Қайднома

Қидирув

Равшан Эрматов ва Звонимир Бобан ўртасидаги боғлиқлик

Равшан Эрматов ва Звонимир Бобан ўртасидаги боғлиқлик

  20.06.2019 05:08
  0
  454
Равшан Эрматов ва Звонимир Бобан ўртасидаги боғлиқлик

Ҳамюртимиз - таниқли мутахассис Алишер Никимбаев «Телеграм» тармоғидаги ўз саҳифаси («Футболиум») орқали футбол оламининг энг муҳим воқеликларига муносабат билдириш баробарида қизиқарли маълумотларни тақдим этиб боряпти. У хусусан, ЎФА раҳбариятидаги ўзгаришга ҳам бефарқ қарагани йўқ, албатта. Никимбаев шунингдек, ўқувчиларнинг турли саволларига жавоб ёзмоқда.

* * *

- Равшан Эрматов ва Звонимир Бобан. Жаҳонга машҳур ҳакам ва собиқ футболчи. Куни кеча ҳар иккиси ҳаётида ўта муҳим ўзгариш юз берди.

Бобан ФИФА бош котиби ўринбосари лавозимидан кетди ва «Милан» клуби катта директори сифатида иш бошлади. Эрматов эса минглаб ҳакамлар ҳавасини келтирадиган фаолиятидан воз кечиб, қийин ишни танлади. Бобан ўзини танитган клубга қайтди, Эрматов бутун бир юрт футболини ривожлантириш масъулиятини ўз бўйнига олди. Бобан ФИФА тизимида учинчи позицияни эгаллаб турганди. Лекин жонажон клубига қайтиш учун ушбу нуфузли лавозимдан воз кечди. Эрматов ҳисоб бўйича 4-жаҳон чемпионатига ҳозирлик кўраётганди. Бу футбол тарихида мутлақ рекорд натижа бўларди. Лекин Равшан энди янги лавозим туфайли шонли фаолиятини якунлашга мажбур бўлса керак. «Милан» фанати эмасман, Бобан нега шундай йўлни танлагинини ҳам тушунмайман. Бироқ Эрматов янги лавозимда қандай қийинчиликлар ва масъулиятга дуч келишини яхши биламан. 2 йил олдин ўзбек футболи капитал таъмирга муҳтож ҳолатга келиб қолганди, бугун эса барчасини янгитдан қуришга тўғри келмоқда. Вазифа қийин, лекин уддаласа бўлади. Энг муҳими, Эрматовнинг ўзи ҳам буни яхши тушуниб турибди. У нималарни ўзгартириш кераклигини билади. Шунингдек, футболимизни ривожлантиришда жон куйдирадиган мутахассислар борлигини ҳам. Энг муҳими футбол оммаси Эрматовга ишонади. Бу эса янги ишида қўл келиши мумкин.

* * *

- Сайтларнинг бири орқали менга савол йўллашди. Ҳозирча ҳеч қайси сайт рўйхатида эмасман. Шу боис саволларга ҳам шу каналда жавоб бераман.

Савол мазмуни: «Ўзбекистон чемпионати нима учун «куз-баҳор» тизимига ўтмайди? Ахир ОЧЛдаги барча рақибларимиз қишда ўйнашади. Ваҳоланки, биз ҳам «Ғарб» минтақасидамиз...». Тўғри тушунинглар, ЎФА ёки ПФЛ номидан гапиришга ҳаққим йўқ. Чунки 8 йилдан буён Ўзбекистон футбол тизимида ишламаяпман. Шундай экан, фақат шахсий фикримни билдиришим мумкин.

Ўзбекистон чемпионатини «куз-баҳор» форматига ўтказишдан маъно йўқ. Чунки Яқин Шарқ мамлакатларидан фарқли ўлароқ, бошқача иқлим шароитидамиз. Яъни бизда қиш ойлари футбол ўйнашнинг имкони йўқ. Яқин Шарқда ҳаммаси бошқача - қиш футбол учун жуда қулай фасл. Аксинча биз июнь - август ойларида бемалол ўйнашимиз мумкин, Яқин Шарқда эса бу деярли имконсиз.

Яна бир жиҳат бор - яқин орада ОЧЛ­да ҳам мавсум тизими ўзгаради. Яъни турнир «куз-баҳор» форматида ўтказилиши мумкин. Шунда Ўзбекистон клублари гуруҳ босқичида қулай имкониятга эга бўлади.

* * *

- Савол йўллаганларга раҳмат. Барчасига оператив тарзда жавоб беролмаётганим учун узр. Биринчидан, ҳозир таътилдаман. Шу боис ҳамиша вақт ажратиш имкони йўқ. Иккинчидан, кўплаб саволлар бир-бирига ўхшаш. Шунинг учун бироз кутиб туриб, бир неча саволга умумий жавоб бериш мақсадга мувофиқ. Демак, бошладик.

1. Нега Эрматов ҳакамлик фаолиятини якунлашини тахмин қилдим? У учрашувларни бошқаришда давом этиши мумкинми?

- Тўғриси, Эрматовнинг ҳакамлик қилиш ёки қилмаслигини аниқ билмайман. Бу саволга Равшан Сайфиддиновичнинг ўзи аниқ жавоб бериши мумкин. Билишимча, Эрматовнинг Ўзбекистон чемпионати доирасидаги ўйинлари бекор қилинган. Бу 2та сабаб туфайли мантиқан тўғри. Биринчидан, ассосиациянинг биринчи вице-президенти ҳакамлик қилолмайди. 2001 йилиёқ ҳакамлар ва назоратчилар ЎФФда ишлай олмасликлари борасида қарор чиқарилганди. Иккинчидан, Эрматов олдида турган вазифалар кўплиги боис ҳам, ҳакамликни ташлаши мумкин. Яъни у ҳакамлик учун вақт ажратиши қийин. Агар Эрматов Ўзбекистон чемпионати ўйинларини бошқармаса, ОФК ва ФИФА амалиёти йўқлиги учун уни халқаро учрашувларга тайинламайди. Такрор айтаман, бу менинг тахминим, холос. Қандайдир мақбул йўл топилиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.

2. Раҳбарият ўзгариши ҳақидаги фикрим. Бу яхшими ёки ёмон?

- Жуда яхши. Чунки вазият таранг аҳволга келиб қолганди. Бу фақат менинг фикрим эмас. Футбол ичидаги одамлар ўзгаришларни хурсандчилик билан қабул қилишди. Футболни ич-ичидан биладиган, нафақат мамлакат, балки жаҳон ареналарида ҳам обрўга эга Эрматовнинг тайинланиши янада хурсанд қилди. Унинг халқаро обрўсини бежиз тилга олмадим. Чунки охирги ярим йилда ЎФА ва айрим ташкилотлар ўртасида муаммолар юзага келганди. 10 йиллаб йиғилган обрў 1 соатда барбод бўладигандек туюлди ҳатто. Энди Эрматов вазиятни ўнглаши лозим.

3. Агар ЖЧ саралаш баҳсларида Ўзбекистон ва Қатар терма жамоалари яна тўқнаш келса, вакилларимиз олдингидек ғалаба қозона олишадими?

- Менимча Ўзбекистон терма жамоасининг устун келиш имкониятлари юқори, барибир. Чунончи, жамоамиз 2008 йилдан буён расмий ўйинларда қатарликларни мағлубиятга учратмоқда. Тўғри, Қатар термасида янги авлод футболчилари, янги мураббий, янгича ўйин услуби бор. Айнан шу жиҳатлар жамоанинг Осиё кубоги-2019да ғалаба қозонишида қўл келди. Лекин Ўзбекистон термасида ҳам устун томонлари етарли. Дейлик, 1993-1996 йилларда туғилган футболчилар ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатларида ўйнаш тажрибасига эгалар. Тўғри, бир неча иқтидорли футболчилардан иборат гуруҳ муваффақият кафолати эмас. Бунга 2016 йилги Осиё чемпионатида гувоҳ бўлдик. Ўшанда ёшларимиз мураббий савияси пастлиги туфайли қитъа чемпионатида муваффақиятсизликка учрашганди.

4. 3-саволга қўшимча: ўқувчилардан бири Қатар термаси ЖЧ-2022га мезбонлик қилиши туфайли саралаш баҳсларидан озод этилиши ҳақида ёзибди.

- Аслида ундай эмас. ЖЧ-2022 саралаш баҳслари Осиё кубоги-2023 учун ҳам квалификация жараёнидир. Шундай экан, Қатар термаси қолган 39та жамоа қатори иккинчи раундда иштирок этади. Шу ўринда ЖЧ-2022 саралаши иккинчи раунди учун ташланадиган қуръа ҳақида яна бир маълумот: 2020 йилнинг июнь ойида Австралия ва Қатар термалари Copa America турнирида қатнашади ва бунинг ОФК тақвимига бевосита таъсири бор. Аниқроқ айтсак, шу икки жамоа тушадиган гуруҳ тақвими шундай тузиладики, Австралия ва қатарликлар иккинчи босқич учрашувларини 2020 йилнинг март ойигача тугатади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz