Қайднома

Қидирув

Иллатга қарши кураш ёки яна тотализаторлар ҳақида

Иллатга қарши кураш ёки яна тотализаторлар ҳақида

  18.06.2019 08:36
  0
  102
Иллатга қарши кураш ёки яна тотализаторлар ҳақида

Бугунги куннинг долзарб мавзуларидан бирига айланган «тотализаторчилар» масаласи юзасидан ПФЛ бош директори маслаҳатчиси Диёр Имомхўжаев ҳам одатдагидек, ўз фикрларини билдириб ўтди.

Шу мавсумнинг ўзида футболни тотализаторга айлантирган иккинчи шахс аниқланди. Бири 5 йилга, иккинчиси умрбодга футболдан четлаштирилди. Ўзбекистонда тотализатор йўқ... Аммо ундан мўмай пул ишлаб, эвазига футболни балчиққа ботираётган шахслар топилди, фактлари билан бор. Бунга калаванинг учи сифатида қараш тўғрироқ бўлса керак. Ушланганлардан бири тан олиб айтяптики, агар иш прокуратурага ошса, у ё ҳаммани сотади ёки вазиятдан қуруқ чиқиб кетади. Ишонаманки, футболнинг «қора олам»ида кайф қилиб юрганлар борки, иш босди-босди бўлиши учун керак бўлса бир неча миллион долларгача таклиф қилишади. Агарки, битта ўйиннинг нархи 15-20 минг долларни ташкил қилаётган бўлса, 1 миллион улар учун ҳеч нарса эмас.

Мана шундай вақтда ЎФА учун тегишли органларнинг ёрдами жуда зарур. У ИИББ бўладими, прокуратура ёки ДХХми, хуллас, уларнинг кўмагига муҳтожмиз. Чунки ЎФА ўз ваколатига кирадиган ишларни қила олди, қолганини ассоциация айбдор деб топганлар «тилга кириб», айтиб беришлари мумкин. Агар иш прокуратуранинг жиддий назоратига олинса ва охиригача борилса, футбол анча енгил нафас олиши катта эҳтимол. Бунда на номлар ва на пуллар роль ўйнаши керак, жинояти борми, у ким бўлишидан қатъий назар жавоб берсин!

Ўйлашимча, ўз вақтида Италия футболида рўй берган инқилоб вақти етиб келди. Темирни қизиғида босиш шарт. Юқоридаги сўзларни очиқ айтаётганимнинг сабаби ҳам аслида шу. Футболимиз ривожига бефарқ бўлмаган инсонлар бўлса, ўз маслаҳатлари билан ўртоқлашишса керак. Бизда тотализатор расман йўқ бўлгани билан, факт шуки, уни ўйнашяпти. Бизнинг пуллар Россия, Қозоғистон, Украина томонларга шунчаки оқиб ётибди, футбол эса бунинг касофатига катта зиён кўрмоқда. Ишонаманки, янги авлод бу жиддий муаммога қарши кураша олади. Умид қиламанки, Купернинг галстуги ёки ҳамкасбининг юришларини мавзу қилиб олаётганлар ҳам ва ниҳоят, жиддийроқ масалалар учун биргалашиб курашадилар. Бугун «қўлга тушган» битта лақманинг ортидан, унга шерик бўлган юзлаб одамлар юрак ҳовучлаб ўтирса-ю, шу сафар ҳам ҳамма бирдек курашмаса, бу футбол одам бўлмайди.

ЎФА «тотализаторчилар» масаласи бўйича расман баёнот берди. Бунда энг керакли тафсилотлар ва шахс­лар номи аниқ кўрсатиб ўтилган. Айб­сиз деб топилган футболчиларнинг эса исм-шарифлари сир тутилган. Кейинроқ бу иш юзасидан бирор-бир каттароқ кўрсатув қилинса, яхши бўларди. Олдин бундай кишилар тутқич беришмасди. ЎФА махсус инспекцияси уларни аниқлашни бошлагач, «Булар ҳеч ким эмас», «Булар - майда балиқлар» каби фикрлар юзага келяпти. Биринчидан, улар ноқонуний иш қилишган. Иккинчидан, ЎФА уларни аниқлаяпти. Ва энг асосийси, ҳозиргача аниқланганлари яхшилаб сўроқ қилинса, сиз кутаётган катталар ҳам албатта чиқиб келиши керак. Боя айтганимиздек, бунга ЎФАнинг кучи етмайди, тегишли органларнинг ёрдами жуда зарур.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Сиз Эктор Купер миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 (Қатар)га олиб бора олишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz