Қайднома

Қидирув

Неймар, Погба, Бэйл: Футбол юлдузларидан қайси бири ёзда жамоасини ўзгартиради?

Неймар, Погба, Бэйл: Футбол юлдузларидан қайси бири ёзда жамоасини ўзгартиради?

  18.06.2019 17:16
  0
  254
Неймар, Погба, Бэйл: Футбол юлдузларидан қайси бири ёзда жамоасини ўзгартиради?

Ёзги трансфер ойнасида жаҳон футболи юлдузларидан бир нечтаси жамоасини ўзгартириши мумкин. Масалан, «Манчестер Юнайтед» етакчиси ва жаҳон чемпиони Поль Погба «Реал»га ўтишга яқин турибди. Қолаверса, ОАВ хабарларига кўра, мадридликлар Бэйлнинг хизматидан воз кечишмоқчи. Навбатдаги жароҳатни орттириб олган Неймар эса «Барселона»га қайтиш истагида ёнмоқда. Буларнинг барчаси «RT» шарҳида.

Поль Погба («Манчестер Юнайтед»)

Фото: «Reuters»

Француз юлдузи ярим йил аввал ҳам «Манчестер Юнайтед»дан кетишга тушиб қолганди. Ўшанда Жозе Мауриньо билан чиқишмай қолган дейишади. Тақдирни қарангки, мавсумнинг қоқ ўртасида португалиялик «биринчи рақамли» мутахассиснинг ўзи жамоа билан хайрлашди. Наҳотки, «МЮ»ни қутқарадиган бирон мард йўқ. Балки «сеҳрли таёқча» ёрдам берар?!

Уле-Гуннар Сульшернинг қадами Погба учун ҳам қутлуғ келди — деярли ҳар бир ўйинда сермаҳсуллигини кўрсата бошлади. Аммо «МЮ»нинг шашти баҳоргача экан. Кейин яна пасайиш. Погбада ҳам. Мухлислардан тортиб экспертларгача уни майдонда борини бериб ўйнамасликда айблашга тушишди.

Мавсумни бир амаллаб тугатган Погба янги чорловларга шайлигини яшириб ўтирмади. ОАВ хабарларига кўра, «Реал» жаҳон чемпионига гўёки 120 миллион евро тўлашга тайёр, яъники асосий даъвогар бўлиб турибди.

Гарет Бэйл («Реал»)

Фото: «Deskgram»

Июнь ойининг илк икки ҳафтасидаёқ трансфер бозорида 300 миллион евродан кўп пул сочган «Реал» клуб рекордини ўрнатди. Хуллас, лимит тўлган. Энди бир томондан янги харидга қўл уриш, иккинчи томондан молиявий фейр-плейга хилоф иш тутмаслик учун мадридликлар бир неча ўйинчиларининг баҳридан ўтишларига тўғри келади.

Афтидан клубни энг яқин орада тарк этиш имконияти Гарета Бэйлда жуда юқори. Уэльслик энг муваффақиятсиз мавсумларидан бирини ўтказди, Зайниддин Зидан қайтганидан кейин-ку асосий таркибдаги ўрнини ҳам йўқотиб қўйди. Ҳатто бир-икки марта ўйинлар қайдномасига ҳам киритилмади.

Зидан ўз қарорини изоҳлашни истамади, бироқ хатти-ҳаракатларидан аёнки — Бэйл унга керакмас. Масаланинг нозик жиҳати шундаки, Гаретнинг ўзи Мадриддан кетаман дея куйиб-ёнаётгани йўқ.

Испан журналистлари қуйидаги сўзларни Гаретдан иқтибос келтиришди: «Шартнома бўйича уч йилим қолди. Агар улар кетишимни исташса, менга ҳар мавсум учун 17 млн. евро тўлашсин. Бўлмаса қоламан».

Миш-мишларга қараганда, уэльслик бир неча топ-клуб нишонида турибди. Масалан, уни «МЮ» ижарага олиши ҳам мумкин деган тахминлар йўқ эмас.

Мауро Икарди («Интер»)

Фото: «Reuters»

«А» сериянинг ҳужум чизиғида порлаб келаётган Мауро Икарди энг ёмон мавсумларидан бирини ўтказди. Йил бошида рафиқаси Ванда Нара туфайли клуб раҳбарияти билан низога боргани учун қарийб икки ой майдонга яқинлаштирилмади. Эслатиб ўтамиз, Ванда Нара — Икардининг агенти.

Охир-оқибат барибир Икарди таркибга қайтарилди, аммо энди «Интер» раҳбарияти ҳужумчи билан ҳамкорлик қилишдан маъно кўрмаётганга ўхшайди. Ғишт қолипдан кўчиб бўлди.

Аргентиналикка кўп жамоалар қизиқаётганига ажабланмаслик керак, шунча воқеалардан кейин унинг трансер қиймати анчагина пастлади. Нуфузли «Transfermarkt» портали Маурони 80 млн. еврога баҳолади, ҳолбуки шу порталнинг худди ўзи ўтган йил декабрь ойида унинг нархи 100 млн. евродан кам эмаслигини ёзганди.

Сўнгги хабарларга кўра, «Рома», «Ювентус», «МЮ», ҳатто MLS да дебютга чоғланаётган Дэвид Бэкҳемнинг «Интер Майами» клублари Икардини қўлга киритиш учун курашга қўшилган.

Неймар («ПСЖ»)

Фото: «Goal.com»

Неймар — сўнгги мавсум омадсизларидан бири. Оғир жароҳат сабаб бразил юлдузи мавсумнинг иккинчи ярмини ўтказиб юборди, июнь ойи бошида эса болдиридаги жароҳат уни «Копа Америка-2019»дан мосуво этди. Камига у номусга тегиш жиноятини содир этганликда гумон қилиняпти.

Эҳтимол, бу машаққатлар Неймарни «Барселона»га қайтишга ундар. Охирги пайтларда у Каталониядаги бахтли дамларини кўп эсга оляпти. ОАВ маълумотларига кўра, футболчининг агенти каталонияликлар билан музокараларни бошлаган.

Боз устига «ПСЖ» президенти Нассир ал-Ҳелаифий «юлдузларнинг қилиқларига бошқа тоқат қилмайман», дейиши оловга мой сепгандек бўлди. Неймарлигига ҳам қараб ўтирмади.

«Ҳеч ким уни клуб билан шартнома тузишга мажбурлаган эмас. Ҳеч ким уни бунга ундаган эмас. У онгли равишда танлади ва лойиҳага қўшилди», —  ал-Ҳелаифийдан ушбу иқтибосни «France Football» келтирмоқда.

Филиппе Коутиньо («Барселона»)

Фото: «Reuters»

Фелиппе Коутиньо «Барселона»ни тез орада тарк этади, деган хабарлар бор. Сабаби аниқ — Каталонияда бразилиялик асосий таркибга кира олмади, ҳолбуки, клуб унга озмунча пул сарфладими — нақ 145 миллон евро!

Коутиньо Ла-Лиганинг сўнгги мавсумида «гол+узатма» тизимида атиги етти балл тўплади, деярли 50 фоиз ўйинда захирадан майдонга тушди. Чемпионлар лигасидаги статистикаси яхшироқ: 11 ўйинда уч гол ва учта голли узатма.

Июнь ойи бошларида футболчи «Барселона» раҳбариятидан кетишга рухсат сўрагани маълум бўлди. Агарда Коутиньо ростдан ҳам клубни алмаштирмоқчи бўлса, харидорлар топилади. Масалан, «МЮ» кетаётган Погбанинг ўрнини Коутиньо билан тўлдиришга уриниб кўриши мумкин.

Энг қийини «Барселона»га: Коутиньога сарфланган пуллар ҳавога учиб кетади, шекилли. Чунки бир йил ичида Коутиньонинг трансфер қиймати 60 миллион еврога тушиб кетди.

Пауло Дибала («Ювентус»)

Фото: «Goal.com»

Жанубий Америка футболининг яна бир вакили — Пауло Дибаланинг ҳам ишлари юришмаяпти. Яқиндагина у «Ювентус» етакчиси, Италия чемпионатининг энг ёрқин футболчиларидан эди, бироқ Роналду келиб ҳаммаси ўзгариб кетди.

Португал юлдузини Массимо Аллегри марказдан чапроққа жойлаштирди, оқибатда Дибала севимли «ўнлик» позициясидан маҳрум бўлди. Аргентиналик 25 ёшли иқтидор эгасига «Юве» мураббийлар штаби янги вазифа топишнинг уддасидан чиқмади. Бир ўнгдан, бир ҳужумчи ортидан ҳужумга отланаверган Дибала жамоавий ўйинга қовушиб кетолмади.

Мана оқибати — мавсум давомидаги барча турнирларда бор-йўғи ўнта ўйин. Турган гапки, Дибала бошқа қолишни истамайди. Унга «Интер» қизиқаётгани, Икардига алмаштириши мумкинлиги ҳақида хабарлар бор.

Кристиан Эриксен («Тоттенҳэм»)

Фото: «Sportbox»

Эриксен, юқорида номлари тилга олинган футболчилардан фарқли ўлароқ, энг яхши мавсумларидан бирини ўтказди. «Тоттенҳэм» сенсацион тарзда ЕЧЛ финалига қадар етиб боришида унинг кўп хизмати бор. Бироқ жамоаси билан неча мавсумларни бирга ўтказган Кристиан Эриксен энди кетиш тараддудига тушган кўринади.

Бир пайтлар Бэйл ва Модрич билан ҳам шундай бўлганди. Икковлонни клуб раиси Даниэль Леви «Реал»га яхшигина пуллай олганди. Эриксен ҳам яхши пул келтиради, энг қизиғи, унга ҳам «Реал» кўз тикяпти.

Ҳатто Эриксеннинг ўзи ҳам «Реал»га ўтиши эҳтимоли ҳақидаги гап-сўзларни рад этмади, «Ekstra Bladet» нашри ундан қуйидаги иқтибосни келтирган:

«Ҳаммаси президент Леви ва манфаатдор клубларга боғлиқ. Музокаралар столига ўтириб, янги шартномага қўл қўйишим мумкин».

Агарда «Тоттенҳэм»ни тарк этсам, умид қиламанки, олдинга қадам ташлайман. «Реал»га ўтиш? Бу олдинга қадам. Бироқ аввалига мадридликлар мени олишмоқчи эканини «Тоттенҳэм»га билдиришлари шарт. Билишимча, испан клуби ҳозирча миқ этгани йўқ».

Дарвоқе, «Реал» икки ҳафтада трансфер лимитини тўлдириб қўйгани ҳақида юқорида айтдик, галдаги масала эса майдон марказини кучайтириш — Эриксенми ёки Погба? Иккисидан бирини танлашга тўғри келади.


Манба: xabar.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz