Бундан 20 йил аввал «МЮ» ва «Бавария» ўртасида бўлиб ўтган учрашувдаги 2 дақиқага етмаган вақт унга мўъжизавий финал мақомини тақдим этди. Аслида клуб футболининг икки нуфузли мусобақаси тақдири бу мавсум тўлалигича инглиз жамоалари мулкига айланишида ҳам шууримиз қабул қилиши қийин бўлган ҳайратомуз жиҳатлар йўқ эмас. «Челси» ва «Арсенал», «Тоттенхэм» ва «Ливерпуль» жуфтликлари халқаро аренада намойиш этган маҳорат ва жасорат ёнида мўъжиза аталмиш омилнинг озгина бўлсада улуши йўқ эмаслигини инкор эта олмаймиз. Шу туйғу туфайли хорижлик касбдошларимиз ўтмишга мурожаат қилишган бўлса, ажабмас.
«Ғирт латта эмаску-я, лекин чўққига ҳам чиқа олмаган...»
Умуман олганда, ўша «МЮ» - «Бавария» қарама-қаршилиги бошқа финаллардан кескин фарқ қилмайдиган одатий беллашув эди. Эҳтимол, ўртамиёна даражадан бироз пастроқ ҳам бўлгандир. «Камп-Ноу»даги баҳс савиясига «Брюггедаги тубсизликка чўкиш» асаридаги ибора жуда мос таъриф бўла олади: «Ғирт латта эмаску-я, лекин чўққига ҳам чиқа олмаган...»
Очиғини айтганда, нуфузли турнирнинг чинакам афсонасига айланган 2005 йилдаги Истанбул финали бир неча бараварга қизиқарлироқ ва муросасиз тарзда кечганди - ҳисобнинг 0:3дан 3:3га ўзгариши, 45000 нафар англиялик мухлислар ижросидаги «Ливерпуль» мадҳияси, Стивен Жерарднинг ечиниш хонасидаги оташин нутқи... Орадан 14 йил ўтган бўлсада, бу ўйин ўзининг мафтункорлигини йўқотган эмас. «Ливерпул»нинг баҳс жараёнидаги тактик ўзгаришлари, Ежи Дудекнинг халоскорона сэйвлари, Андрей Шевченконинг ўта яқин масофадан йўллаган зарбаларидан кейин тўпни дарвоза чизиғи устидан қайтараётган Луис Гарсия ва Жими Траорелар жасорати, Жейми Каррагернинг ишончли ҳаракатлари, Каканинг фантастик узатмалари...
1999 йил финалида Жон Терри томонидан 2008 йилда намойиш этилган шахсий драма ҳам, ҳал қилувчи баҳсларнинг доимий омадсизи ҳисобланган Арьен Роббеннинг 2013 йилда иркит ўрдакдан гўзал оққушга айланиши ёки Зайниддин Зиданнинг 2002 йилда амалга оширган бетакрор голи ҳам кузатилмади.
Тўғри, адолат юзасидан олганда, 2001 йилда «Бавария» билан «Валенсия» намойиш этган ёки 2003 йилдаги «Милан» - «Ювентус» қарама-қаршилигида кузатилган зерикарли тактик юришлар ҳам бўлмади. Охирги 20 йил ичидаги финаллар рейтинги тузилгудек бўлса, томошабоплик борасида Каталония пойтахтидаги беллашув жадвал ўртасидан жой оларди.
Ана шу ўртамиёна учрашувда бир жамоа рақибидан кўра савиялироқ тўп сурди ва якунда... мағлубиятга учради. «МЮ» дарвоза томон дастлабки аниқ зарбани 45-дақиқада амалга оширганди, биринчи хавфли вазиятни эса 55-дақиқада юзага келтирди - Йеспер Блумквистнинг дарвоза олдидан йўллаган зарбасидан кейин тўп тўсин устидан ўтиб кетди. Ҳа, охирги 10 дақиқада Шерингем ва Сульшерлар бир мартадан рақиб жарима майдончасига киришгани ҳам ҳақиқат. Дэвид Бекхэм тўпни бурчакдан дарвоза сари йўллаган, секундомер эса 90,28ни кўрсатган паллагача «қизил иблислар»нинг амалга оширган барча кароматлари фақат шулардан иборат эди. Дарвоқе, Теддининг жавоб тўпига сабабчи бўлган узатма 11-бурчак зарбаси эди. Ундан олдинги 10та зарбадан сўнг айтарли воқеа юз бермаганди.
Агар «Бавария» ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолганида ёки яна битта гол урганида, бу учрашувни ёдга олиш зарурати ҳам бўлмасди. Жамоа эса ҳисобни йириклаштириш имкониятига бир неча марта эга бўлганди. Бироқ гоҳ тўсин, гоҳ устун ва Петер Шмейхелнинг маҳорати уларни йўққа чиқарганди.
«Улар адо бўлишди, биз уларни тутдик»
Ўйиннинг шу йўсин кечишини қисман изоҳлаш мумкин. Ўша пайт «МЮ» ўзининг икки етакчи ярим ҳимоячисидан жудо бўлганди - жамоа сардори Рой Кин ва Пол Скоулзлар сариқ карточкалар кўплиги туфайли финалда майдонга туша олишмаган, ярим финаллар арафасида аввалги сариқ карточкалар бекор қилиниши қоидаси ҳали жорий этилмаганди.
«Мазкур картинада мен бор-йўғи оммавий саҳналарда, шовқин ва умумий манзаранинг бир қисми сифатида кўриниш бераман, холос. Ўзим майдонга туша олмаганим учун қанчалик афсусланган бўлсам, Скоулз учун ҳам шунча куюндим. Менимча, у жамоамизнинг энг иқтидорли ўйинчиси. Боз устига, вужудида «МЮ» қони кўпириб туради. Пол - чинакам профессионал, майдонда тенги йўқ, унинг ташқарисида эса камтар ва мулоҳазали. Юлдузлик хасталигидан асар ҳам йўқ, шуҳрат ортидан қувган эмас. Таажжубки, юксак маҳорат ва шон-шуҳрат унинг инсоний фазилатларига путур етказа олмади. Пол билан битта қайиқда эканлигимдан бахтиёрман», - деб ёзганди Рой Кин ўзининг «2х45» автобиографик асарида. Хуллас, мажбурий йўқотишлар туфайли «Юнайтед»нинг ўша ўйиндаги ўрта чизиғи ажабтовур кўриниш олганди - Бекс ва Ники Батт марказда, ўнг қанотда Райан Гиггз, чапда эса Блумквист. Ҳамжиҳатлик борасида гап бўлиши мумкин эмасди. Бекхэмни Лотар Маттеус 100 фоиз зарарсизлантира олди. Мавсумни ўта ёрқин ўтказган немис афсонаси жамоанинг чинакам етакчиси эди. Ўйин тугашига 10 дақиқа қолганида унинг захирага олиниши Оттмар Хитцфельднинг буюк хатоси сифатида эътироф этилди.
«Ўшанда мен 38 ёшда эдим, учрашувнинг 70-дақиқасида мураббийга чарчаб қолганимни айтдим. Мавсумни ҳимоя чизиғида ўтказган бўлсамда, ўша финалда марказда ўйнашимга тўғри келганди. Шу боис, одатдагидан кўпроқ югуришга мажбур бўлдим. Мураббийдан ўрнимга захира ўйинчисини туширишни сўрадим. У билан доимо самимий муносабатда бўлганлигим учун ўз ҳолатимни айтишим шарт, деб ўйлагандим. 10 дақиқадан кейин мен майдонни тарк этдим. Ўша ўйин ёдимга тушганида ўшанда хатога йўл қўйдикмикан, деб ўйлайман. Лекин хулосани натижа белгилаб беради - 1:0 ҳисобини сақлай олганимизда, ҳеч ким мураббийни айбламаган бўларди. Эҳтимол, бу алмашув «МЮ» учун туртки бўлгандир?! Биз ҳаддан ташқари ортга чекиниб, тўп назоратини рақибга бериб қўйгандик. Балки мен майдонда қолганимда ўша аламли бурчак тўплари юз бермасмиди, деган оғриқли савол анчагача қийнаб юрди», - деганди ўз фаолиятидаги илк ва сўнгги «шалпангқулоқ»ни қўлдан чиқарган Маттеус.
Рой Кин эса беллашувнинг охирги 10 дақиқасини қуйидагича таърифлаганди: «Бавария» очиқчасига ўйин тугашини кута бошлади. Ҳимоячилар квартети ўз жарима майдончасидан узоқлашмай қўйган, ярим ҳимоячилар ҳам фақат ўз дарвозалари дахлсизлигини сақлаш билан овора эдилар. «Улар адо бўлишди, биз уларни тутдик», дедим Жимми билан Райанга. Бироқ немислар дарвоза яқинида қўрғон ҳосил қилган ҳолда ҳимояланишда давом этишди. «Бавария»дек нуфузли жамоа шунчалик аянчли ҳолга тушиб қолишини тасаввур қилиш жуда қийин эди».
Икки йилдан кейин Оттмар Хитцфельд ва ўша «Бавария»нинг ўзагини ташкил этган футболчилар нуфузли совринни қўлга киритишди, кейин мураббий Швейцария термасида самарали фаолият юритди, «Камп-Ноу»даги ёқимсиз манзара такрорланмади.
Қисқаси, қачондир ортиқча икки соатни тарихий финал такрорига сарфлашни лозим топсангиз, андак сабр-бардош сарфлашингиз талаб этилади. Йўқ, беллашув ўта зерикарли «резина» эмас, рисоладагидек тезлик ва ўзига яраша бўёқларга эга бўлган жонли қарама-қаршилик. Унинг қандай натижа билан якунланиши аввалдан маълум эканлиги ёки тўғридан-тўғри намойиш этилмаётгани боис қизиқишнинг оз бўлиши ҳам бунга сабабчи эмас. Шунчаки, одатий, ўртамиёна финал. Аммо ана шу ўйин орқали 20 йил ичида футбол қанчалик ўзгариб кетганини тўла-тўкис билиб олиш мумкин. Ўйинчиларнинг оддий кишилардан фарқи йўқ - олифталарга хос услубда олинган сочлар, гель ва турмаклар ҳам йўқ. Футболчилар бадани турли нақшлардан холи, узун енгли футболкада майдонга тушган Бекснинг бармоқлари ва бўйни табиий қиёфасини йўқотмаган, оёқларидаги бутсалар ранги эса бир хил - қора тусда, оқ, пушти ёки яшил эмас. «Нутелла» ва «Макдоналдс» - ЕЧЛнинг камтарин ҳомийлари. 10 нафар немис ва Мюнхен полкининг ўғли Сэмми Куффурдан иборат «Бавария» ҳамда «МЮ» таркибидаги 8 нафар британиялик.
Олифталар чўзилиб ётишибди, буюклар тантана қилишмоқда
1 дақиқа ва 49 сониялик вақт мазкур финалга буюклик мақомини тақдим этди. Яъни, стадион таблоси қайд этган 90,28 ва 92,17 дақиқалар оралиғида Дэвид Бекхэм икки марта бурчак зарбасини амалга оширган, Сульшер эса Кан дарвозасига ғалаба тўпини йўллаганди. Кейин ҳатто ўша пайтда дунёга келмаган мухлисларга ҳам ёд бўлиб кетган манзара - бахтиёрлик туйғусидан юзлари порлаб кетган норвегиялик футболчининг тиззалаган ҳолда байроқча томон сирпаниб кетаётгани, бор аламини майсадан олаётган Куффурнинг газонни муштлаётгани, Шмейхелнинг тинимсиз сакраши оламни забт этди. Владимир Маслаченко тилидан янграган машҳур ибора ўша драматик паллани тўлиқ ифода этганди: «Олифталар чўзилиб ётишибди, буюклар эса тантана қилишмоқда».
Дарҳақиқат, ҳар бир ғайритабиий ҳодисанинг ўз мазмун-моҳияти бўлади. 2005 йилдаги воқеа «Ливерпул»нинг қайтиши ҳақида бўлиб, ўзига бўлган ишонч ва тиришқоқликни тараннум этганди: ишла, изла, интил, ўзингга ишон ва таслим бўлма ёки «қизиллар» яқинда намойиш этган буюк беллашувда иштирок этган Муҳаммад Салоҳ либосига ёзилганидек Never give up - «Ошиқма, укам, сен кутган бахт, албатта келади!» Ажойиб шиор - ўринли, руҳлантирувчи, илҳом берувчи.
Ўшанда ўйиндан кейин Сэр Алекснинг чапаниларча сўкинишига сабаб бўлган воқеанинг йўриғи бошқа. Унда қандайдир 109 сония ичида вазият 180 даражага ўзгариб кетганди. Унинг шарҳловчи ва мухлислар томонидан тез-тез тилга олинишига келсак, суюкли жамоамиз иштирокидаги ўйинда мўъжизанинг такрорланишига умид қиламиз - ўшанда юз берди-ку, нега энди бўлмаслиги керак? Тўғри, ҳозирча унга дуч келганимиз йўқ, 3 ёки 4та тўп устунлигини писанд қилмай эришилган зафарларга гувоҳ бўлдик. Аммо шунақа мўъжиза ҳам борлигини 20 йилдан бери биламиз.
МАЪЛУМОТ ЎРНИДА:
ЕЧЛ-1998|1999. ФИНАЛ
«МЮ» - «БАВАРИЯ» - 2:1 (0:1)
26.05.1999. Барселона, Испания.
«Камп-Ноу». 90245 томошабин.
Голлар: Шерингем (90}1), Сульшер (90}3) - Баслер (6).
«МЮ»: Шмейхель, Г.Невилл, Йонсен, Стам, Ирвин, Гиггз, Бекхэм, Батт, Блумквист
(Шерингем,67), Коул (Сульшер, 81), Йорк.
«Бавария»: Кан, Баббель, Линке, Маттеус (Финк,81), Куффур, Тарнат, Йеремис, Эффенберг, Баслер (Солиҳамиджич,89), Циклер (Шолль,71), Янкер.
Огоҳлантириш: Эффенберг (60, Б.).
Бош ҳакам: Пьер Луижи Коллина (Италия).
С.РАҲМОНОВ тайёрлади.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20