Қайднома

Қидирув

Трансферлар: Акадан ўзган ука ҳақида ёки Мендилар ҳақида

Трансферлар: Акадан ўзган ука ҳақида ёки Мендилар ҳақида

  27.06.2019 03:10
  0
  326
Трансферлар: Акадан ўзган ука ҳақида ёки Мендилар ҳақида

Бенжамен Менди Франция ва Англия лигаларида олтин медалларга сазовор бўлган, жаҳон чемпионлигига эришган, аммо айни пайт Мендилар оиласида энг кучли футболчи - бу Ферлан. Soccer.ru яқинда Мадриднинг «Реал» клуби сафини тўлдирган ҳимоячи ҳақида сўз юритади.

Аввал оилада, сўнгра дунёда

Ферлан болалигида дунёнинг энг яхши футболчиси бўлишни орзу қилган, аммо оилада етакчиликни қўлга олиш ҳар доим ҳам насиб этавермасди. Акаси Бенжамен кўпинча нафақат ёш борасида (Ферландан 11 ойга катта), балки футболчилик сифатлари бўйича ҳам бир қадам олдинда юрарди. Лекин ҳар доим ҳам бундай бўлавермасди, зеро «ПСЖ» академиясига Ферланни қабул қилишган пайт Бенжи камтарона «Палезо»да футбол сир-асрорларини ўрганаётганди. Аммо якунда Мендиларнинг кичиги «Гавр» академиясини тамомлаб, Лига 2даги профессионал фаолиятини айнан шу клуб сафида бошлаган акасининг изидан борди.

Рости, шу ердаёқ ривожланиш шкаласида жиддий фарқ кузатилди: Бенжамен катталар футболида 17 ёшида дебютини ўтказиб, 19 ёшида «Марсель» таркибида Лига 1да ўйнаган бўлса, Ферланга 20 ёшга тўлгачгина иккинчи дивизиондаги «Гавр» клуби асосий жамоасида ишонч билдира бошлашган. Бошланғич таркибдан жой олиш бир йил муддатни талаб этди, Франция футболи элитасидаги дебют эса 22 ёшида, «Лион» сафига қўшилганида амалга ошди. Ака бу пайтга келиб профессионал футболда олтита мавсумни ўтказиб улгурганди - «Гавр»да Лига 2да иккита, «Марсел»да учта ва «Монако»да битта. Айниқса, князлик клубидаги фаолият муваффақиятли кечди: Лига 1да чемпионлик, Чемпионлар Лигаси ярим финалига чиқиш ва 58 миллион евро эвазига Хосеп Гвардиоланинг «Манчестер Сити» клубига ўтиш.

Умуман, 2017|2018 йиллар мавсумида бир оиладаги чап қанот ҳимоячилари ўртасидаги баҳс қизғин тус олди: «Манчестер Сити»даги атиги бешта ўйиндан кейин Бенжаменнинг фаолиятига жароҳатлар халал берди, бу муаммо уни ҳозиргача таъқиб этмоқда. Ферлан эса бу пайт­га келиб «Лион»да тезликни оширди. Дидье Дешам мундиалга Бенжаменни олиб кетди ва бу танлов катта Мендининг жаҳон чемпионлигини қўлга киритишига замин ҳозирлади. Ваҳоланки, у ЖЧ-2018да атиги 40 дақиқа тўп сурган (Данияга қарши учрашувда), Франция термасининг асосий чап қанот ҳимоячиси ролини Люка Эрнандес бажарганди.

Бу пайтга келиб Ферлан «Лион»да муваффақиятли тўп суришда давом этди ва кузда акаси навбатдаги жароҳатга йўлиққанда, унинг термадаги ўрнини эгаллаб, Уругвайга қарши кечган ўртоқлик ўйинида миллий жамоасидаги дебютини ўтказди. Сўнгги икки йил ичида Мендиларнинг кичиги тараққиёт йўлида катта қадам ташлади, буни трансферлар кетма-кетлиги ҳам кўрсатиб турибди: 2017 йилнинг ёзида «Лион» «Гавр» ҳимоячиси учун 5 миллион евро тўлаганди, энди эса уни «Реал»га ўн баравар қимматроққа пуллади. Бенжаменнинг сўнгги икки мавсумда деярли ўйнамагани (фаолиятини қайта ўнглай олиши ҳам номаълум)ни инобатга олсак, айни пайт Мендилар оиласида энг яхши футболчи Ферлан бўлиб турибди. Энди эса у Мадридда янги саҳифа очишга тайёрланмоқда.

«Реал»га трансфер

Франциялик ҳимоячиларнинг Мадридда сақлаб қолиниши ҳақидаги «қонун»га асосан, Испания пойтахтида албатта, Франция термасининг чап қанот ҳимоячиси ўйнаши шарт. Люка Эрнандес «Атлетико»ни тарк этиб, «Бавария» аъзосига айланди, шунга қарамай, энди «Реал»­да Ферлан Менди бор. 24 ёшли футболчининг трансфери ғояси Зайниддин Зиданга тегишли. Май ойидаёқ музокаралар фаол олиб борилган, томонлар қисқа муддатда келишувга эришишганди. Лекин «Қироллик клуби» Ферланнинг саломатлигидан шубҳалангач, трансфер амалга ошмаслигига бир баҳя қолганди.

Июнь ойи бошида Менди Франция термасининг Клерфонтендаги базасида «Реал» учун тиббий кўрикдан ўтди ва тестлар Ферланнинг сўнгги мавсумларда сонида муаммолари борлигини кўрсатди. «Қаймоқранглилар» ўз ҳудудларида қўшимча таҳлиллар ўтказишни талаб қилишди ва унинг натижалари «Реал»ни қониқтирди. Шу боис ҳам трансфер ҳақидаги хабар режалаштирилганидан бир ҳафта кечроқ тарқатилди.

Келишув деталларига тўхталадиган бўлсак, «Реал» ва «Лион» 48 миллион еврода тўхташган, шунингдек, агар Менди янги клубида ўзини кўрсатса, «тўқувчилар» яна 5 млн. бонус сифатида олишлари белгиланган. Футболчи «Қироллик клуби» билан 2025 йилнинг июнигача амал қиладиган шартномага имзо чеккан, яъни «Реал» билан олти йиллик ришта боғлаган. Ферланнинг расмий таништирув маросими чоршанба куни ўтказилган бўлсада, футболчи бунгача «Твиттер» орқали қувончини бошқалар билан баҳам кўриб улгурганди: «Жуда хурсандман, жаҳоннинг энг кучли клубида ўйнаш, ўсишимда ёрдам берадиган мураббий қўл остида шуғулланиш шарафлидир. «Лион»га, ушбу клуб президентига, ходимларига, ишқибозларига ва жамоадошларимга миннатдорчилик изҳор этмоқчиман. Сизларга энг эзгу тилакларни билдираман. Ўз нав­батида, оила аъзоларим, мураббийларим ва бу йўлда менга ёрдам берган барчага раҳмат айтаман».

 

Менди трансфери нимани англатади?

Ферланнинг трансфери камида икки футболчи - Марсело ва Серхио Регилоннинг тақдирига таъсир ўтказиши мумкин. Бразилиялик - «Реал»нинг бугунги кундаги афсонаси, бироқ сўнгги мавсумда у юқори савияда ўйнай олмади, Зидан эса иқтидорли ва қимматбаҳо Мендини захирада узоқ ушлаб турмоқчи эмас: Ферлан - «асосий»га мўлжалланган харид. Бошқача айтганда, Марселога бошланғич таркибдан жой кафолатланмаган, лекин Зидан ҳурмат нималигини билади ва бразилиялик шогирдига танлов имкониятини беради: қолиб, аввалги хизматларини унутган ҳолда нималарга қодирлигини қайта исботлайди ёки «Реал»ни хотиржам тарзда тарк этади.

Яқиндагина якунига етган мавсумда асосий жамоада ўзини кўрсатган Регилоннинг тақдири кўп жиҳатдан Марселонинг қарорига боғлиқ. Тўғри, Серхио «Реал»да қолиш нияти борлигини ошкор этди, аммо ҳозир унинг яқин келажаги 2018|2019 йиллар мавсумидаги рақобатчисига боғлиқ бўлиб қолмоқда, ахир жамоа­да уч нафар чап қанот ҳимоячисига жой йўқ. Мабодо, Марсело қолишни ихтиёр этса, у ҳолда Регилон ижарага берилади ёки қайта сотиб олиш ҳуқуқи билан бошқа жамоага сотилади. «Реал» кўп ҳолларда шундай иш тутади. Борди-ю, Марсело кетса, Серхио чап қанот ҳимоясида Мендининг ўринбосарига айланади.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz