«Валенсия» раҳбарияти гарчи кўриш қобилиятини йўқотган бўлсада, ҳар бир уй учрашувида жамоани бевосита стадионда қўллаб-қувватлаган мухлисга муносиб жавоб қайтарди. Эндиликда кўзи ожиз фидоий фанат ўтирган жойда унинг шарафига ўрнатилган ҳайкал бор.
«Валенсия» март ойида ўзининг 100 йиллик юбилейини нишонлади. Айнан байрам тантаналари чоғи клубнинг уй аренаси - «Месталья» трибуналаридан бирида алоҳида муҳаббатга аталган махсус ҳайкал пайдо бўлди. «Валенсия» раҳбарияти шу ҳаракати билан мухлисларга муносабати қандайлигини кўрсатиб қўйди. Бронзадан ясалган ҳайкал жамоанинг энг садоқатли фанатларидан бири - Висенте Наварро Апарисио шарафига ўрнатилди. У 1928 йили туғилган бўлиб, 20 ёшидаёқ «Валенсия» фан-клубига кирган. Апарисио шу-шу ҳар Валенсиядаги бирор учрашувни ўтказиб юбормаган. Ҳаттоки, 1982 йили кўриш қобилиятини бутунлай йўқотганидан ке-йин ҳам «Валенсия»нинг ўз майдонидаги ҳар бир ўйинида стадионда ўтириб, суюкли футболчиларни қўллаб-қувватлашда давом этган. Қолаверса, 1993 йилга қадар телевизор экранига мўлтиллаб, «Валенсия»нинг сафардаги учрашувлари шарҳини тинглаган. «Биз «Месталья»га ҳамиша бирга борардик. У гарчи воқеаларни кўролмасада, аренадаги муҳитдан ўзгача завқланарди. Қолаверса, ўйиннинг ҳар бир вазиятини айтиб туришга ҳаракат қилардим. Хуллас, отам кўриш қобилиятини йўқотган бўлсада, клубга муҳаббатини асло йўқотмади. У шу тариқа жамоа фахрига айланди. Дейлик, стадионда ҳамма отамни яхши биларди. Дейлик, бир сафар, «Лацио»га қарши ўйиндан олдин чипталарни уйда унутиб қолдирганимизда ҳам, бизни ҳеч қандай муаммосиз стадионга киритишганди», - дея ҳикоя қилади Висенте бобонинг ўғли.
Марказий трибуна, 15-қатор, 164-ўрин - Апарисио ҳаётининг охирги дамларигача айнан шу жойда ўтирган. У ўзи учун энг бахтли давр сифатида 2004 йилни тилга олганди. Зеро, севимли жамоаси ўшанда Испания чемпионати ғолибига айланган эди. Бундан 2 ойча муқаддам «Валенсия» ижтимоий тармоқдаги саҳифасига алоҳида видеоёзув жойлаштирди. Унда Висенте Наварронинг ўғли отаси ва клуб ўртасидаги мислсиз муҳаббат тарихи ҳақида ҳикоя қилган. Айтишича, отаси билан бирга кузатган илк ўйини - бу 1967 йилги Испания кубоги турнири финали. Ота-бола шундан буён бирор уй учрашувини қолдирган эмаслар. Кўзи ожиз фанат оилавий тақвимда ҳаттоки, «Валенсия»нинг 100 йиллик юбилейи санасини белгилаб қўйган экан. 2 июнь куни шу фидоий мухлис муҳаббати «Твиттер» кенгликларига ҳам ёйилди. Натижада Emma аккаунтидаги биргина лавҳага 8,7 минг садо берилди, 43 минг лайк босилди ва 343 изоҳ қолдирилди. «Валенсия»нинг инглиз аккаунти эса ҳикояни ўзгача шарҳлади: «Бу биз яшаб турган 100 йилликдаги энг таъсирли тарих. Шундай ажиб муҳаббат тафсилотини баҳам кўрганингиз учун раҳмат».
Тушунарлики, «Валенсия» раҳбариятининг муносиб жавоби бутун дунёда бирдек олқишланмоқда. Энди ёз бўйи «Месталья»га ташриф буюрувчилар сафи узилмаса, ажабмас. Ҳозирда экскурсия хизмати йўлга қўйилган ва сайёҳлар стадиондаги кийиниш хоналари, матбуот маркази, асосийси, Висенте Наварро Апарисио ўтирган жойда бўлиш имкониятига эгалар.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20