Қайднома

Қидирув

Футбол ихтиролар билан мукаммал

Футбол ихтиролар билан мукаммал

  22.06.2019 07:02
  0
  518
Футбол ихтиролар билан мукаммал

Кашф этилганига 150 йилдан ошган футбол ҳамон тараққиётдан тўхтаётгани йўқ. Айтиш керак, аллақачон дунёда биринчи рақамли спорт турига айланган миллионлар ўйинининг эволюция жараёни фақатгина қоидаларгагина боғлиқ эмас. Бинобарин, ўйин қоидалари изчил такомиллаштирилишидан ташқари, футболга зарур воситалар ҳам замон талаби даражасида бўлиши таъминланмоқда. Демак, бугун «Футбол» ҳафтаномаси маълумотлари асосида тараққиёт суръати ва ўйин сифати ошишига сезиларли туртки берган энг сара ихтиро ва уларнинг муаллифлари ҳақида ҳикоя қиламиз.

 

ИХТИРОЧИ - КОРНЕЛИУС ЖОНСОН ИХТИРО: БУТСА

Футбол ўйнаш учун мўлжалланган махсус пойафзалнинг илк соҳиби сифатида Англия қироли Генрих VIII тарихдан жой олган. Узоқ 1525 йили сарой этикдўзи Корнелиус Жонсон қирол рафиқаси Екатерина Арагонскаядан бир жуфт сотуляр (қадим саксончада маъноси - футбол туфлиси)га буюртма олади. Диққат қилинг, қиролича ҳар бири пойининг оғирлиги чамаси бир килограммга тенг бўлган махсус пойафзал учун 4 шиллинг сарфлайди ва уни Генрихга қайсидир байрам совғаси сифатида тақдим этади. Афсуски, дастлабки футбол бутсаси бизга қадар етиб келмади...

 

ИХТИРОЧИЛАР - АКА-УКА

АДОЛЬФ ВА РУДОЛЬФ ДАССЛЕР

ИХТИРО: ТАКОМИЛЛАШГАН БУТСА НУСХАСИ

ХХ аср бошида яратилган бутсалар металл тиш ва тумшуққа эга бўлган. Бу нарса табиийки, футболчиларни тез-тез оғир жароҳатланишларига олиб келарди. Охир-оқибат, бундай бутсаларни ишлаб чиқариш тўхтатилган. Футбол пойафзали йўналишидаги чинакам инқилобга эса бавариялик косиблар - ака-ука Дасслерлар йўл очишган. Иккинчи жаҳон урушидан кейин уларга тегишли корхона негизида икки қудратли рақобатчи компания - Adidas ва Puma бутсалар ишлаб чиқаришни янги босқичга кўтаради. Чунончи, ака-укалар ғояси бўйича яратилган спорт пойафзаллари янги технологияларга асосланган бўлиб, анча енгил, қулай ва пишиқ эди. Қолаверса, об-ҳаво шароитига қараб, уларнинг тишларини осонгина алмаштириш имкони бор эди. Мутахассисларнинг якдил хулосаларига кўра, Германия миллий жамоасининг ЖЧ-54 финалида Венгрия термасидан устун келишида сифатли бутсалар жуда муҳим роль ўйнаган. Шундан кейин Дасслерлар бутун футбол оламини сифатли пойафзал билан таъминлай бошлаганлар.

 

ИХТИРОЧИ - ЖОН БРОДИ

ИХТИРО: ДАРВОЗА ТЎРИ

1889 йилгача футбол дарвозаси 2та оддий устундан иборат бўлиб, бунда гол бўлган-бўлмаганини аниқлаш бирмунча қийинчилик туғдирарди. Ливерпуллик таниқли муҳандис - «Эвертон» клуби ашаддий мухлиси Жон Александр Броди бу борада ишга киришгач, тарихий ўзгариш юз берди. Жаҳл устида қилинган ихтиро. Кунлардан бирида ҳакамлар Бродининг суюкли жамоаси голини кўрмай қолишади. Шунда ғазабдан «қайнаган» фанат дарвозага тўр тортишни таклиф этади. Дарвоқе, у ўша давр балиқ овлашга мўлжалланган тўр ишлаб чиқарадиган корхона соҳиби эди. Шу тариқа ҳакамлар зиммасидаги иш сезиларли даражада осонлашади. Асосийси - мухлислар тўпнинг дарвоза тўрига «илиниши»дан вужудга келадиган беназир овоздан ўзгача роҳатланиш имкониятига эга бўлишди.

 

ИХТИРОЧИ - УИЛЬЯМ САЙКС

ИХТИРО: ДАРВОЗАБОН ҚЎЛҚОПИ

Дарвозабонлар учун зарурий анжомга айланган қўлқоп 1885 йили тўп ишлаб чиқаришга ихтисослашган фирма соҳиби Уильям Сайкс томонидан яратилган. Бироқ футбол оламининг ушбу янгиликка мослашиши анча қийин кечган. Чунончи, ўша вақт қўлқоплар дағал чармдан тикиларди. Фақат ўтган асрнинг 40-йилларига келибгина аргентиналик таниқли дарвозабон Амадео Карризо мунтазам равишда қўлқоп кийиб майдонга туша бошлайди. Яна 30 йилдан кейин собиқ голкипер Стефано Андриоти Stanno компаниясига асос солиш асносида сифатли қўлқоп футбол оламининг муҳим элементларидан бири эканлигини исботлайди.

 

ИХТИРОЧИ - СЭМ УИДОУСОН

ИХТИРО: ҚАЛҚОН

Футболчиларни жароҳатлардан асрашга қаратилган яна бир салмоқли ихтиро. Оёқнинг тиззадан пастки қисмини турли зарбалардан ҳимоя қилиш воситаси илк бора 1874 йили синаб кўрилган. Ўшанда «Ноттингем Форест» клуби вакили Сэм Уэллер Уидоусон навбатдаги учрашувлардан бирида майдонга қалқон билан тушади. Ҳакамлар ўша даврда фақат беллашув вақтини назорат қилиш билан кифояланишган, майдонда эса қўполликка йўғрилган қаттиқ кураш кечарди. Айтганча, Уидоусон ушбу ажойиб ҳимоя воситасини Англияда оммалашган яна бир спорт тури - крикетдан олган экан. Аслида крикет ўйинларида ҳам жамоанинг фақат бир нафар аъзоси - уикет-кипергина тиззасига махсус қалқон таққан ҳолда майдонга тушарди, қолганларга рухсат берилмаганди. Сэм илк марта қирқилган крикет қалқони билан баҳсга киришганида, гетра остида қўпол мослама ғалати кўринган ва жамоадошлари уни роса калака қилишган. Ўйиндан кейин эса Сэм қалқонсиз тўп суриб, турли даражада жароҳатланган шериклари устидан кулади. Муҳими, вақт ўтиши билан қалқон футбол учун жуда фойдали восита эканлиги тўлиқ тасдиқланди. Бора-бора 1990 йилдан эътиборан футболчиларнинг ушбу ҳимоя воситаси билан майдонга тушишлари мажбурий шарт сифатида ўйин қоидалари қаторидан жой олди.

 

ИХТИРОЧИ - ЧАРЛЬЗ ГУДЬИР

ИХТИРО: КАУЧУК ТЎП

Каучукдан резина олишни ихтиро қилган америкалик кашфиётчи Чарльз Гудьир 1855 йили жамоатчилик эътиборига янги маҳсулотдан тайёрланган дастлабки тўпни ҳавола этади. Айни шу кашфиёт футбол учун ўта муҳим аҳамият касб этади. Чунки резина тўп яратилишига қадар футболда асосий ўйин воситаси сифатида усти тери билан қопланган тўнғиз ёки новвоснинг сийдик пуфагидан фойдаланилганди. Табиийки, уларни узоқ муддат ишлатиш имконсиз эди. 1862 йили эса британиялик Ричард Линдон резина тўпларни тери қопламаси билан ҳимоялашни таклиф этади. Шу тариқа камерали чарм тўплар футбол оламига кириб келади.

 

ИХТИРОЧИ - РИЧАРД БАКМИНСТЕР

ИХТИРО - ЗАМОНАВИЙ ТЎП НУСХАСИ

Камерали чарм тўплар бир қатор камчиликлардан холи эмасди - тайёрлаш жараёни оғир бўлиб, кўп меҳнат талаб қиларди, шакли ҳам мукаммалликдан йироқ эди. Шарсимон жиҳозлар ва иншоотларни ўта тежамкорлик билан яратиш ҳадисини олган америкалик меъмор Ричард Бакминстер аслида футболга бутунлай бефарқ қарарди. Шунга қарамай, у шу заковати билан «Бакибол», яъни Бакминстер тўпи кашф этилишига сабабчи бўлади. Янги модель тикиш усули билан ўзаро бирлаштирилган 32та чок, 20та олтибурчакли ва 12та бешбурчакли чарм бўлаклардан яратилади. 1970 йили Telstar тўплари шу андоза асосида ишлаб чиқарилди. Ҳозирги замонавий тўпларнинг барчаси америкалик меъмор технологиясига бўйича тайёрланмоқда.

 

ИХТИРОЧИ - КЕН АСТОН

ИХТИРО: ҲАКАМЛАР КАРТОЧКАСИ

ЖЧ-66 чорак финалидан ўрин олган Англия - Аргентина ўйинида футболда кам учрайдиган ҳолат юзага келади: бош ҳакам Рудольф Крайтляйн Жанубий Америка жамоаси сардори Антонио Раттинани майдондан четлатишга қарор қилади, аммо буни футболчига тушунтиролмайди. Чунки рефери фақат немис тилида гапирарди. Тез орада ФИФА Ҳакамлар қўмитаси аъзоси Кен Астон шу каби муаммоларга барҳам бериш учун ҳакамликда рангли карточкалардан фойдаланиш ғоясини илгари суради. «Ўша чорак финал баҳсидан сўнг уйга қайтиш чоғи чорраҳани кесиб ўтишга улгурмадим. Аввалига светофорнинг сариқ, кейин қизил рангли чироғи ёнди. Уйга етиб боргунимча 3 марта шундай ҳолатга дуч келдим. Охирги чорраҳадан ўтар эканман, хаёлимдан бир фикр ўтди: «Ахир бу тил билмасликдан фориғ бўлишнинг энг осон усули-ку!» - дея ўз ихтироси тарихини гапириб берганди Кен Астон кейинчалик. Хуллас, светофор туфайли тўхташлар баҳона футболга сариқ ва қизил карточкалар кириб келиб, ҳакамнинг энг муҳим анжомлари сафидан мустаҳкам жой олди.

 

ИХТИРОЧИ - ЖОЗЕФ ХАДСОН

ИХТИРО: ҲАКАМ ҲУШТАГИ

Ҳакамлар яшил майдонга 1873 йили расман кириб келишган. Бунгача ўйинни назорат қилиш миссиясини ҳаваскорлар - шифокор, почтачи ёки бошқа касб эгалари бажариб келишган. Шунингдек, ҳакамлар анча вақтгача ўз вазифаларини ҳуштак ёрдамисиз адо этишган: ўйинни тўхтатиш, футболчилар эътиборини тортиш учун қўнғироқдан фойдаланишган ёки шунчаки, бақиришган. Баъзан эса байроқ вазифасини адо этган рўмолни ҳавода ҳилпиратишган. Айни паллада бирмингемлик ҳунарманд Жозеф Хадсон Лондон полициясига ўз ихтиросидан фойдаланишни таклиф этади. Ривоятларга кўра, 1878 йилги учрашувлардан бирини бошқариш полиция ходимига топширилган, майдонда тартибсизлик юзага келганида унинг ҳуштаги чалинганидан кейин ҳамма таққа-тақ тўхтаб қолган. Расмий маълумотларга қарасак, ҳакамлар ҳуштагидан биринчи бўлиб Янги зеландиялик Уильям Этек фойдаланган. Аммо ўша ҳуштакни ҳам Жозеф Хадсон тайёрлаган экан.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz