Қайднома

Қидирув

Неймарга фақат ачинамиз ёки НЕЙМАР - АЯНЧЛИ ТАҚДИР СОҲИБИМИ?

Неймарга фақат ачинамиз ёки НЕЙМАР - АЯНЧЛИ ТАҚДИР СОҲИБИМИ?

  19.06.2019 05:05
  0
  347
Неймарга фақат ачинамиз ёки НЕЙМАР - АЯНЧЛИ ТАҚДИР СОҲИБИМИ?

Тўғрисини айтганда, 2017 йили бразилиялик истеъдодли футболчи Неймар қаршисида шундай имкониятлар юзага келдики, у ўша вақт оқилона йўл тутганида, бугун ҳеч шубҳасиз, Лионель Месси ва Криштиану Роналду қаторида дунёнинг энг сара 3 нафар юлдузи сифатида тилга олинарди. Чунончи, Бразилия футболининг янги умиди ўша вақт энди 25 ёшга тўлган ва фаолиятининг энг «гуллаган» даврини ўтказаётганди. Қолаверса, Неймар атрофида фақат ижобий воқеалар, илиқ таассуротлар мавжуд эдики, бундан асло кўз юмиб бўлмайди. Бироқ воқеаларнинг кейинги халқасимон ривожи барчасини бутунлай чаппасига айлантирди-қўйди...

 

Биринчи факт. Неймар 2015 йили ЕЧЛ бош совринини қўлга киритди, кейинги мавсум эса Бразилия терма жамоаси сафида Олимпиада ғолибига айланди. Кейин «ПСЖ» сафига қўшилиш асносида дунёнинг энг қимматбаҳо футболчиси мақомини олди. Зеро, парижликлар (аниқроғи, миллиардер шайх) Неймар трансфери йўлида нақ 222 миллион евро баҳридан воз кечганди.

Иккинчи факт. Бразилиялик юлдуз 2017 йил қишда иккинчи марта «Олтин тўп»га даъвогар асосий 3 нафар футболчи сафига киритилди. Аслида Неймар «ПСЖ» сафига қўшилгунига қадар ҳам, Францияда бу клубга тенг келадиган рақиб йўқдек туюлганди. Аммо журъати баланд «Монако» Париж мегаклубининг байрам қилишига йўл қўймади. Бразилиялик ижрочи таркибдан жой олгач, чиндан-да, клубнинг ички чемпионатдаги ишлари юришиб кетди. Неймарнинг ўзи эса топ-клубда алоҳида нуфузга эришди ва тез орада «Олтин тўп»га эга чиқадигандек тасаввур уйғотди.  Аммо афсуски, буларнинг барчаси алдамчи таассурот бўлиб чиқди. Ҳа, Неймар Париж жамоасидаги фаолияти давомида 5та соврин ютди, бироқ ҳаммаси ички турнирлар маҳсули, холос. Аниқроғи, у Франция чемпионатининг 2 карра ғолиби ва мамлакат кубогининг 3 карра соҳибига айланди. Аёнки, яна 1-2 йилдан сўнг Неймарнинг ўзи ҳам шундай совринлар ютганини эсламаса керак. Боз устига, омадсизликлар кутилганидан кўра, каттароқ ва залворлироқ бўлди...

 

ЕЧЛ армони. 2017|2018 йиллар мавсуми 1|8 финал босқичида  «ПСЖ» Мадриднинг «Реал» клубидан «тарсаки» олди. Неймар биринчи ўйин (1:3)да қатнашдию, оғир жароҳатга йўлиқди ва нақ 3 ойни даволанишга сарфлади. Хуллас, парижликлар жавоб ўйинида Неймарсиз майдонга тушиб, «Реал» олдида яна ожиз қолишди. Кейинги мавсумнинг худди шу босқичида «ПСЖ» олдига энди ишлари унча юришмаётган «МЮ» тўсиқ қўйди. Гарчи Оле-Гуннар Сульшернинг бош мураббий вазифасига тайинланиши омадли серияга уланган бўлса-да, «қизил иблислар» Европа грандлари учун қўрқинчли рақиб эмасдилар, барибир. Аниқроғи, ўша пайт «МЮ» ўйин сифати бобида «ПСЖ»дан анча паст-да эди. Лекин тақдир экан, Неймар яна жароҳат туфайли ҳар икки ўйинни томошабин сифатида кузатди. Унинг жамоаси эса сафардан ажойиб натижа билан қатганига қарамай, ўз майдонида шармандаликка учради.

 

Расвоси чиққан мундиал, қаҳрамонсиз «Копа Америка»... Бир қарашда, Неймарнинг терма жамоадаги маҳсулдорлиги ҳавасга арзигулик. Чунончи, у ҳозиргача Бразилия бош жамоаси сафида 60та гол уришга улгурди ва бу борада афсонавий Роналдога етиб олди, ҳисоб (буюк «сўйлоқ»да 62та гол бор). Бетакрор Пеле ҳам унча узоқда эмас (футбол қироли бразилияликлар сафида 77та гол урган). Неймарнинг Конфедерациялар кубогида нақадар чиройли ўйнагани кўпчилик ёдида, аммо шунга ҳам 6 йил бўлибди. Бразилияликлар шундан кейин ўз майдонларида ўтган мундиалда 4-ўрин билан чекланишди. Шунга қарамай, улар ЖЧ-2018га бош фаворит мақомида киришдилар, барибир. Амалда Неймар Россиядаги ўйинларда 2та гол урди, бироқ майдонда югурганидан кўра, кўпроқ «юмалади». «Пентакампеонлар» якунда чорак финалда курашни тўхтатишди. Бу йил Неймар олдида барчасини яна ижобий томонга ўзгартириш имкони бор эди. Ҳар ҳолда, айнан Бразилияда ташкиллаштирилган «Копа Америка» бунинг учун айни имуддао бўлиши тахмин қилинди. Неймарнинг ўзи ҳам турнирга катта умид боғлагандир. Ахир у мамлакат термасига қандайдир наф келтириш асносида мухлислар олдида тушган обрўсини қайта тиклаши лозим эди. Лекин «Дард устига чипқон», деганларидек, қаҳрамонимиз мусобақа бошланиши арафасида яна жароҳатланиб, сафдан чиқди. Шу тариқа Неймарга миллий жамоадаги юлдузли дамларни тортиқ этиши кутилган турнир барбод бўлди унинг учун. Қолаверса, навбатдаги йирик турнир - ЖЧ-2022 пайти футболчи 31 ёшга киради ва унинг бўлажак мундиалда қатнашиш-қатнашмаслиги ҳам улкан сўроқ остида.

 

Мухлислар билан можаро. Неймар навбатдаги жароҳатдан сўнг тикланиб, сафга қайтгач, 2019 йил ҳисобидан илк тўлиқ ўйинни Франция кубоги финалида «Ренн»га қарши ўтказди. Очиғи, бу баҳсда «ПСЖ» яққол фаворит саналарди. Дейлик, «Ренн»нинг ғалабасига пул тикканлар нақ 6 баравар фойда олишларини билишарди. Тақдир ҳазилими ёки бошқа нарса - амалда худди шундай бўлиб чиқди. Оддий ифода этганда, «ПСЖ» яна шармандаликка юз тутди. Ваҳоланки, Неймар асосий вақтда ҳам, пенальтилар сериясида ҳам гол уриб, зиммасидаги вазифани уддалади. Энг қизиқ ва шунинг баробарида нохуш ҳолат тақдирлаш маросимида рўй берди: аламзада парижликлар ўйиндан кейин ўзларига тегишли медални қабул қилиш учун трибунага кўтарилган паллада қизиққон мухлислардан бири футболчиларга луқма ташлади. Хусусан, у Неймарга ҳам ўринсиз гап отиб, футболчини суратга олишга уринди. Бразилиялик эса қизишиб кетиб, мухлиснинг жағига мушт солди. Табиийки, бундай ҳолатда Франция футбол федерацияси Тартиб-интизом қўмитаси футболчини кечирмайди...

 

Дисквалификация. Шундай қилиб, Неймар мухлис билан тўқнашув туфайли 3та  ўйинга дисквалификация қилинди. Бошқача айтсак, мавсум у учун эртароқ тугади. Қолаверса, Неймар энди Франция суперкубоги учун бўладиган ўйинни ҳам ўтказиб юборишга мажбур. Чемпионлар Лигаси-2019|2020даги ҳолат бундан-да расво: «ПСЖ» дастлабки 3та тур ўйинида бразилиялик ҳужумчи хизматидан фойдаланолмайди. Чунки УЕФА ҳам Неймарни турнирнинг кейинги 3та ўйинидан четлаштирган. Сабаби оддий - у Парижда «МЮ»га қарши кечган жавоб ўйинидан сўнг тилига эрк берди. Аниқроғи, меҳмонлар фойдасига пенальти белгилаган ҳакамни ҳақоратлади, ижтимоий тармоқларда адолатсизлик ҳақида жар солди. Қолаверса, Неймар ўйин тугагани ҳамоно ҳакамлар хонасига бостириб киришга уринган экан. Оқибати нима бўлди? Яна 3та ўйинлик дисквалификация...

 

«ПСЖ»даги низо ва Неймар иштироки. L~Equipe нашри «ПСЖ»даги ички муҳит унчалик яхши эмаслиги ҳақида бир неча марта бонг урди. Таъкидланишича, футболчилар аллақачон икки «лагер»га бўлиниб олишган - Неймар ва Мбаппе тарафдорлари. Бу ҳолатда Неймарнинг клубдаги тақдири ҳам мавҳум бўлиб турибди. Дейлик, экспертларнинг хулосаларига кўра, «ПСЖ» Неймар ёки Мбаппедан воз кечиши керак. Демак, вазият дарҳақиқат, анча жиддий. Жамоада келишмовчиликлар борлиги тайин. Афтидан, барчаси биз ўйлагандан ҳам кескинроқ, чоғи...

 

Неймарнинг мавсум давомидаги безориликлари

 

* Кристофер Н~Кунку билан жанжаллашди

* Юлиан Дракслерга нисбатан «ахлат футболчи» иборасини қўллаб, можаро чиқарди

* Кубок финалидаги мағлубиятдан сўнг ёш жамоадошлари танқид остига олиб, «Мбаппе лагери»га «тош отди»

Франция чемпионатидаги ғалабани нишонлаш вақти майдондан чиқиб кетиб, жамоадошлари ғашига тегди

 

«Бонус»: зўравонлик

 

Футболдаги муаммолари етмаганидек, энди Неймар кундалик ҳаётда ҳам машмашалар гирдобига тушиб қолди. Гап шундаки, у кунлардан бирида «Инстаграм» тармоғида бразилиялик ҳурлиқо қиз Нажила де Соуза билан танишиб қолади ва уни Парижга таклиф қилади. Қиз таклифга дарров кўниб, бир неча кун Парижда сайр қилгач, уйига қайтади ва орадан маълум вақт ўтгач, гўёки, Неймар Парижда унинг номусига теккани ҳақида жар солади. Футболчи табиийки, бунга жавобан дарҳол «Инстаграм»даги ёзишмалар акс этган суратни оммага ҳавола қилди. Ёзишмалардан маълум бўлишича, Нажила ўз хоҳиши билан футболчи ёнига келган. Хуллас, шундоқ ҳам омади юришмаётган Неймар навбатдаги руҳий зарбага учради. Ҳолбуки, у 27 ёшда ва 2 йил ичида «ПСЖ» сафида 58 марта майдонга тушиб, 51та гол уришга улгурди. Четдан назар солинса, исталган футболчи бундай натижани орзу қилади. Аммо Неймарнинг иқтидори ва салоҳиятини ҳисобга олсак, у аллақандай бета-йин қизлар билан ўралашиб юриш ўрнига Месси ва Роналду даражасига кўтарилиши ва «Олтин тўп» учун курашга астойдил интилиши керак эди. Демак, бразилиялик тўп афсунгари фаолиятининг энг яхши қисмини беҳуда ўтказиб юбормоқда. Энди Неймар олдида биттагина йўл қолди: бутун ёз келажаги ҳақида бош қотириши ва энг тўғри йўлни танлаши шарт. Бемалол тахмин қилиш мумкинки, шунчаки, ҳордиқ чиқариш вақти саналган ёз фасли Неймар учун осон ўтмайди. Ким билади, бу футболчи фаолиятидаги энг мураккаб ёздир балки...?

Хўжа АБДУЛРАҲМОН тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz