Қайднома

Қидирув

InterFUTBOL лауреатлари: ҲУЖУМЧИЛАР ҲУКМИ

InterFUTBOL лауреатлари: ҲУЖУМЧИЛАР ҲУКМИ

  17.06.2019 01:42
  0
  420
 InterFUTBOL лауреатлари: ҲУЖУМЧИЛАР ҲУКМИ

Баҳорнинг сўнгги ойи мухлисларни зериктириб қўймади. Ички чемпионатимиздаги қизиқарли учрашувлардан ташқари, икки клубимиз Осиё Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичидаги сўнгги ўйинларини ўтказишди. Шунингдек, янги ташкил этилган мусобақа - Ўзбекистон Лига кубогида ҳам дастлабки тур баҳслари бўлиб ўтди. Таъкидлаш жоизки, Coca Cola Суперлигада яхши ўйин кўрсатаётган жамоаларнинг аксарияти Лига кубогида ҳам муваффақият қозонишди. Энг муҳими, бу клублардаги ҳужумчилар сермаҳсуллик намойиш этиб, кўплаб голлар муаллифига айланишди. Шундан келиб чиқиб, май ойи лауреатлари рўйхатидан асосан форвардлар ўрин олишди. Демак, «ИнтерФутбол» анъанага мувофиқ, сўнгги 31 кун давомида фаоллик кўрсатганлардан тузилган рейтинг билан таништиради.

Футболчилар учлигида пешқадамлик «Насаф» вакили Ҳумоюн Муртазоевга насиб қилди. Ушбу футболчи учун қайси турнирда қатнашишнинг аҳамияти йўқ, рақибларини асло аямаяпти. Таъкидлаш жоизки, Муртазоев сўнгги пайтлардаги барқарор ўйини билан «аждарлар»нинг асосий таркибидаги ўрнини анча мустаҳкамлаб олди. Натижада Бобур Абдухолиқовга муносиб рақобатчи пайдо бўлди ва олимпия термасига аъзо ҳужумчи астойдил ҳаракат қилмаса, Ҳумоюндан бу жойни тортиб олиши қийин кечиши турган гап. Муртазоев май ойида 5та ўйин ўтказиб, майдонда жами 442 дақиқа тўп сурди ва ўз ҳисобига 6та гол ёздириб қўйди. Ҳавас қилса арзигулик натижа!

Мураббий алмашганидан сўнг аста-секин ўзига келиб, турнир жадвалидаги мавқеини анча яхшилаб олган «Сўғдиёна»да футболчилар ҳам ўзларини анча эркин ҳис қилишаётган кўринади. Айниқса, мавсум бошида етакчиликни ўз қўлига олиши кутилган Шоҳруз Норхонов ҳозирга келибгина бу ишончни оқламоқда. Бақоев бошчилигида жиззахликлар кетма-кет ижобий натижалар қайд этишди, қўлга киритилган ютуқларда эса Норхоновнинг ҳиссаси катта бўлмоқда. Шоҳрузнинг майдаги кўрсаткичлари ҳам буни яққол исботламоқда. Маҳоратли ҳужумчи 4та ўйин­да 297 дақиқа тўп сургани ҳолда, рақиблар дарвозасини 4 марта иш­ғол қилди. Бу эса лауреатлар рўйхатида иккинчи ўринни эгаллашини таъминлади.

Бугунги «Пахтакор»нинг тенгсиз етакчиси Жалолиддин Машарипов кучли учликка якун ясаб беради. Coca Cola Суперлига ҳамда Осиё Чемпионлар Лигаси учрашувларида майдонда асосий ролни бажарган футболчи Ўзбекистон Лига кубоги 1-турида ўйнамади. Ахир, кенг кўламли ишни бажараётган футболчи ўз вақтида ҳордиқ чиқариши ҳам керак-ку! Жалолиддин май ойида 6та ўйин ўтказиб, 498 дақиқа тўп сурди. Тўғри, у ўз ҳисобига гол ёздирмади, лекин замонавий футболда жамоавий ҳаракатлар биринчи ўринга қўйилади ва Машарипов шериклари томонидан урилган голларга ассистентликни қойиллатмоқда. Жилла қурса, рақиб жамоанинг икки-уч футболчисини ўзига қаратиб, «Пахтакор»нинг бошқа ўйин­чиларига бўш ҳудудлар яратиб бермоқда. Бундай фаолликни барча мураббий ва мухлислар юксак қадрлашади.

Май ойида шунингдек, Драган Черан («Пахтакор»), Абдулазиз Юсупов («Сурхон»), Темурхўжа Абдухолиқов («Локомотив»), Хуршид Ғиёсов («Бун­ёдкор»), Абдувоҳид Неъматов («Насаф») каби футболчилар ҳам кўпчиликда ёрқин таассурот қолдиришди.

Мураббийлар учлигидан эса бугунги кунда ўртамиёна ҳисобланадиган клубларни бошқараётган мутахассислар ўрин олишди. Жумладан, «Сўғдиёна» бошқарувини қўлга олганидан сўнг шогирдлари билан ғалабалар нашидасини сураётган Улуғбек Бақоев биринчи поғонага лойиқ кўрилди. Янги иш жойидаги дастлабки ўйинини Наманганда ўтказиб, жамоасининг 1:3 ҳисобидаги мағлубиятидан ранжиган ёш мураббий кейинги учта учрашувда ижобий натижа қайд этди. «Сўғдиёна» ўз уйи­да «Андижон» ва «Бухоро»ни енгган бўлса, таркиб жиҳатидан анча кучли бўлган АГМК майдонидан ҳам 3 очко билан қайтди.

Ҳар мавсум жамоасидаги етакчилардан айрилиб, уларнинг ўрнини ёш иқтидорлар эвазига тўлдиришига кўникканимиз Рўзиқул Бердиев ҳозирги таркиб билан ҳам исталган рақибга бошоғриқ туғдирмоқда. Тўғри, «Насаф» айни пайт турнир жадвали экваторидан ўрин олган, лекин бу клубдаги футболчиларнинг салоҳияти ва кўрсатаётган ўйинига қараб янада яхшироқ натижаларга умид қилса бўлади. Ҳар ҳолда, «аждарлар» Лига кубоги мусобақасида «Навба­ҳор»­ни йирик ҳисобда мағлубиятга учратиб, бу фикрни яна бир бор исботлашди. Албатта, жамоа эришаётган ютуқларда Бердиевнинг улуши салмоқли.

Учинчи ўринда - Даврон Файзиев. Нега айнан «Динамо» устози? Ахир самарқандликлар Суперлига турнир жадвалида бор-йўғи 8-ўринни эгаллаб туришибди-ку! Ҳамма гап «Динамо» кўрсатаётган ўйин жозибасида. Боз устига, самарқандликлар май ойида ўтказилган учрашувларда мағлубият нималигини билишмади. «Динамо» таркибига назар солсангиз, ундан асосан ёшлар жой олганига гувоҳ бўласиз, лекин Файзиев уларнинг имкониятидан максимал даражада фойдаланиш ҳисобига рақибларга муносиб кураш тақдим этмоқда. Яна бир бор таъкидлаймиз, асосийси, «Динамо» иштирокидаги ҳар бир ўйин мухлисларга хуш ёқадиган ҳужумкор руҳда ўтмоқда. Бундай услубга таянишдан асло чўчимаётган мутахассислар эса ҳамиша эътирофга лойиқ бўладилар.

Май ойининг энг яхши мураббийлари кучли учлигидан четда қолганига қарамай, шогирдлари билан ижобий натижаларни қайд этаётганлар ҳам йўқ эмас. Шота Арвеладзе («Пахтакор»), Вадим Абрамов («Бун­ёдкор»), Андрей Микляев («Сурхон») ва Андрей Фёдоров («Локомотив») шулар жумласидан.

Футболчиларнинг ой давомидаги натижалари

Т|р     Футболчи                            Ўйин      Дақиқа             Гол

1.       Ҳумоюн Муртазоев             5            442                   6

2.       Шоҳруз Норхонов               4            297                   4

3.       Жалолиддин Машарипов     6            498                   -

 

Изоҳ:Фақат расмий учрашувлар инобатга олинган.

 

ФУТБОЛЧИЛАР

Январь|февраль

1. Жалолиддин Машарипов («Пахтакор»)

2. Игнатий Нестеров («Уҳуд», С.Арабистони)

3. Сардор Рашидов («Насьонал», Португалия)

Март

1. Жалолиддин Машарипов («Пахтакор»)

2. Элдор Шомуродов («Ростов», Россия)

3. Темурхўжа Абдухолиқов («Локомотив»)

Апрель

1. Драган Черан («Пахтакор»)

2. Хуршид Ғиёсов («Бунёдкор»)

3. Зафар Полвонов (АГМК)

Май

1. Ҳумоюн Муртазоев («Насаф»)

2. Шоҳруз Норхонов («Сўғдиёна»)

3. Жалолиддин Машарипов («Пахтакор»)

--------------------------------------------------

МУРАББИЙЛАР

Январь|февраль

1. Шота Арвеладзе («Пахтакор»)

2. Андрей Фёдоров («Локомотив»)

3. Эктор Купер (Ўзбекистон МТЖ)

Март

1. Рўзиқул Бердиев («Насаф»)

2. Шота Арвеладзе («Пахтакор»)

3. Андрей Микляев («Сурхон»)

Апрель

1. Вадим Абрамов («Бунёдкор»)

2. Шота Арвеладзе («Пахтакор»)

3. Андрей Канчельскис («Навбаҳор»)

Май

1. Улуғбек Бақоев («Сўғдиёна»)

2. Рўзиқул Бердиев («Насаф»)

3. Даврон Файзиев («Динамо»)

 

УМУМИЙ НАТИЖА

Мураббийлар

1. Шота Арвеладзе - 11 очко

2. Рўзиқул Бердиев - 8 очко

3-4. Вадим Абрамов - 5 очко

3-4. Улуғбек Бақоев - 5 очко

5. Андрей Фёдоров - 3 очко

6-9. Эктор Купер - 1 очко

6-9. Андрей Микляев - 1 очко

6-9. Андрей Канчельскис - 1 очко

6-9. Даврон Файзиев - 1 очко

----------------------------

Умумий натижа

Футболчилар

1. Жалолиддин Машарипов - 11 очко

2-3. Драган Черан - 5 очко

2-3. Ҳумоюн Муртазоев - 5 очко

4-7. Игнатий Нестеров - 3 очко

4-7. Элдор Шомуродов - 3 очко

4-7. Хуршид /иёсов - 3 очко

4-7. Шоҳруз Норхонов - 3 очко

8-10. Сардор Рашидов - 1 очко

8-10. Темурхўжа Абдухолиқов - 1 очко

8-10. Зафар Полвонов - 1 очко

--------------------------------------------------

Изоҳ: 1-ўрин - 5 очко, 2-ўрин - 3 очко, 3-ўрин - 1 очко.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz