Қайднома

Қидирув

Эмерик Ляпорт: «Термадан таклиф олмагунимча мени тинч қўйинглар»

Эмерик Ляпорт: «Термадан таклиф олмагунимча мени тинч қўйинглар»

  13.06.2019 08:42
  0
  144
Эмерик Ляпорт: «Термадан таклиф олмагунимча мени тинч қўйинглар»

У 27 май куни 25 ёшга тўлди. Гвардиоланинг ёқимтойи Англия чемпионлигига эришди, Премьер-лига рамзий термасига кирди. Аммо мана икки йилдирки, Франция матбуотига интервью бермай келаётганди. Ва кутилмаганда France Football наш-рига истисно қўллади - Эмерик Ляпорт ҳамюртлари билан суҳбат қуришга рози бўлди.

- Гвардиола бу мавсум фаолиятидаги энг оғири бўлгани, шунингдек, Англия Премьер-лигаси унинг учун энг қийин чемпионат эканлигини таъкидлади. Мураббийнинг фикрига қўшиласизми?

- Ҳа, чиндан ҳам қийин. Ҳатто ўртамиёналар ҳам муаммо туғдиради. Жамоалар турлича, бир-бирига ўхшамайди. «Ливерпуль» билан юзага келган рақобатни кўринг! Ишқибозлар бу мавсумни узоқ вақт ёдда сақлашлари турган гап. «Ливерпуль» етакчи эди, бизни 7 очкога ортда қолдираётганди, биз эса руҳий чуқурга тушиб қолгандик - унчалик кучли бўлмаган жамоаларга қарши қаторасига иккита ўйинни бой бердик. Шунга қарамай ўзимизни ўнгладик ва сўнгги учрашувлар йўқотишсиз кечди - акс ҳолда, уларни қувиб ўтолмасдик.

- Бироқ «Тоттенхэм» сизларни Чемпионлар Лигасидан чиқариб юборди...

- Алам қилди, албатта, аммо биз ёлғиз эмасмиз. Ярим финалларда кузатилган сенсацияларни қаранг. Ахир фақатгина меҳмонда урилган голлар туфайли турнирни тарк этдик. Кўрганингиздек, «Барселона» ва «Аякс» ҳам ажойиб қатнашишаётганди, лекин бир марта йўл қўйилган хатодан сўнг - тамом! Аммо бу мағлубиятлар бутун бошли ажойиб мавсумга соя солмайди.

- «Манчестер Сити» Премьер-лигада еврокубокларнинг тўртта финалчисини ортда қолдирди. Демак, чемпионат чиндан ҳам кучли экан-да?

- Бугун шундай. Авваллари эса, ўйлашимча, Испания олдинда бўлган - Пеп «Барселона»да ишлаган кезлари «Барса» ҳам, «Реал» ҳам энг кучли эдилар. У пайтлари Англияда юқори савияли футболчилар кўп эмасди. Лекин айни пайт вазият ўзгарган. Юқори бешлик, ҳатто олтиликдаги жамоаларнинг ҳам даражаси жуда юқори.

- Юлдузлар кўп, шу билан бирга ажойиб мураббийлар ҳам бор: Гвардиола, Клопп, Почеттино...

- Албатта, мураббий - жуда муҳим, аммо натижани ўйинчилар қилишади. Бу ердаги жамоалар ўртасида кучли рақобат бор. Машғулотларда астойдил тер тўкамиз. Англияга келганимда, «Атлетик» ва «Манчестер Сити» ўртасидаги фарқни дарҳол сезганман. Жамоамизда футболчилар асосий таркиб учун жиддий курашади, умуман, уларнинг ҳаммаси бунга лойиқ. Шу боис машғулотлар кескин ўтади, Бильбаодагидек эмас - у ерда кимнинг келгуси ўйинда асосий таркибга кириши-ю, кимнинг захирада қолиши олдиндан аниқ бўларди.

- Нима деб ўйлайсиз, Англияда ўйнашни бошлаганингиздан буён тажрибангиз ошдими?

- Янги босқичга чиққаним аниқ. Бильбаода етук футболчиларга қарши ўйнардим - Криштиану, Месси, Неймар... Бугун эса ҳар дам олиш кунлари нафақат савияли ўйинчилар, «Ливерпуль», «Манчестер Юнайтед», «Челси», «Тоттенхэм» сингари жамоаларга қарши ўйнайман, балки дунё­нинг энг яхши футболчилари билан шуғулланаман ҳам. Сенга ҳеч ким истисно қўлламайди, ҳар бир машғулотни юқори даражада ўтказишинг керак, акс ҳолда, асосий таркибдаги ўрнингни йўқотасан.

- Бир ярим йил ичида айнан қайси жиҳатлар бўйича ўсишга эришдингиз?

- Пеп кўп нарса ўргатди. Қаторасига икки йил қўлга киритилган чемпионлик ҳазил эмас. Англияда нафақат асосий таркиб учун, балки майдоннинг ҳар қарич ери учун кураш кечади. Ҳаттоки, «иккинчи қават»да ҳам. Ўйинлардаги ҳаракатларни таҳлил қилиш асносида кўп нарса ўрганамиз. Гвардиола глобал фикрлайди, биз ҳам шунга интиламиз. Қисқаси, футболни тушунишни ўрганяпмиз.

- Мавсум якунларига кўра, Премьер-лига рамзий терма жамоасидан ўрин олдингиз. Келишингиз муваффақиятли бўлди - 2018 йилнинг январида таркибга қўшилдингиз, бир давра ўйнаб, мослашдингиз - шу боис кейинги мавсумни яхши ўтказдингиз.

- Аслида ҳеч қандай адаптация жараёни бўлмади - шартнома тузилганининг эртасигаёқ жангга ташлашди. Фақат учта ўйинни ўтказиб юбордим. Аммо ҳақиқатан ҳам Испаниядан Англияга кўчиб ўтиш - бу стресс, сени турли кутилмаган нарсалар қарши олади, бу ўринда фақат об-ҳаво шароитини назарда тутмаяпман. Мисол учун, Испания чемпионатида ўйин қоидаси бузилиши деб ҳисобланадиган ҳолатларга бу ердаги ҳакамлар эътибор беришмайди. Сиз майдонга йиқиласиз, ҳакам эса ҳеч нарса бўлмаганини айтади. Айнан шундай жиҳатларга кўникишга тўғри келди, эндиликда ҳакам қайси пайт ўйинни тўхтатишини яхши биламан.

- Гвардиола сизни «Манчестер Сити»га 2016 йили, ушбу жамоада эндигина иш бошлаган кезлари таклиф қилмоқчи бўлганди...

- Ҳа, Пеп мени кўз остига олиб қўйганини билардим. Лигадаги илк йилимда ўйинларимни кузатишини билдириб хабар йўллаганди. Ўшандан буён мунтазам алоқада эдик, баъзан суҳбатлашардик. Шу боис «Сити»га ўтиши ҳамоно мени ўз жамоасида кўришни хоҳлади.

- 18 ёшингизда Гвардиоладек мураббий эътиборига тушиш ажо-йиб бўлса керак?

- Албатта. Ахир унинг «Барселона»си енгилмас жамоа эди, қўлга киритиш мумкин бўлган барча сов-ринларга эга чиқарди. Ёш йигитчанинг Гвардиолага маъқул келиши - бу жуда катта руҳий рағбатдир.

- Сиздаги айнан қайси сифатлар унга ёқарди? Бу борада нимадир деганми?

- «Барселона»нинг услуби, Пеп йўлга қўйган ўйинга меҳрим тушганди. Унинг қўл остидаги ҳимоячилар кўпинча таваккалга қўл уришади, аммо мен айнан шуни хоҳлайман. Бильбаода ҳам шундай ҳолатда ўйнашга интилардим. Афтидан, Гвардиола буни пайқаган. Ахир у кўплаб ўйинларни қайта кўриб чиқади, футболчиларни кузатади.

- Бу мавсум узатма йўллаш бўйича «Манчестер Сити»да барчани ортда қолдирдингиз. Демак, Гвардиола ўйин схемасига тўлиқ мос тушасиз, десак бўлаверадими?

- Худди шундай. У орқароқдан ўйнашимни инобатга олганди, чунки «Сити» прессингни анча олдиндан бошлайди, бошқа марказий ҳимоячилар эса мен каби тезкор эмаслар.

- Гвардиола кунлик иш жараёнини қандай ўтказади?

- Тактика ҳақида кўп гапиради, видеоларни тез-тез кўриб чиқади. У ёки ёрдамчиси ҳар куни қайсидир ҳаракатлардаги ноаниқликни кўрсатишади ва биз уни қайта ва қайта такрорлаймиз. Барчаси яхши бўлгандагина етарли эканини айтади. Гвардиола барчага бир хил муносабатда бўлади, гарчи «қариялар»га камроқ гапирса ҳам - ёши ўттиздан ошганларни «тузатиш» қийин.

- Испания чемпионатида Пепнинг ҳурматига сазовор бўлган мураббий Марсело Бьелса қўл остида ўйнашни бошлагансиз. Ушбу икки мутахассис ўртасида ўхшашлик борми?

- Иккиси ҳам футболсиз яшолмайди. Аммо Бьелса ўз хаёлларига шунчалик чўмардики, кўпинча биз билан футбол ҳақида суҳбатлашишни унутиб қўярди. Битта ўйин ўтгач, хаёлан кейинги баҳс ҳақида ўйларди, аммо биз қандайдир тушунтириш, баҳо, маслаҳат, шунчаки яхши сўзларни кутамиз. Гвардиола бу борада бизга анча яқин.

- «Сити» сафида мавсумда энг кўп ўйин ўтказган футболчи мақомига эга бўлиш ёқимлими?

- Албатта. Умуман, Премьер-лигада энг яхшилардан бирига айланишдан роҳатланади, киши.

- Шунга қарамай, Францияда сизни назардан четда қолдиришмоқда. Қани шуҳрат, қани эътироф?

- Эътибордан четда қолаётганимдан нолисам тўғри бўлмайди, ўзимнинг кўнглим тўқ. Футболни машҳурлик учун ўйнамайман-ку. Қачондир термага таклиф қилишса, ажойиб бўларди. Аммо буни мен ҳал қилмайман. Қолаверса, ҳеч қачон Францияда тўп сурмаганман, шу боис балки, мен ҳақимда нотўғри тасаввур уйғонгардир, ватанимда мени яхши танишмайди. Боз устига, сўнгги икки йил ичида Франция ОАВга интервью бермадим, жуда кўп бўҳтонларни тарқатишди!

- Бўҳтонми?

- Ҳа, ёлғонлар бисёр. Хусусан, Франция термасининг собиқ мураббийларидан бири шу каби фикр билдирганди (Вилли Саньоль, Франция ёшлар термаси собиқ устози шундай деганди: «У термада ўйнаш нуфузли бўлгани учун шу ерда. Унда ҳақиқий ватанпарварни кўрмадим»). Шундан сўнг матбуотчилар билан гаплашмай қўйдим - чунки нимадир дейишдан фойда йўқ.

- Бўпти, Франция термаси мавзусига тўхталмайликми?

- Шундай қилайлик. Хоҳламайман. Мураббий ҳал қилади. Таклиф этса - яхши, акс ҳолда, бунга кўникаман. Бу борадаги гап-сўзлар фақат ранжитади. Ушбу масала бўйича икки йилдан буён жимман, гарчи мунтазам равишда даъвогарлар рўйхатига кирсам ҳам. Аммо хафа эмасман! Шунчаки, мени тинч қўйинглар. Мабодо термага чақиришса - шундагина саволларни беришингиз мумкин. Унгача мени унутинг. Саҳифаларда тўрт йил аввалги гапимни ёдга солманг. Мен 21 ёшда эдим, термага чақиришмаган, шу боис «Твиттер»да дилимдагини тўкиб солгандим. Шуни энди жиноятга йўйиш керакми? Мамлакатим ҳақида ёмон гапирмагандим-ку! Ўша сўзларимни тўрт йилдан буён кечиришмаяпти. Кўпинча Испания термаси билан боғлиқ воқеани ёдимга солишади. Ёшлар тоифасидаги барча термаларда ўйнадим, сўнгги уч йил ичида сардорлик қилдим. Одамлар тушунишлари учун яна нима керак - мен Франция шарафини ҳимоя қилишни хоҳлайман!

- Терма жамоа - сиз учун оғриқли мавзу...

- Терма жамоа - бу орзу. Аженда туғилганман, жануби-ғарблик футболчиларнинг нечтаси Франция термасида ўйнаган? Регби эмас, футболни назарда тутяпман. Бу провинцияда миллионлар ўйини унчалик оммабоп эмас, бироқ отамнинг бу борада қарашли ўзгача, онам ҳам терма жамоада ўйнаётганимдан фахрланганди. Аммо кутилмаганда менинг номим устига чизиқ тортишди. Муаммо мени термага чақирмаётганликларида эмас, бўҳтонлар туфайли вужудга келган вазиятнинг яқинларим дилини оғритаётганига. Онам менга қўнғироқ қилганида кўз ёш тўкаётганди: «Нима қилдинг?! Нималар дединг?!».

- Балки сиз ўта камтардирсиз, матбуот олдида ўзингизни кўрсатишни билмасдирсиз?

- Нега энди матбуотга ўзимни кўрсатишим керак? Ахир майдондаги ҳаракатларимиз етарли эмасми? Интервью пайти ёки микрофон қаршисида эмас, айнан майдонда нималарга қодирлигим намоён бўлишини хоҳлайман. Албатта, аҳмоқ эмасман, ОАВ, турли экспертлар ва бошқаларнинг қандай ролга эга эканлигини яхши тушунаман... Бугунги кунда одамлар икки лагерга бўлиниб олишган: клубда яхши ўйнашимга қарамай, термага чақирилмаётганимни тушунмайдиганлар ва «Твиттер»да мен ҳақимда ёзилаётган уйдирмаларга ишонадиганлар.

Уткир УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Сиз Эктор Купер миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 (Қатар)га олиб бора олишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz