Қайднома

Қидирув

ХАВИ: “Кройфф фалсафаси мен учун ассосий йўналиш”

ХАВИ: “Кройфф фалсафаси мен учун ассосий йўналиш”

  16.06.2019 05:35
  0
  253
ХАВИ: “Кройфф фалсафаси мен учун ассосий йўналиш”

Испания термаси ва «Барселона»нинг собиқ ўйинчиси Хави Эрнандес Қатарнинг «Ал-Садд» клуби бош мураббийи этиб тайинланди. Айни пайт у Мадридда ташкил этилган мураббийлик курсларида таҳсил олмоқда. Бундан унумли фойдаланган россиялик журналист Евгений Савин Хави билан суҳбат уюштирди. Интервью пайтида Испания терма жамоасининг собиқ ўйинчиси, ҳозирда Россиянинг Омск шаҳрида истиқомат қилаётган Альберт Риера таржимонлик вазифасини бажарди.

- Нима учун мураббийлик фаолиятингизни Қатарда бошлашга қарор қилдингиз? Нега Пеп Гвардиола сингари «Барселона Б»да эмас?

- Биринчидан, оила аъзоларимга Қатарда яшаш ёқиб қолди. Агар ҳозир «Барселона Б»ни қабул қилиб олсам, мендан кўп нарса кута бошлашади. Мени Гвардиола билан таққослашларини умуман истамайман. У ҳозирда жаҳоннинг энг кучли мураббийи, мен эса энди бошлаяпман. Қатар нолдан бошлаш учун ажойиб жой деб ҳисоблайман.

- Яна қайси футболчилар сиз билан бирга ўқишяпти?

- Узоққа бориш шарт эмас - Альберт Риерадан ажойиб мураббий чиқиши мумкин. У билан бир партада ўтирган Луис Гарсиядан ҳам нимадир кутса бўлади. Хаби Алонсо, Вальдес, Рауль, Мичел Сальгадо... Қандайдир орзулар жамоаси йиғилган. Айтганча, сафимизда икки нафар қиз ҳам бор.

- Хавининг жамоаси қандай футбол намойиш қилади?

- Охирги 15-20 йилдаги «Барселона» ва Испания терма жамоасининг қоришмаси. Кройфф фалсафасини тушунаман. Бу мен учун асосий йўналиш. Кейин Райкард, Гвардиола, ван Гал, Луис Энрике, Арагонеслар тажрибасига таянаман. Рақиб тўпни назорат қилмаслигини истайман. Агар тўп сизда бўлса, ғалаба қозониш учун имкониятингиз ошаверади.

- Сиз билан ишлаган энг зўр мураббий ким?

- Луис Арагонес ва Пеп Гвардиоланинг қоришмаси деган бўлардим. Арагонесдан жамоани бошқариш, Пепдан эса тактикани олишни истардим.

- Сизга қарши ўйнаган энг яхши футболчи ким?

- Бундайлар жуда кўп. Мисол учун, Роналдони эслайман - ҳақиқий феномен. Криштиану Роналду, Зидан, Бекхэм... Фигу жамоадошим бўлган. Кейин унга қарши ўйнашга тўғри келган. Роберто Карлос, Скоулз, Руни... Бенитеснинг «Ливерпул»и, Моуриньо­нинг «Челси»си яхши жамоалар бўлган.

- Мессидан ташқари сиз билан ўйнаган энг яхши футболчилар ким?

- Аниқ бир кишини ажратиб кўрсатиш қийин. Бускетс, Иньеста ва Месси билан майдон марказида ўйнаганимда роҳатланиб ҳаракат қилганимни кўп айтганман. Яна Пуйоль, Вальдес, Пикелар ҳам бор. Жамоамиз ажойиб эди.

- Агар Месси бўлмаган жамоада ўйнаганингизда «Олтин тўп»ни ютишингиз мумкинмиди?

- Мессисиз шунча совринларни юта олмаган бўлардим, «Олтин тўп» номзодлари қаторига кира олмасдим. Гап жамоада. Ҳаттоки, Мессига ҳам ғалаба қозониши учун жамоа керак. Энг муҳими - жамоа. Лекин таркибимизда Месси бўлмаганида биз бу финалларни, ярим финалларни, чемпионатларни юта олмасдик.

- «Барселона»да иқтидорли футболчилар кўп эди. Ўз имкониятидан фойдаланмаган, аммо суперюлдузга айланиш имкониятига эга бўлган футболчини айта оласизми?

- Академиядаги бир йигит ҳақида айтмоқчиман. Ҳар доим интервьюларда уни эсга оламан. У билан тенгдошмиз, биз билан бирга ўқиган. Исми Марио Росас. Охир-оқибат биринчи дивизионда ўйнаган, лекин академиямизнинг Мессиси бўлган. Турли сабаблар туфайли кейинги босқичга чиқа олмаган. Афсус. У менга мутлақо бош­қа даражадаги футболчидек кўринарди.

- Златан Ибрагимович ўзининг китобида сиз, Иньеста ва Месси Гвардиоланинг мактаб ўқувчилари деб атаганди. Ибрагимович «Барса»даги энг зарарли футболчи бўлганми?

- Йўқ. Златан яхши инсон. У билан ажойиб мавсумни ўтказдик, чемпионатда ғалаба қозондик. Ибрагимович билан муносабатларимиз яхши эди.

- Мессининг ҳеч бўлмаса битта ёмон хислатини айтинг.

- Битта? Билмайман. Менимча, у ўзига ўта талабчан. Бу уни янада кучли қилади. Лекин шу билан бирга катта босим остида қолади.

- ЕЧЛда тўрт марта ғалаба қозондингиз, жаҳон ва Европа чемпиони бўлдингиз. Нимадандир афсусланасизми?

- Бизнинг давримиздаги «Барселона» ЕЧЛда кўпроқ ютиши керак эди. Ўйлашимча, ўша «Барса» учун тўртта кубок кам.

Ж.Бобохонов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz