Куни кеча тарихида илк бор ЕЧЛ финалида қатнашиб, мағлубиятга учраган «Тоттенхэм» қисқа вақт ичида АПЛ грандлари қаторига кириб олди. Бундан 5-6 йил илгари ўртамиёналар қаторида юрган жамоа қандай қилиб Европадаги энг нуфузли турнир финалига чиққани, боз устига, клуб қимматбаҳо юлдуз футболчилар хизматидан умуман фойдаланмаслиги ҳаммани бирдек қизиқтирмоқда. Ҳа, муваффақиятда таркибдаги содиқ футболчилар, бош мураббий хизматлари етарлича. Бироқ замонавий футболда бошқарув масаласи ҳам борки, усиз жиддий мақсадларни кўзлаш - ақлсизлик. Шу боис, бугун эътиборингизни футболчилар унчалик хушламайдиган, лекин иқтисод ва бизнес масаласида энг кучли мутахасислардан бири бўлган клуб раҳбари Даниэл Леви фаолиятига қаратишни жоиз топдик.
Гап аввалида шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш зарурки, айни пайт «Тоттенхэм» клуби президенти лавозимини эгаллаб турган Леви ёшлигидан айнан шу жамоа мухлиси ҳисобланган. Қолаверса, у АПЛ клубларининг раҳбарлари ичида яққол рекордчи ҳисобланади. Чунки Леви клуб бошқарувини 2001 йили қўлига олган бўлиб, ҳамон ўз вазифасини шараф билан уддалаб келмоқда. Лекин шуниси қизиқки, Даниэл Леви аслида «Тоттенхэм» хўжайини эмас: клуб акцияларининг катта қисми ENIC Group инвестиция компаниясига тегишли ва бу ташкилот ортида британиялик қудратли миллиардер Жо Льюис туради. Леви эса унинг ҳамкори (тахминан 29,4 фоиз улуш) ва омма билан ишловчи шахс, холос. Шунингдек, ОАВда Дэниэл Леви ҳақидаги маълумотлар ҳам унчалик кўп эмас - у 1985 йили Кембридж олийгоҳини «аъло» баҳолар билан тамомлаган (иқтисод ва ер ишлари), оилали, тўрт фарзанднинг отаси.
Қарангки, таржимаи ҳолдаги шунчалик камтарликка қарамай, Леви - Англия футболидаги энг кўп маош тўланувчи топ-менежер ҳисобланади. Бу эса ўтган йили ҳатто клубда каттагина можарога ҳам сабаб бўлди. Зеро «Тоттенхэм» футболчилари Левининг ўтган йилги жами даромади 7 миллион еврони ташкил этганидан хабар топиб қолишганди. Маълумот ўрнида айтиш жоиз, юқоридаги миқдор ҳақиқат экани исботланса, унда Леви АПЛдаги ҳар қандай клуб раҳбаридан икки баравар кўп пул топиши ойдинлашади. Бундан келиб чиқадики, Даниэлнинг ҳафталик маоши 120 минг еврога тенг ва «Тоттенхэм»нинг ҳеч бир футболчиси бунчалик кўп маош олмайди. Қайтага, Левининг маоши ҳақидаги миш-мишлар кенг тарқалган вақтда клуб раҳбарлари айрим футболчиларнинг маошларини озроқ камайтириш хусусида музокаралар ўтказаётганди. Лекин шуни ҳам унутмаслик зарурки, Левининг маоши ўтган йилдагина шу даражага етди. Бунгача эса у ҳам кўпчилик ҳамкасблари қатори, йилига 3 миллион евро оларди. Маошнинг бунчалик тез кўтарилганига сабаб сифатида клуб мавқеи ошиши ортидан даромадларнинг кўпайиши, янги стадион битиши муносабати билан чипталар савдосидан келадиган фойданинг кўпайиши каби «плюс»ларни кўрсатиш мумкин. Бошқача айтганда, айнан Леви «Тоттенхэм»нинг даромадини бир йил ичида 215 миллион евродан то 310 «лимон»гача кўтарди. Шунингдек, даромадларнинг бундай тез ортишига ТВ-трансляциялар ҳуқуқи, жамоанинг ЕЧЛдаги муваффақиятли иштироки асос бўлиб хизмат қилди. Тўғри, фойда сезиларли даражада кўпайди, аммо туғма иқтисодчи табиатига эга Даниэл Леви ҳатто шу даврда ҳам бирор тийинни ортиқча сарфлашни истамайди. Ўрни келганда бир воқеани эсга олсак: ҳамма таниган сэр Алекс Фергюсоннинг уқтиришича, Димитар Бербатовнинг «Тоттенхэм»дан «МЮ»га ўтиши масаласида Леви билан кечган музокаралар шунчалик машаққатли бўлганки, ҳатто Фергюсон белини даволаш учун жарроҳлик столига ётганида ҳам шунчалик оғриқни ҳис қилмаган экан...
Бир сўз билан айтганда, Даниэл Левининг хасислиги билан боғлиқ гап-сўзларда ҳам жон бор. Дейлик, мана иккинчи йилдирки, «шпорлар» трансферлар вақтида умуман пул сарфлашмаяпти. Тўғри, мана шу «хасислик» эвазига «Тоттенхэм» янги стадионга эга бўлди, аммо ҳозирги ҳолат жамоа устози Маурисио Почеттинони ҳам охир-оқибат, «портлатиб» юборди: «Агар Дэниэл Леви келаси мавсумда ҳам ЕЧЛ ёки АПЛда ғолиб чиқишимизни талаб қилса, ўзига бошқа «сеҳргар» топиши кераклигини айтаман. Негаки, айни пайтдаги трансфер сиёсатимиз орқали ҳеч нимага эришиб бўлмайди. Тўғри, биз мунтазам равишда даъвогарлар сирасига кира оламиз. Аммо гап совринни, албатта қўлга киритиш мақсади ҳақида борса, захирамиз бўм-бўш экани панд бериб қўяди».
Бир томондан, жамоа бош мураббийини тушунса бўлади: Почеттино устозлик қилган сўнгги беш йилликда «Тоттенхэм» янги футболчилар хариди учун атиги 25 миллион евро сарфлади, холос. Таққослаш учун, «Манчестер Сити»нинг шу даврдаги харажатлари 550 «лимон»ни ташкил қилмоқда...
Ўз қарашларидан унча-мунчага воз кечмайдиган Леви эса таркибни кучайтириш учун сарфдан қочяпти-ю, аммо бошқа йўналишларда худди Ҳотами Тойдек иш юритяпти. Дейлик, янги стадион учун миллиард евро атрофида маблағ кетди. 7 йилча аввал клуб академиясида кескин ислоҳотлар бошланди ва 50 миллион эвазига инфратузилма тубдан янгиланиб, яна ҳар йили турли инвестициялар жалб қилиняпти. Фақат биргина нуқтада мантиқсизлик бордек: муҳташам янги стадион ҳар йили фақат катта мақсадлар учун курашадиган жамоага мослаб қурилган. Агар таркиб кучайтирилмаса, жамоа ўз олдига юксак марраларни қўя олармикан?! Ана шуниси кўпчиликни ўйлантирмоқда. Ким билади дейсиз, тадбиркор Левининг яширин режалари балки шу ёзда ошкор бўлар?..
А.АҲМЕДОВ тайёрлади.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20