Қайднома

Қидирув

Мариано Диас: «Хайриятки, янги мавсум бор»

Мариано Диас: «Хайриятки, янги мавсум бор»

  10.06.2019 10:26
  0
  407
Мариано Диас: «Хайриятки, янги мавсум бор»

«Реал» ҳужумчиси Мариано Диас Marca нашрига интервью берди. Суҳбат футболчининг Премия-де-Мардаги уйида жойлашган мини-футбол майдонида бўлиб ўтди. Мазкур майдон дизайни «Реал» ранглари билан безатилган.

- Бу майдонда кўп ўйинларни ўтказганмисиз?

- Гоҳида дўстларим билан ўйнаб тураман. Чунки ҳозир Мадридда яшаяпман. Шу боис ҳам вақт кам.

- Майдон «Реал» стилида яратилган. Ёздан кейин дизайнни ўзгартирасизми?

- Йўқ. Ҳеч нимани ўзгартиришимга ҳожат йўқ. Чунки бу менинг жамоам.

- Мариано Мадридда қоладими?

- Ҳа. Кўплаб совринларни ютмагунимизча қоламан.

- Бу қанчалик аниқ?

- Режам «Реал»даги фаолиятимни давом эттириш. Бу ерга нима учун келганимни исботламоқчиман.

- Нимага айнан шундай қарорга келдингиз?

- «Реал»га ўтиш учун кўп курашдим. Болалигимдан шу ерда ўйнашни истаганман. Жаҳоннинг энг яхши клубида қолиш учун эса бор кучимни ишга соламан.

- Трансфер бозоридаги янгиликларни кузатиб борасизми?

- Унчалик эмас. Лекин ким келган тақдирда ҳам Мадридда яхши кутиб олинади.

- Ўз исмингизни сотувга қўйилган футболчилар орасида кўрсангиз, хафа бўласизми ёки фарқи йўқми?

- Мавсум барчамиз учун қийин бўлди. Аммо матбуотда шундай нарсалар ёзишадики... Буни шунчаки қабул қилишдан бошқа чорамиз йўқ.

- Мавсум якунланганидан кейин қандай хулосалар чиқардингиз?

- Биз кўзлаган мақсадимизга эриша олмадик. Лекин айни пайт янги мавсум ҳақида ўйлаш керак. Энг муҳими шу. Имкони борича кўпроқ сов-ринларни қўлга киритишимиз лозим.

- Ўзингизга нисбатан талабчанмисиз? Мариано якунланган мавсумнинг қайси қисмини бўш ўтказди?

- Жамоадаги ҳеч ким ўз имконияти даражасида ўйнамади. Хайриятки, янги мавсум бор. Унда ўзимизни кўрсатиш имкониятига эгамиз.

- Бир йил олдин ҳозирги ўрнингизни тасаввур ҳам қилмагансиз. Бу тақдирга тан бермаслигингиз учун яна бир баҳонами?

- Ўшанда Францияда эдим. «Лион»га ташрифим саргузашт бўлди. «Реал»га қайтишим эса худди эртакдагидек: жуда хурсандман.

- «Реал»нинг 7-рақамли футболчиси бўлиш қанчалик аҳамиятли?

- Бу рақам остида ўйнаш мен учун шараф. Менга қадар «7»да буюк футболчилар тўп суришган.

- Криштианунинг рақамида ўйнаётганингиз учун босим остида қолмаяпсизми?

- Йўқ, рақам босим ўтказмайди. Аксинча, бу рақам остида ўйнаган Хуанитодан Криштианугача бўлган футболчилар йўлини такрорлашим учун қўшимча куч бағишлайди.

- Мавсумни кутилганидан ҳам яхши бошлагандингиз. «Рома» дарвозасига урилган ажойиб гол...

- Менимча, битта ўйин ҳеч қандай аҳамият касб этмайди. Ҳаммаси кунлик меҳнатга боғлиқ. Ўша ўйиндан кейин эса барчаси кутганимдек бўлмади.

- Кейин Лопетегига маъқул келмаган «қуруқ» ўйинлар...

- Қийин бўлди. Чунки биз натижага эриша олмадик.

- «Эл Класико»да жароҳат олдингиз ва Солари янги келганида тўлиқ тикланмагандингиз...

- Ўша учрашувни оғриқ билан ўтказгандим. Жамоага ёрдам беришни жуда истаганим учун шундай қилгандим. Аслида эса бу нотўғри эди. Мана, бир неча учрашувларда майдонга туша олмадим. Хайриятки, ҳозир ҳаммаси жойида.

- Тузалганингиздан кейин Солари сизни «Эл Класико» ва «Аякс»-га қарши учрашувларда майдонга туширмади.

- «Заявка»га кира олмаганим оғриқли бўлди, албатта.

- Кейин Зидан қайтди. Бу сиз учун яхшими?

- Зидан бу клубда футболчи сифатида ҳам, мураббий сифатида ҳам барча совринларни қўлга киритган. У билан муносабатларимиз яхши. Айнан у туфайли яна асосий таркибда ўйнай бошладим, шартнома имзоладим.

- Йовичнинг трансфери борасида қандай фикрдасиз? У сизнинг позициянгизда ўйнайди.

- Жамоага келадиган ҳар бир футболчи қандай позицияда ўйнамасин, яхши кутиб олинади.

У.УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz