Қайднома

Қидирув

Хотира: Жасорат ва садоқат...

Хотира: Жасорат ва садоқат...

  11.06.2019 12:53
  0
  134
Хотира: Жасорат ва садоқат...

Ўз вақтида «Пахтакор» сафидаги ўйинлари орқали тошкентлик мухлисларга қувонч улашган етук футболчи Юрий Загуменних агар ҳозир ҳаёт бўлганида 7 июнь куни 72 ёшни қаршиларди. Шу муносабат билан ушбу етук шахснинг яшил майдон ва унинг ташқарисидаги ҳаёт тарзини ёдга олишга қарор қилдик.

Юрий Узоқ Шарқда, машҳур футболчилар ва номдор жамоалар ҳақида фақат эшитиш ва ўқиш мумкин бўлган ўлкада туғилган, бу ерларга катта футбол 70-йиллардагина телевизор орқали кириб келган. 1964 йили «Луч»нинг ўша пайтдаги мураббийи Александр Кочетков Юрийни жамоасига олди. Унга тезкор ҳимоячининг ўйини маъқул тушганди. Загуменних кеча-ю кундуз шуғулланган, машғулотлардан сўнг тўпли хоккей ўйнашга ҳам улгурган.

Дастлаб марказий ҳимояда тўп суриб, кейинчалик қанотга ўтган. 1970 йили «Луч» мамлакат кубоги доирасидаги баҳсда «Зенит»га рақиблик қилди. Ўйиндан кейин «Зенит» устози Е. Горянский Юрийни таклиф қилганида, ёш йигитча шундай деб уни ҳайрон қолдирганди: «Фақат ўринбосарлар сафида ўйнамайман. Ўйиним ёқса, асосий таркибга қўясиз, акс ҳолда, уйга кетаман». Бундай дағал муносабат мураббийларни ҳайрон қолдирди ва... СКА (Ростов)га қарши ўйинда янги футболчини «асосий»да туширишди. Юрий «Зенит»да беш йил чап қанот ҳимоясида ўйнади. Гарчи техника бобида аксарият ўйинчилардан ортда қолсада, астойдил шуғулланди, ҳар бир машғулотдан кейин мустақил ишлади. Ўзига ишончи ортди, ҳужумларга қўшила бошлади. Айниқса, 1972 йилги мавсум унинг учун омадли келди, «Зенит» чемпионатда 7-ўринни эгаллади. Мутахассислар Загуменнихнинг ўйинини юқори баҳолашди, Юрий мавсум якунига кўра мавсумнинг 33 нафар энг яхши футболчилари сафидан ўрин олди, спорт устаси унвонига лойиқ кўрилди, термага чақирилди.

Аммо кутилмаганда нохуш ҳодиса рўй берди. Қиш пайти баскетбол ўйнаётганда, ерга ноқулай йиқилиш оқибатида футболчининг умуртқаси жиддий жароҳатланди. Даволаниш жараёнига етти ой кетди. Шифохонадан чиқиб, бир йил махсус корсет тақиб юрди. Ортиқча ҳаракатланиш, эгилиш мумкин эмасди.

Загуменних иккинчи гуруҳ ногирони деб топилди, унга нафақа белгиланди. Шифокорлар фақат ўтириб ишлашга рухсат беришди. Аммо Юра ҳаётини футболсиз тасаввур қилолмасди. Унинг феъл-атвори осон енгилишга изн бермасди. У дастлаб ётган ҳолда резина жгутлар ёрдамида машқлар бажарди. Корсет ечилганидан кейин эса оёқ мушакларига ҳам ишлади. Ўзини яхши ҳис қилгач, тез юришни, сўнгра аста-секин югуришни бошлади.

1976 йилнинг охирида «Пахтакор»нинг олий лига йўлланмасини қўлга киритолмаслиги ойдинлашгач, Тошкент жамоасига Александр Кочетков таклиф этилди. Ушбу мутахассис Юрий билан рўй берган воқеалардан хабардор эди, шунга қарамай уни «Пахтакор»га чақирди. Кочетков ўз шогирдининг футболга муносабатини, Загуменнихнинг ниятига етишгунича тинмаслигини яхши биларди. Чуқур тиббий таҳлиллардан сўнг шифокорлар, кутилмаганда, Юрийнинг тўлиқ соғайгани ва ўйнаши мумкинлигини аниқлашди. Икки йиллик танаффусдан сўнг Юра 30 ёшида футболга қайтди.

Загуменних «Пахтакор» сафида илк марта чемпионат-77нинг илк ўйинидаёқ майдонга тушди ва эътиборлиси, кейинги икки ярим мавсум давомида жамоанинг энг барқарор футболчиси бўлди. 1977 йили 37та учрашувни тўлиқ ўтказди. «Ахир бу биринчи лига, рақиблар кучли эмас», деб ўйлаши мумкин ўқувчи. Лекин худди шундай ҳолат 1978 йилда, «Пахтакор» олий лигада қатнашаётганда ҳам такрорланди - 28та ўйин (атиги иккита учрашувни ўтказиб юборди). Муҳими, Юрий майдонда шунчаки югурмай, жамоасига катта фойда келтирарди.

Юранинг ҳисобида биринчи дивизионда 4та, олий лигада 2та гол бор. Қайси жамоалар дарвозасини ишғол қилган? «Спартак» (Оржоникидзе, «Пахтакор» 6:3 ҳисобида ғалаба қозонган), «Спартак» (Ивано-Франковск, 2:0), «Динамо» (ҳозирги Санкт-Петербург, 3:2), «Рубин» (Қозон, 4:0), «Динамо» (Тбилиси, 3:0). «Пахтакорчилар» фақатгина 1979 йил чемпиони - Москва «Спартак»ига ютқазишганида (1:3) ҳам тошкентликларнинг ягона голи Загуменних ҳисобига ёзилганди. Бундан кўринадики, Юрий тўп киритган ўйинларда «Пахтакор» фақат ғалабага эришган.

Бу воқеа қийинчиликларни бошдан кечираётган, руҳий кўмакка муҳтожлар учун айни муддао. Юранинг ёнида рафиқаси Люда мунтазам қўллаб-қувватлаган: қувончли кунларда ҳам, қайғулисида ҳам. Турмуш ўртоғи Загуменнихнинг футболга қандай меҳр қўйганини эсларкан, унинг ўйинларга ҳамиша тайёр туришидан ҳайратланганини яширмасди. Ўғли Серёжа - ажойиб спортчи (сузиш билан шуғулланган). Айни пайт тадбиркорлик билан банд.

Оила аъзолари Юрани тез-тез эслашади, унинг ўйин пайтидаги ва дўстлари билан тушган суратларини кўз қорачиғидек асрашади. Дарвоқе, 1983 йилдан буён Владивостокда Юрий Загуменних хотирасига бағишлаб ёшлар жамоалари ўртасида хотира турнири ўтказиб келинади.

Хуллас, «пахтакорчи» Юрий Загуменнихга ҳаётидаги мураккабликларга қарамай ўзи танлаган соҳа - футбол йўлида жасорат ва фидойилик кўрсатгани учун раҳмат айтамиз.

 

«Загуменних Юрий Тимофеевич 1947 йилнинг 7 июнида Владивостокда туғилган. 1961 йилдан Дальзавод ёшлар жамоасида ўйнашни бошлаган. «Луч» (1964-1969), «Зенит» (1970-1975), «Пахтакор» (1977-1979) клубларида тўп сурган. Жисмоний бақувват, чапдаст, тезкор бўлган. Загуменних чидамлилиги, тўпни олиб қўйишдаги фаоллиги, ён чизиқдан тўпни қўл билан узатиш орқали рақиб жарима майдончасида хавфли вазиятлар яратиши билан ажралиб турарди».

«Футбол энциклопедияси», 1997 йил.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Сиз Эктор Купер миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 (Қатар)га олиб бора олишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz