Ўзбекистон миллий ва олимпия терма жамоалари ФИФА кунлари халқаро ўртоқлик учрашувларига киришгани натижасида Coca Cola Суперлигада салкам бир ойлик танаффус юзага келди. «Навбаҳор» клуби матбуот хизмати бундан фойдаланиб, шу пайтгача ўтказилган ўйинларга боғлиқ айрим қизиқарли статистик маълумотлар ва жамоа ҳаётидаги янгиликларни мухлислар билан баҳам кўрди.
* * *
«Навбаҳор» Қаршида «Насаф»га қарши кечган Лига кубоги доирасидаги 1-тур учрашуви (0:4)дан сўнг маълум муддатли таътилга чиққанди. 6 июнь куни эса жамоа аъзолари 11-турдан ўрин олган АГМК билан учрашувга тайёргарликни бошлашди. Айни пайт машғулотлар кунига 2 маҳал «Марказий» стадиони ҳамда унинг ёнидаги захира майдонида олиб борилмоқда. Унда «Навбаҳор»нинг барча футболчилари иштирок этишмоқда. Жумладан, енгил жароҳат туфайли «Андижон»га қарши баҳс (10-тур - 1:1)да майдонга тушолмаган дарвозабон Ўткир Юсупов ҳам сафга қайтди ва умумий машғулотларда астойдил тер тўкмоқда. Андрей Канчельскис шогирдлари 14 июнгача Наманганда шуғулланишади ва шу куни Олмалиқ шаҳрига йўл олишади.
* * *
«Навбаҳор»нинг ортда қолган 10та турдан кейинги статистик кўрсаткичларига назар ташласак, «лочинлар» 3та ғалаба, 5та дуранг ва 2 мағлубият қайд этишди. Тўплар нисбати: 15-11. Хуллас, 14 очко тўплаган жамоа турнир жадвалида 7-ўринни банд этиб турибди.
* * *
«Навбаҳор»нинг 15та голига 8 нафар футболчи муаллифлик қилди: Александр Касьян (6та, 1таси пенальтидан), Остон Ўрунов, Славко Лукич (2тадан), Аббос Ғуломов, Обид Жўрабоев, Азим Аҳмедов, Абдужамол Исроилов, Азиз Ибрагимов (1тадан). 5 нафар футболчи эса гол ҳаммуаллифига айланди: Иван Соловьёв (4та), Остон Ўрунов (3та), Аббос Ғуломов, Мирзоҳид Ғофуров (2тадан), Азим Аҳмедов (1та). Жамоанинг 2та голи пенальти ва жарима зарбасидан, яна бири эса рақиб тўпни қайтарганидан кейин урилди.
* * *
«Навбаҳор» устози Андрей Канчельскис 10та учрашувда 19 нафар футболчи хизматидан фойдаланди. 10та ўйинда ҳам иштирок этганлар сони - 8 нафар. Тўғри, фақат Мирзоҳид Ғофуров ва Жаҳонгир Меҳмонов барча баҳсларда тўлиқ - 90 дақиқадан ҳаракатланишди. Майдонга тушганлар орасида энг кам вақт тўп сургани Зафар Тўраев бўлиб, у бор-йўғи 37 дақиқа ўйнади. Азиз Ибрагимов эса 6та ўйинга захирадан қўшилиб, жами 83 дақиқа тўп сургани ҳолда 1та гол урди.
* * *
Александр Лян бошчилигидаги «Навбаҳор» ёшлар жамоаси U-18 чемпионати 3-4-турларида Шаҳрихон ҳамда Қўқонда тегишлича «Раш-Милк» ва «Турон» меҳмони бўлиб, ортда 6 очко билан қайтди. «Раш-Милк»ка қарши кечган ўйинда тўлиқ ташаббусга эришган «лочинлар» Довудхон Исмоилов (пенальти), Абдурасул Қаюмбоев ва Жамшид Ғаффаров урган голлар эвазига 3:0 ҳисобида ғалаба қозонишди. «Турон» эса 1:0 ҳисобида доғда қолдирилди (гол муаллифи - Ҳусан Аҳмадхонов). Шу тариқа қаторасига 3та ўйинда зафар қучган «Навбаҳор» ёшлар жамоаси (2-турда «Андижон-2» 3:2 ҳисобида мағлубиятга учратилганди) очколари сони 9тага етди. Александр Лян шогирдлари энди 13 июнь куни 5-тур доирасидаги баҳсда «Нефтчи»ни қабул қилишади.
* * *
«Навбаҳор» бош мураббийи Андрей Канчельскис футболчилик фаолияти давомида Россия термасида ёрқин из қолдиргани кўпчиликка маълум. Шундан бўлса керак, Евро-2020 саралашидан ўрин олган Россия - Сан-Марино ўйинида ўта йирик - 9:0 ҳисоби қайд этилгач, bombardir.ru сайти мухбирлари Андрей Антанасович фикрлари билан қизиқишди. «Сан-Марино ва Россия термаларининг битта гуруҳга тушганию, бу жамоа билан ўйнаш қанчалик фойдалиги эканлиги ҳақида ҳеч нарса деёлмайман. Лекин Европада бундай футболчилар билан ўйнаш - нотўғри, менимча. Саралаш доирасидаги бошқа ўйинларни ҳам кўрдим, улар нисбатан қизиқроқ туюлди. УЕФА раҳбарлари бу борада ўйлаб кўришлари керак. Балки Сан-Марино термасидек кучсиз жамоаларни саралашга қўймаган маъқулдир. Зеро, бундай ўйинни кўриш ачинарли. Ҳа, рекордга эришганимиз яхши, аммо бу рақибни исталган таркиб билан ютиш мумкин. Дзюба? Буни кўришнинг ўзи кулгули. У VIP-трибунага бориши ва яна кимдандир бўса олиши керак эди. Куч етадими? Кипр термаси билан ўйин учун куч тежаш керак. Лекин бундай термалардан қўрқсак, унда майдонга тушишдан маъно йўқ...», - деди Канчельскис.
* * *
Клубга тегишли яна бир эътиборли хабар: ЎФА томонидан маълум муддатга футболдан четлатилган 24 ёшли ярим ҳимоячи Азизбек Турғунбоев кейинги ой «Навбаҳор» таркибига қўшилади. Зеро, белгиланган дисквалификация муддати 9 июль куни якунланади. Демак, 26 июль кунига белгиланган 14-тур ўйини («Навбаҳор» - «Қизилқум») Турғунбоев учун жорий мавсум ҳисобидан илк расмий учрашув бўлиши эҳтимоли юқори.
Ўткирбек УМАРОВ тайёрлади.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20