италия), Ри Гим Чхол («Вольмидо»);

Ҳужумчилар: Хан Кван Сон («Перуджа», Италия), Ри Хёк Чхол («Римёнсу»), Пак Кван Ён («Санкт-Пёльтен», Австрия), Чон Ил Гван («Люцерн», Швейцария), Рим Кван Хёк («Кигванча»).
КХДР ТЕРМА ЖАМОАСИ

Лақаби: «Чхоллима»

Бош мураббий: Ким Ён Жун

Энг кўп ўйин ўтказган футболчи: Ри Мён Гук (102)

Энг кўп гол урган футболчи: Чон Тэ Сэ (15)

Дастлабки учрашуви: Хитой - КХДР - 0:1 (Пекин, Хитой; 1956 йил 7 октябрь)

Энг йирик ғалабаси: КХДР - Гуам - 21:0 (Тайбэй, Тайвань; 2005 йил 11 март)

Энг йирик мағлубияти: Португалия - КХДР - 7:0 (Кейптаун, ЖАР; 2010 йил 21 июнь)


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz