Қайднома

Қидирув

Андрей Фёдоров: «Ёшларимизнинг нималарга қодирлигини биламан»

Андрей Фёдоров: «Ёшларимизнинг нималарга қодирлигини биламан»

  09.06.2019 09:46
  0
  362
Андрей Фёдоров: «Ёшларимизнинг нималарга қодирлигини биламан»

Тошкентнинг «Локомотив» клубидаги аксарият футболчиларнинг миллий жамоамиз йиғинига қўшилиши Лига кубоги бошланишидан олдин «темирйўл­чилар»ни хавотирга солгани йўқ. Чунки асосий таркиб футболчилари қаторида захира вакиллари ҳам тенг кучга эга ҳисобланади, маҳорат ва тажриба жиҳатидан «Локо» иккита тенг таркибга эга. Ўзбекистон Лига кубоги биринчи тури доирасидаги «Бухоро»га қарши баҳсда бир қатор ёшлар жамоадаги дебют ўйинларини ўтказишди. Мазкур учрашувдан сўнг жамоа бош мураббийи Андрей Фёдоров билан суҳбатлашиб, шогирдларининг ҳаракатларидан қай даражада қониқиш ҳосил қилганини сўрадик.

 

- Андрей Витальевич, дастлаб «Бухоро»га қарши кечган баҳс ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.

- Масъулиятли ўйин эканини билардик, шунга яраша тайёргарлик кўрдик. Таркибимизда айрим ротация­ларни амалга оширдик, боиси, кўп футболчиларимиз ҳозир терма жамоа ихтиёрида. Иложи борича йигитлардан тактик схемага амал қилиб ўйнашларини сўрадим. Чунки рақиб сюрприз ҳозирлашини билардик. Илк дақиқалардан тўпни назорат қилишга эришдик, аммо барибир гол ўтказиб юбордик. Кўрдингиз, бугун майдонда тўрт беш нафар футболчимиз дебютини ўтказди. Энг муҳими, ғалаба қозондик. «Бухоро» илиқ таассурот қолдирди, миллий чемпионатдаги баҳсга нисбатан рақиб ўйинида ўзгариш бор. Икки жамоадан келиб чиқиб гапирсам, иккинчи бўлим менга кўпроқ ёқди. Кураш, ҳиссиётлар, жанг... Бугунги ғалаба ёшларга қўшимча куч бериши шубҳасиз.

- Терма жамоага номзод Азиз Омонов «дубль» қайд этди. Унинг ўйинида ўсиш борми?

- У терма жамоага муносиб футболчи. Бугун ҳам масъулиятни зиммасига олиб, гол урди, фаол ҳаракатланди. Термага нимага чақирилмади? Бу менга қоронғу. У ҳозир биз билан, жамоага мослашиб олганига анча бўлди. Ўсишдан тўхтаб қолмай, ўз устида ишлаши керак. Бугун унга имкон бердик, Азиз эса ишончни оқлади.

- Жамоани янги мусобақага тайёрлаш жараёни қандай бўлди?

- Қандай турнир бўлишидан қатъий назар, профессионал тарзда, одатдагидек тайёргарлик кўрдик. Тикланишга кўп вақт кетмади, чунки захирамизда ўйин амалиётисиз қолиб кетаётган футболчилар бор эди, бу эса жисмоний тарафлама уларга қўл келди.

- Шу ёш ва умидли футболчиларга миллий чемпионат баҳсларида ҳам имкон беришнинг иложи борми?

- Нега энди бўлмаслиги керак? Бундай имкон ўринбосарлар жамоасидаги ҳар бир футболчида мавжуд. Фақат асосий жамоада тўп суриш учун ҳар томонлама муносиб бўлиш керак. Улар кузатувимиз остида, керак бўлган пайтда ёшларга ҳам суянамиз.

- Умумий ҳисобда «Локомотив» ёшларининг бугунги ўйинини қандай баҳолайсиз?

- Яхши баҳога лойиқ ўйин кўрсатишди, биринчи марта майдонга тушишганига қарамай, ҳаяжонни енга олишди. Рақиб жиддий ва Суперлига жамоаси бўлгани боис ўзларини кўрсата олишди. Тўғри, хато ва камчиликлар бисёр, аммо буни бартараф этса бўлади.

- «Локомотив» иккинчи бўлимда рақибдан барча жабҳаларда устун келди. Танаффус пайтида кийиниш хонасида футболчиларга нималар дегандингиз?

- Жиддий гапларни айтмадим. Ёшларимизнинг нималарга қодирлигини биламан, шундан келиб чиқиб керакли кўрсатмаларни бердим.

А.ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz