Қайднома

Қидирув

Иш эмас, йирик ташвиш...

Иш эмас, йирик ташвиш...

  24.06.2019 03:23
  0
  641
Иш эмас, йирик ташвиш...

Икки йил олдин бошланган барча ҳаракатлар зое кетиб, яна ҳаммасини бошидан бошлашмоқда. 2017 йилнинг кузида миллий терма жамоамизнинг муваффақиятсизлиги оқибатида юзага келган навбатдаги «кризис» ва натижада футболимиз бошига янги раҳбарлар келиши билан якунланган ҳолатдан то шу кунгача бўлган оралиқни мана шу гап билан таърифлаш мумкинми? Албатта, бунга турлича фикрлар билдирса бўлади.

Айни пайт кўпчилик Умид Аҳмаджоновнинг ўрнига келган Равшан Эрматовдан жуда умидвор, ундан кўп нарса кутишмоқда. Лекин ҳақиқат бироз аччиқ бўлсада, уни айтиш керак: ҳакамликда дунёнинг энг юқори чўққисига чиқишга эришолган Эрматов футболимизни ҳам бу борада юқорига олиб чиқишига барчамиз ҳам ишонмаймиз...

Тортишилаверса гап кўп. Афсуски, ҳамма нарса бевосита Эрматовнинг ўзига боғлиқ эмас. Умид Аҳмаджоновнинг кетиши маълум бўлгач, унинг ўрнига ким раҳбар бўлиб келиши ҳақида матбуотда гап-сўзлар кўпайди. Мухлислар ўртасида ҳам турлича фикрлар билдирила бошланди. Матбуотдаги чиқишлар, ижтимоий тармоқдаги фаол мухлислар ўртасида футбол ичидан чиққан инсон раҳбар этиб тайинланиши керак, деган фикрларнинг кўпроқлиги эътиборимни тортди. Аҳмаджонов ва унинг командаси футболни унчалик тушунмаслиги ҳақидаги фикрларни ҳам интернетда бот-бот учратиш мумкин эди. Албатта, хатолар бўлган, улар инсон билан доимо хамроҳ. Лекин Умид Аҳмаджонов даврида қилинган ишларнинг баъзиларини бугун фактлар билан тилга олмасдан иложимиз йўқ. Хўш, бу қисқа муддат оралиғида олдин қилинмаган нималарга эришилди?

Улардан фақатгина биттасига батафсил тўхталиб ўтаман: бу - миллий терма жамоа иштирокида ўртоқлик ўйинлари ташкил қилиш борасида кузатилган йирик «прогресс».

Шахсан мен бош жамоамиз ташкил қилинган ўша 1992 йилдан бошлаб унинг фаолиятини узлуксиз кузатиб келаман. ЎФФ икки йил ўтибгина - 1994 йилнинг ёзида ФИФАга тўлақонли аъзо бўлди, шунга қарамай, футболчиларимиз бу оралиқда яна бир қатор учрашувларда майдонга тушишган. Масалан, 1992 йилда Марказий Осиёнинг бешта давлати терма жамоа­си уй-сафар тизимида ўзаро беллашган. 1994 йилнинг баҳорида яна шу бешта мамлакат миллий терма жамоа­лари «Тошкент турнири»да йиғилишган ва мазкур давр учун анча қизиқарли турнир гувоҳига айланганмиз (адашмасам, ўша турнирга ФИФА раҳбарлари ҳам ташриф буюришганди). Ўша йили кузда Тошкентда яна бир ажойиб турнир ташкил қилинган ва унда Ўзбекистон миллий терма жамоа­си, у пайтлардаги мамлакатимиз футболи байроқдори «Нефтчи» билан бир қаторда Голландиянинг анча кучли жамоалари саналган «Витесс» ва «НЕК Неймеген» клублари иштирок этган.

Бу орада Ўзбекистон футбол уюшмаси ФИФАнинг тўлақонли аъзосига айланди-ю, расмий мақомдаги учрашувлардан нарига ўтолмай қолди. Йиллар кетидан йиллар ўтаверди, ЎФФ ривожланишнинг энг асосий йўлларидан бири бўлган ўртоқлик учрашувлари ташкил қилишда жудаям оқсади. Айниқса, расмий мусобақалар ўтказилган йилларда ҳатто бирор марта ўртоқлик учрашуви ташкил қилинмаган пайтлар бўлди. Оддий мисол - 2004, 2005 ва 2006 йилларда миллий терма жамоамиз жаҳон ва Осиё чемпионати саралаш баҳсларидан ташқари ўтказган ўртоқлик ўйинларини қидириб, фақатгина бир учрашув - 2004 йилнинг 28 майида меҳмонда Озарбайжонга қарши ўтказилган баҳсни топдим. Бошқасини тополмадим, эслолмадим. Бемалол қидириб кўришингиз мумкин!

Уч йилда атиги 1та ўртоқлик учрашуви ўтказиш мени ўша йиллари Япония термаси нима билан шуғулланганига қизиқтирди. Фақатгина бир йил ичида японлар мана бу ўйин­ларда қатнашишган экан:

07.02.2004. Малайзия - 4:0

12.02.2004. Ироқ - 2:0

25.04.2004. Венгрия - 2:3

28.04.2004. Чехия - 1:0

30.05.2004. Исландия - 3:2

01.06.2004. Англия - 1:1

09.07.2004. Словакия - 3:1

13.07.2004. Сербия ва Черногория - 1:0

18.08.2004. Аргентина - 1:2

16.12.2004. Германия - 0:3

Атиги бир йилда 10та ўртоқлик учрашуви ва буларнинг 8таси кимлар билан денг! Ваҳоланки, ўша йили Япония ҳам худди биз каби яна ЖЧ ва ОЧ саралаш баҳсларидаям майдонга тушган. Бу ўйинларни кўриб 2005 ва 2006 йиллардаги японларнинг ўртоқлик учрашувлари саҳифасини очишга уялдим...

Хуллас, биз айнан ўртоқлик учрашувлари ташкил қилиш борасида нақ 25 йил оқсадик! Ўша миллий терма жамоамиз ташкил қилинган илк давр­дан бошлаб то 2018 йилгача.

Айнан ўша 2018дан кейинги бир йил ичида ташкил қилинган ўртоқлик учрашувлари юқорида мен тилга олиб ўтган 25 йилдаги ўйинларнинг барчасидан-да салмоқлироқ, дея оламан, бунга ҳеч қандай шубҳам йўқ. Африка жамоалари - Марокаш ва Сенегал, Жанубий Америка вакили Уругвайга қарши 2та ўйин, Европа вакили Туркия, ўз қитъамизнинг доимий кучли терма жамоалари - Эрон ва Жанубий Корея, бунга қўшимча равишда Осиёнинг анча нормал кучга эга бўлган яна 6-7 терма жамоасига қарши ўтган ўртоқлик учрашувлари...

Мана, олдинлари Япония нималар қилганини биз бугунга келибгина - орадан 15 йил ўтибгина билаяпмиз. Фақат шунча йиллар йўқотилмоқда. Юқорида тилга олинган фактлар ва фарқларда Умид Аҳмаджоновнинг қанчалик ҳиссаси борлигини ўзингиз хулосалайверинг. У лавозимидан кетди, лекин бизнинг йиллар давомида жуда оғриқли нуқтамиз бўлиб қолган ўртоқлик учрашувлари борасидаги «планкамиз»ни анча баландлатиб қўйди.

Бундан ташқари, кимларнингдир танқидига учраётган бўлсада, миллий терма жамоамизга бош мураббий сифатида аргентиналик Эктор Купернинг олиб келиниши, мамлакатимиздаги футбол майдонларининг олдинлари кузатилмаган чиройли ҳолга келиши, энг муҳими, энди мазкур ҳолат стандарт деб қабул қилиниб, шу чизиқдан чиқмасликка интилиш каби кўринишлар айнан Умид Аҳмаджонов даври «прогресслари» сифатида тарихда қолади, барибир.

...Аҳмаджоновнинг кетиши маълум бўлган кунлари ишқибозлар турли тармоқ орқали ўз вариантларини таклиф қилишганига гувоҳ бўлдим. Жуда кўпчилик Қатар футбол ассоциациясида ишлаётган ҳамюртимиз Алишер Никимбаевнинг футболимиз тепасига келишини истаган. Яна маълум бир тоифа Миржалол Қосимов номзодини маъқул кўрган. ОФКда ишлаётган собиқ ҳамкасбимиз Аваз Бердиқуловга «овоз берганлар» ҳам талайгина бўлган экан...

Лекин ҳеч ким Равшан Эрматов номзодига тўхталмаганди, бу ростдан ҳам ҳамма учун кутилмаган қарор ва «сенсацион» янгилик бўлди.

Равшан Эрматов номи тилга олинганида ҳаммамизда ажиб бир ҳис-туйғу, юртимиз ўғлонига нисбатан тасвирлаб бўлмас илиқлик пайдо бўлади. Унинг ЎФА бошқарувига келишини эшитган илк онларимдаёқ шунақа розилик аломати пайдо бўлиши билан бирга яна қўшимча бошқа фикрлар ҳам миямдан ўтдики, бундай оғирликни Эрматовнинг ўзи ҳам ҳис қилган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Бу - мамлакатимиз футбол аудиторияси томонидан ўтказиладиган кучли босим.

Бу шундай босимки, у вақт ўтиши билан шунақа ривожланиб борадики, дунёга танилган ҳакамимизнинг йиллар давомида топган обрўсини йўққа чиқариши ҳам ҳеч гап эмас. Албатта, Эрматов мард инсон, бунга шубҳа йўқ, лекин унинг олдида жудаям оғир йўллар турибди. Кичиккина қоқилиш ҳам катта тортишув ва нохушликларга сабаб бўлиши турган гап. Айниқса, футболимиздаги ҳакамлик масаласига жудаям жиддий ёндашилмаса бўлмайди. Олдинги раҳбариятнинг кетишига сабаб бўлган омилларнинг барчасини обдон «мониторинг»дан ўтказиш талаб этилади.

Мен Равшан Эрматов ЎФАга раҳбар этиб тайинланганидан сўнг собиқ ҳамкасбим ва яқин дўстим - ОФК расмийси Аваз Бердиқулов билан боғланиб, ўзаро фикр алмашдим.

Суҳбат давомида «Сизни шу лавозимга таклиф этишганида, келармидингиз?», дея савол ташладим. Афтидан унга ҳам таклифлар бўлган, лекин рози бўлмаган (Алишер Никимбаев ҳам бу саволга ўз канали орқали жавоб берди - уники ҳам анча мавҳум). Кўраяпсизми, ЎФА раҳбарлиги оддий юмуш эмас, у жудаям катта масъулият ўчоғи!

Бу ерда бемалол ишлаб бўлмайди, ҳаммани рози қилишга эришиш - деярли имконсиз вазифа. Орқангда бутун бошли ҳалқ кузатиб туради, қандайдир хато қилсанг, босим кучайганидан кучаяди. Мен бугун оддий футбол журналистиман, лекин Аваз Бердиқулов билан бўлган суҳбатдан кейин, тўғриси, унинг бу ерга ишга келишга рози бўлмаганини қўллаб-қувватладим. Яқин дўстим бўлгани учун, айниқса, унинг ҳимояси учун. Малайзияда ОФКдан бу ердагидан ўн баробор кўп маош олишини айтишим шарт эмас, буни ҳамма билади. Шунга қарамай, ЎФА ишининг ўта мураккаб томонлари ҳам борки, бугун мен ўзимнинг энг яқин дўстимга раво кўрмаган ҳолатлар яна бир яхши инсон - Равшан Эрматов гарданида турибди.

Шундай экан, юртимиз фахрининг бугунги ҳолатини барчамиз яхши тушунайлик ва бошқаларни ҳам шундай бўлишга чақирайлик. Юртимизнинг азиз футбол ихлосмандлари, янги раҳбарни қўллаб-қувватлайлик, унинг ишига омад тилайлик, зеро Эрматов ўзи эришган улкан ютуқларни бир зумда йўқотиб қўйиши мумкинлигини билган, ҳис қилган ҳолда шундай масъулиятли ва ўта оғир юкни ўз зиммасига олди...

Беҳзод АҲМАДЖОНОВ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz