Қайднома

Қидирув

Икки ёрти – бир бутун: Роббен ва Рибериларни нималар боғлаб турибди?

Икки ёрти – бир бутун: Роббен ва Рибериларни нималар боғлаб турибди?

  15.06.2019 03:41
  0
  224
Икки ёрти – бир бутун: Роббен ва Рибериларни нималар боғлаб турибди?

Бу икки азамат футболчи вақтида «Бавария» кийиниш хонасида ҳаттоки, ўзаро ёқалашишгача борганди деярли. Кейинчалик эса бир-бирларининг камчиликларини тўлдирган ҳолда енгилмас қоя - Роббери жуфтлигига айланишди. Ҳа, Франк Рибери ва Арьен Роббен муайян тушунмовчиликлардан кейин футболда алоҳида кун кечиришдан воз кечишди ва «Бавария» шарафини ҳимоя қилиш йўлида бирлашишди. Шу эзгу мақсад сари ҳалол меҳнат самараси ўлароқ, улар «Голливуд ФК» таърифини олган Мюнхен супергранди афсоналари даражасига кўтарилишди. Икки ажралмас дўстнинг клубдаги ёрқин фаолиятга тенг нуқта қўйишларида ҳам қандайдир ўзига хослик, ўзаро ҳурмат ва адолат мезонига риоя қилиш мавжуддек: «Бавария» билан бир вақтда хайрлашишни маъқул кўрган Роббери дуэти Бундеслига доирасидаги охирги учрашувда захирадан майдонга тушди ва ке-йин 2та гол уриб (албатта, 1тадан), якунда чемпионлик товоғини баланд кўтарди. Умумий ҳисобда айтсак, Роббери жуфтлиги Германия гранди таркибида жами 732та ўйин ўтказиб, 264та гол урди ва яна 293таси ҳаммуаллифига айланди. Ваҳоланки, Роббен ҳам, Рибери ҳам «Бавария» формасини кийгунга қадар бошқа жамоаларда анчагина тўп суришга улгурганди. Келинг, энди Бундеслига рамзи билан бир вақтда хайрлашган икки афсонанинг босиб ўтган йўлларини бирров ёдга соламиз.

 

Франк Рибери. «Бавария»даги фаолияти: 12 йил, 424та ўйин, 124та гол, 169та самарали узатма, 23та соврин. Рибери ўзининг юксак маҳоратини айнан Германияда бўлиб ўтган ЖЧ-2006да тўлиқ намойиш этганди. Ўшанда Франция терма жамоаси ички можароларга ўралашиб қолганига қарамай, мундиал финалигача дадил одимлаган ва пенальтилар сериясидагина ғолибликни итальянларга бой берганди. Шундан кейин кўплаб номдор клублар Риберини ўз сафига қўшиб олишни истади, аммо у яна бир мавсум «Марсел»да қолишни лозим топди. Гарчи йил давомида 2 марта жиддий жароҳатга йўлиққан бўлсада, якунда Франциянинг энг яхши футболчиси мақомини олди, барибир. «Марсель» эса  мавсумни Лига 1 турнир жадвалининг 2-қаторида якунлади. Қисқаси, Франк учун кетиш вақти келганди.

«Бавария» 24 ёшли вингер учун 30 млн. евро берди. Рибери Мюнхен клуби сафига Мирослав Клозе ва Лука Тони билан бир вақтда қўшилди. Якунда улар «Бавария» учун ўта омадсиз харидлар бўлишди, Франк эса аксинча, шон-шуҳратга кўмилди. Шунингдек, Тони Кроос ҳам 2007|2008 йиллар мавсумида ўринбосарлар таркибидан асосий жамоага ўтиб, 10тадан ортиқ ўйинда майдонга тушганди. Ҳа, Рибери Бундеслигадаги дебют мавсумида юксак даражада кўрсаткич қайд этолмади: 11та гол ва 9та самарали узатма. Лекин франциялик футболчи бошқа мусобақаларда «Гол}пас» тизими бўйича нақ 20 балл тўплади. Муҳими, «Бавария» чемпионлик унвонини қайтариб олди. Ярим ҳимоячи кейинги мавсумда самарадорликни кескин оширди, аммо жамоа кумуш медаль билан кифояланди. Ёзда бош мураббий Юрген Клинсманн ўрнини Луи ван Гал эгаллагач, таркиб Арьен Роббен эвазига тўлдирилди.

Арьен Роббен. «Бавария»даги фаолияти: 10 йил, 308та ўйин, 144та гол, 101та самарали узатма, 19та соврин. Ван Галнинг дебют мавсумида Рибери тиззасига боғлиқ жароҳатдан тўлиқ фориғ бўлолмагани боис, атиги 10та учрашувда бошланғич таркибга киритилди, боз устига, ЧЛ финалини дисквалификация туфайли ўтказиб юборди. Қарангки, жамоа бу сафар «олтин дубл»га эришди. Чунки Арьен қойилмақом эди - у ўзи ва Франк учун тўп сурди, гўё. Ёзда «Реал» томонидан кераксиз ўйинчига чиқарилган голланд мадридликлар билан алам остида хайрлашганди. Хуллас, Роббен Мюнхендаги фаолиятини ниҳоят, хизматига эҳтиёжманд жамоага ўтганини эътироф этиш билан бошлади ва дебют учрашувидаёқ «Бавария»га нечоғли керакли ижрочи эканлигини амалда кўрсатди. Аниқроқ айтсак, захирадан майдонга тушган бўлсада, амалдаги чемпион «Вольфсбург» дарвозасига 2та гол урди. Тўғри, «Бавария» бу орада қаторасига 2 йил чемпионлик тахтига кўтарилолмади. Бундеслига-2011|2012да Рибери нақ 27та ўйинни бошланғич таркибда бошлаб, Мюнхендаги энг яхши кўрсаткичини қайд этганини алоҳида айтиш жоиз.

Кўнгилсиз воқеа. «Реал»га қарши кечган ЧЛ ярим финал баҳсидан кейин Рибери ва Роббен кийиниш хонасида жанжаллашиб қолишди. Bild нашри тарқатган хабарни клуб раҳбарлари инкор этишмади ва Рибери можаро учун бутун жамоадан узр сўраганини тан олишди. Ўша мавсум «Бавария» барча жабҳаларда иккинчи бўлди: Бундеслигада 2-ўрин, Германия кубоги ҳамда ЧЛ финалида мағлубият... Агар Роббеннинг жароҳатлар гирдобига кириб қолгани ва тўлиқ куч билан ўйнолмаганини инобатга олсак, натижалар чакки эмасди. Ҳа, афсуски, Арьен бор-йўғи 13 марта майдонга тушди, лекин ўша ўйинларда барча рақибларини «титиб» ташлади - 12та гол ва 8та самарали узатма муаллифи бўлди. Аммо ЧЛнинг ҳал қилувчи баҳсидан кейинги пенальтилар сериясида Петр Чех дарвозасига гол уролмади ва матбуот вакилларининг кучли босимларига тўқнаш келди. Шундай бўлсада, клуб унга янги шартнома таклиф этди.

«Требл». 2012|2013 йиллар мавсуми «Бавария» ва Рибери учун зафарлар вақтига айланди. Роббен асосий вақтини яна даволаниш билан ўтказди - Бундеслигада 11 мартагина бошланғич таркибда майдонга тушди, барча мусобақаларда 23 бора кўриниш берди. Қисқаси, ўзи ва дўсти учун тер тўкиш навбати Риберига келганди. Франк ички чемпионатнинг 27та учрашувида «Гол}пас» тизими бўйича 25 балл тўплади, жамоаси билан «кумуш товоқ», Германия ва ЧЛ кубокларига сазовор бўлди. У шунингдек, «Олтин тўп»га ҳам эга чиқишига шубҳа қилмаётган, интервьюларидан бирида нуфузли индивидуал соврин учун рафиқаси махсус жавондан алоҳида жой тайёрлаб қўйганини айтганди. Бироқ амалда ҳаммаси бошқача бўлди - соврин соҳибини аниқлаш учун овоз бериш муддати негадир узайтирилиб, якунда Криштиану Роналду ғолиб чиқди. Ҳафсаласини йўқотган Франк эса буни шармандаликка йўйди. Кейинроқ «Олтин тўп» уни асло қизиқтирмаслигини билдирди. Лекин бу мавзу кўтарилганида, эҳтиросларини жиловлай олмайди, барибир. «Барча совринларни қўлга киритдим, бунинг учун зарур саналган ҳамма ишни уддаладим. Якунда мендан «Олтин тўп»ни ўғирлашди. Ҳаттоки, ўз ватаним ҳам мени қўллаб-қувватлашни истамади. Франциялик матбуотчилар мукофотни Роналду олиши кераклиги хусусида ёзишганини кўриб, ҳайратдан ёқа ушладим. Португалиялик журналистлар менга ёки Мессига овоз беришганини тасаввур қила оласизми? Французлар шундай қилишди. Бу чандиқ бир умрга татийди...» - Рибери ўша воқеадан 5 йил ўтгач, аввалги мавсум ўрталарида шундай деди. Шу ўринда «Олтин тўп»дан четда қолган франциялик юлдузни УЕФА Европанинг энг яхши футболчисига аталган мукофот билан тақдирлаганини айтиб ўтиш жоиз. Роббенга келсак, у чиндан ҳам, мавсумнинг асосий қисмини майдон ташқарисида ўтказди. Аммо ҳал қилувчи паллада «Бавария» айнан Арьеннинг голи ва самарали узатмаси эвазига  «Боруссия» Д. клубини 2:1 ҳисобида маҳв этди.

Беқарорлик даври. 2013 йили «Бавария» бошқарувини қўлга олган Хосеп Гвардиола фаолиятини чақмоққа қиёслаш мумкин: каталониялик мутахассис 3 йил ичида янги жамоаси билан 3 марта чемпионликка эришди, 2 марта кубок соҳибига айланди. Бироқ ЧЛда ярим финалдан нарига ўтолмади. Хосеп шунинг баробарида  клуб мутасаддилари билан жанжаллашиб қолди. Унинг айрим қарорлари фахрий ўйинчиларга ҳам ёқмади. Ўта жиддий келишмовчилик бош мураббий ва тиббий хизмати раҳбари ўртасида юз берди. Гвардиола 2014|2015 йиллар мавсумининг ҳал қилувчи босқичида Роббен, Рибери, Хави Мартинес, Швайнштайгер, Лам, Бенатия ва Алаба хизматидан фойдаланолмаганди. У жумладан, Франкнинг четга чиқишида шифокорларни айблади. Умуман, «Бавария» етакчисига айланган Роббери дуэти учун Гвардиола даври нотекис кўрсаткичлар берди. Улар оз ўйнаб, кўп совринга эга бўлишди. Қисқаси, муваффақиятлар пойдеворини бошқа ижрочилар бунёд этишди.

Самарасиз йил. Қарийб 1 йилга яқин майдон ташқарисида юрган француз яна юксак савияда ўйин намойиш эта бошлади. Каталониялик мутахассис Германиядан кетгач, Рибери барчасини дангал айтди: «Гвардиола керагидан ортиқ гапирарди. У жуда ёш мураббий, тажрибаси оз. Шу боис вазифани мураккаблаштириб юборади. Аслида футбол анча жўн ўйин. «Бавария»га Хитцфельд, Хайнкес ва Анчелоттига ўхшаган мутахассислар керак». Арьен Роббен эса аксинча, Хосеп билан яхши тил топишганди: «Мураббийимиз футбол хасталигига чалинган. У тун ярмида қўнғироқ қилиб, тактика борасида мушоҳада юритиши мумкин. Хосеп туфайли «Бавария» ҳамжиҳат ва уюшқоқ жамоага айланди». Гвардиола «Манчестер Сити»да иш бошлаганидан кейин эса голландиялик футболчи уни энг зўр мураббий сифатида эътироф этди. Агар кутилмаган жароҳатлар халал бермаганида, Арьен ва Хосеп ЧЛда яхшироқ натижаларга эришишлари аниқ эди: каталониялик мураббийнинг Германиядаги иккинчи ва учинчи мавсумларида Роббен атиги 9 марта майдонга тушди, холос. Карло Анчелотти даврида эса жамоа янги савияга кўтарилолмади, италиялик мутахассис Рибери таъкидлаганидек, «Бавария» учун керакли шахсга айланолмади. Дон Карло фахрийларга кўпроқ ҳордиқ бериш ниятида ротацияга зўр берди. Табиийки, Франк буни қабул қилмади. Кўпинча майдондан барвақт чиқиб кетишга мажбур бўлган француз бир сафар ҳаттоки, захира ўриндиғини синдиришга ҳам уринди. Шунда Bild журналистлари дарҳол «Бавария» футболчилари Анчелотти иш услубидан норози эканликлари ҳақида ёзишди. Шу танқидлар сабабми ёки жамоа ЧЛда «ПСЖ»га имкониятни бой бергани учунми, ҳар ҳолда, Анчелотти тез орада истеъфога чиқарилди.

Инқилобий октябрь. Барқарор империядаги силкинишлар.

Кутилмаганда, ўз ўйинини йўқотиб қўйган жамоани тўғри йўлга қайтариш учун тажрибали Юпп Хайнкес таклиф этилди. Якунда «Бавария» чемпионлик унвонини ҳимоя қилди, аммо ЧЛда ҳакамлар хатолари туфайли «Реал»га имкониятни бой берди. Умуман, Хайнкес «Бавария» учун энг мақбул мураббий эди, бироқ у фаолиятини тўхтатишга қарор қилди. Натижада Нико Ковач учун жиддий синов вақти келди. Мураббий ўзгарди, лекин муаммолар ўша-ўша. Хуллас, ёш мураббийга «Бавария»да осон бўлмади. Айниқса, фахрийларга оид муаммолар ўз ечимини кутаётганди. Ковач дейлик, Кингсли Коман ва Серж Гнабрига кўпроқ имконият бера бошлади. Роббери дуэти эса қудратли «жокер»га айланди. Яъни икки фахрий асосан захирадан ёки энг муҳим учрашувларда майдонга тушди. Бир қарашда, «Бавария» Ковач раҳбарлигида ўз олдига қўйилган вазифаларни уддалади, фахрийлар кўмагида қаторасига 7-марта шоҳсупани забт этди. Бунда фахрийлар жуфтлигининг улуши аввалгидек салмоқли бўлмасада, чемпионлик тақдирини ҳал қилган сўнгги беллашувдаги фантастик мутаносибликни нафақат бошқа футболчилар, балки уларнинг ўзлари ҳам такрорлай олмайдилар: 61-дақиқада Коман ўрнини эгаллаган Рибери 72-дақиқада гол урди. Ундан кейинроқ Гнабри ўрнига майдонга тушган Роббен ҳам айнан 11 дақиқа тўп сургач, рақиб дарвозасини нишонга олди. Эҳтимол, бу шунчаки, тасодифдан бошқа нарса эмасдир. Лекин икки ажралмас дўстнинг майдонга тушганларидан кейин гол уришга бир хил (11 дақиқа) вақт сарфлаганини изоҳлаш учун инсоний маҳоратнинг ўзи камлик қилишига асло шубҳа йўқ!

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz