Қайднома

Қидирув

Финалнинг энг яхшиси ёхуд ЧЛ финалида энг яхши футболчи мақомини олганлар

Финалнинг энг яхшиси ёхуд ЧЛ финалида энг яхши футболчи мақомини олганлар

  13.06.2019 05:23
  0
  131
Финалнинг энг яхшиси ёхуд ЧЛ финалида энг яхши футболчи мақомини олганлар

Аввало, айтиш керак, янги асрда Европа Чемпионлар Лигаси ҳал қилувчи баҳсининг энг яхши футболчиси сифатида тан олинганлар орасида тасодифий қаҳрамонлар йўқ - фақат буюкларгина олий эътирофга сазовор бўлишган. Мана, улар сафини яна бир ёрқин ижрочи - Виржиль ван Дейк тўлдирди. Демак, навбатдаги фотожамланмамиз ўтмишни қўмсайдиганлар учун - XXI асрда ЧЛ финали бош қаҳрамони рутбаси кимларга насиб этган ва нима учун?

ЧЛ-2000|2001: Оливер КАН («Бавария»; Германия)

Финал: «Бавария» - «Валенсия» - 1:1 (пен. бўйича - 5:4)

Дарвозабонлар финали. Агар кубокни миллий терма жамоамизнинг амалдаги бош мураббийи Эктор Купер бошқарган «Валенсия» олганида, «кўршапалаклар»дан айнан голкипер Сантьяго Канисарес энг яхши ўйинчи сифатида тан олинарди. Бироқ пенальтилар сериясида ҳал қилувчи зарбани бартараф этган Оливер Кан барчасини «Бавария» томон буриб юборганди.

 

ЧЛ-2001|2002: Зайниддин

ЗИДАН («Реал»; Франция)

Финал: «Реал» - «Байер» - 2:1

Буюк Зизу битта такрорланмас зарбаси туфайли финал қаҳрамонига айланди. Оҳ, қандай зарба! Ҳам муҳим, ҳам идеал, ҳам нодир. Зидан ҳалигача ўша узатма учун Роберто Карлосдан қарзини узмаган бўлса керак...

ЧЛ-2002|2003: Паоло МАЛЬДИНИ («Милан»; Италия)

Финал: «Милан» - «Ювентус» - 0:0 (пен. бўйича - 3:2)

Жамоаларнинг ижодкорлик бобидаги фаоллигини назарда тутсак, ўта зерикарли финал. Лекин ҳимоявий футболнинг тантанаси. Хусусан, «Милан»нинг букилмас иродаси - Паоло Мальдини «Юве» ҳужумчиларини зарарсизлантириш борасида мастер-сабоқ кўрсатди. Хуллас, Алессандро Дель Пьеро, Давид Трезеге ва Марсело Салайета қизил-қора тусли «девор» олдида ҳеч нарса қилолмадилар.

 

ЧЛ-2003|2004: ДЕКУ («Порту»; Португалия)

Финал: «Порту» - «Монако» - 3:0

Ўша мавсум гранд клублар «сайр»га чиқишди ва финалда иккинчи даражали «Монако» ҳамда «Порту» тўқнаш келди. Ғолиб - «аждаҳолар» сафида айниқса, бутун майдон марказида ҳукмронлик қилган Деку ажралиб турди. Асли бразилиялик диспетчер хусусан, 2-голни ўзи урди.

ЧЛ-2004|2005: Стивен ЖЕРРАРД («Ливерпуль»; Англия)

Финал: «Ливерпуль» - «Милан» - 3:3 (пен. бўйича - 3:2)

«Истанбул мўъжизаси»нинг бош дирижёри. Аслида Стивен Жеррард биринчи бўлимда бутун «Ливерпуль» каби ўта ношуд кўринди, лекин у танаффусдан кейин ўша 6 дақиқалик вақт оралиғида «Милан» учун ҳақиқий «қўрқинчли махлуқ»қа айланиб, барчасини буткул ўзгартириб юборди.

 

ЧЛ-2005|2006: Самуэль ЭТО~О («Барселона»; Камерун)

Финал: «Барселона» -

«Арсенал» - 2:1

«Барса» финалнинг катта қисмида ҳисобда ортда борди, ваҳоланки, рақиб эрта вақтда озчилик бўлиб қолганди. Самуэль Это~О эса 76-дақиқада ғалабага йўл очган гол муаллифига айланиб, «Барса»нинг катта ғалабаларга бой янги даврини бошлаб берди.

ЧЛ-2006|2007: Филиппо ИНЗАГИ («Милан»; Италия)

Финал: «Милан» -

«Ливерпуль» - 2:1

Агар футболчи финалда 2та гол урса ва жамоаси 2:1 ҳисобида ғалаба қозонса, бош қаҳрамон хусусида бош қотиришга ҳожат қолмайди. Аввалига жарима зарбасидан фойдаланган Инзаги кейин ўз усулини ишга солди - «офсайд» чизиғидан қочиб, «дубл»ни расмийлаштирди.

 

ЧЛ-2007|2008: Эдвин ван дер САР («МЮ»; Голландия)

Финал: «МЮ» - «Челси» - 1:1 (пен. бўйича - 6:5)

Москва финалида ҳужумкор футбол тантана қилмади ва барчаси пенальтилар сериясига қадалди. Шунда бўйдор Эдвин ван дер Сар қандайдир йўл билан Жон Террини «чўчитди», кейин Николя Анельканинг ҳал қилувчи зарбасини ҳам тўсди.

 

ЧЛ-2008|2009: Хави

(«Барселона»; Испания)

Финал: «Барселона» - «МЮ» - 2:0

«Барселона» Самуэль Это~О ва Лионель Месси урган голлар эвазига устун чиқди. Лекин ғалабада майдон марказида тўлиқ ташаббус ва тўп назоратини таъминлаган бош «меъмор» - Хави катта роль бажарди. У хусусан, худди радиобошқарув воситасида тўпни Мессига узатди ва аргентиналик боши билан гол урди.

 

ЧЛ-2009|2010: Диего МИЛИТО («Интер»; Аргентина)

Финал: «Интер» - «Бавария» - 2:0

Диего Милито худди Филиппо Инзаги каби жамоасининг ҳар икки голига муаллифлик қилди. Битта фарқи шуки, аргентиналик ҳужумчи Миланнинг бошқа клуби - «Интер» ва Жозе Моуриньо ғалабасини таъминлади.

 

ЧЛ-2010|2011: Лионель МЕССИ («Барселона»; Аргентина)

Финал: «Барселона» - «МЮ» - 3:1

«Барса» ва «МЮ» 2 йиллик танаффусдан кейин яна финалда. Месси бу сафар ғалаба голини уришдан ташқари, нақ 10та муваффақиятли алдаб ўтиш уринишини амалга оширди (финал рекорди). Умуман, «қизил иблислар» ўша ўйинда Леони тўхтатиб қолиш имконини мутлақо тополмагандилар.

 

ЧЛ-2011|2012: Дидье ДРОГБА («Челси»; Кот-д~Ивуар)

Финал: «Челси» - «Бавария» - 1:1 (пен. бўйича - 4:3)

«Челси» мутлақ иккинчи рақам остида ўйнаб, мақсадга эришди, яна рақиб майдонида. «Кўклар» Дидье Дрогбасиз «сенсация» кўтаролмасдилар, албатта. Кот-д~ивуарлик голеадор аввалига ҳаммаси тугагандек кўринган паллада ўйинни «овертайм»га чўзди, кейин эса ҳал қилувчи пенальтини совуққонлик билан тепди.

 

ЧЛ-2012|2013: Арьен РОББЕН («Бавария»; Голландия)

Финал: «Бавария» -

«Боруссия» Д. - 2:1

Арьен Роббен бунга қадар бир неча финалларда омадсизликка йўлиққанди: ЖЧ-2010да бирга-бир вазиятдан фойдаланолмади, «Челси»га қарши кечган ЧЛнинг олдинги финалида эса пенальтини кўкка совурди. Шу муваффақиятсизликлардан сўнг голландиялик футболчи ниҳоят, мутлақ қаҳрамон бўлди: аввалига Марио Манжукич голига асос солди, кейин ўйиннинг асосий вақти тугаб бораётган паллада «Боруссия» дарвозасини ўзи ишғол қилди.

 

ЧЛ-2013|2014: Анхель ди МАРИЯ («Реал»; Аргентина)

Финал: «Реал» - «Атлетико» - 4:1 («овертайм»)

«Реал»нинг мағлубиятига саноқли сониялар қолган вақт - 90}3-дақиқада Серхио Рамос ўйинни «овертайм»га чўзди, кейин ди Мария бош ролга чиқди. Тўғри, унинг ўзи гол урмади, лекин «Қироллик клуби»нинг ҳужум ҳаракатини тўлиқ бошқариб, жамоадошларига имкониятлар яратди.

 

ЧЛ-2014|2015: Андрес ИНЬЕСТА («Барселона»; Испания)

Финал: «Барселона» -

«Ювентус» - 3:1

Бу сафар Каталония клубининг майдон марказидаги устунлигини Хавининг дўсти - Андрес Иньеста таъминлади. Унинг индивидуал соврини - заргарона узатмалар ва тўп назорати маҳсули. Дарвоқе, Андрес ЧЛнинг 3та финалида голга ассистентлик қилган биринчи футболчи ҳам бўлди.

 

ЧЛ-2015|2016: Серхио РАМОС («Реал»; Испания)

Финал: «Реал» - «Атлетико» - 1:1 (пен. бўйича - 5:3)

Серхио Рамос ЧЛ финалида иккинчи марта гол урди, қолаверса, бутун 120 дақиқа давомида ҳимояда барқарор турди. Пенальтилар сериясида эса жамоасининг 4-зарбасини голга айлантирди. Натижада УЕФАдан махсус соврин олди (2014 йили ўйин қаҳрамонини махсус ҳакамлар ҳайъати эмас, мухлислар танлагандилар).

ЧЛ-2016|2017: Криштиану

РОНАЛДУ («Реал»; Португалия)

Финал: «Реал» - «Ювентус» - 4:1

Криштиану Роналду бунга қадар ЧЛнинг 4та  финалида иштирок этиб, 2тасида гол урган бўлсада, бош қаҳрамон мақомини олган эмасди. «Юве»га қарши кечган баҳсдан кейин эса бош-қа бировни танлаш имконияти ҳам қолмади - португалиялик юлдуз бўлажак жамоаси дарвозасини 2 марта нишонга олди ва ЧЛнинг 3та финалида гол урган илк футболчи бўлди.

 

ЧЛ-2017|2018: Гарет БЭЙЛ («Реал»; Уэльс)

Финал: «Реал» - «Ливерпуль» - 3:1

Эҳтимолки, Гарет Бэйл «Реал»даги фаолиятининг энг буюк лаҳзасини айнан шу финалда намойиш этгандир. Уэльслик юлдуз майдонга тушганида, ҳисоб 1:1 эди, якунда у натижани 3:1га айлантирди. Тўғри, Гаретга 2-голни Льорис Кариус «совға» қилганини айтиш жоиз.

 

ЧЛ-2018|2019: Виржиль ван ДЕЙК («Ливерпуль»; Голландия)

Финал: «Ливерпуль» -

«Тоттенхэм» - 2:0

Виржиль ван Дейк аввалига расмий ҳайъат томонидан бош қаҳрамон сифатида эътироф этилди, ке-йин мухлислар ҳам голландиялик ҳимоячини тан олишди. Бир фактга эътибор қаратинг: испан клублари иштирокисиз ўтган финалларда кўпинча голландлар энг яхши бўлишган: Эдвин ван дер Сар («МЮ» - «Челси», 2008 йил), Арьен Роббен («Бавария» - «Боруссия» Д., 2013 йил) ва энди Виржиль ван Дейк («Ливерпуль» - «Тоттенхэм», 2019 йил). «Ливерпуль» ҳимоячисини ҳозирдан «Олтин тўп»га яққол даъвогар сифатида кўрсатишмоқда. Виржилда бу фикрни қувватлаш учун реал имконият ҳам бор: Голландия термасини Европа Миллатлар лигасида ғалаба сари етакласа, бас.

 

ЧЛ-2018|2019 ЯКУНИ (soccer.ru талқини)

 

Рамзий терма жамоа. Алиссон Бекер («Ливерпуль») - Трент Александер-Арнольд («Ливерпуль»), Маттийс де Лигт («Аякс»), Виржиль ван Дейк («Ливерпуль»), Хорди Альба («Барселона») - Кристиан Эриксен («Тоттенхэм»), Донни ван де Беек («Аякс»), Лукас Моура («Тоттенхэм») - Муҳаммад Салоҳ («Ливерпуль»), Душан Тадич («Аякс»), Лионель Месси («Барселона»)

«Плей-офф» босқичигача четга чиққанлар рамзий терма жамоаси. Самир Ханданович («Интер») - Марио Фернандес (ЦСКА), Озан Кабак («Галатасарой»), Калиду Кулибали («Наполи»), Александро Гримальдо («Бенфика») - Карлос Солер («Валенсия»), Никола Влашич (ЦСКА), Тайсон («Шахтёр»), Исмоили («Шахтёр») - Люк де Йонг (ПСВ), Андрей Крамарич («Хоффенхайм»)

23 ёшдан кичик футболчилар рамзий терма жамоаси. Александр  Нюбель («Шальке») - Трент Александер-Арнольд («Ливерпуль»), Маттийс де Лигт («Аякс»), Эдер Милитао («Порту»), Александр Зинченко («Манчестер Сити») - Карлос Солер («Валенсия»), Френки де Йонг («Аякс»), Донни ван де Беек («Аякс»), Родриго («Атлетико») - Давид Нерес («Аякс»), Килиан Мбаппе (ПСЖ)

 А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Сиз Эктор Купер миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 (Қатар)га олиб бора олишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz