Қайднома

Қидирув

Алишер Аҳмедов: “ФУТБОЛ ОРҚАЛИ КЎП НАРСАГА ЭРИШДИМ”

Алишер Аҳмедов: “ФУТБОЛ ОРҚАЛИ КЎП НАРСАГА ЭРИШДИМ”

  17.06.2019 03:51
  0
  198
Алишер Аҳмедов: “ФУТБОЛ ОРҚАЛИ КЎП НАРСАГА ЭРИШДИМ”

Футбол ҳозирга келиб турли ўлкалар, ҳаттоки, майда оролларгача ўз қулочини ёзиб бормоқда. Тўғри, айрим давлатларда спортнинг бу тури тўлиқ ривожланган, деб бўлмайди, аммо аста-секинлик билан бунга эришилмоқда. Жумладан, Мальдив ороллари, Шри-Ланка, Филиппин, Мўғулистон каби мамлакатлар бир неча бор ОФКнинг «Футболи ривожланаётган давлат» номинациясида ғолиб деб топилганлар. Эътиборлиси, улар ўз жамоа­ларини кучайтириш мақсадида хорижлик легионерлар кўмагига эҳтиёж сезишмоқда. Ўз ўйини билан маҳаллий ишқибозлар кўнглига йўл топаётганлар орасида ўзбекистонлик футболчилар ҳам бисёр. Биз яқинда Мўғулистон чемпионати иштирокчиси - «Анддут Сити ФК» жамоасида тўп сураётган дарвозабон Алишер Аҳмедов билан суҳбатлашдик. - Алишер, барча футболчиларга бериладиган одатий савол: катта футболга кириб келишингизда қайси жамоанинг хизмати катта?

- Профессионал футболга қадам қўйишимда Жиззахнинг «Сўғдиёна» клубининг ўрни беқиёс. Бу жамоага келишимда, тўп суришимда ва элга яхши дарвозабон сифатида танилишимда ўз ёрдамини аямаган устозим Суюн Муртазоевга чексиз миннатдорчилигимни билдираман. Футболда биргина тўп оширишни ўргатган инсонни ҳам ўзим учун устоз ҳисоблайман. Суюн ака эса менинг шу даражага келишимда катта ҳажмдаги ишни амалга оширган. Ҳозир ҳам она шаҳрим жамоаси иштирокидаги ўйинларни мунтазам кузатиб бор­япман. Улуғбек Бақоев «Сўғдиёна»га ғолиблик руҳиятини олиб кира олди. Йигитларда курашувчанлик ҳисси янада ошди. «Сўғдиёна» бир умр қалбимда қолади.

- «УзДонгЖу»даги фаолиятингиздан нечоғлик қониқиш ҳосил қилгансиз?

- Бу клуб 2008 йили олий лигага йўлланма олганида, таркибини маҳоратли футболчилар билан кучайтиришга киришганди. Ўшанда мени ҳам таклиф қилишди. Лекин ўша мавсум жамоа биринчи лигага тушиб кетди. Шунга қарамай, яна бир йил «УзДонгЖу» шарафини ҳимоя қилдим. Андижон жамоаси нима учундир кейинчалик қуйи лига жамоасига айланиб қолди. Балки мен билмаган бошқа муаммолари бордир...

- Қуйи дивизионда тўп сураётган футболчининг элита жамоаси сафида майдонга тушишини кутилмаган ёки ажабланарли ҳодиса сифатида қабул қилсак бўладими?

- Йўқ, албатта. Масалан, футбол билимдони Рустам Акрамов 1994 йилги Осиё ўйинларига сўнгги ўринда бораётган «Орол»дан Бердах Алланиёзовни жалб қилган. «УзДонгЖу»нинг «Насаф»га қарши кечган ўйинида ўзимни кўрсатганим учун ўша пайтдаги жамоада дарвозабонлар мураббийи сифатида фаолият юритган Анвар Жабборов мени Қарши клубига таклиф қилди. Бу ўзимни ҳар томонлама кўрсатиш ва тажрибамни ошириш учун жуда қулай имконият эди. Зарур шарт-шароитлар яратиб беришгани учун Виталий Легай, Рўзиқул Бердиев, Шуҳрат Тошпўлатов, Александр Хомяков ва барча ходимларга раҳмат айтаман.

- Анатолий Демяненькони ёддан чиқардингиз...

- У келганида мен «Нефтчи» чорловини қабул қилгандим.

- 2008-2011 йиллардаги миллий чемпионатимиз билан ҳозиргисини таққослаб бера оласизми?

- Менимча, ўша пайтдаги чемпионатимиз кучлироқ ва шиддатлироқ бўларди. Бунинг натижасини Осиё кубоги-2011да кўрдик. Чунки кўплаб жамоалар тенг кучга эга бўлганди. «Бун­ёдкор», «Насаф», «Пахтакор» таркиб жиҳатидан бир хил савияда турарди. Шунинг учун бўлса керак, мана шу уч жамоа ўртасидаги баҳслар кескин тус олган. Айниқса, «қалдирғочлар» таркибидаги жаҳон юлдузлари мухлисларнинг стадионларга ёғилиб келишида муҳим ўрин тутган. Ривалдо, Денилсон, Вильянуэваларни кўриш учун трибуналарда одам сиғмай кетарди. Хуллас, ҳақиқий футбол атмосфераси уфуриб турарди. Ҳозир ҳам шиддатли ўйинлар бўлиб турибди.

- Хорижга йўл олишингиз қай тариқа юз берган?

- Илк бор бунга Қозоғистоннинг «Гефест» жамоаси сабаб бўлган. Бу клуб кўпинча пойтахтда йиғин ташкил этар, ўзбек жамоалари билан турли ўртоқлик ва назорат учрашувлари ўтказарди. Кунларнинг бирида «Гефест» раҳбарияти мен билан алоқага чиқди, икки томонлама манфаатли шартнома имзоладик. Бор гап шу.

- Мальдив оролларининг «Нью Радиант» жамоасидаги чемпионлик хусусида ҳам гапирсангиз.

- У ерда футбол ўйнаш учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган, клубда фақат футбол ҳақида ўйлашингиз керак, турли нарсаларга чал­ғишга вақт йўқ. Маошлар олдиндан берилади, легионерлар билан боғлиқ муаммолар юзага келмайди. Чемпионат баҳслари якунига кўра биринчи ўринни қўлга киритдик, бу фаолиятимдаги илк чемпионлик унвони эди.

- Маълум муддат Наманганда ҳам кўриниш бергандингиз, лекин битим тузмадингиз. Бу молиявий тарафга боғлиқми ёки бошқа омиллар ҳам борми?

- Мальдивдан кетганимдан кейин оз вақт «Навбаҳор» машғулотларида қатнашиб юрдим, лекин клуб билан ҳеч қандай келишувга эришмадик. Олдимда Мўғулистон ва бошқа бир қатор мамлакатлар клубларидан жиддий таклифлар бўлаётганди.

- Айтинг-чи, легионер сифатида нима учун савияси бизникидан паст бўлган жамоаларда тўп суряпсиз?

- Тўғри, савия бобида юртимиздан ортда бўлиши мумкин, бироқ футболга эътибор жуда яхши. Қолаверса, четда ўйнаб, тажриба орттиришни хоҳлайман. Келажакда тўплаган билимларимни ёшларга ўргатмоқчиман.

- Футболдан нима топдингиз-у, нима йўқотдингиз?

- Яхши савол. Миллионлар ўйинида кўп нарсага эришдим. Янги дўст­лар, устозлар, бир-биридан ажойиб мухлислар ва энг асосийси, ўзлигимни топдим. Шу касб орқали бормаган жойларимга, кўрмаган шаҳарларимга саёҳат қилдим. Футболда оз бўлсада ўрним борлигидан, ўзга юртда оилам ва юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилаётганимдан фахр­ланаман. Шундай жаннатмакон ватанда туғилиб, вояга етганимга беадад шукр қиламан. Бу йўлни танлашимга сабабчи бўлган ота-онамга, яқин дўст-биродарларга, жамоадошларимга ташаккур билдираман. Нима йўқотдим? Ўтган фаолиятимга ачинмайман ва афсусланмайман ҳам. Чунки футболни ўзим танлаганман, мени ҳеч ким мажбурламаган.

А.ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Сиз Эктор Купер миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 (Қатар)га олиб бора олишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz