Қайднома

Қидирув

ЕЧЛ-2019: Мафтункор мавсум рекордлари

ЕЧЛ-2019: Мафтункор мавсум рекордлари

  09.06.2019 01:31
  0
  106
ЕЧЛ-2019: Мафтункор мавсум рекордлари

Ўта муросасиз ва бетакрор «камбэк»ларга бой бўлган ЕЧЛнинг 2018|2019 йиллар мавсуми якунларини сарҳисоб қилиш вақти келди. Унда нафақат финал иштирокчилари, балки унга етиб кела олмаган жамоалар ҳам бир қатор эътиборли натижаларни қайд этишди.

Энг сермаҳсул жамоа

Турнир ғолиби бўлишига қарамасдан, «Ливерпуль» маҳсулдорлик бўйича етакчилардан ўзиб кета олмади ва 24 гол билан соврин соҳибига айланди. Агар жамоа «шпорлар» дарвозасига яна 2та гол урганида, «Барселона»га етиб оларди. Бу борада «Манчестер Сити» яққол пешқадам - ярим финал ва финалда майдонга тушмаган бўлсада, Гвардиола жамоаси 30 марта ўз рақибларини ранжитди. «Барса» 26 аниқ зарба билан иккинчи бўлди, «Аякс» эса 22 гол билан ғолибдан кейин тўртинчи натижани қайд этди.

Умуман, ЕЧЛ учун мавсум сермаҳсул (ўртача - 2,93 гол) бўлди. Тўғри, бу рекорд кўрсаткич эмас.

Мавсумнинг энг

серҳаракат ҳужум чизиҒи

Аввало, таъкидлаш жоизки, бу номинацияда самарадорлик эмас, балки дарвозалар томон йўлланган аниқ зарбалар ҳисобга олинган. Бу борада «Реал» 7,3 ва «ПСЖ» 7,1 кўрсаткич билан етакчилик қилишди. Аммо гол уриш бобида «Қироллик клуби» 15 балл ( «Порту» натижасидан 5та кам) билан анча ортда қолиб кетди. Роналдунинг йўқлиги мадридликларга, Кавани ва Неймарнинг жароҳатлари Париж грандига халал бергани аниқ. Қизиғи шундаки, аниқ зарбалар сони натижаларда ўз ифодасини топа олмади, бундай номутаносиблик футболда кам учрайди.

Тўпни тортиб олиш усталари

Бу йўналиш ғолиби ва етакчиларини шунчаки сўров орқали аниқлашнинг иложи йўқ. Чунки статистика кутилмаган натижаларни қайд этди. Масалан, энг юқори кўрсаткичга «Бенфика» эга бўлди - ўртача 22,8. «Аякс»нинг 2-ўриндан жой олганлиги (22,3) алоҳида эътиборга лойиқ. Чунки у Португалия клубига қараганда анча кўп ўйин ўтказди. Таққослаш учун келтирадиган бўлсак, финалгача етиб келган «Тоттенхэм»нинг кўрсаткичи 15га тенг. Сўнгги ўрин соҳибини аниқлаш эса қийин эмас - асосий эътиборини тўп назоратига қаратадиган «Сити» тўп талашиш ишқибози эмас. «ПСЖ» ҳамда «Ювентус»­нинг натижалари ҳам қониқарсиз - бу жамоалар ички чемпионатларидаги камсонли яккакурашларга кўникиб қолишган кўринади.

РаҚиб ўйинини «ўҚиш» усталари

Бу борада мураккаб гуруҳдан жой олган «Црвена Звезда»нинг ўйини диққатга сазовор - юқори прессингдаги муваффақиятли ҳаракатлар эвазига Сербия клуби ўртача 18,2 марта рақиб узатмаларида тўпни эгаллаб олишга эришди. Ўйинни олдиндан «ўқиш» бобида «Бавария» 2, «Локомотив» 3-натижаларни кўрсатишди. «Аякс» муваффақияти алоҳида мақтовга муносиб. Чунки тен Хаг шогирд­­лари жуда ёш бўлишларига қарамасдан дадиллик билан тўп суришди, тўп йўналишини аввалдан тўғри аниқлаб, уни эгаллаб олишди.

Мавсумнинг энг зўр дриблингчилари

Ўйлаб кўринг-чи, алдамчи ҳаракатлардан қайси жамоа кўпроқ фойдаланади? Агар «ПСЖ»ни тахмин қилган бўлсангиз, янглишмадингиз. «Лион» ва «Манчестер Сити» етакчи учликдан жой олишди. «Тўқувчилар»нинг етакчилиги тушунарли - жамоанинг олдинги чизиғида масъулиятни ўз зиммасига олишдан чўчимайдиган иқтидор соҳиблари тўпланишган. «Ювентус» ҳамда «Реал»нинг кейинги поғоналардан жой олганликлари Роналдунинг собиқ ва ҳозирги жамоаларида ҳам дриблинг усталари борлигига далолатдир. Лекин бошқа томондан олганда, «Ливерпул»нинг 16-ўринни банд этгани дриблинг доимо муваффақият гарови бўла олмаслигини исботлайди. Юрген Клопп жамоаси турнир давомида эҳтиёткорлик билан тўп сурди.

Турнирнинг энг пала-партиш жамоаси

Анчайин қизиқарли йўналиш - омадсиз тўпга тегинишлар. Бу номинация ғолибларини нима учун етарли савия ва қулай қуръага эга бўлган ҳолда финалга чиқа олмаганларини изоҳлаш мумкин бўлади. Дортмунднинг «Боруссия»си тўпни назорат қилиш жараёнида ўртача 17 марта зарурати бўлмаган хатоликларга йўл қўйди. Навқирон «Аякс»нинг кўрсаткичи ҳам шунга яқин. Демак, футболчиларнинг ишончли тўп суришларида уларнинг ёши ҳам муҳим ўрин тутади.

«Иккинчи Қават Қироллари»

Артём Зюба номидаги номинация етакчилари - «Порту», «Локомотив» ва «Рома». Яккакурашлардаги устунлик бобида римликлар 1, москваликлар 2 ва портуликлар 3-бўлишди. Индивидуал танловда голландиялик Люк де Йонг, де Лигт ҳамда ван Дейкларни эътироф этиш лозим. Эътиборли жиҳати шундаки, ПСВ ҳужумчиси атиги 6 марта майдонга тушган бўлсада, ғолибликни таъминлайдиган натижага эриша олди!

Энг зўр ҳимоячилар ва дарвозабонлар

Ўз дарвозаларига энг оз зарба йўллаш имконини берган жамоаларни тахмин қилиш қийин эмас. Облак ва Годин етакчилигидаги «Атлетико» ҳимояси ўз рақибларига 9-10 мартадан ортиқ имконият бермай, юксак нуфузларини сақлаб қолишди. Иккинчи ўриндаги «Манчестер Сити» ва «Боруссия Д», «Ливерпуль» ва «Бавария» натижалари ҳам чакки эмас.

Дарвозабонлар сэйвлари борасида ўртача 5,3 кўрсаткични қайд этган Самир Хандановични кўрсатиш мумкин. «Лион» посбони Лопеш 4,7 балл тўплади.

Зарбаларни бартараф этиш бўйича Алиссон Бекер ва Онаналар яққол етакчи - 45 ва 40та қайтарилган зарбалар.

Комбинация усталари

Дарвозалар томон йўлланган тўпларни зарба соҳибларига етказиб бериш бобида Душан Тадичга тенглаша оладиган ўйинчи йўқ. У ҳар бир ўйинда ўртача 37 узатмани амалга оширган. Тони Кроос 29, Кристиан Эриксен 28, Лионель Месси 27 баллга эга бўлишди. Депай, Стерлинг, Триппьер, Альба ва Зиешлар улардан кейинги ўринларни банд этишди. Бироқ натижалар бўйича етакчилик Альба ва Мбаппега насиб этди. Улар 5тадан самарали узатмаларни ўз ҳисобларига ёзиб қўйишди. Эриксен, Тадич ва яна 4 нафар футболчи 4 баллга эга бўлдилар.

ЕЧЛнинг энг яхши мерганлари

Сарлавҳани ўқишингиз билан Месси ёки Роналду кўз олдингиздан ўтишдими? Шундай бўлса, янглишасиз - Ҳаким Зиеш бу мавсумда ҳаммадан кўпроқ - 58та зарба йўллади. Ундан битта ўйин камроқ ўтказган Месси ҳисобида 54 зарба мавжуд. Етакчи учликни Муҳаммад Салоҳ якунлади - 52 уриниш. Роналду эса 48 балл билан 4-поғонага жойлашди.

Голлар бўйича 12та аниқ зарба йўллаган Месси тожни Роналдудан тортиб олди. Унинг ортидан 8 гол билан Левандовски ва бир хил - 6тадан гол урган Роналду - Тадич - Марега - Агуэро квартети жой олди.

Яна шуниси ҳам борки, голларнинг сони билан биргаликда уларнинг аҳамияти ҳам жуда муҳим. Масалан, Моуранинг 5 голи «шпорлар» тақдирини ҳал қилди. Шунингдек, Дибала ва Салоҳ амалга оширган 5тадан аниқ зарбалар ўртасида ҳам катта фарқ бор. Мисрлик футболчининг финалдаги ва гуруҳ босқичининг ҳал қилувчи баҳсида урган голларини мухлислар узоқ вақт унутмасликлари аниқ. Қизиқ, янги мавсумда ғолиблик кимга насиб этаркин? Ҳозирча Мбаппе Месси ва Роналдуга муносиб рақобат кўрсата олмади. Лекин бир йилдан сўнг тамоман ўзгача манзара гувоҳига айлансак, ажабмас.

А.Аҳмедов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Сиз Эктор Купер миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 (Қатар)га олиб бора олишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz