Қайднома

Қидирув

"Аталанта": Идеал мавсумнинг муносиб якуни

"Аталанта": Идеал мавсумнинг муносиб якуни

  09.06.2019 05:38
  0
  357

«Аталанта» қаторасига учинчи марта еврокубокларда иштирок этади. Мазкур клубдан ўз тарихида илк марта Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичида қатнашиш учун Италия «А» серияси жорий мавсумининг сўнгги турида «Сассуоло»ни енгиш талаб этилганди, бергамоликлар бу вазифани шараф билан уддалашди.

Гасперини ажойиб жамоа тузди

«Аталанта» - таркиб бўйича «А» сериянинг энг кучли жамоаси эмас. Бироқ Гасперини танлаган ўйин услуби топ-клубларникидан яхшироқ чиқди. Мисол учун, «Интер» ва «Милан»ни олайлик: ўйин пайти режалари иш бермаса, улар дарҳол импровизацияга қўл уришади. WhoScored сайтининг декабрь ойи бўйича берган маълумотларга кўра, «Интер» 63 фоиз ҳолатда битта гол ўтказиб юборган ўйинларининг қолган қисмида ҳам иккинчи марта дарвозасидан тўп олиб чиққан.

«Аталанта»да бундай ҳолат йўқ. Гасперини шу қадар тартибли жамоа шакллантирганки, унинг режалари камдан-кам ҳолардагина иш бермаслиги мумкин. Яққол мисол - «Лацио­»­га қарши кечган кубок финали. Бир ярим бўлим мобайнида Симоне Инзаги рақибни ўз жарима майдончасида сиқувга олишга ҳаракат қилмасин, ҳар сафар кучли қарши прессингга дуч келаверди. Ўша учрашувда «Аталанта» фақатгина Милинкович-Савичнинг оддий стандарт вазиятда урган голидан кейингина бўшашди. Шундан сўнг дарҳол ҳужумга ўтиш талаб этиларди, натижада «Лацио» бўш ҳудудлардан оқилона фойдаланди (якунда ҳисобни 2:0га етказди).

Гасперини - универсалллик тимсоли. У қурган механизмда бир нечта функцияни бирданига бажарадиган кўплаб футболчилар бор. Масалан, Тимоти Кастань - у аллақачон одатий қанот ҳимоячиси тушунчасини унутган. Кастань тез-тез ҳужумларга қўшилади, ўйин вақтининг 47 фоизини ҳимоя ва ҳужум ўртасида югуриш билан ўтказади, керак бўлганда Де Роннинг марказдаги ўрнини эгаллайди.

Универсалликнинг яна бир ёрқин вакили - Алехандро Гомес. Бу футболчи «Аталанта»га ўтганидан буён олтита позицияда тўп сурди: ярим ҳимоя маркази, ҲЯҲ, ярим ҳимоянинг икки қаноти, ҳужум. Ҳозир Гасперини ундан форвард ортида фойдаланмоқда - шу тариқа Гомесда жамоа ҳужумини назорат қилиш имконияти ортмоқда. Бу мавсум Алехандронинг статистикаси чакки чиқмади: у мавсумнинг энг яхши ассистентлари тўртлигига кирди (10та узатма, биринчи ўриндан битта аниқ пас ажратиб турибди).

Гасперини ўзи хоҳлаётган футболни кўриш учун ҳеч қачон футболчиларни мажбурламайди. Аксинча: мураббий ҳар доим шогирдининг персонал характеристикасига эътибор қаратиб, ундан умумжамоа манфаати йўлида фойдаланишга интилади. «Ўйинчилар характеристикасини ўрганиш, ўйини яхши чиқаётгани учун уларни рағбатлантириш муҳим. Ҳар бир клубда ролларнинг ўрни аҳамиятли. Ҳар ким ўзининг жамоага боғлиқлиги, шу боис ўз ролини яхши ўйнаши кераклигини тушуниши лозим. Футболчи умумий ҳисобда бажараётган ишидан қониқиш ҳосил қилиши керак. Одатда, ҳужумчи нафақат урган голлари, балки жамоа ютуғига ҳисса қўшгани учун ҳам қувонади. Шундагина ажойиб механизм яралади. Майдондаги футболчи бор-йўғи 11 нафар, роллар муҳим - уларни бир жамоа бўла олишларига ишонтириш, шунга ўргатиш керак. Барчаси шу концепция атрофида айланади», - дея ўз фалсафасини баҳам кўрганди Гасперини.

Ушбу мутахассиснинг яна бир ютуғи - ўйин пайтида камдан-кам ҳолларда услубни ўзгартиради. Бир томондан, бу ёмон - рақиб импровизация қилган пайтларда, «Аталанта» анча қийналиб қолди. Бошқа томондан, Гасперини фақат ўз футболини тарғиб қилмоқда (айниқса, бу даража жиҳатидан юқорироқ бўлган жамоаларга қарши баҳсларда кузатилди) ва бу натижа келтирмоқда. Ушбу мавсум «Аталанта» таркибида чемпионат доирасидаги баҳсларда 1500 дақиқадан кўпроқ ўйнаган футболчилар сони 14 нафарга етди. Бу эса Гасперини жамоадаги ҳолатни ўзгартиришни ёқтирмаслигига яна бир ишора. Турнир жадвалидаги қўшнилар - «Ювентус» (12), «Наполи» (11), «Интер» (10) бундай футболчиларнинг нисбатан камроқ экани барчасини кўрсатиб турибди: бу жамоалар мураббийлари Гасперинига қараганда кўпроқ тажриба қилишга мойиллар.

«Аталанта»да яна бир муҳим сифат бор - оилавий муҳит. Бу ҳақда Алехандро Гомес ва Йосип Иличич ҳам гапиришганди. Футболчилар кўп вақтларини бирга ўтказишади: машғулотлардан кейин тушлик қилишади, театр ва Бергамодаги кўргазмаларга боришади, шу тариқа жамоадаги илиқ ва дўстона муҳитни сақлашга интилишади. Мисол учун, яқинда футболчилар президент ва бошқа раҳбарлар билан умумжамоавий кечки овқат ташкил этишди. Сўнгра ўша ерда қолиб, бир соатдан ошиқроқ вақт мобайнида ишқибозларга дастхат тарқатишди, биргаликда суратга тушишди.

 

Етакчиларга тасанно

Жамоага тааллуқли деярли барча маълумотларни келтирганимиз сабабли, етакчи футболчилар ҳақидаги фактларга қисқача тўхталамиз:

• Дуван Сапата, «Аталанта»нинг энг яхши тўпурари (22 гол) ва «гол}пас» тизими бўйича (29 очко) клубнинг энг яхши футболчиси. Дарвоқе, «Аталанта» таркибида бир мавсум давомида Дувандан кўпроқ гол урган фақат бир футболчи бор - Филиппо Инзаги: 1996|1997 йиллар мавсумида италиялик афсонавий ҳужумчи 24та тўп киритганди.

Сапата ҳақида яна бир қизиқ факт. У Италиядаги аввалги жамоалари («Наполи», «Удинезе» ва «Сампдория»)да статистикаси яхши бўлмаганди. «Аталанта»да эса 28 ёшида ҳар тарафлама очилди.

• Йосип Иличич: 12 гол ва 7та самарали узатма - «гол}пас» рейтингидаги иккинчи персонаж.

• Алехандро Гомес - жамоанинг энг яхши ассистенти (10та узатма). Бундан ташқари, у жорий мавсум энг кўп ҳал қилувчи узатмаларни (ундан тўпни қабул қилган шериги, албатта дарвоза томон зарба йўллаган) амалга ошириш бўйича топ-5даги барча футболчиларни ортда қолдирди. Гомес замонавий «Аталанта»даги роли ҳақида қуйидагича фикр билдирганди: «Кўпчилик «Аталанта» менсиз қийналиб қолишини таъкидлайди. Бундай эмас. Жароҳат ёки дисквалификация туфайли кўплаб ўйинларда майдонга тушмаганимда, жамоа менсиз ҳам муваффақиятга эришганди. Ўйин тўлалигича Алехандро Гомес атрофида қурилади, деб ўйламайман. Аксинча, «Аталанта» - мен учун идеал клуб, бошқа ҳар қандай жамоада бундай ўйнай олмаслигим мумкин эди».

Етакчиларга қарши ажойиб ўйин

«А» серия доирасида топ жамоалар («Ювентус», «Наполи», «Интер», «Милан», «Рома» ва «Лацио»)га қарши ўтказилган 12та ўйинда «Аталанта» 16 очко тўплади. «Лацио» икки марта мағлубиятга учратилди, «Юве» ва «Рома» билан иккитадан дуранг ўйналди, «Интер» ва «Наполи» таслим этилди. Ўртамиёналарга қарши кечган айрим муваффақиятсиз ўйинларга қарамай, Гасперини асосий рақобатчиларга қарши баҳсларга тайёргарликни идеал тарзда ўтказди. Айнан шу омил унга Чемпионлар Лигаси ўрни учун курашда асқотди.

Май ойи бошида Гасперини шундай деганди: «ЕЧЛ йўлланмасини қўлга киритишни хоҳлайман. Бу менинг орзум». Орзулар рўёбга чиқиши учун «Аталанта»дан «Сассуоло»ни енгиш талаб этилганди. Ўз ўйинида ғалаба қозонган бергамоликлар «Милан» ва «Интер»нинг параллель тарзда ўтказган учрашувларини кузатишга эҳтиёж сезмай, хотиржамгина Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичига тараддуд кўришни бошлаб юборишди.

Албатта, мавсум охирида «Аталанта» мухлислари сони кескин ошганига шубҳа йўқ.

А.Абдувалихўжаев тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz