Қайднома

Қидирув

«Миллий»даги чим яна нега ўпирилмоқда?

«Миллий»даги чим яна нега ўпирилмоқда?

  14.06.2019 07:07
  0
  187
«Миллий»даги чим яна нега ўпирилмоқда?

7 июнь куни Ўзбекистон терма жамоаси Тошкентда КХДР билан ўртоқлик ўйини ўтказиб, 4:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Йирик ҳисобдаги ғалаба мухлислар кайфиятини кўтаргани баробарида «Миллий» стадионининг янгиланган чими яна эътирозларга сабаб бўлди. Афсуски, Сурия термасига қарши кечган баҳсда ҳам чимнинг идеал ҳолатда эмаслиги айрим ҳолларда футболчиларга халал берди.

КХДРга қарши учрашув «Миллий» арена майдони тўла кўчириб ташланиб, унга буткул янги чим экилганидан кейинги биринчи расмий ўйин эди. Tribuna.uz нашри мазкур ҳолатга изоҳ олиш учун ЎФА буюртмаси асосида Ўзбекистоннинг бош аренаси майдонини парваришлаш масъулиятини олган туркиялик мутахассис Тайфун Тунгузга мурожаат қилди. Мутахассис эса хавотирга ўрин йўқлигини айтмоқда.

«Чим синовдан яхши ўтди. Кўчган жойлар бундан кўпроқ ҳам бўлиши мумкинлигини кутгандик. Экилганига 5-6 йил бўлган чимларда ҳам шундай ҳолат кузатилади. КХДР билан ўйинда майдоннинг 5та нуқтасида кўчган ва бузилган жойлар бўлди. Бундан хавотир олмаса ҳам бўлади. Бештадан кўпроғига салбий баҳо бериш мумкин эди, лекин бу нормал ҳолат. Экилган чим жаҳон стандартига жавоб беради. Майдоннинг ҳозирги ҳолатига бемалол яхши баҳо беришимиз мумкин. Буни ютуғимиз деб ҳисоблайман. Кетган меҳнатимизга арзийди», - деди у. Тайфун Тунгуз Iren (Туркия) компаниясининг ландшафт дизайни бўйича архитектори саналади. Унинг сўзларига кўра, яна 1-1,5 ойлардан кейин «Миллий» стадиони чими идеал ҳолатга келади ва унда майса ўпирилишлари кузатилмайди. «Майдонга икки хил - секин ва тез ўсувчи майса уруғи экилган. Биринчиси йўқолиб кетади, иккинчиси эса бақувват бўлиб қолади. Чимга эътибор билан қаралса, 10-15 йил бемалол хизмат қилади. Ҳар бир-икки йилда уруғ сочиб турилади. Туркиядаги «Қайсариспор» стадиони чими 2011 йилда экилган эди», - деди Тайфун Тунгуз.

Ҳозир ушбу стадион майдонини парваришлаш билан беш нафар ходим шуғулланмоқда. Улардан икки нафари - Iren мутахассисларидир. Ушбу компания Туркияда 6та ёпиқ ва 56та очиқ стадион майдони парвариши билан шуғулланади. Шунингдек, Грузия ва Хорватиядаги бир нечта ареналарга хизмат кўрсатиш билан бирга яна қатор мамлакатларга чимни парваришлаш техникаларини экспорт қилади. Хусусан, Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳам май ойида ёпиқ стадион майдонини шамоллатишда фойдаланиладиган 15та махсус вентилятор сотиб олди. Туркия футбол федерациясининг майдонлар ҳолати бўйича инспектори ҳисобланувчи Тайфун Тунгуз билан шартнома 16 июнгача тузилган.

«Кейинчалик бир ойда бир марта келиб турамиз. Бу ердаги майдон усталарига ҳаммасини ўргатганмиз. Улар чимга ўғит ва дориларни вақтида бериб, суғориш ва ўриш ишларини бажариб боришса бас. Ҳар ой келиб турсак-да, интернетда сурат юбориш орқали ҳам боғланиб, керакли тавсияларни бериб турамиз», - дейди туркиялик мутахассис. Унинг айтишича, ҳозир Ўзбекистонда футбол майдони чими бўйича етук мутахассислар йўқ. Мамлакатдаги аксарият стадионларда чим тупроқда экилган. ФИФА стандартларига асосан эса майса қумга экилиши лозим. Тупроққа экилган майса илдизи ерга чуқур кириб бора олмайди. Қолаверса, қумли майдонда футболчилар йиқилганда жароҳат олиш эҳтимоли камроқ бўлади.

Эслатиб ўтамиз, «Миллий» стадиони 2012 йилда фойдаланишга топширилган бўлса, шундан буён ундаги майдон ҳолати тез-тез танқид қилиб келинади. Аввал «Бунёдкор» номи билан аталган арена 2018 йилда ЎФА тасарруфига ўтказилган эди. Стадионнинг аввалги чими мутлақо талабга жавоб бермасди. Шу боис 2019 йил бошида у тўлалигича кўчириб ташланиб, март ойида майдонга илк уруғ сепилганди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz