Қайднома

Қидирув

Супертезкор «сюрприз»

Супертезкор «сюрприз»

  22.06.2019 08:44
  0
  542
Супертезкор «сюрприз»

Британия матбуоти «МЮ»нинг машҳур футболчилар (Кулибали, Дайер, Менье)га қизиқаётгани ҳақида ёзаётган бир паллада, клуб Чемпионшипдан ўйинчи сотиб олди. «Суонси» аъзоси Даниэль Жеймс 15 миллион фунт эвазига «Манчестер Юнайтед»га кўчиб ўтди. Номаълум ном ва камтарона суммага эътибор берманг. Жеймс кейинги мавсум бизни ўз ўйинлари билан ҳайратга солади.

Даниэль 21 ёшда, ўтган мавсум унинг учун катта футболдаги дастлабкиси бўлди. Бир йил аввал «Суонси» АПЛдан тушиб кетди, шу боис жамоа харажатларни кескин камайтиришга эҳтиёж сезди, таркибдагиларнинг ярмидан кўпини сотиб, асосий эътиборни ёшларга қаратди. Бош мураббий Грэм Поттер навқирон футболчилар имкониятларидан оқилона фойдаланди, улар орасида Жеймс нисбатан ёрқинроқ ўйин кўрсатди.

Уни Усейн Болтга ўхшатишади

Уэльслик бу футболчи деярли бутун мавсумни асосий таркибда ўтказди, 33та ўйинда 4та гол уриб, 9та самарали узатма муаллифига айланди. Жеймс асосан ҳужумнинг чап қанотида ўйнади, шунингдек ўнг томонда ҳам кўриниш берди, баъзан ҳужум марказида тўп сурди. Ундаги энг устун жиҳат - супертезлик. Уэльс термасида Даниэлга устозлик қилаётган Райан Гиггз шундай деганди: «Юқори тезлик ва тактик жиҳатдан чиниқиш унга ҳар қандай позицияда ўйнаш имкониятини беради».

Сўнгги мавсумдаги асосий эпизод - Жеймснинг «Брентфорд»га қарши баҳсда кўрсатган тезлигидир. 53-дақиқада Даниэль жамоаси ярим майдонида тўпни қабул қилиб, уч нафар рақибини алдаб ўтган ҳолда ғалаба голини урди. У 8,48 сония ичида 77 метр масофани босиб ўтди. Шундан сўнг уни Усейн Болтга тенглаштиришганди.

s «Суонси» бош мураббийи Грэм Поттер мавсум давомида Жеймсни тезкорлиги учун мақтади: «Манчестер Сити»га қарши баҳсда у жисмоний жиҳатдан Кайл Уокер даражасида ўйин кўрсатди. Айрим ҳолатларда ундан ҳам ўтиб тушди. Уэльс термасида Бэйл билан бир жамоада ўйнаб, номдор шеригидан ёмон ҳаракат қилмаяпти».

s  Даниэлнинг тезлиги ҳақида ҳатто Гвардиола ҳам гапирганди. «Суонси»га қарши кечган кубок учрашувидан сўнг Пеп шогирдларидан Жеймсга қарши эҳтиёткор тўп суришларини сўраганини очиқ-ойдин айтди: «Ушбу футболчи жуда тезкор, уни тўхтатиш осон бўлмади. Ўйиндан олдин бу ҳақда гаплашгандик ва тайёр эдик».

s «Ротерхэм» бош мураббийи Пол Уорн мағлубиятдан кейин барчаси Жеймснинг ҳаракатлари самараси эканлигини тан олганди: «Шубҳасиз, уни ажойиб фаолият кутмоқда. У бизни шунчаки янчиб ташлади. Даниэлнинг тезлиги ва темпига қарши курашишимиз лозимлигини билардик, аммо буни уддалай олмадик. У мопедга ўхшайди».

Яна қандай устунликлари бор?

Жеймсдаги муҳим сифат - у бутун ўйин давомида темпни сақлаб қола олади. Чидамли, меҳнаткаш ва прессингларда фаол. Сульшер «МЮ» ҳимояланишни рақиб жарима майдонидаёқ бошлаши лозимлигини бир неча бор таъкидлаган, бу борада унга юқори темпга бардошли футболчилар кераклигини айтганди.

Эҳтимол, «МЮ» Жеймсни сотиб олишига асосий сабаблардан бири ҳам шу. Даниэлдаги темп, тажовузкорлик, бақувват жусса ва ўйинни ўқий олиш қобилияти чиндан ҳам ҳайратланарли. Меҳнаткашлик ва тўпсиз тўғри ўйнаш салоҳияти эса прессинг ва ҳимоявий ҳаракатларда суст бўлган Санчес ва Мартиалникига қараганда яхшироқ эканлиги аниқ. Шу боис, бу футболчилар Сульшер қўл остида унча кўп майдонга тушмайдилар.

Санчес ва Мартиаль - дриблинг, техника ва якунловчи жараён қироллари. Бу борада Жеймснинг уларга рақобат туғдириши қийин кечади. Бироқ Сульшер сўнгги ярим йилдаги қарорлари билан кўрсатиб қўйди: унинг учун юлдузларнинг индивидуал ҳаракатларидан кўра, жамоавий иш муҳимроқ.

Умуман, Жеймс ҳам дриблинг борасида чаккимас. Чап қанотда ўйнагани ҳолда, рақибидан қочиб кетиши мумкин. Вингерлардаги энг катта камчилик - ҳаракатларини олдиндан сездириб қўйишлари. Жеймсда бундай нуқсон йўқ.

Даниэль мабодо чап қанотдаги рақобатда ютқазса, ўнг томонда ҳам ўйнашга тайёр туради. Бу қанотда у жуда кўп югуради, кўплаб узатмаларни амалга оширади. Сульшер шу каби ўйинчини ўйнатишга аввалроқ уриниб кўрганди. Баҳорда ушбу позицияда номинал ҳимоячи Далот тўп сурганди.

Жеймсга хос яна бир муҳим жиҳат - рақиб жарима майдончаси яқинидаги совуққонлик. Ушбу ҳудудда тўпни қабул қилгач, иккиланмайди ва кўпинча тўғри қарорга келади. Бир сафар Даниэль гол уришдан аввал профессорларга хос пауза қилганида, Грэм Поттер шогирдининг савиясига юқори баҳо берганди: «Жеймс манзилига деярли барча мақтовларни айтиб улгурдим. Унинг бугунги иштироки - Чемпионшип даражасидан юқори. Даниэлнинг бундай ҳаракатларини кузатганимиз омадимиз келганидан далолатдир».

Уткир УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz