Қайднома

Қидирув

Танаффус маҳсули – муросасозлик...

Танаффус маҳсули – муросасозлик...

  18.06.2019 01:53
  0
  403
Танаффус маҳсули – муросасозлик...

ФИФА кунлари билан боғлиқ маълум муддатли танаффус Суперлига клублари фойдасига ишлади, дейиш қийин-ов... Зеро, 7та  ўйиннинг нақ 5тасида дуранг (4тасида бир хил - 1:1 ҳисоби) қайд этилишини ҳеч ким кутмагани аниқ. Жадвалда пешқадамлик қилаётган «Пахтакор» ва «Локомотив» худди келишиб олгандек, ўз рақибларини 5тадан гол билан «сийлагани»га нима дейсиз? Лекин бу ҳали ҳаммаси эмас: Қўқондаги баҳсда томонлардан бири 4та гол урдию, барчаси муроса билан тугади. Қизиқ-а?!

1-КУН: ИККИ АВТОГОЛ - ИККИ ПЕНАЛЬТИ

Келинг, шарҳни айнан Қўқондаги ўйин тафсилотлари билан бошласак. Мавсум бошидан буён ПФЛ талабларини бажариш йўлида ўз стадионида ўйнашдан мосуво бўлган «Қўқон-1912» ниҳоят, қадрдон уйига қайтди. Албатта, бундай вазиятда мухлислар жамоадан фақат ғалаба кутишади. Шунга яраша мезбонлар тезкор гол умидида дарҳол ҳужумга отланишди. Вазиятларнинг бирида «Қўқон-1912» фойдасига бурчак тўпи белгиланди ва «Динамо» аъзоси Бобур Қосимов хавфни бартараф этиш чоғи элементар хатога йўл қўйди - автогол. Лекин орадан кўп ўтмай, мезбонлар дарвозаси томон кетма-кет 2 бора пенальти белгиланди ва Жасур Азимов улардан унумли фойдаланди. Қўқонликлар эса иккинчи бўлимни иштиёқ билан бошлаб, «Динамо»нинг яна бир футболчиси - Миркомил Лоқаевни хато қилиш ва ўз дарвозасини ишғол қилишга «ундашди» - 2:2. Хуллас, мезбонлар гол урмай, самарали дуранг қайд этишди.

«Локомотив» ва «Сурхон» клубларининг пойтахтдаги тўқнашуви ғоят кескин ўтиши кутилганди, аслида. Аммо мезбонлар ўйинга ўзгача тайёрланишганини исботлаб, йирик ҳисобли ғалабани тантана қилишди- 5:1. «Локо» голларига Ислом Тўхтахўжаев, Йован Жокич, Арсланмурат Аманов, Темурхўжа Абдухолиқов ва Азиз Омонов муаллифлик қилишди. «Сурхон»нинг ягона жавоб голи эса захирадан майдонга тушган Аббос Махсталиев номига ёзилди.

Навоийдаги «Ёшлар» спорт мажмуасида «Қизилқум» ҳамда «Сўғдиёна» ўртасида кечган учрашувда Кахи Махарадзе 8-дақиқадаёқ рақиб дарвозасини боши билан нишонга олиб, маҳаллий мухлисларни ташвишга солди. Тезкор голдан сўнг «Қизилқум»нинг муваффақиятига бироз шубҳа билан қаралгани ҳам бор гап. Аммо дастлабки ҳаяжон босилгач, мезбонлар секин-аста ўзларига келишди ва тартибли ҳимояланиб, тезкор ҳужумларда рақибни жазолашга уринишди. Хусусан, Элгужа Григалашвили голга тортадиган вазиятларга чиқди, аммо баъзида зарба беришга улгурмади, бошқа ҳолатда унга аниқлик етишмади. Грузилиялик легионер фақат 60-дақиқага келиб, ниятига етди. Бу вазиятда Шерали Жўраевнинг қанотдан узатган тўпини «Сўғдиёна» ҳимоячилари қўл ёрдамида қайтаришди ва Элгужага пенальти қўл келди. Тур учун «мода» бўлган илк 1:1 ҳисоби шу тариқа юзага келди.

2-КУН: ЯНА 3та 1:1!

Якшанба кунига белгиланган илк ўйин ҳам 1:1 натижасини тақдим этди. «Андижон» аслида ғалабага анча яқин келганди. Зеро, водийликлар биринчи бўлимда Элдор Маматказиннинг аниқ зарбасидан сўнг ҳисобда олдинга чиқиб олишди ва 79-дақиқагача устунликни сақлаб туришди. Лекин ана шу паллада тажрибали ҳужумчиси Рўзимбой Аҳмедов оддий вазиятда ўз жамоаси жарима майдони ичида тўпни қўли билан қайтариб юборди. Оқибати - пенальти. «Металлург» фахрийларидан бири Станислав Андреев эса бу «совға»дан бош тортгани йўқ. Шу тариқа «Андижон»нинг ғалабасиз серияси 6та ўйинга етди. «Металлург» эса қаторасига 5та учрашувдан буён 3 очко ололмаяпти.

АГМК - «Навбаҳор» ўйини - ҳақиқий драма. Зеро, Александр Касьяннинг «нуқта»дан берган аниқ зарбаси эвазига 7-дақиқадаёқ ҳисобда олдинга чиқиб олган наманганликлар қолган вақт давомида ҳам устунликка эришишди, бироқ якунда тайёр ғалабани қўлдан чиқаришди. Вазиятларнинг бирида АГМК ҳимоячиси Сардор Раҳмонов тўпни қўли билан қайтарди. Лекин ҳакам ўйин маромини бузишдан чўчидими, «Навбаҳор» фойдасига иккинчи марта пенальти белгилашга ботинолмади. Бундан руҳланган мезбонлар ҳужумчиси Шоҳназар Норбеков 90}3-дақиқада дарвоза «тўққизлик»ни пойлаб, дурангга замин яратди.

Ёшлик, тезлик ва шижоат курашига айланиши кутилган «Бунёдкор» - «Насаф» учрашуви анчайин сокин руҳда ўтди. Буни ҳар икки клуб футболчилари олимпия ва терма жамоа йиғинларида қатнашишгани билан изоҳлаш мумкиндир. 1:1 кўринишидаги сўнгги ўйинда голларга Ислом Қобилов ҳамда Дилшод Саитов муаллифлик қилишди.

Турнинг охирги ўйини - «Бухоро» ва «Пахтакор» қарама-қаршилиги эса меҳмонлар қўҳна шаҳарликларни асло аяб ўтиришмади - 0:5. Эътиборлиси, бу ўйин Драган Чераннинг бенифесига айланди. Сербиялик футболчи ўз ҳисобига 3та голни расмийлаштирди. Шунингдек, ҳимоянинг икки вакили - Ҳожиакбар Алижонов ва Егор Кримец ҳам бир мартадан гол завқини туйишди.     

«ҚЎҚОН-1912» - «ДИНАМО» - 2:2 (1:2)

 «ЛОКОМОТИВ» - «СУРХОН» - 5:1 (2:0)

 «ҚИЗИЛҚУМ» - «СЎҒДИЁНА» - 1:1 (0:1)

 «АНДИЖОН» - «МЕТАЛЛУРГ» - 1:1 (1:0)

АГМК - «НАВБАҲОР» - 1:1 (0:1)

«БУНЁДКОР» - «НАСАФ» - 1:1 (1:1)

 «БУХОРО» - «ПАХТАКОР» - 0:5 (0:1)

А.Аҳмедов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz