Қайднома

Қидирув

Мураббийлар: адолатли танлов

Мураббийлар: адолатли танлов

  17.06.2019 05:54
  0
  572
Мураббийлар: адолатли танлов

Bild сайти ташаббуси билан ўтказилган оммавий сўров немис футболи тарихидаги энг яхши мураббийни аниқлаб берди: бир йил аввал фаолиятини якунлаган Юпп Хайнкес танлов ғолиби сифатида эътироф этилди. Ниҳоят, олтинчи уринишда еврокубок финалида ғолиб чиққан Юрген Клопп танловда иккинчи ўриндан жой олди.

61000дан ортиқ иштирокчиларнинг 19 фоизи «Ливерпуль» устозини ёқлаб овоз беришди, «Бавария» афсонаси эса ёш ватандошидан икки баравар кўпроқ овозга эга бўлди. Барча учун намуна бўла оладиган адолатли натижа 2та асосий омил маҳсулидир. Биринчидан, қария Юпп аввало ўзига нисбатан ўта талабчан бўлгани ва ўзини ҳурмат қилгани учун бошқалар ҳурматини ҳам доимо жойига қўйган. Масалан, мавсум давомида жамоани Карло Анчелоттидан қабул қилиб, чемпионликка эришганида даставвал италиялик касб­дошини табриклаганди - ғалабада дон Карлонинг улуши катта бўлганлигини Хайнкес мардларча эътироф этганди. Ёки бошқа бир ёрқин мисол: катта сарф-харажатларсиз «требл»га эришган «Бавария» устозидан бу муваффақиятдан қанчалик фахр­ланиши ҳақида сўрашганида, Хайнкес «фахрланиш» иборасидан умуман фойдаланмаслигини маълум қилганди. «Ўша зафарли онларда ғояларим ўз самарасини бераётганига амин бўлгандим. Ҳозир ҳам фақат чинакам аҳил жамоагина шундай ёрқин ғалабаларга эриша олишига ишончим комил», - деганди Юпп хорижлик касбдошимизга.

«Бавария»нинг 10-финали ва Хайнкеснинг 33 йиллик умри

Ўз фаолияти давомида немис футболи гранди 10 марта нуфузли финалларда майдонга тушди, унинг отахон мураббийи эса энг узоқ вақт фаолият юритган мутахассис унвонига сазовор бўлди. Хайнкес табиатидаги ҳайратланарли жиҳат шуки, у ҳар гал футболга қайтганида ўша давр талабига мослашган ҳолда иш тутди, айрим касбдошларидан фарқли равишда айбни аввалги авлод вакилларига ағдармади, вазиятга холис баҳо берган ҳолда ҳар қандай муаммога тўғри ечим топа олди. Жумладан, «Бавария»­нинг кийиниш хонасида миллионерлар билан мулоқот қилишини аввалдан ҳис этгани боис, хизматчилардан 60-йиллардаги ўз шартномасини топишларини илтимос қилганди. Мазкур ҳужжатда ўз даврининг ёрқин юлдузи бўлган Юппга 160 маркалик ойлик маош белгиланганди! Донишманд мураббий ўз шогирдларининг бу ҳужжатга муносабатларини аввалдан тасаввур қилган, вақт ўтиши билан арзимас сариқ чақага айланган иш ҳақи ички муҳитдаги кескинликни юмшатишини яхши билганди.

Ҳам устоз, ҳам мураббий

Ҳа, ўтмишнинг шонли анъаналарини пухта эгаллаган ва улардан замонга мослаган ҳолда самарали фойдаланган Юпп Хайнкес барча шогирд­ларининг кўнглига бирдек йўл топа оларди. Афсуски, замонавий футболда бундай мураббийларни топиш жуда қийин. Бундан ташқари, бугунги футбол мураббий ва жамоадан пухта тактик тайёргарликни талаб этади, бусиз муваффақиятга эришишнинг иложи йўқ. Юпп Хайнкес ушбу мураккаб вазифани аъло даражада уддалай оларди.

Карло Анчелоттининг «Бавария»даги муаммолари фақат кийиниш хонаси билан чекланмасди - таркибдаги узвийлик бутунлай издан чиққанди. Ижобий ўзгаришлар тўпсиз ҳаракатланишни тартибга келтиришдан бошланди: Хайнкес биринчи навбатда жамоавий ҳимоя тизимини ташкил этиш лозимлигини тушунди. Унинг қанчалик тўғри қарорга келганлигини мавсум натижалари яққол исботлаб берди - рақибларини тезкор қарши ҳужумлар ёрдамида гол уриш имкониятидан бутунлай маҳрум этган жамоа маррага «требл» билан етиб келди.

Қизиғи шундаки, италиялик мутахассис «ПСЖ»дан йирик (0:3) мағлубиятни қабул қилганидан кейин истеъфога йўл олганди. Хайнкес айнан шу жамоани 3:1 ҳисобида маҳв этди ва буни қай тариқа амалга оширганини хотиржам тушунтириб берди: «Аввало, биз рақибга кучли босим ўтказадиган 2та ҳудудни белгилаб олдик, асосий кучларни ўша ҳудудга жалб этдик. Унинг узунлиги 25 метрдан ошмасди. Шу тариқа биз чекланган бўшлиқни юзага келтирдик. Кейин тезкор қарши ҳужумларни ўтказиб юбормаслик учун ҳушёрликни оширган ҳолда тўп сурдик. Натижада муҳим аҳамиятга эга бўлган ғалабага эришдик. Кейинги 3-4 ҳафта давомида шогирдларим ҳимоя­вий услубимиз самара бераётганига ишонч ҳосил қилишди».

Самарали ҳимоя тизимини йўлга қўйган Хайнкес жамоалари олдинги чизиқда ҳам ишончли тўп суришарди. Бу эса муваффақият гарови эди. Мураббийнинг фикрича, мухлислар учун энг муҳими - муваффақият, у бор жойда мақтовга арзийдиган жиҳатларни ҳар бир футболчидан, ҳар бир ҳаракатдан топиш мумкин. Малакали мураббий ва тажрибали стратег хислатларини ўзига жо қилган Хайнкеснинг ғалабалари бир қарашда ўта осонлик билан қўлга киритилаётгандек туюлади.

Унинг ёш касбдошларидан асосий устунлиги шундаки, қария Юпп қачонлардир кашф этилган велосипедни қайтадан ихтиро қилишга вақт сарфламайди. Жамоа тизгинини йўқотиб қўймаслиги учун қандайдир кескин чоралар қўллаши ҳам шарт эмас. Агар Хайнкес қачондир танқидга учраган бўлса, фақат қаттиққўллиги туфайли дуч келган. Лекин биласизми, Германиядагилар кимнидир қатъий интизом учун танқид қилишган бўлса, билингки, унда эътирозга арзийдиган бошқа нуқсон йўқ!

Хайнкесда мураббийлик касбига муҳаббат уйғонишида муҳим ўрин тутган буюк Хённес Вайсвайлер ҳар қандай футболчини ўзига хос одатий қадриятлардан халос этиш хусусиятига эга эди. Буни мураббийнинг барча шогирдлари эътироф этадилар. Тўғри, айримлар топ-клуб ўйинчиларини ўзгартириш мумкин эмас, деган фикрни олға сурадилар. Аммо аслида ундай эмас, топ-клуб вакиллари шунчаки бу мавзуни мулойимлик билан муҳокама қиладилар. Шундай футболчилардан бири бўлган Хамес Родригес ЖЧ-2014дан кейинги энг ёрқин мавсумини Юпп Хайнкес қўл остида ўтказганди. Иқтидорли, шу билан биргаликда ўта хушмуомала ва итоаткор колумбиялик футболчига ўхшаган шогирдлар фао­лияти буюк мураббий ҳақида нуфузли совринлардан кўра тўлиқроқ ва мукаммалроқ баҳо беради.

У.УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz