Қайднома

Қидирув

Жаҳон юлдузлари: Криштиану Роналду киборг?!

Жаҳон юлдузлари: Криштиану Роналду киборг?!

  16.06.2019 03:32
  0
  398
Жаҳон юлдузлари: Криштиану Роналду киборг?!

Роналду 34 ёшида 20 ёшли йигитнинг танасига эга. Организмининг 7 фоизини (бошқа футболчиларда 10-11 фоиз) ёғ ва 50 фоиздан кўпроғини мушак ташкил этади. Криштиану спортзалдан чиқмайди, махсус парҳез тутади: деярли алкоголь ичмайди, ширинлик емайди, кўпроқ протеин истеъмол қилади, мева-сабзавотлар кўринишидаги клетчатка, секин таъсир кўрсатадиган углеводлар (энг севимли таоми - гуручли балиқ)га меҳр қўйган. Роналду ҳозирги жисмоний ҳолати туфайли юксак даражага чиқди. Ундаги энг катта устунликлардан бири - бош билан ўйнаш, ҳар бешинчи голини айнан «иккинчи қават»даги курашлар пайтида уради. Бу ҳақиқатан ҳам энг яхши кўрсаткичлардан бири.

 

2013 йили Роналду «Манчестер Юнайтед» дарвозасини ишғол қилганида, Алекс Фергюсон узоқ вақт ушбу ҳолатни муҳокама қилганди: «Дастлаб Эврани курашмаганликда айбладим. Сўнгра вазиятни такроран кўриб чиққач, ўзимни ғалати сездим: Криштианунинг тиззаси деярли Патриснинг боши билан бир хил баландликда турганди. Бунақаси камдан-кам учрайди!».

Кейинчалик ишқибозлар Роналдунинг «МЮ» билан ўйиндаги сакрашини такрорлашга уриниб кўришди, бироқ спортга алоқаси бўлмаганларнинг ушбу ҳаракатни нуқсонсиз такрорлашлари деярли имконсиз.

Буни Қандай Қилади?

1. Ўз техникасига таянган ҳолда сакрайди. 2011 йили Чичестер университети бир нечта тажриба ўтказиб, Роналду биомеханикасини ўрганди. Криштиану ўрнидан туриб 44 сантиметр (футболчилар ўртасида ўртача кўрсаткич), югуриб келиб ва қўллари ёрдамида 78 сантиметр (бу МБАдаги ўртача баскетболчиникидан 7 сантиметрга кўп) баландликка сакрайди. Таққослаш учун Business Insider маълумотларини келтириб ўтамиз: Леброн Жеймснинг максимал кўрсаткичи - 101,6 сантиметр. Мазкур ҳолатда Роналдунинг бўйи 1,86, Жеймсники эса 2,03 метр эканлигини инобатга олиш даркор.

«Роналдунинг жисмоний кучи шу қадар ҳайратланарлики, у ўнкураш баҳсларида жаҳон даражасидаги натижаларга эришиши мумкин», - деганди юқорига сакраш бўйича мураббий Фазз Кан. Муҳим жиҳатлар: Роналду юқорига 5g сакраш кучи билан сапчийди. Бу рақам астронавт учиш бошланиши чоғида ҳис этадиган силтаниш кучига мос.

«Арсенал»нинг собиқ ҳимоячиси Мартин Киоун Роналдуни «слэм-данк»­ка кираётган баскетболчига қиёслаганди. Доктор Нил Смит ҳам шундай ўхшатишларда мантиқ борлигини таъкидлаган: «Роналду сакраётганда тиззаси ва оёқларини думба остига қисиб олади. Бу эса оғирлик марказининг вақтинчалик ошишига олиб келиб, ҳавода муаллақ туриш эффектини юзага келтиради».

Суперкучга яна бир мисол - Евро-2016 ярим финалида Уэльс дарвозасига урилган ғалаба голи. Роналду майсадан 76,2 сантиметр юқорилади, тўпга 2,61 метр баландликда тегди, ҳавода 0,85 сония муаллақ туриб, тезлиги 71,2 км|соатга тенг зарба йўллади. Бу қадар юқори сакраб, шунчалик кучли зарба бериш учун фақатгина оёқларнинг кучли бўлиши кифоя қилмайди.

2. Танасидаги оғирликдан самарали фойдаланади, бақувват тана Роналдуга сакраш ва ҳаводаги курашларда устунлик беради. Сондаги куч сакраш баландлигини белгилайди, бақувват жусса эса корпусдан ҳавода тўғри фойдаланиш, мувозанатни сақлаш ҳамда зарба йўллашдан аввал рақиб билан оралиқ масофани тозалашда муҳим саналади. Буларнинг бари Роналдунинг бош­қалардан баландроқ сакрашини таъминлайди, бу пайтга келиб аксарият рақиблари ерга тушиб улгуришади.

«Манчестер Юнайтед»га келганида Криштиану нимжон йигитча эди, аммо Англияда ўтказган кейинги йиллари давомида мушакларини чиниқтириб, буни энг кучли жиҳатига айлантирди. «Жисмоний томондан у оддий йигитчадан ҳақиқий эркакка айланди. Гўёки, енгил вазнли бўла туриб, дарҳол оғир вазнга ўтгандек. Бу ҳолат авваллари унга етишмаган кучни тақдим этди. Роналдунинг қуввати танасидаги куч ҳисобига ортди», - деганди Гарри Невилл.

3. Позиция танлаш. Ушбу масалада муаммо йўқ: Криштиану ўз вақтида сакраб, зарба йўллаш учун қайси нуқтада туришни яхши билади. «Роналду жарима майдончасида кенгроқ ҳудуд қидириб, тўпнинг ўша ерга боришини кутишдан кўра, кичик ҳудуддан имкон қадар максимал фойдаланишга интилади. Унинг кўплаб рекордларни янгилаётгани, ўзгача қобилият соҳиби эканлигининг сири ҳам шунда», - дейди «Ливерпул»­нинг собиқ футболчиси Майкл Оуэн.

Тўғри танланган позиция зарба йўллаш чоғида вазнни тўғри тақсимлашда кўп нарсани ҳал қилади. Пардью университетидаги биомеханика тадқиқотчиси Чарльз Баббнинг таъкидлашича, идеал зарба йўллашдан олдин тўп келгунига қадар кўпроқ вазнни сақлаб қолиш, сўнгра ўша вазн ёрдамида тўпга максимал тезлик бериш муҳим саналади. Бабб ЖЧ-2018 доирасидаги Португалия ва Марокаш термалари ўртасидаги ўйинда Роналду томонидан урилган голни таҳлил қилиб, ҳайратини яширмаганди.

4. Кўп нарсани генетика ҳал қилади ва эҳтимол, бу борада Криштианунинг омади кулган. Daily Mail нашрининг маълум қилишича, нисбатан юқорироққа сакраш қобилиятига эга аксарият кишиларнинг организмидаги тез қисқарадиган мушак толалари фоизи катта бўлади. Бу қисқа муддатга бўлсада шиддатли тезлик ва куч тақдим этади.

Баландга сакраш кишидан чиниққан оёқ мушаклари ва пайлари бўлишини талаб қилади. Ҳаводаги ҳаракатларнинг аниқ координацияси қорин, орқа ва елка мушаклари кучига боғлиқ бўлади. Уларнинг сифатли ривожланиши оғир жисмларни қисқа муддат кўтариш орқали таъминланади. Битта тўлиқ машғулот жараёнида Роналду умумий ҳисобда 16та Toyota Prius (вазни бир ярим тоннага яқин) автомобилига тенг оғирликни кўтаради.

5. Бош билан зарба йўллаш турлича бўлади: пешона, бошнинг тепа, чап ёки ўнг томони билан. Роналду барча зарбаларни ўзлаштирган. Мазкур ҳолатда кўп нарсани бақувват бўйин қисми белгилайди - у энергия­ни бош қисмига йўналтиради.

«Роналдунинг бош билан урган голлари диапазони - ғайриоддий, - дейди «Челси»нинг собиқ футболчиси Тони Каскарино. - У янги даражага чиқди ва зарбаларнинг шу қадар кўп турларини ўзлаштирди. Ваҳоланки, бошқа аксарият футболчилар бундай зарбаларнинг фақатгина иккита хилидан бирида устунликка эришишлари мумкин. Роналдунинг зарбаси гольфдаги идеал свингга ўхшайди. Барчаси тандемда ишлайди ва ҳаммаси бир-бирига мос келса, уни тўхтатиш жуда қийин бўлади».

А.Аҳмедов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz