Қайднома

Қидирув

Эктор Купер: "Кейинги сафар 1 500 кишидан иборат таркибни эълон қиламан"

Эктор Купер: "Кейинги сафар 1 500 кишидан иборат таркибни эълон қиламан"

  24.06.2019 07:13
  0
  409
Эктор Купер:

Эктор Купер Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийига айланганига 10 ой бўлди. Бу вақт давомида мураббий ўзбек футболини анча ўрганди ва қайсидир маънода ўзимизнинг одамга айланди. Осиё Кубогида тарихий натижамизни такрорлай олмаган мураббий эндиликда ЖЧ-2022 саралашига тайёргарлик кўрмоқда. Аслида унинг асосий миссияси айнан Мундиалга йўлланма олиш ҳисобланади.

Tribuna.uz Эктор Купер билан суҳбат уюштирди. Суҳбат давомида ўзбек футбол мухлисларига Купернинг қандай инсон экани, унинг футбол борасидаги фикрларини очиб беришга ҳаракат қилдик. Бош жамоамиз мураббийи имкон борича саволларга жавоб берди.

Куперга Ўзбекистонга мослашиб кетиш жараёни қандай кечгани ҳақида сўраганимизда, у ўзбек экани ҳақида айтди. Бу жавобдан ажабланганимизни кўриб, шундай қўшимча қилди:

«Мен ўзбекман. Янги одам шароитга мослашиши керак, лекин унга ҳам мослашишлари муҳим. Мен ўзбекман дейишим ғалати туйилиши мумкин, лекин бу миллатнинг қанақа эканини, унинг характерини ўрганишим керак. Бунга интилмасам, ишлашга қийналаман. Мен бозорларга боришим, овқатланиш жойларига киришим, шу ернинг одамлари каби яшашим керак. Футболчиларимни клубдаги каби ҳар куни кўра олмайман ва бу мослашишни бироз қийинлаштириши мумкин, аммо мен ҳаракат қилишим керак.

Ўз навбатида менинг ҳам талабларим бор. Баъзан сиз қандай мураббий билан шартнома имзолаганингизни биласизми, деб сўрайман. Бу билан ўзимни катта тутаётганим йўқ, бу нарса хаёлимга ҳам келгани йўқ. Шунчаки мен бирга ишлаётган инсонлар менинг ким эканимни, қандай инсон эканимни билишини истайман. Балки сиз доим куладиган мураббийни хоҳлагандирсиз, лекин мен ҳар вақт кулиб тура олмайман. Балки сиз мураббий танлашда адашгандирсиз...

Ҳар қанча ғалати туюлмасин мен ўзимни ўзбек деб ҳис қилишим керак. Тўғри бу учун тилни ўрганишим керакдир, лекин мен қўлимдан келганича шу миллатнинг одамига айланишга интиламан. 33 миллион одамдан менга мослашишини талаб қила олмайман. 60-70 фоиз бу миллатга, бу футболга мослашишим мумкин, лекин 30 фоиз менга ҳам мослашишларини истаган бўлардим».

Мураббийдан миллий жамоага футболчиларни қандай чақириши, унинг кенгайтирилган таркиби қанчалик кенг экани ҳақида ҳам сўрадик. Купернинг айтишича, бош жамоага даъвогар ҳар қандай футболчининг ўйинини кузатиб боради:

«Албатта, мен ўзбек футболидаги ҳамма жараёнларни кузатиб бораман. Хорижда ўйнаётган футболчиларни ҳам кузатаман ва футболчиларни солиштираман. Баъзан менга мана бу футболчи клубида зўр ўйнаяпти деб қолишади. Мен албатта бу футболчини кузатаман, лекин у менинг жамоамда бошқа вазифани бажаришини сўрашим мумкин.

Янги футболчилар келишса, уларга кўрсатма бераман, ғояларимни тушунтираман. Улар 3-4 кун ичида жамоага мослашишига ҳаракат қиламан. Ва янги футболчиларни бошқалар билан солиштираман. Барча жамоаларимда шундай ишлаганман. Миср миллий жамоасида ишлаган вақтимда баъзи футболчиларни чақирганман ва улар ўз клубларида ўйнашмаган. Лекин улар мен айтган ишларни қилиб бера олишган. Ҳамма мураббийнинг ўз қарашлари бор. 33 миллионда ўзбекистонлик жамоани ўзича тушуниши мумкин. Худди шундай менинг ҳам ўз қарашим бор. Доим ўйинчиларни синаб кўриш керак. Ҳар қанча вақтимиз кам бўлса-да, кўпроқ футболчиларга имкон бериш керак».

Купер миллий жамоада қандай тактика танлаш бутун миллат футболига боғлиқ эканини, футбол қайси йўналишдан боришни истаётгани муҳимлигини таъкидлади. Аргентиналик мураббий жамоасида тартиб ҳамма нарсадан муҳим эканини айтди:

«Бизнинг қандай услуб танлашимиз ўзбек футболи нима хоҳлаётганига боғлиқ. Биз нимани хоҳлаяпмиз? Биздан ҳам тўп назоратини, ҳам чиройли ўйин, ҳам натижани талаб қилишлари мумкин. Мен ҳам шундай бўлишини хоҳлайман, лекин бу осон эмас. Биз аввало ўзимизнинг қандай ҳолатда эканимизни билиб олишимиз керак.

Биз ҳужумни яхши кўрадиган футбол вакилимиз дейишингиз мумкин, лекин аввало ҳимояланишни билишимиз керак. Биз ўйинларни таҳлил қилиб якуний тактикани танлаймиз. Биз натижага эриша олмасак, демак ниманидир ўзгартиришимиз керак.

Мен жамоани рақобатбардош қилишга интиламан ва бунга кучли рақиблар билан ўйнабгина эришиш мумкин деб ҳисоблайман. Бундай ўйинларда биз эксприментлар қилишимиз ва бу тажрибалар самара бермаслиги мумкин. Айтайлик, биз Уругвайга қарши ўйнадик. Улар дунёнинг 6-жамоаси ва бундай жамоага қаршилик қилиш қийин. Биз икки йилдан кейин ҳам Уругвай билан ўйнасак, албатта яхши томонга ўзгариш бўлади. Мен бежизга сабр қилиш ҳақида гапирмайман. Биз қилаётган барча тажрибалар ўйинни яхшилаш учун қилинади ва улар асосидагина хулоса чиқара оламиз. Бизнинг асосий мақсадимиз битта - Қатардаги Жаҳон Кубогига йўлланма олиш».

Видео: Youtube

Видео: Mover (tas-ix)

Мистер Купер (футболчилар уни мистер деб чақиришади) миллий жамоадаги чизиқлар ҳақида ҳам гапирди. Ундан марказий ҳимоячи, лотераллар, таянч ярим ҳимоячилари қандай бўлиши кераклигини сўрадик. Шунингдек мураббий:" Одил Аҳмедов эндиликда олдинроқда ҳаракат қилиши мумкинми?" қабилидаги саволимизга ҳам жавоб берди:

«Одил Аҳмедов энди олдинроқда ўйнайдими? Йўқ, озроқ тузатиш киритмоқчиман. Мен таянч зонасидаги футболчидан ҳужумга ўтишини сўраганимда буни ҳимояни унутиши эвазига амалга оширишини истамайман. У ҳимояга қайтишга ҳам тайёр бўлиши керак. Масалан, Одилга таянч зонасида фақат ҳужумларни қайтариб, орқароқда ўйнаш қулайдир, аммо биз ундан фақатгина ҳимояланишда фойдаланишимиз керак эмас. Мухлислар бу чизиқда бошқа футболчиларни кўришни хоҳлар балки. Биз балансни улашимиз керак. Ёшлар ва тажрибали футболчилар ўртасидаги балансни. Айниқса марказда.

Албатта, қанот ҳимоячисининг ҳам ҳимояда яхши ўйнаши, ҳам ҳужумга вақтида қўшилиши идеал вариант бўларди, лекин икки вазифани ҳам яхши бажарадиган футболчи Манчестер Юнайтедда ўйнаши керак (кулади). Лотералларнинг фойда бериши мураббийнинг қандай тактика танлашига ҳам боғлиқ. Мураббий доим янги футболчиларни излаши ва кузатиши керак. Лекин Даврон фақат ҳимоявий ўйинларда керак деб айтмаган бўлардим. Йўқ, йўқ. Яқинда айтдим-ку, бизда жамоанинг минимал асоси шаклланган. Шундай бўлса-да, биз футболчиларни излашда давом этамиз.

Марказий ҳимоячи жуда муҳим футболчи. У аввало техник, тактик талабларга жавоб бериши керак. Улар ҳимояни бошқаришади. Бироқ футболчи мураббийнинг барча талабларини бажариши ҳам имконсиз. Шу сабаб у футболчидан фойдаланишни билиши керак.

Баъзи футболчилар техник жиҳатдан яхши, лекин улар тактик жиҳатдан ҳам кўнгилдагидек бўлиши керак. Тактик тайёргарлик бу мураббийнинг иши. Масалан менда тўпга чиқишда яхши ўйнайдиган дарвозабон керак. Ўз навбатида оёқ билан яхши ўйнайдиган дарвозабон ҳам зарар қилмайди. Гол ўтказмайдиган дарвозабонни ким хоҳламайди дейсиз? Афсус бундай футболчилар дунёда жуда кам...».

Купернинг вилоятларга ташрифи ўша вилоятдаги жамоа футболчиларининг икки ҳисса хоҳиш билан ўйнашига таъсир қилишини айтганимизда мураббий ҳар бир ўзбекистонлик футболчи доим бош жамоада ўйнашга тайёр бўлиши кераклигини айтди. У кейинги сафар 1 500 футболчидан иборат кенгайтирилган таркиб эълон қилишини айтиб ҳазил ҳам қилди:

«Чемпионатда ўйнаётган ҳамма футболчи миллий жамоага чақирилиши ҳақида ўйлаши керак. Улар менга қараб қолиши эмас, доим миллий жамоага номзод эканини ҳис қилиб ўйнаши керак. Унда кейинги сафар 1 500 кишидан иборат таркибни эълон қиламан. Агар бу ўша футболчиларнинг ўйинига ижобий таъсир кўрсатса. Шундай ўйинлар ҳам қизиқарли кечса керак (кулади)».

Сўзимиз охирида Купердан «Ўзбек футболини, унинг мухлисларини яхши кўриб қолдингизми?», деб сўраб қуйидаги жавобни олдик:

« Мендан ўзбек футболчиларининг ҳаракатларидан қониқмаяпсизми, деб сўрашади. Йўқ, нега энди? Улар менга маъқул. Йигитлар етарлича югуришади. Баъзан керагидан ортиқроқ ҳам югуришмоқда. Бизнинг мухлислар жуда яхши. Айниқса охирги икки ўйинда улар жамоанинг ўйинига ижобий таъсир қилишини кўрдик. Мухлислар бизни қўллаб-қувватлашини, бизга ишонишини хоҳлаймиз. Мухлисларнинг стадионга келиши ва уларнинг кайфияти эса бевосита бизга боғлиқ. Биз яхши ўйнасак, уларнинг кайфияти яхши бўлади.

Футболчилар ҳақида гапирадиган бўлсам, жамоа кимгадир ёқмаслиги мумкин, лекин уларнинг ҳаракатлари мени қониқтирмоқда. Жамоада ички муҳит яхши дея оламан. Яна такрорлайман, мухлисларнинг кайфияти бизга боғлиқ. Сўзим охирида мураббий ҳар қанча кучли бўлмасин, ёлғиз ҳеч нарсага эриша олмаслигини таъкидламоқчиман. Биз биргаликда ҳаракат қилсаккина натижага эришишимиз мумкин. Энг аввал натижа ҳақида ўйлаган ҳолда мақсад томон биргаликда ҳаракат қилишимиз керак».


Манба: kun.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Сиз Эктор Купер миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 (Қатар)га олиб бора олишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz