Қайднома

Қидирув

Кристиан Карамбё: « Натижа фақат тактикага боғлиқ эмас»

Кристиан Карамбё: « Натижа фақат тактикага боғлиқ эмас»

  18.06.2019 12:59
  0
  255
Кристиан Карамбё: « Натижа фақат тактикага боғлиқ эмас»

Франция терма жамоасининг собиқ ярим ҳимоячиси Кристиан Карамбё RT нашрига интервью берди. ЖЧ-1998 ва Евро-2000 ғолиби суҳбат чоғида Россияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионати ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

— Бир йил олдин Россияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатидан қандай таассурот олдингиз?

— Ўйлайманки, турнир муваффақиятли чиқди. Бутун жаҳон Россиянинг жаҳон чемпионатини юқори савияда ташкил эта олишини кўрди. Ҳукумат турнирга ташриф буюрадиган хорижликлар ва маҳаллий аҳолини қандай хурсанд қилишни билишганди.

— Жаҳон чемпионати ўйинларига ташриф буюрдингизми?

— Санкт-Петербургда бўлиб ўтган Франция ва Бельгия терма жамоалари ўртасидаги ярим финал учрашувини томоша қилдим. Унда Дидье Дешам шогирдлари зафар қучишди. Кейин Москвада бўлиб ўтган финалда хорватларни мағлуб этишди.

— Лекин сиз томоша қилган ўйин анча зерикарди бўлди.

— Чемпионатда ғолиб чиқиш учун икки қадам қолганди - ярим финал ва финал. Бунда фақат ғалаба керак, бошқаси эмас.

— 2020 йили Санкт-Петербург Европа чемпионати ўйинларини қабул қилади. Франциянинг шу ерда ўйнашини истармидингиз?

— Албатта. Чорак финал учрашувини шу шаҳарда ўтказсак яхши бўларди. Ўшанда Россия терма жамоа­сига тўғри келишимиз мумкин. Ушбу жамоанинг ўтган йили мундиалда қандай қатнашганини ҳамма кўрди. Руслар кейинчалик финалда ўйнаган Хорватияга қарши тенгма-тенг туришди. Уларга фақатгина пенальтилар сериясида имкониятни бой беришди. Франциянинг Петербургда айнан Россия билан ўйнашига ишончим комил эмас. Аммо шундай имконият бор.

— Россияликлар чорак финалга чиққанларидан сўнг қанчалик хурсанд бўлишганини кўрдингиз. Франция чемпион бўлганидан кейин мамлакатда нималар бўлди?

— Бу орзунинг амалга ошиши эди. Биз ишониш қийин бўлган ғалабани қўлга киритдик. 1998 йилги муваффақиятни такрорлай олишимизни исботладик. Мамлакатнинг ҳар бир кўчаси кўк рангга бурканди. Спортнинг кучи шунда - одамларни бир ғалаба атрофида жамлай олади. 20 йил олдин ҳам Франция чемпионликни шундай нишонлаганди.

— Бундай турнирларнинг асосий вазифаларидан бири - одамларни бирлаштириш. Шу фикрга қўшиласизми?

— Мен Янги Каледонияда туғилганман. Биз учун инсон муҳим омил ҳисобланади. Юқори маррани забт этиш учун бир-биримизга ёрдам беришимиз керак. Менимча, бу жиҳатлар спортда ҳам бор.

— Ноябрь ойида Франциядан ажраб чиқиш учун Янги Каледонияда референдум ўтказилди. 43 фоиз сайловчилар ажраб чиқишни маъқуллашди. Лекин кўпчилик бунга қарши бўлди. Шу воқеага қандай изоҳ берасиз?

— Овоз бериш ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқи. Минтақамизда референдум биринчи марта ўтказилди. Олдинлари бундай имконият берилмаган. Референдум бўлганидан хурсандман. Биз ушбу мамлакатни биргаликда қурганмиз. Ватанимиз жуда гўзал.

— Жорий мавсум Европа Чемпионлар Лигаси баҳсларида кутилмаган натижалар қайд этилди...

— Ҳамма «Барселона» ва «Реал»дан ғалабалар кутганди. Аммо Англия Премьер-лигаси анча ривожланмоқда. Сўнгги йилларда Британия клублари учун ҳал қилувчи учрашувларда ўйнаш орзуга айланиб қолганди. Ниҳоят, улар бу нохуш анъанага чек қўйишди.

— «Ливерпуль» ғалабага ҳақли эдими?

— Шубҳасиз. Футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин, ҳаттоки, биринчи дақиқадаги пенальти ҳам. Натижа фақат ўйин тактикасига боғлиқ эмас.

— Сиз «Реал» билан икки марта ЕЧЛда ғолиб чиққансиз. Мадридликлар яна шоҳсупага кўтарилишадими?

— Албатта. Жамоа Эден Азар, Лука Йовични сотиб олди. Таркибга яна кучли футболчилар қўшилиши кутилмоқда. Бундай ўйинчилар турнирларда ютиш учун кераклар.

— Зиданнинг шундай кучли мураббий бўлишини кутганмидингиз?

— Ҳеч ким кутмаганди. «Реал»ни бошқаришдан олдин у масъулияти камроқ лавозимларда ишлади. Лекин клуб тузилмасини қуйидан ўрганди ва бу тажрибасини амалда қўллади. Зидан шундай муваффақиятга ҳақли эди. Ишончим комил, келажакда у янада кўпроғига эришади.

— Сиз таянч ярим ҳимоячи позициясида ўйнагансиз. Ҳозирги кунда ушбу чизиқдаги энг кучли футболчи ким?

— Н~Голо Канте. Нима деб ўйласангиз ўйлайверинг. Лекин мен учун шундай.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz