Қайднома

Қидирув

Эден Азар: «Қаршимда буюк синов турибди, мен эса шайман!»

Эден Азар: «Қаршимда буюк синов турибди, мен эса шайман!»

  19.06.2019 03:02
  0
  539
Эден Азар: «Қаршимда буюк синов турибди, мен эса шайман!»

Қониқарсиз натижалар ва антирекордлар туфайли юзага келган нохуш кайфиятдан имкон қадар тезроқ фориғ бўлишга интилаётган «Реал» трансферлар бозорида фаол иш олиб бормоқда, таркибдаги ўзгаришларни жамоатчиликка ёрқин рангларда етказиб турибди. Жумладан, «Қироллик клуби» сафига қўшилган Эден Азар ва Лука Йовичнинг таништирув маросими ҳам юксак савияда ташкил этилди. Тадбирдан кейинги матбуот анжуманида бельгиялик ва сербиялик футболчига «Реал» афсонаси Эмилио Бутрагеньо ҳамроҳлик қилди.

Қуйида Эден Азарнинг ўзига хос монолог интервьсини ўйиқшингиз мумкин. Демак сўз, белгиялик юлдузга... 

Бахтиёрлик ҳисси

Бундай лаҳзаларни ёшлигим - уйимиз боғида тўп сура бошлаганимдан буён орзу қиламан. Болалигимда айнан «Реал» мухлиси эдим. Аввалига Франция, кейин Англияда ўйнадим, мана, энди Мадридга келдим. Бу - улкан шараф! Мавсум бошланишини интиқлик билан кутаман, албатта. Ўзимда ҳам, оиламда ҳам ҳаммаси яхши. Тўғри, барчамизни бироз ҳаяжон босяпти. Айниқса, ойимни. Умуман олганда, жуда-жуда бахтиёрмиз.

Зайниддин Зидан ҳақида

- Зидан - менинг кумирим. Бу барчага маълум. Энди унинг устозимга айлангани - янада яхши. Қайтараман, ўзи доимо «Реал»да ўйнашни орзу қилганман. Чап қанотда, шунингдек, «10-рақам» позициясида тўп суришни ёқтираман, аммо қаерда ўйнашни ҳал қилиш менинг ваколатимда эмас.

Орзуси

- Орзум - ўйиндан лаззат олиш ва ғалабаларга эришиш. Айниқса, Мадридда кўплаб совринлар ютишни хоҳлайман. Умидворманки, бу ерда самарали ижод қиламан. «Челси»да 7 йил тер тўкдим, энди бор кучимни янги жамоам равнақи йўлида сарфламоқчиман. Буни шартномага имзо чекканим учун айтмаяпман, болалигимдан шу орзу билан улғайдим. Ўйлайманки, Мадридга айни вақтида келдим, энди имкониятимни тўлиқ намойиш этсам, бас.

Ўйинчилик рақами

- Ковачич ёрдамида Модрич билан гаплашдим. Ҳазил тариқасида ундан 10-рақамни менга бериш-бермаслиги ҳақида сўрадим. Лука дарҳол рад жавоби берди - «Йўқ». Начора, бошқа рақам олишимга тўғри келди. Бироқ бу унчалик муҳим аҳамият касб этмайди.

Юксак талаб

- Бу ерда мухлислар ўта талабчан эканликлари тайин. Чунки клуб мав-қеи шуни тақозо этади. Тушунарлики, «Реал» барча мусобақаларда ғолиб чиқишни истайди. Демак, мухлислар фақат ижобий натижалар кутишга ва талаб қилишга ҳақлилар. Ҳа, майдонда самарали ҳаракатланишнинг аҳамияти катта. Такрор айтаман, бу ерга бор маҳоратимни кўрсатиш ниятида келдим. Мухлисларни қувонтира олишимга ишонаман.

Тибо Куртуа ҳақида

- Яширмайман, Тибо билан «Мадрид» хусусида кўп суҳбатлашдим. У имкон туғилиши билан жамоага ўтиш хусусида маслаҳат берганди. Чунки «Реал» дунёдаги энг яхши клуб ҳисобланади. Тибо - энг яқин дўстим, у билан ёнма-ён шуғулланиш, битта клубда ўйнаш алоҳида завқ улашади. Албатта, иккимиз ҳамкорликда кўплаб совринларга эришсак, зўр бўларди.

Пенальти тепиш

- «Реал» сардори пенальтини ишончли тарзда амалга оширади. Бордию, Рамос бу имкониятни менга берса, муаммосиз зарба беришим мумкин... Лекин унинг бу борада қандайдир маслаҳат сўрашига ишонмайман (кулади). Чунки ўзи пенальти тепишни қойиллатмоқда.

Трансфер масаласи

- Йўқ, трансферимнинг кечроқ амалга ошгани ҳақидаги фикрларга қўшилмайман. Ҳозир 28 ёшдаман, бу - футболчининг энг гуллаган даври. Вақтида «Лилль» ва «Челси» сафида муносиб тўп сурдим. Энди фаолиятимни мутлақо янги босқичга кўтариш пайти келди. Энг сара жамоадан жой олганлигим ҳам шиддатли ривожланишни талаб этади. Ҳаммаси 1 йил аввал, мундиалдан кейин бошланган эди. Бироқ «Челси»да яна бир мавсум ўйнашни лозим кўрдим ва биз ЕЛда зафар қучдик. Шундан кейингина «Реал» билан шартнома тузиш учун қулай фурсат етди. Энди бор куч-маҳоратимни шу жамоага бағишлайман.

Энг яхши футболчи мақоми

- Албатта, юксак унвонни қўлга киритишга уриниб кўраман. Лекин дунёнинг энг яхши жамоасида тўп суриш муҳимроқ. Ҳа, «Челси»даги ютуқларимдан мамнунман, аммо «Реал» билан янада кўпроқ совринлар олишим керак.

Президент билан мулоқот

- Биз атиги 1 марта учрашдик. Яъни Лондонда кечки тамадди баҳона бафуржа суҳбатлашдик. У мен учун «Реал» сафига қўшилиш пайти келганини алоҳида таъкидлади. Таклифнинг шахсан ўзидан чиққани ёқимли, бундан кўнглим кўтарилди. Мана, келдим, ўйлайманки, ҳамкорликда кўплаб зафарларни тантана қиламиз.

Мухлисларга мурожаат

- Бугун мен билан учрашишга келганингиз учун катта раҳмат. Шунча одам ташрифидан бошим осмонга етди. Энди тезроқ майдонга тушиш ва ўз маҳоратимни намойиш этишни истайман.

Етакчилик роли

- «Реал»да етакчилар жуда кўп. Лекин қайсидир футболчи эмас, жамоа муҳимроқ. Ўз тажрибам, иқтидорим ва голларим билан жамоага ёрдам берсам, бас. Тўғри, «Челси»да етакчи эдим, Бельгия терма жамоасида ҳам. Албатта, бу ерда ҳам шундай бўлса, ҳеч қандай қаршилигим йўқ.

Галактикос

- Ҳозирча галактикос эмасман, лекин вақти келиб, шу мақомни олишдан умидворман. Эден Азарнинг аввалги ютуқлари ўтмишда қолди, энди янги босқич остонасида турибмиз. Тўғри, аввало, галактикос эмас, шунчаки, савияли футболчиман.

Мбаппе ва Погба

- Бу ерга трансферлар ҳақида гаплашиш эмас, энг сара футболчилар билан бирга тўп суриш учун келдим. Жамоанинг янги ўйинчиларига мослашиш учун вақт керак. Менимча, йигитлар бу масалада унча қийналишмайди.

Карим Бензема ҳақида

- Ўйлашимча, биз талаб даражасида ҳамжиҳатликда ўйнай оламиз. Францияда Каримга қарши тўп сурганман. У 9 йилдан буён Мадридда ўйнамоқда. Шахсан мен Бенземани дунёнинг энг яхши марказий ҳужумчиси сифатида таърифлайман. У билан ёнма-ён машқ қилиш ва тўп суриш жуда фойдали бўлишига аминман.

«Реал»нинг сўнгги мавсуми

- Ўзи бор эътиборимни «Челси»даги фаолиятимга қаратгандим. Шундай экан, «Реал»нинг якунланган мавсумдаги ишларига баҳо беролмайман. Билганим шуки, клуб охирги 5 йил ичида кўплаб совринларга эга чиқди. Ажабмас, янги жамоадошларим билан янги ғалабалар сериясини бошласак...

 

Эмилио Бутрагеньо («Реал»нинг халқаро алоқалар бўйича директори): - «Реал Мадрид» клубига хуш келибсан, Эден! Сафимизга қўшилганингдан бағоят мамнунмиз, албатта. Сендаги ноёб иқтидор ва ғолиблик руҳияти дунёнинг энг сара футболчилари сафидан жой олишингни таъминлайди. Мана, жамоамизнинг бир бўлагига айланиш билан азалий орзунгни амалга оширдинг. Шунингдек, умидвор мухлислар меҳрини қозондинг, уларда умид уйғотдинг. Ишончимиз комил, «Реал»нинг асосий ўйинчиларидан бири сифатида юксак марралар забт этилишига муносиб ҳисса қўшасан.

У.УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz