Қайднома

Қидирув

Мағлубият душмани ёки яна Эден Азар хусусида...

Мағлубият душмани ёки яна Эден Азар хусусида...

  12.06.2019 15:54
  0
  563
Мағлубият душмани ёки яна Эден Азар хусусида...

«Челси» Эден Азар гол урган уй учрашувларида бирор марта ютқазмаган! Бу барча турнирлар доирасидаги ўйинларга дахлдор факт. Ҳа, бельгиялик ярим ҳимоячи «Стэмфорд Бриж»да мағлубиятнинг бош душмани ролида гавдаланди. Бироқ кутилганидек, лондонликлар шундай хушқадам футболчини «Реал»га сотишдан ўзга чора тополмадилар. Бошқача айтганда, Эден охир-оқибат, ниятига етди - энди Мадридда Зайниддин Зидан қўл остида ўйнайди. Аслида «Челси» фанатлари анчадан буён ўзларини бундай айрилиққа руҳан тайёрлаётгандилар, лекин трансфер амалга ошмаслиги, келишув бузилишига умид боғлашганди, барибир...

 

Азар Лондондаги 7 йиллик фаолияти давомида катта юлдузлар қаторига қўшилди, имкони бор деярли барча жамоавий совринларга эга чиқди. Унинг «Челси» белгиси остидаги коллекцияси бус-бутун бўлишига биргина Европа Чемпионлар Лигаси кубоги етишмади. Бельгиялик ярим ҳимоячи энди «шалпангқулоқ»ни «Қироллик клуби» билан ютишга уриниб кўради. Алоҳида таъкидлаш керак, Азар шахс сифатида «Челси» фанатлари ёқимтойига айланди, шунингдек, унинг ўзи ҳам «Стэмфорд Бриж»ни қаттиқ яхши кўриб қолди. Дейлик, у «Челси» билан хайрлашиши аниқлигига қарамай, клубнинг мавсум-2019|2020 учун мўлжалланган янги формасини намойиш этишда бевосита қатнашди. Биламизки, одатда бундай тақдимот тадбирларига жамоадан кетиши кутилаётган футболчини таклиф қилишмайди. Лекин Азарни чақиришди, зеро, у бошқача-да, барибир. Дарвоқе, янги формага «Челси»нинг уй аренасини англатувчи нақш ҳам туширилган. «Стэмфорд Бриж» - беҳисоб ажиб дамлар ва ёрқин хотираларимизга гувоҳ бўлган қадрдон уйимиз. Ўз фанатларимиз қаршисида майдонга тушсак, барчаси дарҳол ўз ўрнига тушади. Ўйинчилик формасида шундай бетакрор стадионнинг бир бўлагини кўтариб юриш - шараф», - деганди Азар ўша тадбир якунида. «Челси»нинг уй стадиони бельгиялик учун чиндан ҳам, алоҳида ўрин тутади. Биринчи навбатда, муҳим голлар туфайли. Қолаверса, у «Стэмфорд»да идеал статистика қайд этди - жами 50та ўйин, 42 ғалаба, 8та дуранг. Демак, мағлубият йўқ.

Энди барчасини рақамлар ёрдамида ифода этамиз. Азар АПЛ доирасидаги жами 42та уй учрашувида гол урди ва «Челси» улардан 37тасида ғалаба қозониб, 5 бора дуранг натижага кўнди. Эденнинг ўзи бу ўйинларда рақиблар дарвозасини 53 марта нишонга олди. Ҳа, ҳаммаси тўғри - «аристократлар» охирги 7 мавсум бадалига Азар гол урган уй баҳсларининг бирортасини бой беришгани йўқ.

Англия кубоги баҳсларига келсак, Азар «Стэмфорд Бриж»даги 1та ўйиндагина гол урди. Гап 2016 йилнинг февралида «Манчестер Сити»га қарши кечган баҳс ҳақида кетмоқда. Ўшанда «аристократлар» «шаҳарликлар»га заррача имконият қолдирмагандилар - 5:1. Англия Лига кубоги эса алоҳида тарих ҳисобланади. Азар бу турнирда 2012 йилнинг октябрида «МЮ»га қарши кечган баҳсда гол урган (пенальтидан). Якунда «Челси» «овертайм»да ғалабани ўз томонига оғдириб (5:4), «Стэмфорд Бриж»ни шодликка тўлдирганди. Шу-шу Лига кубогининг «Стэмфорд»даги ўйинларида бошқа гол уролмаган Эден фақат якунланган мавсум ушбу нохуш серияга барҳам бериб, 2та ўйинда ўз номини таблога ёздириб қўйди. Табиийки, уларда ғалаба «Челси»га насиб этди - «Борнмут» 1:0, ва «Тоттенхэм» 2:1 ҳисобида доғда қолдирилди. Бельгиялик футболчи Чемпионлар Лигасида ҳам «Челси»нинг 3та уй ўйинида гол урди ва жамоа уларнинг бирида ғалаба қозониб, 2тасида дуранг натижа қайд этди. Тўғри, шу жойда битта қўшимча маълумот: Азар гол урган учрашувлардан бири «ПСЖ»га қарши кечган ва 2:2 ҳисобида якунланган. Аммо «Челси» «сафарда урилган гол устунлиги» қоидаси туфайли ЧЛдан чиқиб кетганди. Эден шунингдек, ЕЛ доирасида «Стэмфорд»да кечган 1та ўйинда рақиб дарвозасига йўл топган. Аниқроқ айтсак, у мавсум-2012|2013да «Спарта»га қарши баҳсда «Челси»ни мағлубиятдан қутқариб қолганди.

Хуллас, Азар «Челси»даги фаолияти давомида «Стэмфорд Бриж»да бўлган нақ 50та ўйинда гол урган бўлса, жамоа уларнинг ҳеч бирида ютқазгани йўқ. Шундай экан, бельгиялик юлдуз стадион билан муносиб хайрлашди - енгилмас ёхуд мағлубиятнинг бош душмани.

 

Эден Азар гол урган ўйинлар

(фақат АПЛ доирасидаги уй учрашувлари) натижаси

 

Мавсум-2012|2013: 6та ўйинда 6та гол (5та ғалаба ва 1та дуранг)

Мавсум-2013|2014: 7та ўйинда 10та гол (6та ғалаба ва 1та дуранг)

Мавсум-2014|2015: 9та ўйинда 9та гол (9та ғалаба)

Мавсум-2015|2016: 1та ўйинда 1та гол (1та дуранг)

Мавсум-2016|2017: 10та ўйинда 12та гол (10та ғалаба)

Мавсум-2017|2018: 2та ўйинда 4та гол (2та ғалаба)

Мавсум-2018|2019: 7та ўйинда 11та гол (5та ғалаба ва 2та дуранг)

Жами: 42та ўйинда 53та гол(37та ғалаба ва 5та дуранг)

Айтганча, Азар «Реал» тарихидаги энг қимматбаҳо футболчи!

Эден Азар ниҳоят, «Реал» сафига қўшилди ва 2024 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган шартнома остига имзо чекди. 28 ёшли бельгияликнинг трансфери турли бонус тўловларини қўшиб ҳисоблаганда, 130 миллион фунт стерлингга баҳоланди. Бонуссиз сумма эса - 88,5 миллион фунт.

The Telegraph нашрининг хабар беришича, бонус тўловлари учун белгиланган шартлар у қадар мураккаб эмас ва «Челси» кўзда тутилган қўшимча суммани тўлиқ олишга ишонмоқда. Умуман олганда, Азар «Реал» тарихидаги энг қимматбаҳо футболчига айланди. «Қироллик клуби» охирги марта Гарет Бэйлни сотиб олишда ўзининг трансфер рекордини янгилаганди. Эслатма, мадридликлар уэльслик футболчи учун 2013 йили «Тоттенхэм»га 85,3 млн. фунт стерлинг тўлашган. «Реал»га алоқадор «Твиттер» аккаунтида хабар берилишича, Мадрид клубининг Барселонадаги «Эль-Прат» аэропорти яқинида жойлашган дўконида бельгиялик футболчи фамилияси туширилган формалар сотувга чиқарилган. Эден «Реал»да бунга қадар Криштиану Роналдуга тегишли бўлган 7-рақам остида тўп суради.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz