Қайднома

Қидирув

Собиқ «Реал»чи – жиноий гуруҳ раҳбари

Собиқ «Реал»чи – жиноий гуруҳ раҳбари

  08.06.2019 14:43
  0
  202
Собиқ «Реал»чи – жиноий гуруҳ раҳбари

Сўнгги ҳафтада Испания ОАВ Мессининг «Олтин бутса»си, Вальверденинг истеъфоси ёки Азарнинг трансферини бир четга суриб, келишилган ўйинлар билан боғлиқ можарога кўпроқ эътибор қаратмоқда. Маълумотларга кўра, бу жиноятга нафақат ҳаваскор ва ярим ҳаваскор клублар, балки Примера жамоалари ҳам аралашиб қолишган. Жиноий гуруҳ раҳбари сифатида эса «Реал»нинг собиқ футболчиси Рауль Браво кўрсатилмоқда.

Нималар бўляпти?

Marca газетаси чоп этган мақолада полициянинг махсус тадбири хусусида гап боради. Сабаб - тўртинчи дивизиондан то Примерагача бўлган барча даражадаги турнирларда ўтказилган шубҳали ўйинлар ҳақидаги маълумот. Умумий ҳисобда 20дан ортиқ учрашув шубҳа остига олинган, тўлиқ рўйхат ҳозирча ошкор этилмаган. Шуниси маълумки, Примеранинг камида учта ўйинида шундай ҳолат кузатилган.

Ушбу учрашувларнинг шубҳали туюлганига асосий сабаблардан бири - диққатга молик пул тикишлар сонининг кўплигида. Масалан, Сегунданинг ўтган мавсумидаги «Уэска» ва «Химнастик» ўртасидаги баҳсда аутсайдернинг ғалабасига пул тикилиши ҳолати нормадан 14 марта ошиб кетган, аксарият иштирокчилар биринчи бўлимдаги дуранг ва иккинчи бўлимда меҳмонлар ғалабасига 10 минг евродан тикишган. Аномал даражадаги юқори фаоллик ва ноодатий география (ўйинга тикилган пулларнинг аксар қисми Украинадан бўлган) шунга олиб келдики, букмекерларнинг ярмидан кўпи ганакларни қабул қилишни тўхтатган бўлишса, айримлари воқеадан Испания футбол федерациясини огоҳ этишган. Ўйин меҳмонларнинг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган, ягона голни 72-дақиқада Икечукву Уче урган.

28 май куни тонгги соат 8:00да Мадрид, Малага, Ла-Корунья, Уэска ҳамда Вальядолидда гумонланувчиларни қўлга олиш ишлари бошланди. Ҳибсдагиларга турли айбловлар қўйилди: жиноий тил бириктириш, коррупция ва келишилган ўйинларни ташкиллаштириш.

Ҳозирга келиб тўққиз киши қўлга олинган, тадбир давом этмоқда. Айбланувчилардан бири - «Вальядолид» сардори Борха Фернандес жорий мавсум охирида фаолиятини якунлаганди. Унинг клуб тизимида обрўли лавозимларидан бирини эгаллаши кутилаётган, 20 май куни буни муҳокама қилиш учун Роналдо («Вальядолид»нинг янги хўжайини) билан учрашув белгилаганди. Аммо йўл-йўлакай уни қўлга олишган. Дастлаб Борха адвокат керакмаслигини айтди, бироқ полиция маҳкамасида ўтказилган сўроқ қилиш жараёнида барибир юрист хизматидан фойдаланди. Хабарларга кўра, «Вальядолид»нинг жорий мавсумдаги сўнгги ўйини шубҳа остида қолган - ўшанда бу жамоа ўз уйида «Валенсия»га ютқазган, шу тариқа «кўршапалаклар» Чемпионлар Лигаси йўлланмасига эга бўлишганди.

Яна бир гумонланувчи, 36 ёшли Иньиго Лопес 2018|2019 йиллар мавсуми давомида «Эстремадура»дан Ла-Коруньянинг «Депортиво» клубига ўтганди. Аввалги уч йил мобайнида у «Уэска»да тўп сурганди. Бу факт муҳим аҳамият касб этиши мумкин, зеро ҳибсга олинганлар орасида «Уэска» президенти Агустин Ласаоса ҳамда шу клуб тиббиёт хизмати раҳбари Хуан Карлос Галиндо ҳам бор. Клуб офиси тонгдаёқ полициячилар билан тўлган. Айбланувчи Ласаоса устидан дастлабки сўроқ унинг хонасида ўтказилди. Тинтув жараёнида маълум бўлишича, Примера клуби президентининг хонасида компьютер йўқ экан.

Рўйхатдаги яна айрим айбланувчилар ҳозирча озодликда қолишди. Улардан бири - «Хетафе» футболчиси, «Реал» академияси тарбияланувчиси Саму Сайс. У Ибицада ҳордиқ чиқараётган пайт газеталар орқали тергов жараёнидан хабар топгач, полицияга бориб, кўрсатма берган. Сайс айб қўйилгунга қадар қўйиб юборилган.

Энг катта шов-шув «Реал»нинг собиқ футболчиси Рауль Бравонинг қўлга олиниши бўлди. Полициянинг фикрича, айнан у бутун бошли ташкилотчилик ишларининг бошида турган. Ҳар ҳолда, Мадриднинг Marca нашри шундай талқинни ўртага ташлаган. Келишилган ўйинлар ўтказишнинг тахминий схемаси қуйидагича бўлган: ташкилотчилар жамоалардаги таниш вакиллар - обрўли ёши ўтган ўйинчилар билан боғланишган, кейинчалик айнан шу футболчилар бошқа шерикларини муайян натижа учун ўйнаш (гол урмаслик, хатоларга йўл қўйиш, фоллар ишлаш)га ундашган. Браво воқеага аралашиб қолган «Реал» тарбияланувчилари орасида ягона вакил эмас. Борха Фернандес ҳамда Карлос Аранда (фаолиятини бир-икки йил аввал якунлаган, ҳозир ҳибсда сақланаётган футболчилардан яна бири) 90-йиллар охирида Рауль Браво билан биргаликда «Реал»нинг иккинчи жамоаси «Кастилья»да ўйнашган.

Рауль Браво ким ўзи?

«Реал» академияси тарбияланувчиси ва 2000 йиллар бошида тузилган «галактикос» аъзоларидан бири. Ўшанда у Зидан, Фигу, Роналдо, Рауль ҳамда Бекхэмларнинг соясида қолишига қарамай, мудофаа чизиғидаги ишончли футболчилардан бири бўлган, беш йил ичида «Реал» сафида 130дан ортиқ ўйин ўтказган.

Мадриддан кейин Браво кўп саёҳат уюштирди. «Лидс»да ўйнади (ижара), «Олимпиакос»га трансфер қилинди, «Нумансия»га ижарага берилди, «Райо Вальекано»га ўтди, кейин Бельгиянинг «Беерсхот» жамоасида кўриниш берди, сўнгра «Кордоба», Грециянинг «Арис» клубларида тўп сурди. «Олимпиакос»га 2 млн. еврога сотилганидан кейин унинг қолган трансферлари жамоаларга текинга тушди.

Ла Лига президентининг баёноти

Хавьер Тебас вазиятни батафсил шарҳлади. У тергов жараёни бошланганига бир йилдан ошиқ вақт ўтгани, шу давр ичида спорт мутасаддилари полиция билан ҳамкорлик қилишганини таъкидлади: «Ҳаммасини очиқ-ойдин айтолмайман, тергов сирлари бор. Полиция ўз ишини бажаряпти, уларга халал бермаслик керак. Бу жуда оғриқли ҳолат, мазкур жараён мен ёқтирадиган клубга таъсир ўтказади. Аммо энг муҳими ва асосий вазифамиз - коррупцияга қарши курашиш. Махсус операция Ла лига ҳуқуқ-тартибот органларига шикоят билан чиққанидан сўнг бошланди. Ушбу муаммо устида астойдил ишлаяпмиз».

Айтиш жоизки, Тебас Мадриднинг «Реал» клуби мухлиси саналади, унинг севимли жамоаси ҳақида айтганлари Рауль Бравонинг келишилган ўйинлар ташкил этишдаги иштирокига тааллуқли бўлиши мумкин. «Барселона»нинг аксарият футболчи ва ишқибозларининг фикрича, чемпионлик пойгасида «Реал»га ёрдам беришади. Лекин лига раҳбариятида ким «Қироллик клуби»га ишқибозлик қилади?

Испаниядаги муносабат Қандай?

Мамлакатдаги етакчи нашрлар муқоваси қуйидагича кўриниш олмоқда.

Фикр: «Жиддий айтганда, ҳаммасига ўшалар айбдор. Улар билан на Ла Лига, на журналистлар курашмоқда. Ўзларини боқаётган қўлларга зиён етказишни хоҳлашмайди».

Marca ўқувчилари сайтда чиқаётган ҳар бир хабар остига фикр қолдиришмоқда. Улар орасида энг кўп «плюс» йиққанлари билан таништирамиз.

- Madridista_881: Бир неча йил «Реал»да ўйнаган футболчининг шундай ишга қўл урганини қандай тушуниш мумкин? Бунинг нима кераги бор? Ахир ушбу клубдаги захира ўйинчилари оладиган маош ҳам бутун умрга етади-ку.

- McPherson: Уларнинг ҳаммаси битта ёшлар жамоасидан чиқишган. Бу футболчилар онгига қизиқ ғояларни қуйишаётган экан-да.

- dany_sabadell: «Реал»да қандай ёш авлод ўсиб чиққанини бир кўринг-а!

- ajax: Тебас келишилган ўйинларга қарши курашишга ваъда берганди. Унга нисбатан қандай муносабатда бўлиш ўзингизга ҳавола, аммо у мазкур масалада ҳақиқатан ҳам охиригача боради.

Содиқжон РАҲМОНОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Сиз Эктор Купер миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 (Қатар)га олиб бора олишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz