Қайднома

Қидирув

Артур Геворкян: «Туркманистон термасига қайтишга ҳамиша тайёрман»

Артур Геворкян: «Туркманистон термасига қайтишга ҳамиша тайёрман»

  14.06.2019 05:18
  0
  601
Артур Геворкян: «Туркманистон термасига қайтишга ҳамиша тайёрман»

Ўз вақтида Ўзбекистоннинг турли клубларида ўйнаган, бугунги кунда Индонезиянинг «Персиб Бандунг» жамоаси шарафини ҳимоя қилаётган Артур Геворкян Туркманистон термасининг Дубай (БАА) йиғини олдидан ўтказилган машғулоти пайти «Туркменпортал»га интервью бериб, ҳамкасбларимиз саволларига жавоб қайтарди.

- Артур, узоқ муддат ўзбек клубларида ўйнадингиз. Аммо жорий мавсум бошида «Ахал»га ўтдингиз, сўнгра кутилмаганда Индонезия жамоаси сафига қўшилдингиз. Мазкур трансфер ҳақида гапирсангиз.

- «Ахал» билан ўзаро келишувга эришдик. Индонезиядан яхши таклиф тушди. «Ахал» раҳбарияти вазиятни тўғри тушуниб, менга шароит яратиб берди. Бунинг учун клуб мутасаддиларидан миннатдорман.

- Туркманистон чемпионати-2019да «Ахал» сафида атиги иккита ўйин ўтказдингиз ва ўша ўйинларда жамоангиз ғалаба қозонди. Сўнгра бу клубни тарк этдингиз. Хўш, мамлакат вице-чемпиони таркибида сизни нима қониқтирмади?

- «Ахал»да ҳар тарафлама кўнглим тўқ эди. Яна бир бор такрорлайман, хориждан яхши таклиф тушди ва буни клуб раҳбарияти билан муҳокама қилдик. Бир-биримизни тушундик ва якдил фикрга келдик. Шундай экан, «Ахал» билан дўстона руҳда хайрлашдим.

- Индонезия клубига ўтишингиз қандай содир бўлди?

- «Персиб» жамоасидан таклиф тушди, мен уни қабул қилдим. Аммо Индонезияга боришдан аввал «Ахал» ҳамда «Персиб» билан барча шартларни муҳокама қилдик. Буларнинг бари бир неча кун давомида амалга оширилди.

- Индонезия чемпионати қандай экан? Туркманистон лигасидан қанчалик кучли?

- Индонезия чемпионатини кучли ёки кучсиз деёлмайман. Чунки бу икки лига турлича. У ерда иқлим фарқли, ҳаммаси ўзгача, мутлақо бошқача вазият. Термалар даражасини таққослаш мумкин: буни жамоаларнинг ФИФА рейтингида эгаллаб турган ўрни кўрсатади. Чемпионатлар эса - турлича. Ўзбекистон чемпионати - бошқача, Туркманистон ва Индонезия чемпионатларида ҳам ўзига яраша фарқ бор.

- Сизни янги клубингизда қандай кутиб олишди? Индонезиядаги фаолиятингиздан кўнглингиз тўқми?

- Ҳа, албатта, мени илиқ қарши олишди. Жамоада яхши одамлар йиғилган, раҳбарият ҳам шундай. Клубдаги ҳолатимдан мамнунман. Сўнгги ўйинда дуранг қайд этдик, бунгача эса битта учрашувда ғалаба қозонгандик. Бу футбол. Кейинги баҳсларда ютуққа эришсак, ҳаммаси яхши бўлади. Ишлашда давом этамиз.

- Индонезия клуби олдига қандай вазифа қўйилган?

- Асосий мақсад - чемпионлик. Жамоамизда савияли футболчилар тўпланган, кучимиз етади. Олдимизга қўйилган вазифани бажаришга ҳаракат қиламиз.

- Орадан маълум муддат ўтиб сизни яна Туркманистон термасига чақиришди. Бу таклиф ўзингиз учун қанчалик кутилмаган бўлди?

- Кутилмаган бўлди, дейиш ноўрин. Ўтмишда рўй берган воқеаларни муҳокама қилишни хоҳламайман. Ҳозир раҳбарият ўзгарди. Бунгача ҳам мураббийлар штаби алмашганди, мен термада ўйнагандим. Мана, яна мураббийлар янгиланди ва яна миллий жамоадаман.

- Туркманистон термасидаги хорватиялик мутахассислар иши қандай таассурот қолдиряпти?

- Фақат яхши, позитив ва ижобий таассуротлар. Яқиндагина келдим, аммо биз учрашиб, вазият бўйича суҳбатлашдик. Бир-биримизни тушунамиз. Ўйлашимча, ҳаммаси яхши бўлади.

- Мураббийлар талабига кўра кейинчалик ҳам терма ихтиёрига келишга тайёрмисиз?

- Албатта! Бутун фаолиятим давомида Туркманистон термасида ўйнашга ҳамиша шай бўлганман. Миллий жамоадан тушадиган таклифни ҳар доим хурсандчилик билан қарши олганман. Ахир терма жамоа - миллат шаъни. Бунинг биринчи навбатда бутун мамлакат ва ўзимнинг олдимдаги мажбурият эканлигини тушуниш лозим.

- «Инстаграм»даги обуначиларингиз сони 148 минг кишини ташкил этади. Бундай машҳурликка қандай қарайсиз?

- Йўқ, бу машҳурлик эмас (кулади). Ҳозир замон шунақа, ёш авлод вакиллари кўп вақтини Интернетда ўтказади, бусиз иложи йўқ. Яширмайман, ўзим ҳам ижтимоий тармоққа кираман. Аммо бор эътиборим шунга қаратилмайди, асосийси - натижа. Ўзимизни алдаб қўймай, ўйнашда давом этишимиз керак. Мухлислар ва обуначилар - ҳаммаси келади ва кетади. Менимча, бунга катта эътибор қаратиш ярамайди.

Ж.Бобохонов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz