Қайднома

Қидирув

Эски бутса фойдаси

Эски бутса фойдаси

  13.06.2019 03:17
  0
  181
Эски бутса фойдаси

«Астон Вилла» Чемпионшип «плей-офф» босқичи финалида «Дерби Каунти»ни 2:1 ҳисобида енгди ва 3 йиллик танаффусдан кейин АПЛга қайтди. Жамоанинг бош юлдузи - Жек Грилиш ҳал қилувчи баҳсда гол ургани йўқ, лекин ўз наздида омад келтирувчи эскигина бутсада тўп суриб, ғалабага муносиб улуш қўшди. Футболчи март ойидан эътиборан шу - Nike Phantom III бутсасидан фойдалана бошлаганди. Оддий айтганда, Грилиш «Дерби»га қарши кечган сафар ўйини (4:0)да жароҳатланганидан кейин негадир бисотидаги энг эски бутсалардан бирини қайта оёққа олди ва мавсум охирига қадар уни алмаштиргани йўқ. Қарангки, «Астон Вилла» бу оралиқда мавсумни ақл бовар даражада яхши якунлади: 12та ғалаба (жумладан, 10та ўйинга чўзилган ғолибона одим), 1та дуранг ва 2тагина мағлубият.

Хуллас, «Лидс» билан ўйинда дуранг қайд этилгач, Грилиш мавсум якунигача бутсасини алмаштирмасликка қарор қилди. Бунинг натижаси - «Вилла» АПЛ йўлланмасини қўлга киритди. «Жароҳатдан кейинги тикланиш вақтида эски бутсам оёғимга яхши тушганини ҳис қилдим. Кейин расмий учрашувларда ҳам ундан фойдаланишга қарор қилдим. Адашмабман, эски бутсада кўплаб голлар урдим, самарали узатмаларга муаллифлик қилдим. Менимча, у менга омад келтирди. Хуллас, мавсумнинг ҳал қилувчи қисмини яхши ўтказганимда бутсанинг аҳамияти катта. Таърифлашга тилим ожиз. Айниқса, охирги ўйин оғир кечди. АПЛга чиқиш мен учун худдики, ҳаёт-мамот масаласи эди. Зеро, жамоамиз қайси дивизионда ўйнашга муносиблигини жуда яхши биламиз. «Вилла» элитадан тушиб кетганида, клубда қолиш юзасидан заррача иккиланган эмасдим. Мана, маълум муддатдан кейин қайтдик. Болалигимдан менга ўта қадрли саналган жамоани АПЛга кўтарилишига ҳисса қўшганимдан бахтиёрман», - деди Грилиш Sky журналистлари билан суҳбатда.

Жекнинг кумири - Жорж Бест. Умуман, унинг фаолияти анча қизиқарли тус олган. 15 ёшли йигитча Sky Sports орқали Жорж Бестга бағишланган ҳужжатли фильмни кўрадию, Шимолий ирландиялик буюк футболчининг дриблинг маҳорати ва башанг юриш-туришига шунчаки, маҳлиё бўлади. Шу тариқа Жек ҳам машғулотлар, ҳам майдон четида «Бешинчи битл» («МЮ» афсонаси лақаби)га ўхшашликка ҳаракат қилади, ундан нусха олишга уринади.

Ирландия терма жамоаси ихтиёрига боришдан бош тортиш Грилишга боғлиқ ягона можароли ҳолат эмас. У 23 ёшли пайти ўз кумири - Жорж  Бестдан ортда қолмасликни ўйлаганми, Тенерифе кўчаларида сархуш ҳолатда кўриниш берганди. Яхшигина пул топадиган йигитлар баъзан шундай талтайиб кетишади. Муҳими, Жек барчасини вақтида тўхтатиб, яна футболни 1-ўринга қўйди. Энди у «Астон Вилла» етакчиси, қолаверса, «Тоттенхэм» эътиборига тушди. Тўғри, Жек «Вилла»да қолса керак, барибир.

Грилиш якунланган мавсум 34та ўйинни асосий таркибда бошлади, 6та гол урди, яна 7та самарали узатма муаллифига айланди. Асосий факт: Жек «Вилла»нинг 14 фоиз голида бевосита иштирок этди. Whoscored ҳисоб-китобларига кўра, унинг бошқа кўрсаткичлари ҳам яхши: узатмалар аниқлиги - 87 фоиз, ўртача баҳо - 7,42. Қолаверса, Грилиш 7 марта жамоасининг ўйиндаги энг яхши футболчиси бўлди. Буларнинг самараси ўлароқ, ўйинчининг трансфер баҳоси 2 йил ичида 5 млн. евродан 20 «лимон»га кўтарилди. «Вилла» - жонажон клубим. Томирларимда шу жамоа қони оқмоқда. Бош мақсадим - «Вилла» билан бирга бўлиш, унинг учун қанча талаб этилса, шунча ўйнаш. Биламан, энг оғир иш энди бошланмоқда. Демак, машғулотларда янада кўп тер тўкишим керак. Бутун ҳафта давомида, айниқса, ўйин кунлари асосий жамоа билан бирга бўлишга муносиб эканлигимни исботлашнинг бошқа йўли йўқ» - бу Жекнинг бир неча йил олдинги фикри.

Чемпионшип «плей-офф» босқичи финали ғолиби - «Астон Вилла» худди АПЛ йўлланмасини тўғридан-тўғри қўлга киритган бошқа жамоалар каби кейинги 3 мавсум давомида камида 180 млн. фунт олади: АПЛдан - 97 млн., парашют тўлов (лигадан юқорилагани учун) - 78 млн., бонус - 5 млн. (Англия футбол лигасидан).

Абдураҳмонхўжа Аҳмедов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Сиз Эктор Купер миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 (Қатар)га олиб бора олишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz