Қайднома

Қидирув

Мирислом ҲАСАНОВ: «Марказий ҳимоямизда муаммо бор»

Мирислом ҲАСАНОВ: «Марказий ҳимоямизда муаммо бор»

  10.06.2019 02:02
  0
  512
Мирислом ҲАСАНОВ: «Марказий ҳимоямизда муаммо бор»

Маълумки, ўзбек футболида жорий йилдан эътиборан янги мусобақа - Ўзбекистон Лига кубогига асос солинди. ОАВда унинг жамоаларимиз учун нечоғлик керак ёки керакмаслиги ҳақида баҳс-мунозаралар кўпайган бир паллада ушбу турнирнинг дастлабки тури ўтказилди. Жумладан, Тошкентдаги ТТЙМИ стадионида «Локомотив» ва «Бухоро» клублари ўзаро куч синашишди. «Темирйўлчилар»нинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган учрашувдан сўнг Бухоро жамоаси бош мураббийи вазифасини бажарувчи Мирислом Ҳасановга бир нечта саволлар билан мурожаат қилдик.

- Ушбу мағлубиятни аламли десак бўладими?

- Ҳа, албатта. Ютқазганимизга қарамай яхши ўйин ўтказдик, деб ўйлайман. Бугун айрим ёш футболчиларга ўзларини кўрсатиш учун имкон бердик, ўйиндан олдинги режамиз ҳам шундай эди. Лекин сўнгги дақиқаларда шогирдларимга бироз тажриба етишмади, оқибатда иккита гол ўтказиб юбордик. Имкониятлардан унумли фойдаланганимизда, натижа бошқача бўларди.

- Футболчиларнинг янги ташкил этилган мусобақага бўлган муносабатлари қандай эди?

- Ёмон эмас, ҳар ҳолда, янги турнирда футболчилар ўзгача кайфиятда майдонга тушишди. Биринчи бўлимда ўзимиз истаган ўйинни кўрсатдик, рақибга босим ўтказдик, гол ҳам урдик. Бироқ юқорида айтганимдек, тажриба ўз сўзини айтди. Қолаверса, легионерларимизга ва тажрибали футболчиларимиз - Саламат Қутибоев ва Иван Нагаевга дам бергандик.

- «Локомотив»да ҳам таркиб билан боғлиқ муаммолар бор эди. Шундай экан, рақиб ниманинг эвазига ғалаба қозонди, деб ўйлайсиз?

- Бу - футбол. Астойдил ҳаракат қилинса, ҳар қандай жамоани ютиш мумкин. Умуман олганда, «Локомотив»да иккита тенг кучли таркиб йиғилган, ёшлари ҳам чакки эмас. Ўринбосарлар жамоасида ҳам терма жамоаларга номзод футболчилар етарли.

- Айни пайт «Бухоро»да етакчиликни қўлга оладиган футболчи борми? Ўтган мавсум бу иш Шавкат Саломов зиммасига юклатилганди. Ҳозир эса у бошқа жамоа шарафини ҳимоя қилмоқда.

- Ҳозир таркибимизда бир хил савиядаги футболчилар жам бўлишган. Тўғри, ўйинни ўз қўлига оладиган футболчи етишмаяпти. Дарҳақиқат, Шавкат Саломов майдонда ҳам, унинг ташқарисида ҳам барчага ўрнак бўла олади. Бизга у каби, ёшларни олдинга бошлайдиган, ўйинни бошқарадиган футболчи зарур.

- Балки ёзги трансферлар ойнасида ушбу камчилик бартараф этилиб, бирор-бир тажрибали футболчи таркибга жалб этилар?

- Билмадим, ҳаммасини вақт кўрсатади. Ҳозир россиялик тажрибали мутахассис Виктор Григорьев билан музокаралар кетяпти. Таркиб кучайтирилиши эҳтимоли йўқ эмас. Раҳбарият билан келишган ҳолда ушбу режани амалга ошириш ниятимиз бор.

- «Бухоро»да футболчилар ўртасида, бошқача айтганда, позициялар бўйича рақобат қай даражада?

- Марказий ҳимоямизда муаммо бор, легионерлар Владимир Баенко ва Иван Фатичга таътил бердик, уйларига кетишди. Аммо улар «Бухоро»ни расман тарк этишгани йўқ. Ўринбосарлар жамоасидаги ёшлар ҳисобига уларнинг ўрнини тўлдиришга уриндик. Ҳужумда бугун Акобир Тўраевга ишонч билдирдик, кейинги баҳсларда Фирдавс Асадовга ҳам имкон берамиз. Хуллас, қайси футболчининг жисмоний ва техник кўрсаткичлари маромида бўлса, ўшани майдонга туширамиз. Умуман олганда эса, ҳар бир чизиқ бўйича рақобат бўлишини таъминлашга ҳаракат қиляпмиз.

Абдулазиз ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz