Қайднома

Қидирув

Салоҳнинг ижобий таъсири: Европада ислом динига муносабат яхшиланмоқда...

Салоҳнинг ижобий таъсири: Европада ислом динига муносабат яхшиланмоқда...

  14.06.2019 03:12
  0
  785
 Салоҳнинг ижобий таъсири: Европада ислом динига муносабат яхшиланмоқда...

Муҳаммад Салоҳ европада ислом динига муносабат яхшиланишига таъсир ўтказмоқда. Бу махсус илмий тадқиқотнинг қисқа, лўнда ва тушунарли хулосаси. Демакки, «Ливерпуль» юлдузининг футбол воситасидаги ижтимоий таъсири жуда кучли. Умуман, Салоҳ ўз юрти - Мисрда мислсиз обрўга эга ва бунда ғайриоддий томони йўқ. Зеро, голеадор футболчи доимий равишда камбағалларга ёрдам қўлини чўзади, болаларга мактаблар, спорт майдончалари қуриб беради, Миср иқтисодиёти равнақига ҳам ҳисса қўшади. Хуллас, у қайсидир маънода бутун мамлакатни бирлаштириб турибди. Асосийси, Салоҳ жамиятга таъсир этиш бобида аллақачон Миср сарҳадларидан ошиб ўтган...

 

Салоҳ «Ливерпуль» сафига 2017 йилнинг июнь ойида қўшилганди. У шундан буён нафақат Ливерпуль шаҳри, балки бутун Мерсисайд графлигида Ислом динига умумий муносабат кескин ўзгаришига катта ҳисса қўшмоқда. Immigration Policy Lab таҳлил гуруҳининг махсус тадқиқоти бу фикрни тўлиқ тасдиқлади. Гуруҳ экс­пертлари аввало, Салоҳ феномени ва унинг умумжамиятга таъсири даражасини ўрганиб чиқишди. Шу ўринда айтиш ўринли, IPL Стэнфорд ва Цюрихдаги университетлар ўқитувчилари ҳамда талабаларидан тузилган катта халқаро таҳлил гуруҳидир. У асосан иммиграцион сиёсатни ўрганади. Оддий айтганда, Immigration Policy Lab ходимлари биринчи нав­батда, муайян мавзуни танлаб, унга доир турли маълумотларни йиғишади, кейин ижтимоий сўров ўтказишади ва якунда барчасини илмий асос негизида бирлаштиришади. Мақсад ҳам тайин - бутун жаҳонда қочоқларга дахлдор муаммолар ечимини топишга ҳисса қўшиш.

Энди Салоҳ ҳақидаги тадқиқот натижалари - муҳим фактлар ва рақамларга эътибор қаратсак бўлади:

 s Муҳаммад Салоҳ «Ливерпуль» сафига ўтганидан кейинги даврда Мерсисайд графлигида диний зиддиятлар руҳидаги жиноятлар сони нақ 18,9 фоиз камайди. Ушбу таҳлилий хулоса 25та полиция департаменти маълумотлари асосида чиқарилганини ҳам айтиш ўринли. Бунда гиёҳвандлик ва жамоат тартибини бузиш билан боғлиқ жиноятлар ҳисобга киритилмаган.

 s IPL гуруҳи Салоҳ «Ливерпул»га келишидан олдин ва кейинги даврда ижтимоий тармоқларда қолдирилган 15 миллион изоҳни ўрганиб чиқди. Бундан маълум бўлишича, клуб мухлисларининг мусулмонлар ҳақида салбий қарашлари - Ислом динига қарши фикрлари икки баравардан ҳам кўпроқ камайди. Яъни бундай изоҳлар 7,2 фоиздан 3,4 фоизга тушди. АПЛнинг бошқа кучли клублари фанатлари муносабатига қарасак, барчаси аксинча: Исломофобия руҳидаги изоҳлар сони кўпайди.

 s «Ливерпул»нинг 8 мингдан зиёд мухлиси иштирок этган IPL сўрови хулосасига кўра, фанатларда айнан Салоҳ туфайли Ислом динига қизиқиш анча ошди. «Энфилд Роуд» трибуналарида гоҳида арабча қўшиқлар янг­раётгани эътиборга молик ҳолат. Таҳлилчиларнинг якдил хулосаларига кўра, Салоҳ шахси ва унинг самимий эътиқоди Европа ҳамжамиятида мусулмонлар ҳурмати ошишига хизмат қилади.

 s Салоҳнинг ҳар жабҳада ўта фаоллиги ҳам катта аҳамият касб этмоқда. У клубдошлари билан ҳаттоки, майдонда ҳам ҳазиллашишга мойил, ошкора ибодат қилади, жамоат жойларида қизчаси билан бемалол ўйнайди, интервью бериш чоғи меҳрибон ва самимий, реклама роликлари ҳамда ижтимоий тармоқларда ҳам ўзини сира катта олмайди. Салоҳ - Ислом  яширин хавф эканлиги хусусидаги ноўрин ва нотўғри тушунчанинг яққол бузувчиси. Мисрлик ҳужумчининг хайр­ли ҳаракатлари билан катта ижтимоий гуруҳларнинг мусулмонларга нисбатан ёндашуви яхши томонга ўзгармоқда. Шунингдек, тажовузкорлик хавфи ҳам камаймоқда.

 s Буюк Британия ҳукумати томонидан таъкидланишича, мусулмонлар мамлакатда камтарона тарзда яшашади. Салоҳ имиджи ва унинг кўнгилли амаллари Ливерпулда мусулмонларга нисбатан ортиқча таъ­қиб ва тажовузкорлик даражасини анча пасайтирди. «Британия ҳамжамиятида кўплаб мусулмонлар анча ошкора ҳаёт тарзига амал қилишади. Салоҳнинг таъсирида ушбу самимийликка ёндашув ҳам яхшиланди».

Immigration Policy Lab хулосаси

- Салоҳ Ливерпуль учун шунчаки, оддий футболчи эмас, балки шаҳарда ҳаёт яхшиланишига салмоқли ҳисса қўшаётган чин қаҳрамондир.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz