Қайднома

Қидирув

Арсланмурат Аманов: «Локомотив»да барчамиз бир оиламиз»

Арсланмурат Аманов: «Локомотив»да барчамиз бир оиламиз»

  11.06.2019 11:50
  0
  420
Арсланмурат Аманов: «Локомотив»да барчамиз бир оиламиз»

Арсланмурат Аманов: «Локомотив»да барчамиз бир оиламиз»

Туркманистон миллий жамоаси футболчиси Арслонмурот Аманов жорий мавсум Тошкентнинг «Локомотив» клуби шарафини ҳимоя қилмоқда. Яқинда туркманистонлик журналистлар терма йиғини пайтида 29 ёшли ярим ҳимоячини суҳбатга чорлаб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

 

- Арсланмурат, Япония дарвозасига урган голингиз БААда ўтган Осиё кубоги-2019нинг энг чиройли голларидан бири бўлди. Ўшанда зарбангиздан кейин тўп соатига 113 километр тезликда учгани айтилди. Рақиб киперини қандай доғда қолдирганингиз эсингиздами? 35 метр узоқликдан дарвозани ишғол қилишни қай тариқа уддаладингиз?

- Бундай йирик турнирларда ҳар бир вазиятдан фойда чиқаришга уриниш, охиригача курашиш лозим. Осиё кубоги - қитъамиздаги энг нуфузли мусобақа саналади. Мазкур турнирда Япония термаси дарвозасини ишғол қилганимдан хурсандман. Японларнинг қандай кучга эга эканлигини, ўзимизнинг имкониятларимизни яхши билганимиз сабабли ҳимоядан ўйнадик. Аммо бир вазиятда рақиб ҳимоясида бўшлиқ вужудга келганда, узоқдан зарба йўллаш имкониятига эга бўлдим. Уринишим муваффақиятли чиқди.

- Осиё кубоги-2019даги Япония термасига қарши кечган дастлабки ўйинда Туркманистон ёмон ўйнамади. Аммо Ўзбекистон ва Уммон жамоалари билан ўтказилган кейинги учрашувлар ҳақида бундай дейиш қийин. Сизнингча, термамизнинг қитъа биринчилигида бу қадар суст қатнашишига нима сабаб бўлди?

- Осиё кубоги йўлланмасини қўлга киритганимиздан қувониб, турнирга астойдил тайёргарлик кўрдик. Аммо жанговар руҳ фақат Япония билан ўйинга етди, холос. Гарчи ютқазган бўлсакда, ўша учрашувда яхши жиҳатларимизни кўрсатгандик. Қолган баҳсларда тажриба етишмади. Бироқ бу билан биз ёмон иштирок этдик ёки кучсизмиз демаган бўлардим. Гуруҳдан чиқишни жуда хоҳлагандик. Бу мақсад йўлида кучни тўғри тақсимлаган ҳолда босқичма-босқич чиқиш керак эди. Биз эса Ўзбекистонга қарши кечган иккинчи учрашувда рақибни ўз ўйинимизга мослаштиришга уриндик, лекин малакасизлик панд берди.

- Осиё кубоги-2019дан кейин Тошкентнинг «Локомотив» клубидан таклиф олдингиз. Ўзбекистон чемпиони таркибига қўшилишга қарор қилиш осон бўлмагандир?

- Йўқ. Аввалроқ ўзбек ОАВга берган интервьюда мазкур жамоага ўтишимда унинг чемпион эканлиги асосий ролни ўйнамаганини таъкидлагандим. «Локомотив» клуб сифатида ҳамиша ёққан. Нафақат менга, Ўзбекистондаги кўпчиликка ёқади. Бу жамоа ҳақли равишда мамлакат чемпионлигини нишонлади. Бу ерда қатъий тартиб-интизом ўрнатилган, футболчилар савияси юқори, бундай клубда тўп суриш ёқимли. Шу боис, бошқа жамоалардан тушган таклифларга қарамай, «Локомотив»ни танладим.

- Сир бўлмаса, қайси мамлакатлардан таклифлар бўлди?

- Нафақат Ўзбекистон, балки бошқа давлатлардаги жамоалар ҳам мени ўз таркибларида кўришни хоҳлашганди. Фаолиятимни давом эттиришим учун камида бешта вариант бор эди, аммо айнан қаердан эканлигини айтмайман.

- Янги клубингиздаги ҳолатингиздан мамнунмисиз?

- Худога шукр, ҳозир ҳаммаси жойида. Жамоа ажойиб, раҳбарият мени илиқ қарши олди. «Локо»да ўзимни қулай ҳис этяпман, клубда барчамиз бир оиламиз. Таркибга янги ўйинчи қўшилса, «Оиламизга хуш келибсан!» деймиз. Шу боис мослашиш жараёнида қийналмадим.

- ОФК Чемпионлар Лигасидаги дебютингиз, «Локомотив»нинг ушбу турнирдаги иштироки ҳақида нима дейсиз?

- Жамоамизнинг ОЧЛдаги ўйинини кўрганлар ёмон қатнашди демаслиги турган гап. Бизга футболда муҳим саналадиган омад етишмади. Дарвозамизга урилган голларнинг аксарияти ўзимизнинг хатоларимиз оқибатида юз берди. Чемпионлар Лигаси - ички чемпионат эмас, у ерда хатоларни тузатишга вақт бўлмайди.

- Жорий мавсум «Локомотив» олдига қандай вазифа қўйилган?

- Ушбу клуб ўз олдига ҳамиша юксак мақсадлар қўяди. Бу йил ҳам Ўзбекистон чемпионати ва кубогида ғолиб чиқмоқчимиз. Бошқа бир мақсадимиз ОЧЛда муваффақият қозониш эди, лекин юқорида айтганимдек, омад камлик қилди. Ички чемпионатда эса ҳали ҳаммаси олдинда.

- Туркманистон термасида ўйнашни соғиндингизми?

- Албатта! Миллий жамоадан таклиф олиш ҳамиша ёқимли. Мамлакат термасида бажонидил ўйнайман, бу ҳар бир футболчи учун шараф.

- Термадаги хорватиялик мутахассисларнинг иши ёқяптими?

- Бу янги мураббийлар штаби бошчилигидаги дастлабки йиғиним. Машғулотлар яхши ўтяпти. Қолганини вақт кўрсатади.

Ж.БОБОХОНОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz