Қайднома

Қидирув

Соя ортидаги қаҳрамон

Соя ортидаги қаҳрамон

  10.06.2019 04:16
  0
  638
Соя ортидаги қаҳрамон

Футбол бўйича навбатдаги Германия чемпионати якунлангач, Менхенгладбахнинг «Боруссия» клуби шарафини ҳимоя қилиб келаётган бельгиялик футболчи - Торган Азар камтарона баёнот берди. Унда айтилишича, Азарлар оиласининг кичик вакили бошқа бир «Борусс­сия» - Дортмунд клуби билан оғзаки келишувга эришган ва янги мавсумда айнан шу клуб либосида майдонга тушади. Championat.com портали эса мазкур янгилик асносида футболчининг ўтмиши ва келажаги хусусида мақола тайёрлади.,

Бельгиялик ва «Боруссия Д» - бир-бирига муҳтож

Бир вақтлари Эден Азар «Челси» сафига қўшилганида, унинг укаси Торган ҳам «катта арава» кетидан клуб тизимига қўшилиб қолганди. Бунгача профессионал клуб («Ланс») сафида атиги 14тагина ўйин ўтказган йигитча кунлар келиб АПЛда порлаб кетишини деярли ҳеч ким кутмаганди. У пайтлари ёш бельгиялик йигитча фақат бир нарсани орзу қиларди - акаси билан Лондон клубида бирга тўп суришни. Лекин жамоа раҳбарларида Торган борасида умуман бошқа режалар бор эди.

Хуллас, «Челси» раҳбарлари аввалига Торганни ўз юртига, «Зюлте-Варегем» клубига ижара асосида жўнатишди. Кейин эса Менхенгладбахнинг «Боруссия»си билан ижара шартномаси тузилди. Охир-оқибат Торган Лондонга қайтмай, немис клуби билан тўлақонли шартнома имзолашни маъқул топди ва «Челси»да бирорта ҳам расмий ўйин ўтказмади.

Шунга қарамай, Германия танлови кичик Азарнинг фақатгина фойдасига хизмат қилди, деб бемалол айта оламиз. Чунончи, «Боруссия М»даги беш йиллик давр мобайнида Торган мантазам ўсди, футболчи сифатида ниҳоятда улкан тажриба оширди. Дейлик, у шу мавсумнинг ўзида рақиблар дарвозасини нақ 10 марта аниқ нишонга олиб, жамоадошларига яна шунча самарали тўп узата олди. Бу натижа туфайли эса табиийки, у Whoscored талқини бўйича Германия чемпионати рамзий терма жамоасига киритилди.

Бизнингча, ёзнинг охирларига келиб ярим ҳимоячи бошқа бир «Боруссия»га, Дортмундга кўчиб ўтса, воқеалар ривожи кўнгилдагидек бўларди. Чунончи, эндиликда ҳеч ким Торганга ўзининг борлиги ҳақида дунёга жар солишида ортиқча халал беролмайди.

 

«Гладбах» даражасидан юҚори

Мана иккинчи йилдирки, «Боруссия М»да ҳеч бир футболчи маҳсулдорлик хусусида Торган билан баҳслаша олмайди. У самарали тўп узатишлар масаласида ҳаммадан яхши кўрсаткичга эга. Тўғри, рақиб дарвозасига урилган голлар сони бўйича Алассан Плеа Торгандан олдинда, аммо унутмаслик керакки, франциялик футболчи амплуаси жиҳатидан яққол ҳужумчи ҳисобланади. Қисқаси, 26 ёшли вингер бугунга келиб жамоанинг асосий етакчисига айланди ва бундан буёғига Менхенгладбахда қолиш унинг учун фақат «тормозланиш»га тенг, холос.

Яна бир жиҳати, Торган ўз акасидан фарқли ўлароқ, жамоадошларининг қандай ўйнашига боғлиқ ҳолда натижа кўрсатади. Тўғри, у ҳам худди Эден сингари яхши дриблинг соҳиби (бир ўйинга 2,2та алдаб ўтиш) ва акаси каби чап қанотдан олдинга бориб, марказга ёриб киришни жуда ёқтиради. Аммо гап ўзини ўраб олган 3-4 ҳимоячи орасидан чиқиб кетишга келганда, кичик Азар бироз панд бериб қўйиши мумкин. Шу боис, у кўпинча рақибларини алдаб ўтгандан кўра, дарҳол олдинга «пас» беришни маъқул кўради. «Гладбах» футболчилари аксарият ҳолларда «болта» усулида ҳужум ташкил қилишларини инобатга олсак, бельгиялик футболчи Дортмунд клубига ўтса, ўзини нисбатан бехавотирроқ сезиб, ҳужумда янада хавфли футболчига айланиши аниқ.

Боз устига, Менхенгладбахнинг «Боруссия»си яқиндагина якунига етган мавсумда ҳар қанча интилмасин, ЕЧЛ ҳудудини ишғол қилолмади. Дортмунд клуби эса сўнгги йилларда ЕЧЛда нафақат қатнашмоқда, балки мунтазам равишда «плей-офф» босқичида ҳам иштирок этмоқда. Бу эса табиийки, бельгияликнинг тажрибаси ошиши учун ажойиб мактаб демакдир.

 

Торган - Пулишичнинг ўринбосари

Ҳозирданоқ катта эҳтимол билан айтиш мумкинки, Торган «Боруссия Дортмунд»да «Челси»га ўтиб кетган Кристиан Пулишичнинг ўрнида тўп суради. Очиғини айтиш керак, ўтган йили бундай «рокировка»га ишончсизлик билан қараш мумкин эди. Бу йил эса айнан Торган Азар ёш америкаликнинг ўрнига яққол даъвогар саналмоқда. Чунончи, ортда қолган мавсум кўпсонли жароҳатлар туфайли Пулишич учун у қадар кутилганидек ўтмади ва йигитча «Челси» ўйинига қанчалик тез киришиб кетиши ҳам катта сўроқ остида. Пулишичнинг ҳозирча биргина ютуғи - унинг ёши. Қолган барча жиҳатларда Торган устунроқ, десак янглишмаган бўламиз.

Торган Азарнинг асосий «қуроли» - унинг универсаллиги. Дейлик, футболчи бу мавсум ярим ҳимоянинг чап, ўнг қанотлари ва ҳужумчи ортида синаб кўрилди. Вақти-вақти билан у ҳужумнинг иккала қаноти ва марказида ҳам тўп сурди. Аҳамиятлиси, Торган мураббий уни қайси нуқтага жойлаштиришидан қатъий назар, барчасида ўзини кўрсата олди. Кичик Азар айниқса, ҳужум чизиғида ўйнаганида, умуман кутилмаган қарорларни қабул қилиб, рақиб ҳимоячиларини довдиратиб қўйганига кўп марта гувоҳ бўлдик. Қолаверса, бельгиялик футболчи Пулишич каби нафақат яқин «пас»лар устаси, балки унинг қанотдан оширадиган тўплари ҳам аксар ҳолларда «манзил»га аниқ бориб етади. Бу эса табиийки, Дортмунд «Боруссия»сининг ҳужумларига ранг-баранглик киритиши мумкин. Айтганча, бельгиялик футболчи ўйин тақдирини ўзгартириш масаласида ҳам америкалик ҳамкасбидан кучлироқ. Дейлик, у ўртача ҳар ўйинда икки марта ҳал қилувчи «пас»­лар беради.

 

Дортмунд учун идеал танлов

Маълумки, «Дортмунд» ва «Гладбах» клубларининг ўйин услуби бир-биридан унчалик катта фарқ қилмайди. Аниқроқ айтсак, ҳар икки «Боруссия» юқори прессинга асосланган ва тезкор қарши ҳужумларга таянадиган футбол намойиш этади. Агар Торган Азар айнан тезкор қарши ҳужумларда ўзини «сувдаги балиқдек» ҳис этишини инобатга олсак, у Дортмундда ўзини нечоғли бахтли ҳис қила олиши мумкинлигини тасаввур қилиш мумкин.

Қолаверса, Дортмунд клуби қанотлар орқали ҳужум уюштиришни ёқтиради ва бу томондан Азар - жамоа учун айни муддао. Бельгиялик футболчининг техник салоҳияти эса «девор» услубининг улкан шайдоси ҳисобланган Люсьен Фаврга қўл келиши тайин. Мослашиш жараёни бўйича ҳам ортиқча муаммолар кузатилмаслиги аниқ. Зеро кичик Азар учун немис футболи муҳити сира бегона эмас. У, шунчаки, янги жамоага эмас, янги жамоадошларга кўникиб кетса, бас. Ана шунда Торган Бундеслига курашини бемалол «қиздираверади».

Сўнгсўз ўрнида шуни қўшимча қилиш жоизки, Торганнинг бир умрлик орзуси - акаси билан бир жамоада, елкама-елка тўп суриш нияти бундан уч йил аввал ушалиб бўлди. Чунончи, у 2016 йилдан бери терма жамоа йиғинларига жалб этиляпти ва «Челси»да бўлмаса ҳам, терма жамоада Эден билан бирга ҳаракат қилмоқда. Фарқи шундаки, ҳозирча Роберто Мартинес Азарларнинг кичигидан фақат латерал сифатида фойдаланяпти ва Торган Эденнинг ортида ўйнаб, унинг атрофидаги бўшлиқни «тозалаш» билан банд. Аммо гап ўз акаси ҳақида кетаётган экан, бу юмуш Торганга малол келмаслиги аниқ ва равшан.

Нима ҳам дердик, янги мавсумда «Боруссия»нинг янги аъзоси ўзини ҳар томонлама кўрсата олиши учун ҳамма шарт-шароитлар мавжуд. Шундай экан, кичик Азарга омад тилаймиз!

 А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz